Мақолалар

Уйқуга ётиш ва уйқудан туриш одоблари

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

اللَّهُ يَتَوَفَّى الْأَنْفُسَ حِينَ مَوْتِهَا وَالَّتِي لَمْ تَمُتْ فِي مَنَامِهَا فَيُمْسِكُ الَّتِي قَضَى عَلَيْهَا الْمَوْتَ وَيُرْسِلُ الْأُخْرَى إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Аллоҳ жонларни ўлган вақтида, ўлмаганларни эса ухлаётган пайтларида олур.

Бас, Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (ажаллари етгунча) қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир” . (Зумар сураси, 42 оят).

Ибн Касир ушбу оятни тафсир қилиб бундай дейдилар: “Аллоҳ таоло Ўзи мавжудотларни хоҳлагандай бошқаришининг хабарини беряпти. Дарҳақиқат, У жонларни таналардан олиш орқали “катта ўлим”га ҳукм қилади. “Кичик ўлим” эса – уйқудир”.
Бошқа ояти каримада эса шундай дейди:

وَهُوَ الَّذِي يَتَوَفَّاكُمْ بِاللَّيْلِ وَيَعْلَمُ مَا جَرَحْتُمْ بِالنَّهَارِ ثُمَّ يَبْعَثُكُمْ فِيهِ لِيُقْضَى أَجَلٌ مُسَمًّى ثُمَّ إِلَيْهِ مَرْجِعُكُمْ ثُمَّ يُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ

“У тунда сизларни «вафот эттирадиган» (ухлатиб руҳингизни вақтинча оладиган), кундузи қилган ишларингизни биладиган зотдир. Сўнгра белгиланган муҳлат (умр) адо этилиши учун унда (кундузи) сизларни (яна) «тирилтирур» (уйғотур). Кейин Унга қайтиш (бор). Сўнгра сизларга қилган ишларингиз хабарини берур” (Анъом сураси, 60 оят).

Дарҳақиқат, уйқу – Аллоҳ таолонинг буюк мўъжизаларидан. Зеро, гўё ўлгандек, ҳеч нарсани ҳис қилмай ётган одамни Аллоҳ яна руҳини қайтариб уйғотади ва у олдингидек тўла-тўкис яшай бошлайди. Демак, уйқудагиларни уйғотиб руҳини қайтарган Аллоҳ таоло қабрларда ётган “катта ўлим” берилганларни уйғотишга албатта қодирдир!

Динимизда ҳамма, ҳатто, кўзимизга кичик ва эътиборсиз бўлиб кўринадиган амаллардаги одоблар ҳам баён қилинган.

“Нега айнан уйқу. Уйқуда ҳам эътиборли ёки савобли амал борми? Ахир уйқуда инсон на яхшилик ва на ёмонлик қила олмайдику”, дейишингиз мумкин. Лекин, фараз қилинг, бир киши олтмиш йил яшади, дейлик. Одатда, умумий ҳисобда у саккиз соат ухласа унинг ҳаётининг учдан бир қисми яъни, йигирма йилни уйқуда ўтказган бўлади. Биз қуйида санаб ўтадиган одоби шарифларга амал қилинса, ўша каттагина муддат – йигирма йил манфаатли ва савобга лиммо-лим умрга ва ҳар кунлик одат эса ибодатга айланади.

Қуйида уйқуга кетишга оид бир қанча одобларни келтириб ўтамиз.

1.Хуфтон намозидан олдинги уйқу ва хуфтондан кейинги суҳбатнинг макруҳлиги:

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ  أَنَّ رَسُولَ اللَّه كَانَ يَكْرَهُ النَّوْمَ قَبْلَ الْعِشَاءِ وَالْحَدِيثَ بَعْدَهَا. صحيح البخاري،

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдинги уйқуни ва ундан кейинги суҳбатни ёқтирмасдилар” (Саҳиҳул Бухорий, 568). 

Чунки хуфтондан олдинги уйқу уйқу учун хосланган кечки уйқуга путур етказади. Ундан кейинги суҳбат эса бомдод намозига ухлаб қолиш хавфини келтириб чиқаради. Лекин уламоларнинг фикрича, хуфтондан кейинги суҳбат диний ва ижтимоий манфаат учун ёки илм суҳбатлари бўлса у макруҳ эмас, деганлар. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ билан тунда суҳбат қилганлари ҳақида Умар розияллоҳу анҳудан ривоятлар келган.

  1. Уйқуга таҳоратли ётиш:

عَنِ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ : إِذَا أَتَيْتَ مَضْجَعَكَ، فَتَوَضَّأْ وُضُوءَكَ لِلصَّلاَةِ، ثُمَّ اضْطَجِعْ عَلَى شِقِّكَ اْلأَيْمَنِ، ثُمَّ قُلِ: اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ، وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ، وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ، رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ، لاَ مَلْجَأَ وَلاَ مَنْجَا مِنْكَ إِلاَ إِلَيْكَ. اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ، وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْتَ. متفق عليه ،
 Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ётоғингга келганда намозга қандай таҳорат қилсанг шундай таҳорат қил. Кейин ўнг томонингга ёт, сўнгра шундай дегин: “Аллоҳумма асламту важҳий илайк ва фаввазту амрий илайк ва алжаъту зоҳрий илайк. Роғбатан ва роҳбатан илайк. Ла малжаъа ва ла манжа минка илла илайк. Аллоҳумма аманту бикитабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта” (таржимаси: “Ё, Аллоҳим! Сенга умид қилиб ва қўрқиб юзимни (яъни, ўзимни) Сенга таслим қилдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенга суяндим. Паноҳ ва нажот фақат Ўзингдандир. Нозил қилган китобингга ва юборган набиййиннга иймон келтирдим)…” (Муттафақун алайҳ).

  1. Тўшакни қоқиш ва “Бисмиллоҳ”ни айтиш:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ : إِذَا أَوَى أَحَدُكُمْ إِلَى فِرَاشِهِ، فَلْيَنْفُضْ فِرَاشَهُ بِدَاخِلَةِ إِزَارِهِ، فَإِنَّهُ لاَ يَدْرِي مَا خَلَفَهُ عَلَيْهِ، ثُمَّ يَقُولُ: بِاسْمِكَ رَبِّ وَضَعْتُ جَنْبِي، وَبِكَ أَرْفَعُهُ، إِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا، وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ عِبَادَكَ الصَّالِحِينَ.  صحيح البخاري،
 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бирингиз ётоғига ётса, изорининг ички тарафи билан тўшагини қоқиб юборсин. Зеро, у ўзидан кейин тўшагига нима кирганини билмайди. Сўнгра шундай дейди: “Раббим! Номинг ила ётдим ва Сен ила тураман. Агар жонимни олсанг раҳм қил. Агар жонимни юборсанг (яъни, уйғонганда руҳи қайтарилиши) уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек асра” (Саҳиҳул Бухорий, 6320).

  1. Ўнг томон билан ётиш:

Жуда кўп ҳадиси шарифларда ўнг томон билан ётишга тарғиб қилинган. Баро ибн Озибдан ривоят қилинган юқоридаги ҳадис ҳам шулар жумласидандир. Чунки инсон ўнг томон билан ётганда ошқозонда овқат ҳазм учун яхши жойлашади ва сергакроқ ухлайди. Чап томонга ётганда эса юракка оғирроқ бўлади.

  1. 5. Ўнг қўлни юзининг тагига қўйиб ётиш ва баъзи зикрларни айтиш:

عَنْ حُذَيْفَةَ ، قَالَ كَانَ النَّبِيُّ  إِذَا أَخَذَ مَضْجَعَهُ مِنْ اللَّيْلِ، وَضَعَ يَدَهُ تَحْتَ خَدِّهِ، ثُمَّ يَقُولُ: اللَّهُمَّ بِاسْمِكَ أَمُوتُ وَأَحْيَا. وَإِذَا اسْتَيْقَظَ، قَالَ: الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَحْيَانَا بَعْدَ مَا أَمَاتَنَا وَإِلَيْهِ النُّشُورُ. صحيح البخاري،

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, қўлларини юзларини тагига қўярдилар. Сўнгра: “Аллоҳумма бисмика амуту ва аҳя” (таржимаси: “Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!”), дердилар. Уйғонсалар эса: “Алҳамду лиллаҳиллазий аҳяна баъда ма аматана ва илайҳин нушур” (таржимаси: “Жонимизни қабз қилгандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилиш Унинг Ўзигадир”) (Саҳиҳул Бухорий, 6314).

Бундан бошқа баъзи зикрлар ҳам юқоридаги ҳадисларда келтирилган.

  1. Чалқанча ётиш макруҳ:

عَنْ طِخْفَةَ الْغِفَارِيِّ ، قَالَ: أَصَابَنِي رَسُولُ اللَّهِ  نَائِمًا فِي الْمَسْجِدِ عَلَى بَطْنِي، فَرَكَضَنِي بِرِجْلِهِ، وَقَالَ: مَا لَكَ وَلِهَذَا النَّوْمِ. هَذِهِ نَوْمَةٌ يَكْرَهُهَا اللَّهُ، أَوْ يُبْغِضُهَا اللَّهُ. صحيح / صحيح سنن ابن ماجه،

Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтдилар:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимда кўриб қолдилар. Шунда, оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Сунани Ибн Можа, 3015).

Бу масалага бошқа тарафдан ёндашилса, у ҳолатда ётиш ноқулай кўринишга олиб келади. Лекин уламолар: “Қорнида оғриқ бўлган инсон оғриқни енгиллатиш мақсадида қорнига ётса жоиз”, дейишган.

  1. Уйқудан олдин Қуръондан баъзи оятларни тиловат қилиш:

وعَنْ أم المؤمنين عَائِشَةَ رضي الله عنها، أَنَّ النَّبِيّ كَانَ إِذَا أَوَى إِلَى فِرَاشِهِ كُلَّ لَيْلَةٍ، جَمَعَ كَفَّيْهِ ثُمَّ نَفَثَ فِيهِمَا، فَقَرَأَ فِيهِمَا: ( قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ ( و( قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ ( و( قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ (، ثُمَّ يَمْسَحُ بِهِمَا مَا اسْتَطَاعَ مِنْ جَسَدِهِ، يَبْدَأُ بِهِمَا عَلَى رَأْسِهِ وَوَجْهِهِ وَمَا أَقْبَلَ مِنْ جَسَدِهِ، يَفْعَلُ ذَلِكَ ثَلاَثَ مَرَّات صحيح البخاري،

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, икки кафтларини бирлаштириб, уларга дам уриб – “Ихлос”, “Фалақ”, “Нос” сураларини қироат қилардилар. Сўнгра икки кафтларини баданларининг қўллари етгарлик жойларига суртардилар. Бошларидан бошлаб, сўнгра юзлари ва кетма-кет бошқа аъзоларига. Бу ишни уч марта қилардилар” (Саҳиҳул Бухорий, 5017).

Аллома Қози Иёз: “Қуръон оятлари ва зикрдан ҳосил бўлган ҳаво (нафас) ва ундаги намликда табарруклик бор”, деган.

Бундан ташқари, ухлашдан олдин Оятул курсий ўқилса, Аллоҳ таоло томонидан асровчи фаришта туширилиши, Бақара сурасининг охирги икки ояти ўқилса, омонда бўлиши, Кафирун сурасини ўқиса эса ширкдан омонда бўлиши, Зумар, Сажда, Таборак ва бошқа сураларни ўқишнинг фазилатлари ҳақида ҳадиси шарифлар мавжуд.

  1. Тунги (таҳажжуд) намозига туришни ният қилиб ухлаш:

عنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ (، عَنْ النَّبِيَّ (، قَال:َ مَنْ أَتَى فِرَاشَهُ وَهُوَ يَنْوِي أَنْ يَقُومَ يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ، فَغَلَبَتْهُ عَيْنَاهُ حَتَّى أَصْبَحَ، كُتِبَ لَهُ مَا نَوَى، وَكَانَ نَوْمُهُ صَدَقَةً عَلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ عَزَّ وَجَلَّ
Абу Дарло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ётоғига тунги намозга (таҳажжудга) туришни ният қилиб ётса ва тунги намозга ухлаб қолиб тонг орттирса, унга ният қилгани бўлибди. Уйқуси эса Раббиси азза ва жалладан у учун садақа бўлибди”.

  1. Уйқудан олдин чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиш:

وعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: خَمِّرُوا اْلآنِيَةَ، وَأَجِيفُوا اْلأَبْوَابَ، وَأَطْفِئُوا الْمَصَابِيحَ، فَإِنَّ الْفُوَيْسِقَةَ رُبَّمَا جَرَّتْ الْفَتِيلَةَ فَأَحْرَقَتْ أَهْلَ الْبَيْتِ . صحيح البخاري،

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идишларнинг оғзини ёпиб, эшикларни тамбалаб ва чироқларни ўчириб ётинглар, чунки сичқон пиликни тортиб юбориб, уй аҳлини ёқиб юбориши мумкин”, дедилар” (Саҳиҳул Бухорий, 6295).

Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, ўт чиқишига сабаб бўладиган жиҳозлар, яъни газ ва электр жиҳозларига уйқудан олдин эътибор бериш ҳам динимиз одобларидан экан. Бу ҳадис нафақат дунёвий манфаатларни, балки диний манфаатларни ҳам ўз ичига олган. У асраш лозим бўлган ҳар бир жонга эътибор ва беҳуда сарфлаш гуноҳ бўлган молни сақлашга ундовдир.

Бошқа ҳадисда эса:

وعَنْ جَابِرٍ ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: أَطْفِئُوا الْمَصَابِيحَ بِاللَّيْلِ إِذَا رَقَدْتُمْ، وَغَلِّقُوا اْلأَبْوَابَ، وَأَوْكُوا اْلأَسْقِيَةَ، وَخَمِّرُوا الطَّعَامَ وَالشَّرَابَ.  صحيح البخاري، 5624

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Тунда чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиб, мешларнингш оғзини боғлаб ҳамда овқат ва ичимликларни ёпиб ётингиз” (Саҳиҳул Бухорий, 5624).

  1. 10. Қўрқиб уйғонса маълум бир  дуо ва зикрларни айтиш:

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ  قَالَ: إِذَا فَزِعَ أَحَدُكُمْ فِي النَّوْمِ، فَلْيَقُلْ: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ، وَشَرِّ عِبَادِهِ، وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ، وَأَنْ يَحْضُرُونِ. فَإِنَّهَا لَنْ تَضُرَّهُ. حسن / صحيح سنن الترمذي

Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз уйқуда қўрқса: “Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин ғозобиҳи ва иқобиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазатиш шаятийн ва ай-яҳзурун”, десин (таржимаси: “Аллоҳнинг мукаммал калималари ила Унинг ғазаби ва жазоси, бандаларининг ёмонликлари, шайтонларнинг васваслари ва уларни менинг олдимга келишларидан паноҳ тилайман”) (Сунани Термизий, 3528).

  1. Яхши ва ёмон туш кўриш:

وعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ يَقُولُ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يُحِبُّهَا فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ اللَّهِ، فَلْيَحْمَدِ اللَّهَ عَلَيْهَا وَلْيُحَدِّثْ بِهَا، وَإِذَا رَأَى غَيْرَ ذَلِكَ مِمَّا يَكْرَهُ، فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَلْيَسْتَعِذْ مِنْ شَرِّهَا وَلاَ يَذْكُرْهَا ِلأَحَدٍ، فَإِنَّهَا لاَ تَضُرُّهُ. صحيح البخاري، Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзига ёқадиган туш кўрса, уни Аллоҳ таоло сизга марҳамат қилган бўлиб, бунинг учун дарҳол Раббингизга ҳамду сано айтсин ва кўрган тушини (яхши одамларга) айтсин. Агар кўнгли хушламайдиган тушни кўрса, демак, у шайтон тарафидан бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин (яъни, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” десин) ва уни ҳеч кимга айтиб бермасин. Шунда кўрган ёмон туши унга зарар келтира олмайди!” дедилар” (Саҳиҳул Бухорий, 6985).

وعَنْ جَابِرٍ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ ، أَنَّهُ قَالَ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمُ الرُّؤْيَا يَكْرَهُهَا، فَلْيَبْصُقْ عَنْ يَسَارِهِ ثَلاَثًا، وَلْيَسْتَعِذْ بِاللَّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ ثَلاَثًا، وَلْيَتَحَوَّلْ عَنْ جَنْبِهِ الَّذِي كَانَ عَلَيْهِ.  صحيح مسلم، 62

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан нақл қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзи ёқтирмайдиган туш кўрса, чап тарафига уч марта туфласин ва шайтондан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин ҳамда бошқа тарафга ўгирилиб олсин”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 2262).

Уйқуда ёмон туш кўрганда нима қилиш керак экани юқоридаги ҳадисларда баён қилинди. Лекин уларнинг энг афзали Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллама айтганларидек:

أبي هريرة عن رسول الله: ” … فَإِنْ رَأَى أَحَدُكُمْ مَا يَكْرَهُ فَلْيَقُمْ فَلْيُصَلِّ وَلَا يُحَدِّثْ بِهَا النَّاسَ … ” ] صحيح مسلم، 263

“…Бирортангиз ўзи ёқтирмайдиган туш кўрса туриб намоз ўқисин ва у тушини ҳеч имга айтиб бермасин…”

Уйқудан туриш одоблари:

Уйқудан уйғонганда зикр қилиш, таҳорат қилиш ва намоз ўқиш суннатдир:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ (، أَنَّ رَسُولَ اللَّه ( قَالَ: يَعْقِدُ الشَّيْطَانُ عَلَى قَافِيَةِ رَأْسِ أَحَدِكُمْ إِذَا هُوَ نَامَ ثَلاَثَ عُقَدٍ، يَضْرِبُ على كُلَّ عُقْدَةٍ، عَلَيْكَ لَيْلٌ طَوِيلٌ فَارْقُدْ، فَإِنِ اسْتَيْقَظَ فَذَكَرَ اللَّهَ انْحَلَّتْ عُقْدَةٌ، فَإِنْ تَوَضَّأَ انْحَلَّتْ عُقْدَةٌ، فَإِنْ صَلَّى انْحَلَّتْ عُقْدَةٌ، فَأَصْبَحَ نَشِيطًا طَيِّبَ النَّفْسِ، وَإِلاَ أَصْبَحَ خَبِيثَ النَّفْسِ كَسْلاَنَ. ] متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтон сизлардан бирингиз уйқудалигида гарданига учта тугун тугади ва ҳар бир тугунга: “Сенда узун тун бор, шундай экан ухла!” дейди. У уйғонганда Аллоҳни зикр қилса битта тугун ечилади. Таҳорат қилса яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса эса яна битта тугун ечилади. Шунда у ғайратли-тетик ва кўнгли равшан ҳолда тонг орттиради. Аммо ундай қилмаса кўнгли хира, дангаса ҳолда тонг орттиради”, дедилар.

Бошқа ҳадиси шарифда эса:

عَنْ عُبَادَةُ بْنُ الصَّامِتِ (، عَنِ النَّبِيِّ ( قَالَ: مَنْ تَعَارَّ مِنَ اللَّيْلِ فَقَالَ: لاَ إِلَهَ إِلاَ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ. الْحَمْدُ لِلَّهِ وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَلاَ إِلَهَ إِلاَ اللَّهُ وَاللَّهُ أَكْبَرُ وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَ بِاللَّهِ. ثُمَّ قَالَ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي، أَوْ دَعَا، اسْتُجِيبَ. فَإِنْ تَوَضَّأَ قُبِلَتْ صَلاَتُهُ. ] صحيح البخاري،

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки кечаси уйғониб: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамду лиллаҳи ва субҳаналллоҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” (таржимаси: “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир, Унинг ёлғиз Ўзигина мавжуддир, унинг шериги йўқдир, жамики мулк Уникидир, барча мақтовлар Унга хос ва У ҳар бир нарсага Қодирдир!  Аллоҳга мадҳу мақтовлар бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Аллоҳ энг буюкдир, Аллоҳнинг иродасисиз ҳеч нарса бўлмайди”), деган дуони ўқиб, сўнг “Аллоҳим, мени кечиргин!” деса, дуоси мустажоб бўлади, кейин таҳорат олиб намоз ўқиса, намози қабул бўлади” (Саҳиҳи Бухорий, 1154).

Уйқудан турганда суннат ҳисобланган яна бир қанча зикр ва дуолар мавжуд. Уларни батафсил ҳадис, одоб-ахлоқ мавзусидаги китоблардан топиш мумкин.

 

Жаҳонгир УБАЙДУЛЛОҲ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси,

Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби

728 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Мусофирнинг ўгити... Илм ва вақтдаги барака »

Мақолалар

Top