muslim.uz

muslim.uz

Ҳазрати Имом масжидида жума намозига бир муаззин йигит азон чақиради. Бағоят ширали овозда, қалбга яқин оҳангда, тинглаганда жонингиз ором олгандек бўласиз. Ҳар сафар жума куни ўша йигитнинг азон чақиришини кутиб ўтирар экансиз, дафъатан хаёлингизга кечагина шу азонни тинглаб ўтирмаганмидик, деб ўй келиб қоласиз ва ҳушёр тортасиз. Ё тавба, вақт шунчалик тез ўтяптими?..

Дарҳақиқат,  вақт югурик, умр ўткинчи...

Кечагина баҳорнинг бўйидан сармаст бўлиб юрган эдик. Бугун эса  совуқдан дилдираб турибмиз.

Аммо меҳрибон Парвардигоримиз ҳар бир фаслни ҳам бандаларига қулайликлар даври қилиб яратганки, буни билган билади, билмаган лаллайиб ўтиб кетади. Тунларнинг узайиши, кўп вақтлардан бери бажаришни ният қилиб аммо фурсатини топа олмай юрган ишларимизнинг айни замони эмасми. Оила жам бўлиб мириқиб суҳбатлашади, дўсту қадрдонларни йўқлайсиз, талабалар учун дарсга ғайрат қилади,  мутолаа завқи, илмий ишлар, баҳсу мунозаралар...

Қишнинг узун тунлари айни  шу ишларни бажаришга Раббимиз ато этган қулайликдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шунга диққатимизни қаратиш ниятида “Қиш – мўминнинг баҳоридир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти)  ва ана шу фасл мусулмоннинг ҳаётида қанчалик катта аҳамият касб этишига ишорат қилганлар.

Ҳадисдан англаймизки, баҳор келганда табиат  қандай нафас олса, ҳар тарафга чечаклар ҳиди тарқалиб, олам анвойи гўзалликларга бурканса, мўминнинг қалбида ҳам  қишнинг узун тунларида худди шундай ўзгаришлар юз беради – турфа гўзалликлари ила баҳор киради. Мўмин ушбу фаслда: маънавий оламида ҳамда инсоний муносабатларида баҳор ҳаётини яшайди, гўёки янгидан тирилади. Ушбу баракотли тунларни ишлари унумли бўлишига бир восита қилади.

Фахри коинотимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида  икки хусусиятни тушунтириб, бу фаслни қандай ўтказиш кераклиги хусусида мўминларга тавсия берганлар: “Қишнинг кундузлари қисқарганда, мўмин рўза тутади; кечалари узайганда тунлари ибодат қилади” (Суютий, “ал-Жомеус-сағир”, I, 718; Байҳақий “Сиям”, I, 115).

Уламоларимиз ушбу ҳадис шарҳида бундай деганлар:

“Мўмин бу фаслда тоат-ибодат боғларида кезади, ибодат майдонларида жавлон уради. қалби амал боғчаларида сайр қилади. Ибодатларга янада ғайратли бўлади. Унинг шавқи шу қадар бўладики, на рўза уни ҳолдан тойдира олади на уйқусиз тунларда мудроқ босади... яъни кечанинг узунлиги уйқуга тўйиб олиб, таҳажжуд ва зикрга тиниққан ҳолда туришига шароит яратади. Шу ҳисобда, ҳам танасининг эҳтиёжини қондиради ҳамда ибодатни вақтида бажаради”.

Демак, қиш мўминнинг баҳори эканини белгиловчи биринчи омил кундузи рўза тутишга қулай эканидир. Бу вақтда рўза тутган киши ҳеч қандай қийинчилик кўрмайди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадиси шарифда: “Қишда рўза тутмоқ, салқин бир ғаниматдир”, дея бу рўзанинг қулайлиги ва баракотини тушунтирганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Аёнки, рўза нафс тарбиясига йўналтирилган муҳим ибодат. Пайғамбар алайҳиссалом фарз бўлган рўзадан ташқари, нафл рўзаларга ҳам ташвиқ этишининг сабаби мўминнинг маънавий юксалишига ундамоқдир. Зотан, кун узоғи ибодатда (рўзадор) бўлган одам ҳам Раббини ўзига яқин ҳис қилади ҳамда унинг инсонлар билан муносабати гўзал бўлади. Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, маънан озиқланган инсон Раббисига янада итоаткор, инсонларга нисбатан янада шафқатли ва марҳаматли бўлади. Бу, албатта, мўминнинг кўнгил дунёсини ва ижтимоий ҳаётини баҳорга айлантиради.

Иккинчи омили эса кечалари ибодатга қоим бўлиш пайғамбарлар суннати ва солиҳлар амалидир. Ояти каримада мадҳ этилганидек, “Улар тонг саҳарларда истиғфор айтар эдилар (Ваз-зориёт, 18).

ЎМИ матбуот хизмати

Узун тунлар давом этмоқда. Энг узун тунни форслар “ошиқлар туни” деб айтади. Бизда ҳам бир ошиқ ҳофизнинг “Тонглар ҳеч отмасайди” деб айтадиган қўшиғи бор. Ана шундай қилиб, тунларимизни ва кунларимизни кўнгилни қитиқлайдиган сўзлар билан таърифлаб кунларни ўтказаверамиз, ёшларга ҳазиллашамиз...

Аммо, азизлар, орамизда шундай ошиқлар борки, уларнинг ишқига ҳавас қиламиз, уларга эргашамиз ва шоядки, Раббимиз бизнинг ҳам қалбимиздаги муҳаббатимизни зиёда қилиб бизга ҳам уйқуни ҳаром айласа, дея дуолар қиламиз.

Уларнинг ишқи, ҳазрат Навоий таърифлаганидек, хослар ишқи. Биз ҳам ишқимиз шундай бўлишини тилаб шунга интиламиз.

Бир ҳисобда, бизнинг ишқимиз қаламқошларга ошиқ  бўлган авом ишқидан жуда ҳам осон ва саодатли. Чунки кимга ошиқ бўлишни бизга устозларимиз – ошиқу орифлар ўргатган.

Қандай қилиб денг.

Бунинг сабаби “Насойим ул-муҳаббат”да.

”Абдуллоҳ ибн Муборак қ.т.с. Ани уламонинг шаҳаншоҳи дер эрмишлар ва жуду шижоатда замонининг ягонаси эрмиш. Ва тариқат асҳобининг муҳташами. Ва бу қавмнинг машойихининг кўпининг суҳбатиға мушарраф бўлубдур.  Ва машҳур тасонифи бор.  

Бир кун ул келур эрди ва Суфён Саврий ва Фузайл Аёз қ.с. ҳозир эрдилар.

Суфён деди: кел эй машриқ аҳлида эр!

Фузайл деди: ва мағриб аҳлида ва иккисининг орасида.

Анинг тавбасининг ибтидоси бу эрдики,  бир канизак ишқиға гирифтор бўлди.

Бир қиш кеча тонг отқунча маъшуқ девори тубида туруб эрди ва устига қор ёғадур эрди ва ул хабарсиз.

Саҳар намозин айтурда ул хуфтан соғинди.

Кундуз бўлғондин сўнгра ул ҳолға воқиф бўлди, ўзига дедики, эй Муборакнинг номуборак ўғли, уёт санга бу авқотингдинки, агар имом намозда бир сурани узунроқ қироат қилса,  ториқиб,  телбарарсен ва мунунгдек кеча нафсинг ҳавосиға тонг отқунча мундоқ азоб тортарсанки,  суубатидин хабаринг йўқтур.

Кўнгли бу дарддин бузулди ва бори ишдин тавба қилди ва сулукка машғул бўлди.

Иши ул ерга еттики, Маккадин Мадинаға дегинча маҳофасин ашроф эгинлариға кўтариб элтурлар эрди...”

Биз ана шу зотларнинг йўлини тутиб Раббимизга ошиқ бўлдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни отамиздан, онамиздан, фарзандларимиздан, жонимиздан, ҳар нимамизки бўлса, уларнинг барчасидан ортиқ севдик.

Бошқа ошиқлар изғиринли, ёмғирли, қорли кечаларда оёғидан зах ўтиб, совуқда тиришиб, маъшуқасини пойлаб, дилдираб тонг оттирса, биз илиққина сувга роҳатланиб таҳорат оламизда, иссиққина уйда, юмшоқ жойнамознинг устида ўтириб Раббимиз билан роз айтишамиз: Қуръони карим оятларини ўқиймиз, зикр қиламиз, салавотлар айтамиз ва муножотлар қиламиз: “Илоҳи, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам, рад қилса, санга таважжуҳ эткаймен ва агар сен рад қилсанг, неткаймен ва кимга кеткаймен? ...Илоҳи, ёмонлиғимдин агарчи кўп аламим бор, ғамхорим сен бўлсанг, не ғамим бор” (Навоий).

Биз ана шундай қилиб, Раббимизга таваккал қиламиз, умримизнинг узун тунларини ғанимат билиб, беҳуда ўтказмаётганимиздан кўнглимиз таскин топгандек бўлади. 

Маъшуқасини пойлаб ўтирган бечорага бирор безори учраб қолиб ишкал чиқарса, бурнини қонатса, бизнинг атрофимизни фаришталар  ўраб олиб, биз билан бирга Қуръон ўқийди, зикру салавот айтади. Ўша вақтда танамиз шу қадар ёқимли жимирлаб кетадики, савқи табиий ила атрофимизда ниҳоятда нафис бир борлиқ мужассам эканини, улар ҳам биз билан бирга бизнинг гуноҳларимизни кечиришини сўраб дуога қўл очиб турганини ҳис қиламиз.

Ана шу – узун тунларимиз тароватидир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

матбуот хизмати

Қишда қор ёғишини томоша қилиш завқли иш. Тўғрими? Ҳамма жой оппоқ қорга бурканади, атроф мусаффо, ҳаво топ-тоза, учиб-учиб тушаётган қор парчаларига қўлингизни тутсангиз, кафтингизга қўниб эриб кетади.

Биз қорни уч ёки тўрт кўринишда тасаввур қиламиз: майда қор. Қор майдалаб ёққанда қаттиқ совуқ бўлади, одамнинг хаёлига осмонда қор тугаб қолаётгандек, ана шу қор охиргисидек туйилади; ўртача қор, бу қор ёққанда ҳаво мўътадил бўлади, суяккача ўтиб кетадиган совуқ бўлмайди; лайлак қор. Бу қор ҳамманинг жону дили. Аммо у узоқ вақт ёғмайди ва ҳаво ҳарорати ҳам ёқимли бўлади; шилта қор. Бу ёмғир аралаш ёғадиган қор. Бунда ҳам ҳаво хийлагина совуқ бўлади.

Демак, билганларимиз шу тўрт хил қор экан. Уларни ҳажмига қараб ажратамиз. Аммо Аллоҳ таолонинг мусаввирлигини қарангки,  ушбу қор зарраларининг бирортаси бошқа бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири алоҳида санъат асаридир.

Олимларнинг таъкидлашича, ер юзини буткул қор қопласа ҳам ҳеч бир қор заррасига бошқасига ўхшамайди.

Америкалик тадқиқотчи олим Вильсон Бентлей 50 йил давомида олиб борган кузатишлари натижасида 1985 йил шундай хулосага келди. Қор заррасини суратга туширишни санъат даражасига кўтарган олим умрининг ярмини шу ишга сарф этди.

Ҳар бир қор зарраси осмондан тушган мукаммал санъат асаридир. Ана шу бир дона қор заррасининг ўзиёқ инсон зотига Буюк Яратувчини танишга кифоя қилади. Яъни, Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир» (Наҳл сураси, 11-оят).

Қорнинг мўъжизаси шу билан тугамайди. Ҳар йили қишда тоғларда муз захираси йиғилади. Муз қалин бўлиши учун қор кўп ёғиши керак. Агар тоғлар меъёрида муз захирасини тўплаб ололмаса, ўша йили дарёларнинг суви кам бўлади. Шунингдек, яйловларга ва далаларга ҳам қор кўп ёғса, ўша баҳорда ўт-ўлан мўл бўлади, экин-тикин баракали бўлади.

Аллоҳ таоло муборак Каломида: «У осмондан сув нозил қилган Зотдир. Бас, у (сув) ила турли набототлар чиқардик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан ғужум-ғужум бошоқлар чиқарамиз. Ва хурмодан, унинг новдаларидан яқин шингиллар чиқарамиз ва узум боғлари чиқарамиз. Бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни чиқарамиз. Унинг мева қилиш пайтидаги мевасига ва пишишига назар солинг. Албатта, бундай нарсаларда иймон келтирадиган қавм учун оят-белгилар бордир» (Анъом сураси, 99-оят), деб марҳамат қилган.

Бундан аён бўладики, қиш фаслининг қаҳратони ва қор-ёмғирлари бизнинг баҳоримизни, ёзимизни, кузимизни сероб қилиш учун экан. Биз эса ана шу ғанимат фаслда Қуръони каримни мутолаа қилайлик, зикрни кўпайтирайлик, амри маъруфлар, наҳйи мункарлар эшитиш учун муҳтарам олимларимизнинг суҳбатига бориб файз олайлик. Дўстларни зиёрат қилиб иймонлашайлик. Зотан, улуғларимизнинг тавсиялари ҳам шу ўзи.

Қуръони каримни қанчалик кўп ўқисак, қалбларимиз шифо топади, кўнглимиз роҳатланади, кўзимиз равшанлашади, хотирамиз мустаҳкам бўлади. Қалб шифо топса, тананинг бошқа аъзолари ҳам соғлом бўлиши машҳур ҳадисда ворид бўлган. Яна бир ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар (Байҳақий, Абу Нуайм Қузоий ривоят қилган Жалолиддин Суютий бу ривоятни “Жомеул аҳодис”да, Муттақий  Ҳиндий “Канзул уммол”да келтирган)

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ѐки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди” (Ибн Қудома. Мухтасару минҳожил қосидин).

Ёғаётган қор парчалари, тунларнинг қуюқлиги биз бандаларга ана шу ҳикматларни эслатиб, ибодатга маҳкам бўлишимизга ундайди.

 

Фотограф Алексей Клжатов ҳам кўп йиллардан бери қор парчаларининг йирик планли суратларини тасвирга тушириш билан шуғулланади. У доимий равишда ўз расмларини Flickr ресурсига жойлаб келади. “Мен уйимнинг очиқ айвонида LED чироғ билан ёритилган шиша устига тушаётган қор парчаларини суратга оламан. Баъзида эса табиий ёруғлик ҳамда фон сифатида қора толалардан фойдаланаман”, деб ёзади у.

Қуйида Алексей тасвирга олган қор парчаларидан намуналар келтирилди: