muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 13 Декабрь 2018 00:00

Сабр сўнгги саломат

Имоннинг ярми дея сифатланган сабр ҳақида қанча кўп ёзилса, қанча кўп китоблар нашр этилса, шунча фойдали бўлади. Чунки сабр-қаноат инсонга бот-бот эслатиб турилмаса, инсоннинг бесабрликка берилувчанлик табиати устунлик қилиб олади.

Ушбу китобнинг фазилати шундаки, унда сабрнинг фазилати шариатимиз аҳкомларига кўра таърифланган.  Унинг диндаги ўрни,  сабр соҳибига бериладиган даражалар, сабрнинг қисмлари, сайр ва сулукдаги ўрни; сабрдан келадиган фойдалар, сабрсизлик сабаб бўладиган офатлар тартиби билан худди толиби илмга тушунтирилгандек, содда усулда баён қилинган.

Энг муҳими, ушбу мўъжаз асарни ўқиган китобхон муқаддас Китобимиз – Қуръони каримда  сабрга қанчалик катта эътибор қаратилгани ва унинг етмишдан ортиқ жойда зикр этилгани, сабрли инсонларга нақадар улкан  ажру савоблар ваъда қилинганини билиб олади.

Таржимон китобнинг таъсирчанлик руҳини оширишни ният қилиб, таржима сўнгидан оят, ҳадислар, ҳикмат ва мақоллар келтирганки, бундан муҳтарам китобхонларга жуда ҳам яхши фойда етади деган фикрдамиз.

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган

Муаллиф: Муҳаммад Зоҳид Қўтқу

Таржимон: Дамин Жумақул

Муҳаррир: Толиб Низом

Нашриёт дўконидаги нархи 5000 сўм       

                  

 

 

 

 

 

 

 

Юртимизда турли соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили пуллик ўқув курслар ташкил этилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ Тошкент ислом институтида ташкил этилган "Қуръони карим ва тажвид" ўқув курсининг иккинчи давра тингловчилари ўқув машғулотларини тўлиқ тамомлади.

Бугун, 13 декбрь куни Тошкент ислом институтида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи маълумотномалар топширилди.

Эсталатиб ўтамиз, ЎМИнинг 2018 йил 30 августдаги 01А/088-сонли буйруғи асосида институтда ташкил этилган ўқув курсларида ўқиш истагида бўлган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларига ҳафтанинг ҳар шанба куни соат 09:00 дан 14:00 гача Тошкент ислом институти белгиланган тартибда жорий қилинган рўйхат асосида ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўқув-услубий бўлими услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов

 

Четверг, 13 Декабрь 2018 00:00

Жумбоқнинг ечими Қуръондан топилди

Омина деган аёл бор эди. Ҳар куни Қуръон ўқир, имкони етганича оятлардан ёдлар эди. Икки қизини ҳам узатиб, эри билан ёлғиз яшарди.

Бир куни эрига “Бориб, қизларингиздан хабар олиб келмайсизми?” деди. Қизларидан бири эри билан деҳқончилик қилар, иккинчиси лойдан ғишт қуйиб сотишарди.

Ота қизларидан хабар олиш учун йўлга тушди. Биринчи деҳқончилик билан шуғулланадиган қизининг уйига борди. Ҳол-аҳвол сўради, меҳмон бўлди. Кейин қизидан: “Болам, қийналмаяпсизларми?” деб сўради. Қизи: “Йўқ, отажон. Тинч яшаяпмиз. Бу йил катта деҳқончилик қилдик. Уруғларни экиб бўлдик. Энди бир дуо қилсангиз, Аллоҳ таоло бизга ёмғир берса” деди. Ота дуога қўл кўтариб, Аллоҳ таолодан баракали ёмғир сўради. Шундан сўнг қизи билан хайрлашиб, нариги қизиникига борди.

Ундан ҳам ҳол-аҳвол сўради, меҳмон бўлди. Кейин ундан: “Болам, қийналмаяпсанми?” деб сўради. Қизи: “Йўқ, отажон. Эрим билан тинч яшаяпмиз. Шу кунларда кўп миқдорда ғишт қуйдик. Шунга Аллоҳ таолога дуо қилсангиз, ёмғир ёғмай турсаю, биз ғиштларимизни сотиб олсак” деди. Ота қўлларини дуога очиб, Аллоҳ таолодан қизининг мушкулини осон қилишини сўради. У билан ҳам хайрлашиб, уйга қайтди.

Уйга келиб, бироз дам олди. Кейин аёли ундан “Қизларингиз тинч ўтирган эканми?” дея сўради. Эри “Ҳа, ўтиришибди. Бири ёмғир кутяпти, бошқаси эса ёмғир ёғмаса эди” деб турибди. Иккови учун ҳам дуо қилиб келдим. Ёмғир ёғмаса, каттасининг аҳволи нима кечади, бордию ёғса, кичигининг аҳволи нима бўларкин” деди. Шунда аёл: “Сиз Қуръон билан ошно бўлмайсиз-да! Ҳар куни Қуръон ўқиганингизда бундай хаёл билан ноилож қолмаган бўлардингиз, муаммонинг ечимини топган бўлардингиз. Ахир Қуръонда бу муаммонинг ечими бор-ку!” деди. Эр қизиқиб, “Қандай ечими бор?” деб сўради. Аёл: “Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган” деб мана бу оятни ўқиб берди: 

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يُزْجِي سَحَاباً ثُمَّ يُؤَلِّفُ بَيْنَهُ ثُمَّ يَجْعَلُهُ رُكَاماً فَتَرَى الْوَدْقَ يَخْرُجُ مِنْ خِلَالِهِ وَيُنَزِّلُ مِنَ السَّمَاءِ مِن جِبَالٍ فِيهَا مِن بَرَدٍ فَيُصِيبُ بِهِ مَن يَشَاءُ وَيَصْرِفُهُ عَن مَّن يَشَاءُ يَكَادُ سَنَا بَرْقِهِ يَذْهَبُ بِالْأَبْصَارِ

“Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнгра уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Сўнгра (булут) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. (Аллоҳ) осмондан – ундаги тоғ (булут)лардан дўл ёғдириб, уни ўзи хоҳлаган кишиларга етказур ва ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур. Чақмоғининг ёруғлиги кўзларни кетказгудекдир” (Нур сураси, 43-оят).

Эр дарҳол Аллоҳга шукр саждасини қилди ва қўлини дуога очиб: “Эй Роббим, ғишт қуйган қизимдан ёмғирни буриб юбор, деҳқончилик қилган қизимга барака ёмғирингни ёғдир” дея дуо қилди.

Аёлининг фаросати, ҳозиржавоблигидан хурсанд бўлди. Кейин унга шундай солиҳа жуфт насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтди.

 Ота кейинчалик қилган дуосининг ижобатини кўрди. Деҳқончилик билан шуғулланувчи қизи яшайдиган томонда ёмғир ёғди, ғишт қуйиш билан шуғулланувчи қизи яшайдиган минтақада ёғингарчилик кузатилмади.

 

  

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

мавъизаларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Четверг, 13 Декабрь 2018 00:00

Сохта табиблардан огоҳ бўлинг!

Инсон ҳаёти давомида гоҳ оғир, гоҳ енгил дардларга чалиниб туриши табиий. Касалликнинг турлари жуда кўп, ҳар бир дардга муносиб дору дармонлари мавжуд экани қадимдан исботланган. Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки:
“Эй Аллоҳнинг бандалари, хаста бўлсангиз даволанинг! Чунки Аллоҳ таоло кексаликдан бошқа барча касалликларга муносиб даволар ҳам яратган” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилган).
Яна бир ҳадиси шарифда жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар:
“Ҳар бир касалликнинг ўзига яраша давоси ҳам бор. Агар ўша даво топилса, Аллоҳ таолонинг изни билан бемор албатта шифо топади” (Имом Муслим ривоят қилган).
Демак, ҳар бир дарднинг давоси мавжуд. Лекин бу даволарни яхши ўрганиб, ўз ўрнида оқилона ишлата билиш муҳим.
Ўтган асрлар мобайнида тиббиёт фани кўпдан-кўп кашфиётлар билан бойиди ва равнақ топди. Айниқса, бизнинг замонимизда бу кашфиёт ва илму фан ютуқлари асосида даволаниш ишлари жуда яхши йўлга қўйилди.
Афсуски, тиб илми тараққиёт чўққиларига эришиб келаётган ушбу замонимизда тиббиёт ўқув юртларида ўқиб, мутахассисликка эришган шифокорларга эмас, балки сохта табибларга мурожаат қилувчи ёки ҳар хил табаррук деб аталган қадамжоларни зиёрат қилиб, улардан шифо умид қилувчилар аҳоли ўртасида ҳамон учраб турибди. Ваҳоланки, Ислом дини таълимотида ихтисоссиз, сохта даволовчилар шаънига бир қатор қаттиқ огоҳлантиришлар мавжуд.
Муҳаддислардан Ибн Можа ривоятлари ила ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки:
“Кимки тиб илмидан бехабар бўлатуриб табиблик даъвоси ила бирор беморни даволашга киришса ва бемор унинг муолажаси сабабли ўлса ёки бирор зарар топса, ундай “табиб” Аллоҳ таоло олдида зомин ва гуноҳкор ҳисобланур”.
Демак, аҳоли ўртасида ғайри расмий равишда иш кўраётган сохта табиблар содда кишиларни лақиллатиб, ўз манфаатлари йўлида, осонликча бойлик орттириш мақсадида улардан фойдаланиб келишлари шариати исломия аҳкомларига мутлақо хилоф ва бу ишлари билан улар гуноҳкори азим бўладилар. Уларга ихлос қилиб бирор хасталикдан шифо топмоқ мақсадида мурожаат этиш эса гумроҳликдир.
Кейинги вақтларда шаҳару қишлоқларда, айниқса, мусулмон аҳолиси ўртасида касалликларнинг барча турларини “даволашни” даъво қилувчи ажабтовур табиблар сони кўпайиб бораётгани маълум бўлмоқда. Ушбу сохта даволовчиларнинг ўзаро тил бириктиришиб олган ёлланма кишилари бўлиб, улар халққа уларни мақтаб қўллари енгиллиги, кўплаб беморлар улардан шифо топаётгани, ҳатто профессорлар, катта докторлар ҳам тузата олмаган касалликларни улар “тузатиб юборганликлари” тўғрисида шов-шув гаплар тарқатиб таърифу тавсифларини авжига чиқарадилар.
Гўё бу “шифокор”лар дастлаб ўзлари оғир касал бўлишган, қандайдир деву парилардан муаккаллар келиб, уларни “даволаган”, сўнгра бошқаларни “даволаш” вазифасини уларнинг зиммасига юклаб кетган эмиш. Касалларга улар нималарнидир ўқиб, мозорларга атаб қўй, эчки ёки товуқларни сўйишга буюрадилар. Беморлар эса шифо топиш умидида уларга қатнаб, қўлларидан келган хайру эҳсон ва назру ниёзларини улардан аямасдан сарф қиладилар.
Аҳолига ҳам моддий ҳам маънавий зарар етказиб келаётган бундай сохта даволовчиларнинг кирдикорлари фош қилиниб, уларнинг илмий асоссиз муолажалари оқибатида касалликлари оғирлашган беморлар тўғрисида маҳаллий матбуотларда мақолалар ҳам босилган.
Сохта табибларга ишониб, касалликни ўз вақтида мутахассис врачларга кўрсатмасдан, аҳволи оғирлашиб қолаётган ёки баъзида сохта дорилар қурбони бўлаётганлар ҳам бор. Улардан ибрат олиб, кўзни каттароқ очмоқ ва сохта даволовчиларнинг хийлаю найрангларидан доимо эҳтиёт бўлиб юрмоқлик ҳар бир ақлу идрок соҳибининг муҳим вазифасидир.

Маълумки, сохта табиблар шахсий манфаатлари йўлида билиб-билмасдан ҳар қандай касалликни “даволаш”га журъат этаверар эканлар, улар инсон тақдири ҳақида, ўзларининг бундай “табобатлари” қандай мудҳиш оқибатларга олиб келиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайдилар. Уларга қатновчи “ихлосманд”ларнинг кўпчилигини содда кишиларни ташкил этади. Бундай кишиларда эса шундай оғир одат ҳукмронки, мабода касалнинг аҳволи салгина яхшиланса, табибга бўлган ихлос-эътиқодлари яна кучая боради. Дарҳол ўша “табиб”нинг “қўли енгил”лиги ҳақида лоф ура бошлайдилар.
Аслида сохта табиблар аҳоли бирмунча авом бўлган эски замонларда кўп бўлган ва ўшалар ҳам ўз даври олиму орифларининг жиддий танқидига учраб, ҳатто халқ улар ҳақида ҳажвий латифалар ҳам тўқиган. Ўша латифалардан бирида айтиладики, “Бир табиб ҳар доим қабристон ёнидан юзини яшириб ўтар экан. Ундан нега бундай қилишининг сабабини сўрашганида “Бу қабрда ётганларнинг кўпини мен “даволаганман”, ўшалардан уяламан”, деб жавоб берган экан”.
Мамлакатимиз аҳолисининг деярли юз фоизи саводхон бўлган, фан-техника, хусусан, тиббиёт илми ривож топган паллада бундай хурофотчиларнинг сони кўпайиб, ошиғи олчи бўлиб бораётганини ҳеч ақлга сиғдириб бўлмайди.
Табибга қатновчиларни кузатсангиз, ҳар доим бир хил манзарага гувоҳ бўласиз: Унинг қабулига дастлабки кун борган мижозлар, айниқса, аёллар сўраган-сўрамаганга табибнинг билимдонлигини, берган дорилари ичгани заҳоти таъсир қилиб, аҳволи яхши бўлиб қолганини айтиб беравериб, ҳаммани безор қилади. Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин қарасангиз, ўша “моҳир” табибини қарғаб юрган бўлади. Лекин бу орада “табиб” ундан хийлагина нарса ундириб олган бўлади.
Ҳақ таолога шукрки, бизнинг диёримиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда даволаниш муассасалари, шифохоналар мавжуд. Улар тиббиётнинг барча тармоқлари бўйича мутахассислар ила таъмин этилган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир киши сохта табибларнинг ҳийла ва найрангларидан огоҳ бўлиши даркор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими

Жорий йилнинг 12 декабрь куни Самарқанд вилоятидаги имом хатиблар ўзларининг ҳудудларидаги 100 га яқин хонадонларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказдилар.

Имомлар хонадонларга бориб, оиладаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Жумладан, Иштихон туман бош имом хатиби Иштихон туман ҳокимлиги мажлислар залида янги оила қураётган ёшлар билан учрашиб, “Оила дорулфунуни” мавзусида учрашув ўтказган бўлса, Пайариқ туманидаги “Мўлла Тоҳир” жоме масжиди имом хатиби Янгиобод МФЙда яшовчи Обилов Қозоқбойнинг турмуш ўртоғи бемор экани сабаб уларнинг ҳолидан хабар олди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 7 ва 23 ўрта мактабларда бўлиб ўтган тадбирларда “Қўшбақолли” жоме масжиди имом хатиби “Ёшлар бизнинг келажагимиз”, “Ислом ва олам” мавзуларида маъруза қилган.

Каттақўрғон шаҳрида фаолият олиб борувчи имомлар томонида ҳудудда истиқомат қилувчи ногиронларнинг ҳолидан хабар олинди.

Каттақўрғон тумани имомлари бундан ташқари, жазо муддатини ўтаб қайтган шахслар билан учрашиб суҳбатлашганлар.

Шунингдек, туманлардаги барча имом-хатибларимиз муаммоси бор хонадонларга бориб, аҳолининг ҳолидан хабар олмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top