Мақолалар

Бомдод намозининг фойдалари

Бомдод намози савоби кўп ва аҳамияти катта намоздир. Баъзиларда “Нега Аллоҳ таоло бандалари бомдод намозини адо этиши учун бу пайтни, яъни уйқу пайтини ихтиёр қилди?” деган савол пайдо бўлиши мумкин.

Инсон бирор мукофотга эришганда ёки бирор воқеадан хурсанд бўлганда, гўзал манзарани кўрганда, миясида дофамин деган секреция, гармон ишлаб чиқарилади.

Хўш, дофамин нима? Бу - роҳатланиш ва завқланиш учун жавобгар нейромедиатор (нервларга сигнал узатувчи восита). Биз учун ёқимли бирор нима рўй берган пайтда миямизда дофамин ишлаб чиқарилади. Кечасидаги уйқу миянинг бу моддани камроқ ишлаб чиқаришига ёрдам беради. Шунда мия кундузи бу моддани кўпроқ ишлаб чиқаришига имкон қилинган бўлади. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш дофаминнинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Мана шунда мия ўз вазифасини юксак лаёқат билан бажаради. Натижада, инсон хушкайфият, хурсанд ҳолда бўлади.

Ушбу суратда дофаминни кўряпмиз. У мия ҳужайралари орасида гармон, асаблараро узатгичи вазифасини бажаради. Бу модда кўпайгани сари мия энг яхши ҳолатда, инсон эса баҳри дили очилган, ёқимли туйғулар оғушида бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида бундан бир минг тўрт юз йил олдин айтиб қўйганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шайтон сизлардан бирингиз ухлаб ётган пайтида гарданига учта тугун тугади. У ҳар бир тугунга ура туриб: «Ҳали тун узоқ, ухлайвер», дейди. Агар (банда) уйғониб, Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, иккинчи тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, учинчи тугун ҳам ечилади ҳамда у тетик ва хушҳол бўлиб қолади. Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Ҳадисдаги «Акс ҳолда ланж ва танбал инсонга айланади» деган гап ҳозирги замон илмининг хулосасидир. Қуёш чиқишидан олдин уйқудан туриш кишини нафсий, руҳий хотиржамликка олиб боради.

Эй мўмин биродарим! Энди бомдод намозига уйғониб, танангизда тетиклик, қалбингизда хотиржамлик, кайфиятингизда кўтаринкилик, бутун жисмингизда хушҳолликни ва энг муҳими, Аллоҳнинг фарзини адо этиб, улкан савобларни қўлга киритинг.

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

1412 марта ўқилди

Мақолалар

Top