Мақолалар

Ҳаёли бўлайлик!

Ҳаёнинг ҳақиқати:
Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, ҳунук ишни қилмасликка ундовчи хулқдир. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг боши, иймоннинг зийнати, Исломнинг шиоридир.
Ҳадислардан бирида ҳаё ҳақида шундай дейилган: “Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”.
Ҳаё яхшиликка далолат қилувчи хулқдир. Ҳаё кишининг саломат эканидан хабар берувчи ва мазамматдан сақланишига сабаб бўлувчи хулқдир.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ раҳимаҳуллоҳ: “Иймон ялонғочдир. Унинг либоси тақво ва зийнати ҳаёдир” деган эканлар.
Баъзилар бундай дейишган экан: “Кимга ҳаё ўз кийимидан кийдирса, одамлар унинг айбини кўрмайдилар”.
Бир шеърда қуйидагича келтирилган экан:
Ҳаёингни сақла! Чунки, карим, улуғ кишининг фазилатига унинг ҳаёси далолат қилади.
Агар юзнинг суви камайса, ҳаёси ҳам камаяди. Суви камайган юзда эса яхшилик йўқ.
Ҳаёда кўплаб фазилатлар ва фойдалар бор. Шариат бизни ҳаё билан хулқланишга буюрган ва унга тарғиб қилган. Шариат ҳаёни иймондан деб эълон қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали “Лаа Илаҳа Иллаллоҳ” демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда бундай дейилган: “Ҳаё ва иймон бир-бирига яқин нарсалардир. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади”.
Ҳаё иймонданлигининг сири – уларнинг ҳар иккиси яхшиликка чорловчи, яхшиликка яқинлаштирувчи, ёмонликдан бурувчи, ёмонликдан узоқлаштирувчи эканлигидир. Агар одамларда журъат, фаҳшни кўрсанг, билгингки, бунинг энг катта сабабларидан бири ҳаёнинг йўқолганлигидир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири “агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер”дир”, дедилар”. Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Ҳаёдан эмас:
Албатта, баъзи одамлар баъзи яхши ишлардан, ҳақни гапиришдан, амру маъруф, наҳий мункар қилишдан ҳаёнинг даъвоси билан тийилади. Шубҳасиз бу – ҳаёнинг маъносини хато тушунишдир. Башариятнинг энг яхшиси бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг ҳаёлиси, ҳаёси энг кучлиси эдилар. У зот чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Аммо у кишининг ҳаёлари ҳақни айтишдан, амру маъруф, наҳий мункар қилишдан тўсмас эди. Агар Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсалари топталса, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ учун ғазаб қилардилар.
Шунингдек, ҳаё кишини илм талаб қилишдан, диний масалаларни сўрашдан тўсмаслиги керак.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, Аллоҳ ҳақдан ҳаё қилмайди. Агар аёл киши эҳтилом бўлса, ғусл қиладими?” деб сўраганлар. У ансорияни ҳаё мазкур саволни беришдан тўсмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаё мазкур саволга жавоб беришдан тўсмади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа, агар сувни кўрса” деб жавоб берганлар.

Ҳаёнинг турлари:
Аллоҳдан ҳаё қилиш;
Фаришталардан ҳаё қилиш;
Одамлардан ҳаё қилиш;
Нафсдан (ўзидан) ҳаё қилиш.
Аллоҳдан ҳаё қилиш:

Банданинг нафсида “Албатта, Аллоҳ мени кўриб турибди. Албатта, У Зот ҳар доим мен билан бирга” деган эътиқод ўрнашса, у банда Аллоҳ уни бирор фарзда камчиликка йўл қўйган ёки бирор гуноҳни содир этган ҳолда кўришидан ҳаё қилади.

 

ЎМИ матбуот хизмати

764 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « “Хамр” нима дегани? Олмачи »

Мақолалар

Top