muslim.uz

muslim.uz

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил, пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Эътиборлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббус асосида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир.

Соҳадаги ислоҳотлар инсон қадри учун

Мазкур резолюциянинг амалий ифодаси мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларда яққол ифодасини топмоқда. Хусусан, турли ғаразли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган 16 мингдан зиёд инсон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қора рўйхат”идан чиқарилди.

Бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 500 дан зиёд аёл ва бола Ўзбекистонга олиб келинди.

Улар янгиланаётган, инсон эрки ва ҳуқуқлари қадрланадиган юртимизда янги ҳаёт бошлади.

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 фуқаро афв этилганини эътироф этиш жоиз.

Виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон юритаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидандир. Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар кечмоқда. Бу борада виждон эркинлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонунчиликни инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозалар асосида такомиллаштириш ҳам ислоҳотларнинг энг долзарб вазифаларидан, деб қаралмоқда.

Инсон қадри улуғланаётган юртимизда Президентимиз 2021 йил 5 июлда имзолаган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингани жамиятдаги жуда кўп масалаларни ечди. Мазкур ҳужжат ўзининг халқчиллиги, жамиятдаги барча масалаларга энг ҳаққоний ва адолатли жавоб бериши билан аҳамиятлидир.

Янги таҳрирдаги ушбу қонун АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа илғор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича марказлари ҳамда халқаро ташкилотлари мутахассислари таклиф ва тавсияларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди. Янги қонуннинг олдингисидан асосий фарқли жиҳатлари шундаки, унда фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатлари кучайтирилди, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилди, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсати такомиллаштирилди.

Яна бир асосий жиҳат — диний таълим тизимидаги янгиликлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилган. Шунингдек, учта йирик олий диний таълим ва 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритмоқда.

Айниқса, ўзининг маҳобати ва Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган юртимизда илмий салоҳияти туфайли маърифат масканига айланиши кутилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умум-башарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган мазкур илм-маърифат маркази ҳозирданоқ ўз маҳобати, амалга ошираётган маънавий, илмий-тадқиқот фаолияти билан бутун дунё ҳавасини келтирмоқда.

Юртимиз аҳолисининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда бир неча диний олий таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Бу билан аҳолининг диний билимларни эгаллашга эҳтиёжи тўлақонли таъминланишига эришилмоқда. Айни пайтда мазкур курсларда аҳолининг турли қатламлари ва турли ёшдаги юзлаб тингловчилар таҳсил олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қатъияти, ташаббуси билан Ҳаж ва Умра зиёрати қайта тикланди. Пандемия туфайли ушбу муқаддас диний амалларни бажариш имконияти чекланган эди. Бироқ юртимизда бу мураккаб вазиятни бартараф этишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли динимизнинг муқаддас амалларини бажариш имконига эга бўлди.

Мазкур ислоҳотлар кўп миллатли халқимиз ҳаёти, фаровон турмуши, ёрқин истиқболи, фарзандлар камолоти ва орзу-истаклари рўёбида ўз ифодасини топмоқда.

Ислоҳотлар халқаро майдонда кенг эътироф этилмоқда

Тўғри йўл доимо эзгуликка етаклайди. У бир оз машаққатли, синовларга бой бўлиши табиий. Юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар нафақат ватандошларимиз, балки халқаро майдонда нуфузли инсонлар томонидан эътироф этилаётгани қувонарлидир. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбий билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида сўнгги йилларда ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш учун халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва бошқа таълим муассасалари ташкил этилиши муҳим қадам экани алоҳида қайд этилди.

Дўстона кайфиятда ўтган суҳбат давомида Юсуф ал-Утайбий сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда ривожланиб бораётганини таъкидлади. У Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида диний-маърифий соҳада кечаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Таълим, фан, маданият йўналишларида ҳамкорлик алоқалари мунтазам ривожланиб, икки томонлама шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон Саудия Арабистони учун муҳим ҳамкор экани эътироф этилди.

Мисрдаги қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари, жумладан, Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти — ICESCO билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси дўстона муносабатлар ўрнатган.

2021 йил декабрь ойида Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида 60 дан зиёд аъзо давлат иштирокида ICESCO ижроия кенгашининг 42-сессияси ҳамда XIV бош конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда юртимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди.

Ташриф давомида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари ўринбосари Абдураҳмон Муҳаммад Дувайний жаноблари ислом цивилизацияси ривожида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий каби ўзбек алломалари ҳиссаси алоҳида эканини, Ал-Азҳарда ўқийдиган ҳар бир талаба Абу Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” асарини мутолаа қилиши, уни чуқур ўрганиши талаб этилишини билдирди.

Шунингдек, конференция давомида ICESCO Бош котиби Салим Малик ташкилотга аъзо давлатларнинг ишларини таҳлил қилар экан, энг тартибли аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонни эътироф этиб, ICESCO Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан мамнунлиги, рақамли технологиялар, космик тадқиқотлар ривожида юртимиз алломалари, хусусан, Хоразмийнинг беқиёс ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

“Бугунги рақамли технологиялар ривожида, айниқса, фазо илмлари, космик тадқиқотлар тараққиёти учун инсоният, энг аввало, Хоразмийга таъзим қилиши керак. Зеро, VIII-IX асрларда яшаган қомусий аллома Хоразмийнинг илм-фандаги кашфиётлари ва у киши қўйган мустаҳкам пойдевор бугунги кунга келиб муҳташам мажмуага айланди”, дея қайд этди Салим Малик.

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги йўлида

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий бўҳронлар туфайли мафкуралар тўқнашуви кескин тус олмоқда. Бундай вазиятда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, жорий йил давомида юртимиз бўйлаб аҳолини қадимий бой тарихимиздан бохабар қилиш, Ватанимизга муҳаббат, юртимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларда иштирок этган экспертлар юртдошларимизга ҳаётий мисоллар, турли ибратли ҳикоятлар орқали ўз фикр-мулоҳазаларини етказмоқда. Учрашувларда миллий ўзлигимиз, асрий қадриятларимизга салбий таъсир кўрсатаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги хуружлар, диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан хабардор бўлиш кераклиги таъкидланаётир.

Ислом динининг инсонпарварлик, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадлари ҳамда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган ғоявий хатарлар, глобаллашув даврида турли мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларида сўз юритилиб, ушбу жараёнда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги қайд этилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси барчамизни янада бирлаштирди

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизда жорий йил 1 мартдан эътиборан ўтказилаётган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири юртимизда яшаётган турли миллат ва диний конфессиялар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Эзгу мақсаднинг амалий қадамлари ўлароқ, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 16 конфессия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ирқи, миллати, диний эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинди.

Мамлакат бўйлаб мазкур тадбир доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш ҳамда аҳолига камида 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатини бепул тарқатиш белгиланди. Қувонарлиси, хайрли ташаббусга халқимиз чин дилдан хайрихоҳлигини кўрсатмоқда. Ушбу ташаббуснинг амалга ошишида турли дин ва миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, ягона ва аҳил оила аъзоларидек иштирок этиши муҳим.

Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий мазкур баёнот ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: “Шу юртни обод қилиш, унинг яшиллигига ҳисса қўшиш, табиатни соф ҳолда асраш, диний эътиқодидан қатъи назар, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Ушбу эзгу мақсад йўлида барчани ҳамжиҳат бўлишга ва ташаббускорликка чақирамиз. Таъкидлаш лозимки, ҳар бир самовий динда табиатга оқилона муносабат, уни асраб-авайлашга чақириқ бот-бот такрорланади. Бу даъватга “лаббай”, деб жавоб қилиш бизнинг вазифамиздир”.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, ушбу хайрли ташаббус доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ва гуллар экишни тарғиб этишга қаратилган баёноти қабул қилинди.

Бу каби хайрли ишларда ҳар биримиз камарбаста бўлиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, юртимизни покиза сақлашга муносиб ҳисса қўшишимиз зарур. Айниқса, дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, фожиалар қаршисида инсониятнинг ожиз қолаётгани, биздан талаб этиладигани неъматларга шукр қилиб, уни асраб-авайлашга туртки беради.

Сўнгги сўз ўрнида

Оммавий дидсизликка тарғиб, миллий зеҳният ўтмаслашишига етакловчи ҳаракатларга рағбатнинг гоҳ яширин, гоҳ ошкора шаклда кучайиб бориши кузатилаётган глобал маконда миллий ўзликни англаш туйғуси тобора сийқалашиб, тундлашаётгандек. Бу борада улуғ аждодларимиз фаолияти ва меросидан фахр туйишнинг ўзигина камлик қилади. Негаки, ўша илмий мероснинг қадр-қимматини англамай, улар билан шунчаки фахрланиш билан узоққа бориб бўлмайди.

Аввало, имкон қадар мазкур маънавий меросдан баҳраманд бўлишимиз керак. Бу йўлда соҳанинг билимдонлари, аҳли илм — устозларнинг билими бизга асқатади. Буюк алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганишга мўлжалланган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази каби йирик илм-фан лойиҳалари бунёд этилиши мана шу жиҳатлари билан ҳам эътиборга молик. Ушбу марказлар улуғ алломаларимиз меросини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этишда, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек улуғ мақсадлар рўёби йўлида ҳал этувчи илмий-амалий маскан сифатида бўй кўрсатади.

“Инсон қадрини улуғлаш” ҳақида сўз борар экан, бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар миллат, халқ манфаатларини таъминлашга, унинг қаддини кўтаришга хизмат қиладиган чора-тадбирлар билан ҳамоҳангликда, уйғунликда олиб борилса, мақсадга мувофиқ. Қаддини ростлаган халқ она Ватани қадрини юксакларга кўтара олади. Пировардида, ҳар бир юртдошимиз қадр топади, халқни рози қилишдек улуғвор мақсад амалга ошади.

Содиқ ТОШБОЕВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 1 апрель, 65(587)-сон

Тошкент шаҳридаги 102-заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатида юртимиздаги шундай ижтимоий муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган оятни ёдга олди.

Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, элимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтгани бунинг ёрқин мисоли бўлди.

Инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш – давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши. Бу борада жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда.

Ўтган йили 25 мартда қабул қилинган Президент фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват уйлари”, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.

“Саховат”, Мурувват” уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди.

Ушбу интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ёлғиз фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари, 1 минг 100 нафар шахс пультли аравачалар билан таъминланди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари ўз ҳудудидаги тиббий-ижтимоий муассасаларга бориб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўргани, муаммоларни ўргангани ҳақида ахборот берди.

Жумладан, 12 та “Саховат” ва “Мурувват” уйида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, 6 та “Меҳрибонлик уйи”, имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 11 та мактаб-интернат таъмирга муҳтож.

Президент мутасаддиларга барча тиббий-ижтимоий муассасалар аҳволини яна бир бор чуқур ўрганиб, зарур қурилиш ва таъмирлаш ишларини қамраб олган ҳолда 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлашни вазифа қилиб қўйди.

Бундай муассасалардаги кексалар, ногиронлиги бўлган болалар ва шахсларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни манзилли даволаниш ва дам олишга йўналтириш бўйича топшириқ берилди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум кўплаб болалар оилаларга қайтаётгани, 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани сабабли ёпилгани қайд этилди.

 

– Болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофини кўрсатиб турибди. Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка бериш чораларини кўриш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тиббий-ижтимоий муассасалар директорлари сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда маҳаллаларни озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш вазифалари ҳам белгиланди.

Суббота, 09 Апрель 2022 00:00

Бидъат нима? (2-қисм)

...Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.


Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:


“مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ” (رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ).
яъни: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).


Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди” (“Фатҳул борий шарҳи саҳиҳил Бухорий” китоби).


Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олмларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:
ومعنى الحديث : أن من أحدث في الإسلام رأياً لم يكن له من الكتاب والسنة سند ظاهر أو خفي ، ملفوظ أو مستنبط ، فهو مردود عليه
яъни: “…Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир” (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).


Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.


Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.

Авазбек Тўраев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорликда халқимиз учун эзгулик ва мурувват, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланган ушбу муборак ойда “Рамазон туҳфаси” рукни остида uza.uz сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали видеолавҳалар бериб борилмоқда.

Унда қутлуғ рамазоннинг ўзига хос фазилатлари ва рўза тутишнинг тартиблари ҳақида фикр юритилади.

Мухлислардан келган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров жавоб беради.

Саҳарлик ва ифторлик вақтларида риоя қилишимиз лозим бўлган жиҳатлар: https://www.youtube.com/watch?v=Vamz7_m6ykI 

Рўзани қасддан бузиш ёки мажбуран рўзани очишнинг ҳукмлари қандай бўлади? https://www.youtube.com/watch?v=WigqnyiQJ00 

Саҳарлик ва ифторлик учун махсус буюрилган таомлар борми? https://www.youtube.com/watch?v=rmbX59vaekw  

Кимлар рўза тутмасликлари мумкин? https://www.youtube.com/watch?v=F84s435hHTs 

Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани халқимизга хайрли ва манфаатли қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бақара – Мадинада нозил қилинган энг аввалги сурадир. Суранинг бошидаги тўрт оят мўминлар ҳақида, ундан кейинги икки оят кофирлар ҳақида ва улардан кейинги ўн уч оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Бақара сураси Қуръони каримдаги энг узун сурадир. Энг узун оят ҳам айнан мазкур сурада бўлиб, у қарз ҳақидаги 282-оятдир. Бу оят тўлиқ бир бетни ташкил этади. Бақара сурасини доим ўқиб юрган кишиларга Аллоҳнинг изни билан сеҳру жоду таъсир қилмайди.

Бақара сураси ўқилган уйдан шайтон қочади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Шайтон Бақара (сураси) ўқиладиган уйдан қочади", дедилар (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким кечаси Бақара сурасидан ўн оят ўқиса, шайтон ўша кечада унинг уйига кирмайди" (Имом Доримий, Имом Байҳақий ривояти).

 

Шайтон Бақара сураси ўқилган ерга кира олмаслигини ўзи тан олиб айтган. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Бир куни кимдир келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, "Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мен муҳтож одамман, бола-чақам бор. Ниҳоятда муҳтожман", деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. "Ё Аллоҳнинг Расули, жуда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ҳали яна келади" деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. У келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни яна тутиб олдим. "Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман", деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, ниҳоятда муҳтожлиги, бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, яна раҳмим келиб, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади", дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, яна егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. "Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга албатта олиб чиқаман. Бу охиргиси. Сен қайтиб келмайман деб, учинчи марта қайтиб келяпсан", дедим. У: "Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман", деди. "Нима у?" дедим. У: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Бу кеча асиринг нима қилди?" дедилар. Мен: "Ё Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман деган эди, қўйиб юбордим", дедим. У зот: "Улар нима экан?" дедилар. "У менга: "Тўшакка ётганингда Оятул-Курсийни – "Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-Ҳайюл-Қойюм"ни оятнинг охиригача ўқигин. Шундай қилсанг, Аллоҳнинг даргоҳидан бир қўриқчи тонг отгунча тепангда туради ва шайтон сенга ҳаргиз яқинлаша олмайди", деди", дедим.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?" дедилар. "Йўқ", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "У шайтон эди", дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бақара сураси ўқилган ерга фаришталар тушадилар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу тунда "Бақара" сурасини ўқиётган эди. Бир пайт ёнгинасида боғланган от ҳурка бошлади. У қироатдан тўхтади. От ҳам тинчланди. Яна ўқий бошласа, от ҳам безовталанар эди. Қироатни тўхтатса, яна жим бўларди. Ўша вақтда ўғиллари Яҳё от ёнида эди. От босиб олмасин деб, қироатни тўхтатиб унинг олдига бордилар. Ўғилларини отдан узоқроққа қўйгач, осмонга қарасалар, унда соябонларга ўхшаш, остида нур таратиб турган нарсалар бор экан. Тонг отгач, бўлган воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердилар. У зот алайҳиссалом: “Ҳузайрнинг ўғли, қироатингни давом эттиравермадингми?” дедилар.

Усайд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Боламни от босиб қолишидан қўрқдим. У отнинг яқинида эди. Отдан узоқроққа қўйиб осмонга қарасам, у ерда соябонга ўхшаш, ичида чироғи бор нарсалар турган экан. Уйимдан чиқиб қарасам, йўқ бўлиб қолибди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар нималигини биласанми?” деб сўрадилар. Усайд розияллоҳу анҳу: “Йўқ”, деди. Расулуллоҳ: “Улар овозингни эшитиш учун пастга тушган фаришталар эди. Агар тонггача ўқиганингда, одамлар ҳам уларни кўрган бўларди. Фаришталар ҳам улардан қочмас эди”, деб айтдилар».

 

Бақара сураси Қиёмат куни шафоатчи бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръонни ўқинглар. Чунки у қиёмат куни ўз аҳли учун шафоатчи бўлади. Икки ёритувчи нур – Бақара ва Оли Имрон сураларини ўқинглар. Зеро, бу иккиси қиёмат куни икки булут ёки бир гуруҳ саф-саф қушлар шаклида келиб, ўз соҳибларининг ҳожатини раво қилади. Бақара сурасини ўқинглар. Уни ўқиш барака, тарк этиш эса ҳасратдир", деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Бақара сураси охиридаги икки оятни бир кечада ўқиса, кифоя қилади", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда келган “Кифоя қилади”дан қуйидаги маънолар келиб чиқади:

  1. Барча ёмонликлардан сақланишга кифоя қилади.
  2. Шайтоннинг ёмонлигидан сақланишга кифоя қилади.
  3. Савоб олишга кифоя қилади.
  4. Кечасини Қуръон қироати ила бедор ўтказишдан кифоя қилади.
  5. Инсу жиннинг ёмонлигидан кифоя қилади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуръон оятларининг саййиди Оятул курсийдир", деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

 

Зубайд Абдураҳмон ибн Асваддан ривоят қилади: "Ким Бақара сурасини ўқиса, бунинг эвазига унга жаннатда тож кийдирилади" (Имом Доримий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар

Top