Мақолалар

Янги уйлар – янги орзулар (Биринчи мақола)

Инсонни тушкунлик ботқоғига ботирадиган ҳам, унинг ҳаётга интилишини, жамият, давлат ва келажакка ишончини мустаҳкамлайдиган омил ҳам айнан уй-жой билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам халқимиз “ўз уйим – ўлан тўшагим”, дейди. Тўрт мучаси соғлом одамларни-ку бу борада умиди ва ишончи бор: Раббимиз тинчликни бардавом қилиб, соғлиқдан қисмай турса-ю, астойдил меҳнат қилса, уй-жойи бадастир бўлади, иншоаллоҳ. Аммо “тақдирнинг мураккаб синовларига учраган ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бўлган одамларнинг ҳоли нима кечади?” деган савол ҳар қандай жамиятнинг ҳар бир аъзосини ўйга солиши аниқ.

Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига уй-жой масаласида келиб тушган мурожаатлар таҳлили мамлакатимизнинг турли бурчакларида меҳнат қилиб, даромад олишга имконияти чекланган, тақдирнинг оғир зарбаларига учраган, ногиронлиги бўлган инсонлар мураккаб шароитларда кун кечиришга мажбур бўлаётганини кўрсатди.

Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам буткул бошпанасиз эмас, аксари (бир уйда бир нечта оила  сиқилиб яшаётгани туфайли) алоҳида уй-жойга эҳтиёжманд одамлар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борадаги долзарб масалаларга комплекс ечим топиш мақсадида самарали механизм йўлга қўйилди. Бунга кўра, уй-жойга ўта муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонлар ёки ногиронлиги бор фарзандларни вояга етказаётган оилалар имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминланмоқда. 2017 йили уй-жойга ўта муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган инсонлар яшаётган 1207 оила ана шу янги тизим асосида арзон ва замонавий уйларга эга бўлди.

Тонгга интилаётган инсон қудрати

Нарпайлик 1-гуруҳ ногирони Соҳиба Қувонова олти ойлигида икки оёғидан ажралган бўлса-да, тақдирнинг оғир зарбаси унинг иродасини бука олмади. Ишкомга ишлов бериш, сигир соғиш, таом тайёрлаш, тикувчилик қилиш – бу ишларнинг ҳеч бири унга қийинчилик туғдирмайди.

Кун ботади, тун чўкади. Бироқ Соҳиба Қувонованинг уйида ярим тунга қадар чироқ ўчмайди, тикув машинасининг бир маромдаги овози тун бағрини ёриб, тонгга интилаётган инсон қудратидан нишона беради. 

2017 йил Соҳибанинг ҳам кўп йиллик орзуси амалга ошди: Нарпай туманида қуриб битказилган, намунавий лойиҳадаги замонавий уйлардан бирининг эгаси бўлди.

Бу уйга Соҳиба ҳалол меҳнати, ҳаётга интилиши туфайли эришди. Ўзбекистондаги инсонпарварлик сиёсати эса бунга имконият эшигини очиб берди.

Боқимандаларга ибрат инсонлар

Қарши туманида яшовчи Шуҳрат Алимовнинг касби қурувчи. Гарчи 1-гуруҳ ногирони бўлса-да,  бу инсон ҳалол меҳнат билан пул топиб, рўзғор тебратмоқда. 2017 йил Алимовлар оиласига ҳам катта қувонч олиб келди: Қарши тумани Яккаёғоч массивида барпо қилинган замонавий уйлардан бири уларга имтиёзли кредит эвазига берилди, бу уйнинг бошланғич бадалини ҳам давлатимиз тўлади.

Ҳа, инсон ўзининг ботиний кучини бир мақсадга жамлай олса, унинг қудрати олдида ҳар қандай қийинчилик чекинади. Тақдирнинг қанчалик оғир ва мураккаб зарбаларига дуч келмасин, сабот ва чидам билан ёруғ кунларга интилаётган, ўз уйини ўз меҳнати билан барпо қилаётган бу инсонларнинг қаҳрамонлиги шундаки, улар, гарчи меҳнат қилишга имконияти ва лаёқати чекланган бўлса-да, боқимандалик ботқоғига ботмаган. Ахир баъзида ён-атрофда учрайдиган, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан”, деб кўзларини мўлтиратиб турган ёки кўча-кўйда тиланчилик қилаётган, ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси, тўрт мучаси соғ бўла туриб, уялмай-нетмай давлатдан текинга уй-жой сўраётган кимсалар учун бу инсонлар чин маънода ибрат ва ўрнакдир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси материаллари асосида

Дамин ЖУМАҚУЛ

тайёрлади.

726 марта ўқилди

Мақолалар

Top