Мақолалар

Тақдирга рози бўлинг, ўз жонингизга қасд қилманг!

Ўз жонига қасд қилиш – бу гуноҳга қўл уриш, одатда, Аллоҳнинг тақдирига норози бўладиган, чексиз илоҳий неъматларга ношукрлик қиладиган, дунё имтиҳонларини кўтара олмайдиган кимсалардан содир бўлади. Бундай ишлар эса Аллоҳга кофир бўлишга ўхшаш жуда даҳшатли гуноҳлардир. Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”, дейилади (Нисо сураси, 29-оят).

 Оятдаги “ўзларингизни ўлдирмангиз!” жумласи бир неча хил тафсир қилинган:

  1. “Бир-бирингизни ўлдиришингиз ўзингизни ўлдирганингиз билан баробардир. Зеро, ҳаммангиз бир хил динга мансуб кишиларсиз”.
  2. “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”. Яъни ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидаёлмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда.

Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз жонига қасд қилиб ўлган кимса Қиёматга қадар ўзини ўзи ана шу азоб билан азоблаб ётишидан қаттиқ огоҳлантирганлар.

Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ўзини мишқос (кенг тиғли, пичоққа ўхшаш буюм)лар билан ўлдирган одамни олиб келишди. Бас, У зот унга жаноза ўқимадилар”.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз жонига қасд қилган бир кишининг жанозаси тақдим этилганда у зот унга жаноза ўқишдан бош тортдилар (Имом Муслим ривояти). Охиратда эса алоҳида жазолар бўлади.

Имом Бухорий Собит ибн аз-Заҳҳок (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ким ўзини темир асбоб билан ўлдирса, жаҳаннам оташида ўша билан азобланади”, деганлар.

Имом Бухорий Жундаб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир одамнинг жароҳати бор эди. У ўзини ўлдирди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Бандам мендан аввал жони ҳақида ўзи шошқалоқлик қилди. Унга жаннатни ҳаром қилдим”,  деган”.

Аниқланишича, ўз жонига қасд қилганлар орасида олий маълумотлилар жуда кам учрайди. Хавфли гуруҳга эса асосан ўрта ёки тугалланмаган маълумотли шахслар киради.

Феруза Элчиева, руҳшунос:

Кимлар ўз жонига қасд қилишни ўйлай бошлайди? Атрофдагиларга ўзини кераксиз ҳис эта бошлаганлар, шахсий ҳаёт, муҳаббат, иш ё ўқишда омадсизликка учраб тушкунликка тушганлар, жудоликка йўлиққанлар, бир хил ҳаёт тарзидан зерикканлар, оиласидаги тушунмовчиликлардан безганлар, “бошқа чораси йўқ”дек туйилаётган муаамо қаршисида қолганлар, ички баҳоси ҳаддан ташқари паст бўлган ва бошқа руҳий зарбаларга дучор бўлган шахслар. Ажабланарлиси, бундайларнинг аксарияти 14-25 ёшлар оралиғидаги ўсмир, балоғат ёшидаги йигит-қизлар ташкил этишади. Хўш юқоридаги каби ҳолатларга тушиб қолган ва “ўлимдан ўзга чора йўқ” қабилида ўйлай бошлаган яқин инсонингизга қандай кўмак бериш мумкин?

  1. У билан яқинроқ алоқа ўрнатинг.
  2. У билан айни вақтда уни қийнаётган муаммони ҳал этишнинг бошқа йўллари ҳақида гаплашинг.
  3. Унга қилаётган иши нотўғри эканини, бу билан бутун бошли ҳаётини кўкка совуришини, катта хато қилишини, олдинда уни кутиб турган бошқа имкониятлар, бахт ва қувончлардан воз кечаётганини босиқлик билан, дўстона оҳангда тушунтиринг.
  4. У билан унинг туйғулари кечинмалари ҳақида кўпроқ суҳбатлашинг. Кўпроқ гапириб, ичини бўшатиб олишига имкон беринг.

“Мен сени эшитаман”, “Мен сен биланман”, “Менда вақт бемалол, ҳеч қаерга шошмаяпман, сен билан суҳбатлашишни истайман” каби сўзларни айтинг. Унинг ҳозирги ҳолатини тушуниб турганингизни, бироқ бу вазиятдан чиқиб кетишнинг бошқа йўллари ҳам борлигини айтинг ва тушунтиринг.

Ўсмир ёшидаги йигит-қизларда ҳиссиётга берилувчанлик юқори бўлади. фарзандингиз билан иложи борича дўстона муносабатда бўлинг, уни айни дамда нима қийнаётганидан, руҳий ҳолатидан бохабар бўлинг, у сизга суяниши мумкинлигига ишонч уйғотинг, деган бўлардим. Фарзандингизни борича қабул қилинг, ҳаддан ташқари талаблар қўйманг, тарбиядаги ўта қаттиққўллик уни сиздан узоқлаштиради, холос.

Ҳаётнинг қадрини, баҳосини ҳеч нима билан ўлчаб бўлмайди. Айни дамда бу дунёда бор эканингиз, мусаффо ҳаводан нафас олаётганингиз, тўрт мучангиз бут экани, атрофингизда яқин инсонларингизнинг борлиги – БАХТ. Қолган ҳаммаси, муаммолар ҳам, зиддиятлар, синовлар, бари ўткинчи. Уларнинг ҳеч қайсиси сизнинг бебаҳо ҳаётингизни қурбон қилишингизга арзимайди.

 

Нилуфар тайёрлади

3914 марта ўқилди

Мақолалар

Top