Мақолалар

Оч болани олдин тўйдиринг

Дуо олган болакай

Хурмо дарахти кўп хусусиятларга эга. Агар унга тош отсангиз, энг мазали мевасини ташлайди.

Рофе ибн Амр Ғифорий Исломнинг илк даврида ёш бола эди. У кўпчилик қатори қашшоқлик, муҳтожлик ва қийинчиликлар кўрди. Рофе очликдан қутулиш учун хурмо дарахтларига тош отиб, тўкилган мевалардан еб юрарди. Одамлар насиҳат қилар, лекин у бу гап-сўзларга эътибор бермасди. Бир куни уни тутиб, Расулуллоҳнинг (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига олиб келишди.

Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Нега хур­­мога тош отасан?” деб сўра­дилар ундан. Рофе: ­“Ейиш учун”, деб жавоб берди. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Хурмога тош отма, чунки хурмо ҳам, дарахт ҳам эгасининг ҳақидир. Аммо жуда ҳам пишиб, ерга тушса ва уни ҳеч ким олмаса, оёқлар остида босилиб кетиши, қушлар еб битириши ё қуёш уриши хавфи бўлса, тўкилган хурмоларни ейишинг мумкин. Зеро, бу ўзганинг мулкига тажовуз қилиш бўлмайди”, дедилар. Сўнг меҳр ва шафқат билан унинг бошини силадилар ва: “Эй Раббим, унинг қорнини тўйдиргин ва тўйганини сез­диргин ва таомларнинг ҳалолларидан ато этгин”, деб ҳаққига дуо қилдилар.

Умринг  зиёда  бўлсин

Умму Холид бинти Холид ибн Саъд ибн Ос бундай ҳикоя қилади: “Отам билан Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг  ҳузурларига бордик. Эгнимдаги сариқ кўйлакни кўрган Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Ован­­раҳу, санраҳу”, дедилар. (Ҳабаш тилида: “Вой бунинг чиройлилигини, вой бунинг гўзаллигини”, деган маъно англатади. Умму Холид ҳабаш бўлгани учун Пайғамбаримиз шу тилда гапирдилар). Мен у зотга яқин бориб, икки елкалари орасидаги нубувват муҳрларига қўлимни текказиб, унга разм сола бошладим. Отам­ мени уришиб берди. Шунда Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Қизчани ўз ҳолига қўй”, дедилар ва: “Кийимингни кийиб эскиртиргин, сўнгра бошқасини кийиб эскиртиргин, сўнгра эса яна бошқасини”, деб, умримнинг узун бўлишини сўраб, дуо қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Олдин тўйдир, сўнг насиҳат қил

Аббод ибн Шу­райҳбил бундай ҳикоя қилади: “Мадинага келаётиб йўлимда учраган биринчи боққа кирдим. У ерга буғдой ва арпа экилган экан. Озроқ бошоқ териб, донини ажратиб едим. Сўнг кийимимга ҳам бир қанча бошоқни териб олдим. Шу пайт боғнинг эгаси кўриб қолди, югуриб келиб мени ура кетди. Бошоқлар билан бирга кийимимни ҳам тортиб олиб, ўзимни Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳузурига етаклаб келди.

Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) боғ эгасига буғдой бошоқларини, менга эса кийимимни қайтариб бердилар. Кейин боғбонга оч болани жазолашдан олдин қорнини тўйғизиб, сўнг насиҳат қилиш кераклигини айтдилар.  Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) мен ва Мадинага бирга келган амакиларимга ярим ҳуржун буғдой бердилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим.

Ўринбосар Абдуллоҳ

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Тай­­йор бундай дейди: “Отам­ вафотидан уч кун ўтгач, Ра­сулул­лоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар ва: “Бу кундан сўнг биродарим учун бошқа йиғламанглар, унинг болаларини чақиринглар”, дедилар. Кейин бизларни уйларига олиб кетдилар. Набий (соллалоҳу алайҳи ва саллам) сартарошни чақиртирдилар. У келиб, сочларимизни олди. Сўнгра Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) кулиб: “Муҳаммад амакимиз Абу Толибга ўх­шайди. Абдуллоҳнинг хулқи ҳам, кўриниши ҳам менга ўхшайди”, дедилар. Сўнгра қўлимдан тутиб, маҳкам уш­ладилар-да: “Ё Аллоҳ, Аб­дул­лоҳни Жаъфарнинг оиласига ўринбосар қилгин ва унинг қўлига барака бергин”, деб уч маротаба такрорладилар.

Юлдуз АСҚАР қизи

тайёрлади.

 

787 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қудратли фил Тавбаларимиз қабул бўлсин »

Мақолалар

Top