www.muslimuz

www.muslimuz

Вторник, 17 Декабрь 2019 00:00

Нурул изоҳ: НАМОЗ КИТОБИ: АЗОН

НАМОЗ КИТОБИ: АЗОН

 

НАМОЗ КИТОБИ

*** Вожиб бўлишининг шартлари ***

Кишига намоз ўқиш фарз бўлишининг учта шарти бор: Ислом, балоғат, ақл. Лекин етти ёшга тўлган болалар на­моз ўқишга буюрилади. Ўн ёшга тўлганида ҳам намоз ўқимаса, ўргатиш мақсадида фақатгина кўл билан урилади, таёқ билан урилмайди.

Изоҳ: Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарзандларингиз етти ёшга тўлгач, намоз ўқишга буюринглар, ўн ёшга кирганида ҳам намоз ўқимасалар (енгил) уринглар ва ётоқларини ажратинглар», деб марҳамат қилганлар.

 

*** Вожиб бўлишининг сабаби ***

Вожиб бўлиш сабаби намоз вақтларининг киришидир. Намознинг аввалги вақти кириши билан бутун вақтнинг бир қисмида уни адо этиш вожибдир.

Изоҳ: Намоз луғатда дуо деган маънони англатади. Шариатда эса бошланиши ифтитоҳ такбири, охири салом бўлган махсус ҳаракат ва лафзлардан иборат ибодатдир. Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳижратларидан бир ярим йил аввал, Мерож кечасида фарз қилинган.

 

*** Намоз вақтлари ***

Бир кеча-кундузда фарз намозларнинг беш вақти бор:

  1. Бомдод намозининг вақти субҳи содиқдан бошлаб, қуёш чиққунигачадир. Шарқдан ёйила бошлаган оппоқ ёруғлик бомдод намозининг вақти кирганини билдиради.
  2. Пешин намозининг вақти қуёшнинг заволидан ҳар бир нарсанинг сояси ўзидан икки марта узун бўлгуничадир.
  3. Аср намозининг вақти нарсаларнинг сояси ўзидан икки марта узун бўлган вақтдан бошлаб, қуёш ботгунигача давом этади.
  4. Шом намозининг вақти қуёш ботганидан сўнг бошланиб, қизил шафақ йўқолгунича давом этади.
  5. Хуфтон ва витр намозларининг вақти қизил шафақ йўқолган пайтдан бошланиб, субҳи содиқ киргунигача давном этади. Витр намози ҳеч качон хуфтон намозидан аввал ўқилмайди.

 

*** Икки фарз намознинг бирга (жамъ) ўқилиши ***

Икки фарз намозни бир вақтда ўқиш (яъни, жамъ қилиш) узр туфайли бўлса ҳам, жоиз эмас. Фақат Арафотда иҳромда бўлиш ва ҳожилар раҳбари ёки унинг вакилига иқтидо қилиш шарти билан пешин, аср намозлари пешин вақти ичида, Муздалифада эса шом ва хуфтон намозлари хуфтон вақти ичида жамъ қилиб ўқилади, Муздалифага кетаётиб, йўлда шом намозини ўқиш жоиз эмас.

 

*** Мустаҳаб бўлган намоз вақтлари ***

  1. Эркаклар учун бомдод намозини сўнгги вақтигача кечиктириб ўқиш.
  2. Пешин намозини ёз пайтида жазирама иссиқ йўқолгунигача кечиктириш, қиш пайтида эса тезроқ ўқиш, фақат ҳаво булутли бўлганида бироз кечиктириш.
  3. Аср намозини, қуёшга қаралса, кўз қамашмайдиган пайтдан бироз аввалги вақтгача кечиктириш, лекин ҳаво булутли кунларда тезроқ ўқиш.
  4. Шом намозини ҳаво очиқ кунларда тезроқ (вақг аввалида), ҳаво булутли кунларда бироз кечиктириб ўқиш.
  5. Хуфтон намозини туннинг учдан бир қисми ўтгунигача кечиктириш, ҳаво булут кунлари тезроқ ўкиш. Уйғонишига ишонганларнинг витр намозини туннинг сўнгги вақтигача кечиктириб ўқиши. Бу ҳукмлар соати бўлмаганлар учундир.

 

*** Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар ***

Қуйидаги уч вақтда на фарз ва на бу вақтлар кирмасидан аввал зиммага вожиб бўлган намозларни ўқиш жоиз эмас.

  1. Қуёш чиқишидан бошлаб, кўтарилгунигача бўлган вақтда.
  2. Қуёш тик кўтарилиб (қиёмга келиб), ғарб сари майл қилгунигача бўлган вақтда.
  3. Қуёш сарғайган пайтдан бошлаб, ботишигача бўлган вақтда.

Фақат қуёш ботаётган пайтда ўқилаётган аср намозини тамомлаш, шу вақтда ўқилган оятларнинг тиловат саждасини қилиш ҳамда ҳозир бўлган майитнинг жаноза намо­зини ўқиш кароҳат билан жоиздир.

 

*** Нафл ва суннат намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлар ***

  1. Иккинчи фажр (фажри содиқ) киргач (бомдод намозининг суннатидан ташқари).
  2. Бомдод намозининг фарзидан сўнг.
  3. Аср намозининг фарзидан сўнг.
  4. Шом намозининг фарзидан аввал.
  5. Жума куни имом хутба ўқишга чиқишидан бошлаб, жума намози ўқиб бўлингунигача.
  6. Бомдод намозининг суннатидан ташқари, қайси намоз бўлмасин, муаззин такбир айтаётганида.
  7. (Хоҳ уйда, хоҳ масжидда бўлсин) ҳайит намозидан аввал, ҳайит намозидан сўнг (фақат масжидда).
  8. Арафот ва Муздалифада жамъ қилиб ўқилган икки намоз орасида.
  9. Фарз намозининг вақти жуда кам қолганида (чунки нафл ўқиладиган бўлса, фарз қазо бўлиб қолиши мумкин).
  10. Кичик ёки катта ҳожат танг қилиб турганида.
  11. Нафсга хуш келган таом дастурхонга тортилганида.
  12. Намоздан чалғитувчи нарсаларнинг ёнида нафл на­моз ўқиш.

 

*** Азон ва такбирнинг ҳукмлари ***

Муқимликда ва сафарда бўлсин, хоҳ ёлғиз, хоҳ жамоат бўлиб фарз намозларини ўз вақтида ёки қазосини ўқиш олдидан эркакларнинг азон ва такбир айтишлари суннати муаккададир. Аёлларга эса макруҳдир.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва самом, би­лан саҳобалар бир куни мусулмонларга намоз вақти кирганини билдириш учун бирор усул ё восита топиш ҳусусида суҳбатлашиб, энг мақул усулни излашга киришадилар. Барча ўз фикрини айта бошлайди. Кимдир занг (қўнғироқ) чалинсин, деди. Пайғамбаримиз «бу насронийлар одатидир», деб рад қилдилар. Кимдир «карнай (қувур) чалайлик» деди. «Бу яҳудийлар одатидир», дедилар Аллоҳ Расули. Баъзи саҳобалар ноғора чалишни таклиф қилдилар, Пайғамбаримиз: «Бу Бизанс (шар-қий Рум) одатидир», дедилар. Баъзилар олов ёқайлик деди. Пайғамбаримиз: «Бу мажусийлар одати», деб қабул қилмадилар. Кимдир «масжид томига байроқ тикайлик, кўрганлар намоз вақти бўлганини билсин» деди. Бу фикр ҳам Пайғамбаримизга ёқмади. Аниқ бир фикрга келмасдан тарқалишди. Абдуллоҳ ибн Зайд ҳам уларнинг ораларида эди. Ўша кунни эслаб шундай дейди: «Ўша тунда шундай хаёл-тушунчалар билан уйқуга ётдим. Уйқу ва бедорлик аралаш ҳолатда чиройли кийинган бир кишини кўрдим. Девор устида кўлига занг ушлаган ҳолда менга тикилиб ўтирарди. Унга: «Қўлингдагини менга сотасанми?» дедим.

  • Нима қиласан? деди.
  • Намоз пайтида у билан мусулмонларни масжидга чақираман, дедим.

Бундан чиройлироқ усулни ўргатайми? деди ва ўрнидан туриб, бизга маълум жумлалар билан азон айтди. Бир оз ўтир-ганидан сўнг яна туриб, бизга маълум шаклда такбир айтди. Эрталаб уйғонгач, дарҳол Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳузурларига бориб, тушда кўрганларимни сўзлаб бердим. Шунда Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, «Ўша яшил либосли киши сизга ўргатган жумлаларни Билолга ўргатинг, бизга айтиб берсин. Унинг овози чиройлидир», дедилар. Бироз ўтгач Ҳазрати Умар, розийаллоҳу анҳу, келиб, вазиятдан хабар топгач: «Худди шундай тушни мен ҳам кўрдим, лекин Абдуллоҳ ибн Зайд бир оз эртароқ ҳаракат қилибди», дедилар. Бу орада бир неча саҳобалар ҳам келиб худ­ди шундай туш кўрганларини айтадилар. Бу хусусда Пайғамбаримизга ҳам алоҳида ваҳий келган эди. Бир ривоятга кўра, Ҳазрати Умар, розийаллоҳу анҳу, кўрган тушини айтиш учун, эрта тонг Пайғмбаримизнинг ҳузурларига югурадилар. У зот, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ўзларига ҳам шундай ваҳий келганини айтадилар. Демак, азон бугунги жумлалари билан араб тилида баъзи саҳобаларга туш, Пайғамбаримизга эса, ваҳий орқали ўргатилган. Шу боис азон лафзларини ўзгартириш, бошқа тилда айтиш, туш ва илҳом орқали маълум қилинган илоҳий мақсадга зид бўлади.

 

*** Азон ***

Азон аввалида тўрт, охирида икки марта такбир (Аллоҳу Акбар) дейилади. Шаҳодатлар «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ» ва «Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ» лафзларида таржиъ (яъни, жумлаларни баланд овозда айтишдан аввал ичида айтиб олиш) қилинмайди (таржиъ Шофеъий мазҳабида суннат, Имоми Аъзам мазҳабига кўра, макруҳдир).

Такбир худди азон каби айтилади. Фақат бомдод намозининг азонида «Ҳаййа алал фалаҳ» жумласидан сўнг, «Ас солату хойрум мин ан-навм» ва барча фарз намозларнинг такбирларида икки марта «Қод қоматис солаҳ» дейилади. Азон жумлалари алоҳида-алоҳида чўзиб айтилса, такбир жуфт-жуфт қилиб, тезроқ айтилади.

 

*** Арабчадан бошқа тилда азон айтиш ***

Маъноларини тўла ифода қилса ҳам, азон ва такбирни арабчадан бошқа тилларда айтиш жоиз эмас.

 

*** Муаззинга оид мустаҳаб амаллар ***

Муаззиннинг солиқ киши бўлиши.

  1. Азоннинг суннатларини ва вақтини билиш.
  2. Азонни таҳорат билан айтиш.
  3. Азонни таҳорат билан ва қиблага юзланиб айтиш (фақат мусофирнинг миниладиган ҳайвон ёки транспорт воситаси устида бўлиши бундан мустасно).
  4. Азон айтаётганида овознинг узоқроққа кетиши учун бармоқлдар билан қулоқларни беркитиб олиш.
  5. «Ҳаййа алас-солаҳ»ни айтганида юзини ўнгга ва «Ҳаййа алал-фалаҳ»ни айтганида чапга буриши ёки минорадан бошини чиқариши.
  6. Мустаҳаб бўлган вақтга риоя килиш билан бирга жамоатнинг намозга етишувини ўйлаб азон билан такбир орасида озроқ кутиб туриш.

Шунингдек, шом намозида уч қисқа оят ўқиладиган ёки уч қадам босадиган даражада кутилади.

*** Азоннинг макруҳлари ***

  1. Азон калималарини нотўғри талаффуз қилиш ёки қўшиққа ўхшатиб айтиш (талқин).
  2. Таҳоратсиз азон ва такбир айтиш.
  3. Жунуб ҳолатда азон айтиш.
  4. Балоғатга етмаган боланинг, телба, маст, аёл, фосиқ (гуноҳи кабира килиб, шариат амрларини бажармаган киши) ва ўтирган шахсларнинг азон айтишлари ҳам макрухдир. Бундай ҳолларда азонни такрор айтиш мустаҳабдир. Такбир такрор айтилмайди. Жума куни (узр билан жума намозини қазо қилганлар) пешин намози учун азон ва так­бир айтишлари макруҳдир.

 

*** Қазо намозларида азон ***

Қазо намозларини ўқиш учун азон ва такбир айтилади. Бир неча қазо намозини бир вақтда ўқтш учун дастлабкисида азон ва такбир айтилади. Қолганларида азон тарк қилинса ҳам, такбирни тарк қилиш макруҳдир.

 

*** Азон эшитилганида нима дейилади? ***

Азон айтилганида тўхтаб, уни эшитиш, азон жумлаларини такрорлаш одобдандир. Фақат «Ҳаййа алас-солаҳ» ва «Ҳаййа алал-фалаҳ»дан сўнгра (Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ) ҳамда бомдод намозида («Ас-солату хойрум мин ан-навм») жумлаларидан сўнг, «Содақта ва барорта» (тўғри айтдинг) ёки «Машааллоҳ», (Аллоҳ хоҳлаган нарса бўлади) дейди. Азон тамомлангач, муаззин ва эшитган кишилар қуйидаги васила дуосини ўқийдилар:

Аллоҳумма робба ҳазиҳид-даъватит-таммаҳ. Вас-солатил қоимаҳ, ати Муҳаммаданил васийлата вал фазийлаҳ. Вабъасҳу мақомам маҳмуданиллазий ваъадтаҳ. Варзуқна шафаъатаҳу йавмал кийамаҳ. Иннака ла тухлифул миъад!

Маъноси: «Эй ушбу комил даъват (азон) ва намознинг ҳақиқий эгаси бўлган Аллоҳим! Муҳаммадга, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шафоатчилик салоҳиятини ва олий мартабани бергин. Ва у зотни Ўзинг ваъда қилган Маҳмуд жаннатдаги энг гўзал мақомга эриштиргин!

 

*** Намознинг шартлари ***

Намознинг дуруст бўлиши учун қуйидаги шартлар лозимдир:

  1. Ҳадас (таҳоратсизлик, жунуб, ҳайз ва нифос)дан покланиш.
  2. Вужуд, либос ва намоз ўқиладиган жойнинг намоз дурутлигига монеъ бўлувчи нажосатлардан пок бўлиши, оёқ, кўл, тизза ва пешона қўйиладиган жойларнинг тоза бўлиши ҳам шарт.
  3. Аврат жойларнинг тўсилган бўлиши. Ёқа ёки этакдан (аврат жойлари) кўриниб қолишининг зарари йўқ.

Изоҳ: Бошқа бир нарса билан алоқаси, боғланиши бўлган нарса ўша бошқа нарсанинг ичида бўлса, рукн деб аталади. Масалан, намозда руку килиш каби. Агар у ўша бошқа нарсага ҳеч бир таъсир кўрсатмай, фақат унга олиб борувчи бўлса, сабаб деб номланади. Масалан, намознинг фарз бўлиши учун вақтнинг кириши каби. Агар унга олиб борувчи нарса, ўша бош­қа нарсага таянган бўлса, у шарт деб аталади. Масалан, намозга таҳорат қилиш каби. Агар унга таянмаган бўлса, аломат дейилади. Масалан, намозга азон айтиш каби. Демак, шарт нарсанинг ташқарисида бўлиб, ўша нарсанинг мавжудияти унга таянган сабабдир. Рукн эса, ҳар қандай бир нарсанинг ичида бўлиб, ўша нарсанинг мавжудияти унга таянган сабабдир.

  1. Қиблага юзланиш. Маккада Каъбани кўриб турганлар учун Каъбанинг ўзига, кўра олмаганлар учун Каъба томонга юзланиш фарздир.
  2. Намоз вақтининг кириши.
  3. Вақт кирганига қаноат ҳосил қилиш.
  4. Ният қилмоқ.
  5. Ниятдан сўнг дарҳол такбири таҳрима қилиш.
  6. Такбири таҳримани тик турган ҳолда рукуга эгилмасдан аввал қилиш.
  7. Ниятни ифтитоҳ такбиридан олдин қилиш.
  8. Ифтитоҳ такбирини ўзи эшитадиган даражада баландроқ айтиш.
  9. Иқтидо қилган кишининг (намозга ният қилиш билан бирга) имомга иқтидо қилишга ҳам ният қилиши.
  10. Қайси вақтнинг фарз ёки вожиб намози ўқилишини ният қилиш.
  11. Нафл намозлардан бошқа (фарз ва вожиб) намозларни тик турган ҳолда ўқиш.
  12. Фарз намозларининг икки ракатида, витр ва нафл намозларининг барча ракатларида, Қуръондан бир оят бўлса ҳам қироат қилиш.
  13. Жамоат қироат қилмайди. Имом жаҳран ўқиганида эшитади, махфий ўқиганида эса жим туради. Иқтидо қилган кишининг қироат қилиши таҳриман макруҳдир.
  14. Руку қилиш.
  15. Пешона ботиб кетмайдиган жойга сажда қилиш. Пах­та, сомон, гуруч, тариқ ва шунга ўхшаш нарсалар устига сажда қилиш дуруст эмас. Чунки бунда пешона барқарор бўлмайди. Агар бу нарсалар махсус қопга жойланган бўлса ҳам, сажда қилаётганида пешона билан буруннинг каттиқ жойини ерга теккизиш вожибдир. Фақат буруннинг ўзини ерга қўйиш, пешонада бирор узр бўлмаса, жоиз эмас.
  16. Сажда қилинадиган жойнинг оёқлар турган жойдан ярим зироъдан (тақрибан 25 см) баланд бўлмаслиги. Ярим зироъдан баланд жойга сажда қилиш жоиз эмас. Фақат жой торлиги туфайли айни намозни ўқиётган бошқа кишининг елкасига сажда қилиш мумкин.
  17. Саждада икки қўл кафтини, икки тиззани, икки оёқ бармоқлари учини ерга қўйиш, оёқларнинг (ёки оёқ бармоқларининг) устини ерга теккизиш жоиз эмас.
  18. Рукуни саждадан аввал қилиш.
  19. Биринчи саждадан сўнг бошни кўтариб, ўтиришга яқин ҳолда оз фурсат туриш.
  20. Иккинчи саждани адо этиш (иккинчи сажда ҳам биринчи сажда каби фарздир).
  21. Намоз сўнгида «Аттаҳиййату» (ташаҳҳуд) ўқиш миқдорича ўтириш.

Изоҳ: Бу ҳукм Ибн Масъуд, розийаллоҳу анҳу, Пайғамбаримиздан, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ривоят қилган ҳадиси шарифдан чиқарилган, яъни, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ибн Масъудга, розийаллоҳу анҳу, «Аттаҳиййату»-ни ўргатгач, «буни ўтириб ўқиганингиздан сўнг, намозингизни тамомлаган бўласиз», деб намозни тамомлаш ташаҳҳуд ўқишга ёки шунча миқдор ўтиришга боғлиқ эканини баён қиладилар.

  1. Намознинг барча арконларини ухламай адо қилиш.
  2. Намознинг суннат ва фарзларини бир-биридан ажрата билиш, унинг шакл ва ҳаракатларини билиш. Фарз намозининг фарз эканига ишониш, токи фарз намозни нафл сифатида ўқимасин.

 

*** Намознинг рукнлари ***

Юқорида баён қилинган шартлардан қуйидагилари на­мознинг рукнлари ҳисобланади:

  1. Қиём (тик турмоқ).
  2. Қироат
  3. Руку
  4. Сажда.

Изоҳ: Намоз ибодатаарнинг энг фазилатлиси бўлса, саж­да намознинг энг муҳим рукнидир. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва самам, сажда ҳақида шундай дейдилар: «Банданинг Парвардигорига энг яқин бўлган пайти сажда ҳолатидир. Сажда қилган ҳолда Аллоҳга кўп-кўп дуо қилинглар». Сажда ҳолида инсоннинг манманлик ва устунлик даъволарини ташлаб, камтаринлик рамзи бўлган тупроққа тенг жойлашуви Аллоҳ ҳузурида эътиборлидир. Ибодатларнинг энг муҳими бўлган, намоз, инсоннинг нафс ва шайтон васваса қилаётган манманлик ва кибр-ҳаво туйғуларидан қутулиб, буюк Парвардигори ҳузурида ўзининг ожиз ва заиф банда эканини тан олишидир. Намоз мўминнинг мерожидир ва унинг энг фазилатлиси хушуъ-хузуъ, ичида тавозеъ билон адо қилинганидир.

  1. Охирги қаъдада камида ташаҳҳуд ўқиш миқдорича
    ўтириш.

Изоҳ: Намоз шартларининг бир қисми (таҳорат қилиш, аврат жойларини ёпиш, қиблага юзланиш, вақтнинг кириши, ният, ифтитоҳ такбири каби) намозни бошлашнинг дурустлиги шартлари, қолганлари эса намозни давом эттириш дурустлигининг шартларидир.

Қавилмаган кийимнинг бир тарафи ҳаром бўлса, иккинчи тоза тарафини тўшаб, устида намоз ўқиш жоиздир.

Намоз ўқиётган киши салласининг икки учидан бири ифлос бўлса, уни пастга осилтириб, тоза томонини бошида қолдирса, ҳаракатланганида тоза томоннинг ифлос учи қимирламаса, (бундай салла билан ўқилган) намоз жоиз­дир. Агар бунда салланинг ифлос учи ҳам қимирласа, у билан намоз ўқиш жоиз эмас. Чунки тоза томони ҳаракатланганида салланинг ифлос учи қимирласа, у салланинг асосий қисмидан ҳисобланади. Кишининг либосида намозга монеъ бўладиган миқдорда нажосат бўлиб, уни кетказишга сув ёки бирор бошқа суюқлик топа олмаса, ўша ҳолатда намоз ўқийди. Сув топилса, намозни қайта ўқиши шарт эмас.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

НАМОЗ КИТОБИ:

Аврат жойларини ёпа олмаган кишининг намози;

Яланғоч кишиларнинг намози;

Қиблага юзланиш;

Намознинг вожиблари;

Намознинг суннатлари;

Намознинг одоблари;

Намоз ўқиш тартиби;

Қўлни кўтариш суннат бўлган ҳолатлар;

ДОВУД АЛАЙҲИССАЛОМ

Довуд алайҳиссаломнинг насаблари Яҳузо (Яҳудо) ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга боғланади. Насаб илми соҳибларининг ҳаммалари Довуд алайҳиссаломни Яҳузо ибн Яъқуб авлодидан эканларига иттифоқ қилишган.

Довуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин Бану Исроил заифлашиб, шариат йўқолиб, ширку хурофотлар кенг тарқалиб кетган, уларнинг бу ҳоллари яқин қўшнилари томонидан қулай фурсат билиниб, ерлари босиб олинган эди. Ўша пайтда Бану Исроил босқинчиларнинг чулми остида турли азобларга гирифтор бўлиб, хору зор қолда яшар эдилар. Кейин аввалги сатрларда баён қилинган қодисалар бўлиб ўтди. Ёш йигит Довуд Жолутни қатл қилди. Сўнг Аллоҳ таоло унга мазкур фазлларни берди.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илоҳий китоб ҳам берди. Бу ҳақда Нисо сурасида:

«Довудга эса Забурни бердик» (163-оят), дейди.

Тарихчилар: «Аллоҳ таолодан Забур берилган, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди», дейишади. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, зикр қилинадиган дуолар жам бўлган.

Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. У зот тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга яна бир қанча фазл­ларни ҳам берган эди. Бу ҳақда Сод сурасида сўз боради:

«Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Ал­батта, у сертавбадир» (17-оят).

Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У зот динда бақувват эдилар. Кун оралаб рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилардилар. Подшохдиклари ҳам кучли эди.

«Албатта, у сертавбадир».

Яъни ҳар бир нарсада Аллохга тавба қилувчидир. «Тавба» сўзининг луғавий маъноси ҳам «қайтиш»дир.

«Биз унга тоғларни беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Улар у билан бирга кечқурун ва эрталаб (Аллоҳни) поклаб ёд этардилар. Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У Зотга сертавбадирлар» (18-19-оятлар).

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган, тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этар эди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у зотга қўшилиб, Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этишарди.

Бунинг устига,

«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик» (20-оят).

«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик».

Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлишлари билан бирга подшоҳ ҳам эдилар. У зотнинг салтанатларини Аллоҳ тао­ло кучли қилиб қўйган, аскарлари кўп эди.

«...ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик».

Биз Довудга пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.

Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда эҳтиёткор бўлишни яна бир бор таъкидлайди:

«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (26-оят).

Инсон зоти аслида Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир экани таъкидланмоқда.

«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик». Яъни биз сени ер юзида Ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бул.

«Бас, одамлар орасида ҳақ ила хукм юрит».

Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юрит.

«Ҳавойи нафсга эргашма!»

Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.

«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин».

Ҳавойи нафсига эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адашишга олиб келган.

«Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир».

Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани Аллоҳни унутиш деганидир. Бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмлари турганда бошқа ҳукм юритилармиди?! Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирганларга шиддатли азоб бордир.

Аллоҳ таоло Ўз иноятига олган бандаларини эса худди Довуд алайҳиссалом сингари аввалдаёқ огоҳлантириб қўяди.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга берган нарсалари ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам» (дедик). Унга темирни юмшоқ қилдик» (10-оят).

Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога итоатли бандалардан бўлганлари учун оятда Аллоҳ таодонинг Ўзи у зотга бошқаларда йўқ нарсаларни бергани ҳақида хабар бермоқда.

«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик».

Пағамбарлик ато этгани, илоҳий китоб бўлмиш Забурни нозил қилгани, Тоғларни ва қушларни у зотга хизматкор қилиб қўйгани, темирни юмшатиб бергани ва бошқа нарсалар Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга ато этган мўъжизалардир. Улардан баъзиси ушбу оятда зикр қилинмоқда.

«Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам».

Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтганларида, Забурни тиловат этган пайтларида тоғу тошлар ҳам, қушу ҳайвонлар ҳам у зотга қўшилар эди. «Унга темирни юмшоқ қилдик».

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, ўшани қўллари билан ясай олар эдилар.

«...ва (унга) «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаёттанингизни кўриб турувчиман» (дедик)» (11-оят).

Яъни «Биз Довудга: «Ўзингга берилган хамирдек юмшоқ темирдан совут ясагин. Ўша совутларнинг бичимини ўлчовли қилгин», дедик. Совут Довуд алайҳиссаломгача бир бутун тўсиқ шаклида ясалар экан. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илҳом бергач, у зот совутни ҳалқалардан улаб, кийим шаклида ясайдиган бўлган эканлар. Оятдаги «бичимини ўлчовли қил» дегани «Ўша совутнинг ҳалқаларини бир-бирига мослаб, ўлчовли қил» деган маънони англатади.

Айни пайтда Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг аҳдларига хитобан «Солиҳ амаллар қилинглар», демоқда.

Яъни «Сизларга шунчалик фазлни бериб қўйдим. Бу эса сизларнинг яхши амаллар қилишингизни тақозо этади. Бу ишда нуқсонга йўл қўя кўрманглар».

«Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб ту­рувчиман».

Қилган амалингизга яраша мукофот ёки жазо берилади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ортидан ҳам мулкда, ҳам пайғамбарликда ўғиллари Сулаймон алайҳиссаломнинг қолишини ихтиёр қилди. Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг раҳбарлик ва нубувват даврлари фаровонлик, барқарорлик даври бўлиб, иброний халқлар жуда яхши яшаб ўтишга имкон топишди.

Довуд алайҳиссалом милоддан аввалги X асрда 100 ёшларида оламдан ўтдилар ва Байтул мақдисдан Рамлага борадиган йўлнинг ўнг томонидаги тоққа дафн этилдилар.

 

СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ

Сулаймон алайҳиссалом Бану Исроилга юборилган набийлардан бири бўлиб, Довуд алайҳиссаломнинг ўғилларидир. Сулаймон алайҳиссаломга ҳам, худди оталарига берилганидек, подшоҳлик билан пайғамбарлик қўшиб берилган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Намл сурасида қуйидагиларни айтади:

«Сулаймон Довудга ворис бўлди ва: «Эй одамлар, бизга қуш тили ўргатилди ва ҳар бир нарсадан берилди. Бу, албатта, очиқ-ойдин фазлдир», деди» (16-оят).

Ушбу оятдаги «ворислик» отанинг вафотидан кейин ундан қолган мол-мулкка нисбатан оддий ворислик эмас, бал­ки илмга ворисликдир.

Сулаймон алайҳиссаломга оталаридан мазкур илм мерос қилиб берилган пайтда у киши ёш эдилар. Шунга қарамай, ўзларидаги Аллоҳ таоло томонидан ато этилган иқтидор ила оталарининг мулкини оқилона идора қила бошладилар. Подшоҳ бўлганларидан сўнг тўрт йил ўтгач, оталарининг васиятларига амал қилиб, Байтул мақдисни қуришни бошладилар. Катта миқдорда маблағ сарфлаб, бу қурилишни етти йилда ниҳоясига етказдилар. Шаҳар атрофига айлантириб қўрғон қурдилар.

У зот ёш бўлсалар ҳам, Аллоҳ таоло берган фазл ва ҳикмат ила оталарининг тириклик чоғидаёқ кўзга кўриниб қолган эдилар.

Бир куни ўз даврининг пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқарилишини сўраб келишди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар сурувининг эгаси эди.

Довуд алайҳиссалом қўйларнинг кечаси тарқалиб, экинзорни пайхон қилгани, еб битиргани ҳақидаги икки томоннинг гапини эшитиб бўлгач, қўйларнинг экинзор эгасига берилиши кераклиги ҳақида ҳукм чиқардилар.

Пайхон қилиниб, йўқ бўлган экинзор ўрнига уни пайхон қилган қўйларни олиб бериш бир қарашда айни адолат эди. Ушбу ҳукм чиқарилгач, қўйларнинг эгаси уйига қайтаётиб, йўлда Сулаймон алайҳиссаломни учратиб қолди ва бўлган воқеани у зотга айтиб берди.

Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб: «Эй Аллоҳнинг набийси, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», деди­лар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди?» деб сўрадилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйларни экинзорнинг эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса қўйларнинг эгасига беринг, уни тузатиб, асл ҳолига келтирсин. Сўнг ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келганидан сўнг қайтариб олади. Қўйларнинг эгаси ҳам ана ўшанда қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга бергани каби Су­лаймон алайҳиссаломга ҳам кўпгина фазлларни берди. Бу фазллар Сулаймон алайҳиссалом учун мўъжизалар эди. Ўша фазлларнинг баъзилари ҳақида Сод сурасида шундай марҳамат қилинган:

«Унга шамолни беминнат хизматкор қилиб қўйдик, унинг амри билан у ирода қилган томонга майин эсаверади. Яна барча бинокор ва ғаввос шайтонларни ҳам. Бошқаларини ҳам кишанланган ҳолда тўплаб (бўйсундирдик)» (36-38-оятлар).

Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазллар ҳақида Сабаъ сурасида қуйидагилар айтилади:

«...ва Сулаймонга шамолни (бердик). Унинг (шамолнинг) эрталаб кетиши бир ойлик, кечқурун қайтиши бир ойлик йўл эди. Унга мис булоғини оқизиб қўйдик на жинлардан Роббининг изни ила унинг ҳузурида ишлайдиганлари бор эди. Улардан ким амримиздан чиқса, унга қаттиқ олов азобини тоттирамиз» (12-оят).

Яъни Сулаймон алайҳиссаломга берилган ўша шамол эрталабдан тушгача бир ойлик йўлни, тушдан кечқурунгача яна бир ойлик йўлни босиб ўтар, бир кунда икки ойлик йўлни юриб қўяр эди.

«Улар (жинлар) унга меҳроблар, ҳайкаллар, ҳовузлар каби лаганлар ва собит қозонлардан хоҳлаганини қилиб беришар эди. Эй Оли Довуд, шукр килинглар! Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир» (13-оят).

Ҳа, бу нарсалар Аллоҳ таоло томонидан Сулаймон алай­ҳиссаломга берилган фазлдир.

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам, қушлардан ҳам лашкар берди. Албатта, у зотга дунёдаги ҳамма одамлар эмас, балки ўзлари яшаб турган жойдаги маълум бир кишилар аскар бўлишган. Шунингдек, жинлар ва қушлардан ҳам маълум миқдори у зот­га аскарлик қилганлар.

Ушбу оятда ана шу аскарларнинг Сулаймон алайҳиссалом ҳузурларида саф тортиб, тизилиб турганлари васф қилинмокда. Демак, улар муҳим бир сафар олдидан шу тарзда тизилиб, йўлга тушганлар.

Сулаймон алайҳиссаломга берилган фазллар ҳақида Намл сурасида ҳам сўз юритилгани юқорида айтилди. Ушбу сурада у зот билан бўлиб ўтган қуйидаги ҳодисаларнинг баёни келган. Сулаймон алайҳиссалом ўзларининг жин, инсон ва қушлардан иборат аскарлари билан юриб бораётган эдилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Су­лаймон ва унинг аскарлари билмасдан сизларни эзиб юбормасин», деди» (18-оят).

Одатда тўп-тўп аскарлар саф бўлиб ўтганларида унча-бунча нарсага эътибор бермай, дуч келган нарсани оёқости қилиб кетаверадилар.

«Улар чумолилар водийсига келганларида...»

Яъни чумолилар яшайдиган жойга етганларида...

Ўша чумоли, эҳтимол, чумолилар водийсининг хавф-хатардан огоҳлантирувчи масъули бўлгандир. Шу сабабли у уларга инларига кириб туришни маслаҳат берди. Унинг бу гапларини Сулаймон алайҳиссалом ҳам эшитдилар ва

«...унинг сўзидан табассум қилди ва: «Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимни насиб қилгин ва раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин», деди» (19-оят).

Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар. Дарҳақиқат, кичик бир жонзотнинг шунчалик зийрак ва ҳушёр бўлиши, бошқаларининг бу бошлиққа итоат қилиши ажойиб ҳолат эди. Шу билан бирга, чумолиларнинг гапларини эшитиш, тушуниш яна ҳам ажойиб ва кишини қувонтирадиган иш. Бу Аллоҳнинг неъмати эди. Шунинг учун ҳам Сулаймон алайҳиссалом дарҳол шукр келтирдилар:

«Роббим, менга ва ота-онамга берган неъматларинг­га шукр этишимни ва Сен рози бўладиган солиҳ амал­лар қилишимни насиб қилгин».

Шунингдек, Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амаллар қилишга муяссар бўлиш ҳам катта фазлдир. Унга ҳам Аллоҳга сидқидилдан шукр қила оладиганлар муяссар бўла оладилар, холос.

«...раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин».

Шундан кейин аскарлар яна саф тортишди. Сулаймон алайҳиссалом уларни бирин-кетин кўздан кечира бошладилар.

«У қушларни текширди-да, деди: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» (20-оят)

Сулаймон алайҳиссалом лашкарни текшириб келиб, қушлар бўлимига етганларида сафда Ҳудҳуд (попишак) йўқлигини пайқаб қолдилар.

«Нега мен Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки у ғойиблардан бўлдими?» дедилар.

Сўнг Сулаймон алайҳиссалом қаттиқ оҳангда дедилар:

«Ё мен уни шиддатли азоб-ла азобларман ёки сўйиб юбораман, ё у менга очиқ-ойдин ҳужжат келтиради» (21-оят).

Бу қилган иши учун Ҳудҳудга албатта шиддатли азоб бераман. Бир йўла сўйиб юборишим ҳам мумкин. Ёки бўлмаса узрини тасдиқловчи арзирли ҳужжат келтириши шарт.

«Кўп ўтмай, у келиб деди: «Мен сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим» (22-оят).

Сабаъ Арабистон яриморолининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ҳудҳуд ана ўша ердан ўта муҳим – ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ, ҳам инсу жин ва қушлардан иборат лашкарга бош бўла туриб, Сулаймон алайҳиссалом билмаган – бир хабарни келтирганини айтди. Сўнг Ҳудҳуд тўхтамай, сўзида давом этди:

«Мен бир аёлни кўриб қолдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарсадан берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон улар­га амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар» (23-24-оятлар).

Ҳудҳуд муҳим хабарни айтиб бўлди.

Сулаймон алайҳиссалом Ҳудҳудга: «Сенинг гапинг асосида дарҳол бир ҳукм чиқаришга ошиқмаймиз, келтирган хабаринг ростми ёки ёлғон эканини текшириб кўрамиз», дедилар.

Сўнг бир хат ёзиб, муҳр босиб, Ҳудҳудга бердилар. Ҳуд-ҳуд мактубни олиб йўлга чиқди. Сабаъ мамлакатига етиб келиб, саройга яқин жойга мактубни ташлаб қўйди ва ўзи четга чиқиб турди. Бу мактуб қандай қилиб маликанинг қўлига тушгани сурада айтилмаган. Гап маликанинг мактубни олиб, у ҳақда аъёнларига хабар бераётган жойидан давом этади.

Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар берди. У одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўрар эди. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини ҳам айтиб, маслаҳат сўраган эди, аъёнлар бирор фикр айтишдан ўзларини олиб қочишди.

Ана шундан кейин малика ўз қарорини айтди:

«Подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар. Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар» (34-35-оятлар).

Сабаъ маликасининг элчиси ҳадяни олиб келиб, Сулай­мон алайҳиссаломга тақдим этди. Бу иш у зотга ёқмади. Аллоҳнинг йўлига қилган даъватларини қабул қилиш ўрнига мол-дунё билан кўнгилларини олишга уринаётганларидан аччиқлари чиқди. Элчига қараб:

«Менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир...» (36-оят) дедилар.

Элчи қайтиб бориб, бўлган воқеани айтди.

Сўнг Сулаймон адайҳиссалом Сабаъ маликасининг ўз одамлари билан келаётганидан хабардор бўлдилар. Шунда у зот:

«Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга унинг тахтини келтира олади?» деди» (38-оят).

Сабаъ маликаси ўз одамлари билан йўлга чиқибди. Улар бу ёққа келишмоқда. Сизлардан қай бирингиз улар менга таслим бўлиб етиб келишларидан аввал ҳузуримга малика­нинг тахтини етказиб кела олади?

«Жинлардан бўлган ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди» (39-оят).

Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга иисбатан ҳам ишлатилади. Сулаймон алайҳиссаломнинг мазкур гапларидан кейин у зотнинг аскарларидан бўлган ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирур­ман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди». Афтидан, унинг бу гапи Сулаймон алайҳиссаломга ёқмади. Шунда:

«Китобдан илми бор зот: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач, «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр киламанми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, Роббим ғанийдир, карамлидир», деди» (40-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримада зикр қилинган «ки­тобдан илми бор зот»нинг кимлиги ҳақида кўпгина фикрларни илгари суришган. Жумладан, «У Тавротни, Исмул аъзамни биладиган шахс эди», «Исми Осаф ибн Бархиё эди», «Лавҳул маҳфуздан хабари бор эди» деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бирор нарса айтмаганларидан кейин, бошқа бирор ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор» деб айтибди, у ёғини Ўзи билади, дейишимиз тўғрироқдир.

Баъзи бир уламолар эса: «Китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари», дейишган. Агар шундай бўлганида, оятда зикр қилинар эди. Зикр қилинмабдими, демак, у бошқа шахс.

Хулласи калом, ифритдан кейин «китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломга:

«Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди».

«Мен ифритга ўхшаб, ишни чўзиб ўтирмайман».

Демак, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга қўлидан шунчалик ишлар келадиган махлуқотларни ҳам аскар қилиб қўйган экан.

Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Маликанинг тахти келтирилди.

«(Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир», деди.

Бир зумда рўй берган бу ҳодиса Сулаймон алайҳиссаломни шошириб қўймади. Ўша ғаройиб ишни амалга оширган илмли шахс ўз аскарларидан экани у зотни ғурурлантириб юбормади. Ҳузурларида Сабаъ маликасининг тахти турганини кўриб, туғёнга ҳам бормадилар. Дарҳол дилларига, тилларига «Бу Роббимнинг фазлидандир» деган фикр, сўз келди.

Сабаъ маликаси яқинлашганда, Сулаймон алайҳиссалом дедилар:

«Унинг тахтини танимайдиган қилиб қўйинг. Кўрайлик-чи, (малика) уни танирми ёки танимайдиганлардан бўлурми?» (41-оят)

Сабаъ маликаси тахтни кўриб, ўзиникига ўхшатди. Меники дейин деса, Сабаъда қолган тахт ўзидан олдин қандай қилиб бу ерда пайдо бўлади? Меники эмас дейин деса, ўзиникидан ҳеч фарқи йўқ. Шунинг учун: «Худди ўшанинг ўзи» (42-оят) деб икки томонга бурса ҳам бўлаверадиган жавоб қилди.

Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасига мўъжиза кетидан мўъжиза кўрсатишда давом этдилар. Бу сафар ажойиб саройни кўрсатиб: «Унга «Саройга кир», дейилди» (44-оят). Малика саройни кўрган чоғида унинг майдонини сув деб ўйлаб, кийими ҳўл бўлмаслиги учун этакларини кўтариб оёқларини очди. Маликанинг бу ҳолини кўрган Сулай­мон алайҳиссалом унга изоҳ бериб: «Бу биллурдан силлиқ қилиб ясалган сарой», деди» (44-оят).

Ана шунда малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ юборган пайғамбарнинг мўъжизалари эканига ишонч ҳосил қилди. Аллоҳ таолонинг қудратига тан берди.

Қуръони Каримда қиссалари келган пайғамбарлардан фақат Сулаймон алайҳиссаломнинггина вафотлари қандай бўлгани оят ила баён қилинган. Бу вафотда ҳам ҳамма учун катта ибрат борлиги учун шундай қилинган бўлса, ажаб эмас. Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида қуйидагиларни айтади:

«Биз унга ўлимни ҳукм этганимизда, асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса унинг ўлими ҳақида далолат қилмади. Йиқилганида, жинларга – агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди» (14-оят).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у зот жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса «Сулаймон кузатиб турибди» деб, қўрққанларидан машаққатли ишларида давом этаверганлар. Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссалом ерга йиқилганлар. Ўшандагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етишган, ана шундагина жинларга –

«агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди».

Ҳолбуки, баъзи одамлар ўша ожиз жинларга ибодат қилиб, уларни «Ғайбни биладилар» деб улуғламоқдалар.

Ўшанда Сулаймон алайҳиссалом эллик уч ёшда бўлган эканлар (мил. авв. 985-932 йиллар). У зот Байтул макдисга дафн этилганлар.

Сулаймон алайҳиссалом қирқ йил подшоҳлик қилиб, ер юзида Аллоҳнинг шариатини йўлга қўйдилар. У зотнинг вафотларидан кейин ўринларига ўғиллари Роҳбаъом подшоҳ бўлди. У кишидан сўнг Бану Исроил заифлашди, фасодлари янада ортди.

 

ИШАЪЁ АЛАЙҲИССАЛОМ

Ишаъё[1] алайҳиссалом милоддан аввалги VII асрда яшаб ўтган набийлардан биридирлар.

Калдонийлар Байтул мақдисга ўзларининг подшоҳлари Санҳориб бошчилигида кирмоқчи бўлишди. Аллоҳ таоло уларни мазкур Ишаъё алайҳиссаломнинг дуолари сабабли ҳалокатга учратди. Шундан сўнг Бану Исроилнинг ёмонликлари ва фасодлари яна ҳам ортди, улар ўз набийлари ва халоскорлари бўлмиш Ишаъё алайҳиссаломни қатл қилишди. Аллоҳ таоло у кишидан кейин Армиё[2] алайҳиссалом ва бошқа набийларни юборди. Бану Исроил эса ўз набийларини ёлғончига чиқариш ва жонларига қасд қилишда давом этишди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Байтул мақдиснинг хароб бўлиши;

Европа тамаддунининг бошланиши;

Бану Исроил тарихининг давоми;

Закариё алайҳиссалом;

Яҳё алайҳиссалом;

Ийсо алайҳиссалом.

 

[1] «Ишаъё» исми араб тилида яна «Ашъиё, Шаъё, Шаъиё, Шиъё, Шуъё, Шуъаё» тарзида ҳам талаффуз қилинади, русчада эса «Исайя» деб ўқилади.

[2] Русчада «Иеремия» (мил. авв. VII-VI асрлар) шаклида учрайди.

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузуридаги заиф инсон сифатида, у Зотдан ёрдам сўрайдиган, ҳидоят ва мағфират тилайдиган, нимага буюрса, бўйсунадиган, баъзан шиддатли итобларни қабул қиладиган шахс сифатида тасвирланган оятларни тиловат қилса, қалбининг тўрида виждоний файзни топади. Холиқнинг сифати билан махлуқнинг сифати, Холиқнинг Зоти билан махлуқнинг зоти ҳамда Холиқнинг услуби билан махлуқнинг услуби орасида бениҳоя фарқ борлигига қаноат ҳосил қилади.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги суратлари итоаткор қулнинг суратидир. У зот алайҳиссалом агар исён қилсалар, Роббиларининг азобига учрашдан қўрқадилар, У Зотнинг ҳудудларини лозим тутадилар, раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг Китобидан бирор ҳарфни ўзгартириб қўйишдан мутлақ ожиз эканликларини эътироф этадилар.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

﴿وَإِذَا تُتۡلَىٰ عَلَيۡهِمۡ ءَايَاتُنَا بَيِّنَٰتٖ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَرۡجُونَ لِقَآءَنَا ٱئۡتِ بِقُرۡءَانٍ غَيۡرِ هَٰذَآ أَوۡ بَدِّلۡهُۚ قُلۡ مَا يَكُونُ لِيٓ أَنۡ أُبَدِّلَهُۥ مِن تِلۡقَآيِٕ نَفۡسِيٓۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۖ إِنِّيٓ أَخَافُ إِنۡ عَصَيۡتُ رَبِّي عَذَابَ يَوۡمٍ عَظِيمٖ١٥ قُل لَّوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا تَلَوۡتُهُۥ عَلَيۡكُمۡ وَلَآ أَدۡرَىٰكُم بِهِۦۖ فَقَدۡ لَبِثۡتُ فِيكُمۡ عُمُرٗا مِّن قَبۡلِهِۦٓۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ١٦

«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен уни ўзимча алмаштира олмасман. Meн фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт, Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (15-16-оятлар).

Қуръони Каримда Холиқ ва махлуқнинг сифатлари орасини ажратиб берувчи ушбу оятлар маъносига ўхшаш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа инсонлар каби инсон эканликлари, у зотнинг вазифалари фақатгина етказиш экани, Аллоҳнинг хазиналарига эга эмасликлари, ўзларини инсон сифати ва хилқатидан ўзга фариштасифат деб гумон қилмасликлари каби маънолар очиқ-ойдин ва кўп марта такрор келган.

Аллод таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

﴿قُلۡ إِنَّمَآ أَنَا۠ بَشَرٞ مِّثۡلُكُمۡ يُوحَىٰٓ إِلَيَّ أَنَّمَآ إِلَٰهُكُمۡ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞۖ ١١٠

«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман, холос. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинур...», дегин» (110-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад, одамларга ўзингнинг уларга ўхшаган одам эканингни англат. Сен фаришта ёки бошқа бирор нарса эмассан. Ҳаммага ўхшаш оддий одамсан. Бошқалардан фарқинг шуки, сенга Роббингдан ваҳий келади. Уша қатъий илоҳий илмнинг бир парчаси бўлмиш ваҳий одамларнинг илоҳи яккаю ягона Аллоҳ эканини билдиргандир».

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّآ أَمۡلِكُ لِنَفۡسِي نَفۡعٗا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَآءَ ٱللَّهُۚ وَلَوۡ كُنتُ أَعۡلَمُ ٱلۡغَيۡبَ لَٱسۡتَكۡثَرۡتُ مِنَ ٱلۡخَيۡرِ وَمَا مَسَّنِيَ ٱلسُّوٓءُۚ

«Сен: «Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди...», деб айт» (188-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг суюкли ва охирги Пайғамбари, одам авлодининг энг улуғи бўлишлари билан бирга, оддий бир инсондирлар. Ушбу ояти каримада у зотга ушбу оддий ҳақиқатни рўй-рост айтиш амр қилинмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу эътирофлари улуғ ҳақиқатларни ошкор қилади.

Аллоҳ таоло яна Анъом сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّآ أَقُولُ لَكُمۡ عِندِي خَزَآئِنُ ٱللَّهِ وَلَآ أَعۡلَمُ ٱلۡغَيۡبَ وَلَآ أَقُولُ لَكُمۡ إِنِّي مَلَكٌۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۚ

«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт» (50-оят).

Бу ояти каримада пайғамбарлик ва Пайғамбар шахси ҳақидаги ҳақиқий тасаввур баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мушриклар томонидан турли саволларга тутилаётган, ҳар хил талабларни эшитаётган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг ким эканликларини баён қилиб беришни амр қилмоқда:

«Мендан мол-дунё, ноз-неъмат кутманг. Пайғамбар бўлганим учун Аллоҳ менга хазинасини очиб бермаган. Ким менга эргашса, уни мол-дунё ва ноз-неъматга кўмиб ташлай олмайман. Мен ғайбни ҳам билмайман. Бу менинг пайғамбарлик масъулиятимга кирмайди. Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Ким менга ғайбни билишимни шарт қилиб эргашмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, мен ўзимга эргашганларга ғайбнинг хабарини бера олмайман. Мен одамман. Пайғамбар фаришта бўлиши керак, деган фикрларингиз бўлса, бу беҳудадир. Мен одамман. Шунинг учун мендан одамга хос тасарруфлар чиқади, фариштага хос тасарруфлар чиқмайди, бу ҳақиқатни ҳам билиб қўйинглар. Менинг бошқа одамлардан фарқим – менга Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий келади. Мен ўша ваҳийга эргашаман, холос».

Аллоҳ таоло бандасига берган сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғларидан бири ақл неъмати ҳисобланади. Аммо ақлни ишлатиб, тўғри йўлга солиб турадиган нарса ваҳийдир. Чунки ақлнинг ўзи инсонга икки дунё саодатини топишига ёрдам бера олмайди. Бутун инон-ихтиёр ақлнинг ўзига ташлаб қўйилса, турли хатолар, бурилишлар, бузғунчиликлар, ҳатто ҳалокатлар келиб чиқади. Бунга ўзимиз яшаб турган бугунги воқеълик гувоҳ. Ҳозирда инсон ақли жуда ҳам ривожланган деб даъво қилинмоқда. Аммо ўша ривожланган ақл инсониятнинг ўзини кундан-кунга ҳалокат жари томон тортиб кетмоқда. Ақлнинг энг муҳим вазифаларидан бири – Аллоҳдан келган ваҳийни идрок этиш ва унга амал қилиш йўққа чиққанда шундай бўлади.

Ўтган оятларда келган «айт» иборасида латиф маъно ва мақсад бор. Бу маъно ва мақсад хитобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўналтириш ва нима демоқлари лозимлигини ўргатишдан иборат. У зот ўз ҳавои нафсларидан нутқ қилмайдилар, балки ўзларига ваҳий қилинган нарсага эргашадилар. Шунинг учун ҳам «айт» ибораси Қуръони Каримда уч юз мартадан кўп такрорланган. Бу нарса Қуръон ўқувчининг ёдидан ҳеч қачон чиқмаслиги ло­зим бўлган ҳақиқатдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийга дахллари йўқ. У зот ўз лафзларини унга аралаштирмайдилар. Дарҳақиқат, у зотга хитоб ташланади. У киши сўзловчи эмаслар, балки хитоб қаратилган кишидирлар. Эшитганларини ҳикоя қиладилар. Ўзларида пайдо бўлган бирор нарсани ваҳий деб таъбир қилмайдилар.

Ваҳийни нозил қилувчи, сўзловчи – Аллоҳ таолонинг сифати ҳамда хитоб қаратилган, ваҳийни қабул қилувчи – Расулининг сифати орасидаги фарқ баъзи оятларда янада очиқ-ойдин кўринади. Аллоҳ таоло баъзи оятларда Ўз Набийсига енгил ёки қаттиқ итоб қилса, баъзи оятларда эса унинг олдинги ва кейинги гуноҳларини кечириб, афв этганини билдиради. Қуйида ушбу фикрга айрим мисоллар келтирамиз.

Аллоҳ таолонинг афв аралаш енгил итобларидан бири У Зотнинг Расулига Табук ғазотида жиҳоддан қолувчиларга изн берганлари тўғрисида қилган хитобидир:

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

عَفَا ٱللَّهُ عَنكَ لِمَ أَذِنتَ لَهُمۡ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكَ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْ وَتَعۡلَمَ ٱلۡكَٰذِبِينَ٤٣

«Аллоҳ, сени афв қилди. Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, уларга изн бердинг?» (43-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Аллоҳ сени афв қилди», дея Ўз афвини эълон қилиб қўйиб, сўнгра сабабини айтмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар.

Аслида шошилиб, рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганлар ким экани билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам, барибир улар сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, улар­га изн бердинг?» демоқда.

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан итоб – койишдир.

Маълумки, афв қилиш фақатгина гуноҳдан кейин бўлади. Шунингдек, мағфират ҳам гуноҳдан кейин қилинади.

Ушбу фикрни Фатҳ сурасидаги оят ойдинлаштиради:

إِنَّا فَتَحۡنَا لَكَ فَتۡحٗا مُّبِينٗا١ لِّيَغۡفِرَ لَكَ ٱللَّهُ مَا تَقَدَّمَ مِن ذَنۢبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ وَيُتِمَّ نِعۡمَتَهُۥ عَلَيۡكَ وَيَهۡدِيَكَ صِرَٰطٗا مُّسۡتَقِيمٗا٢

«Албатта, Биз сенга очиқ-ойдин фатҳни бердик. Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиши, Ўз неъматини сенга батамом қилиши ва сени тўғри йўлга бошлаши учун» (1-2-оятлар).

Албатта, Набий алайҳиссаломга нисбат берилаётган гуноҳ бошқа одамларга нисбат бериладиган гуноҳга ўхшамайди. Чунки пайғамбарлар маъсум, яъни гуноҳ содир этмайдиган зотлардир. Ояти каримада келган гуноҳ тушунчасини Набий алайҳиссаломнинг баъзи ижтиҳодда икки жоиз ишдан авло бўлмаганини танлаганлари, деб тушунсак, тўғри бўлади.

Шиддатли итоб, яъни койиш Анфол сурасидаги фидя оятларида келган. Қаттиқ огоҳлантирув, пўписа даражасидаги ушбу итоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотга Бадр асирларидан фидя олишни маслаҳат берган саҳобалар жумҳурига қаратилган эди. Улар асирларни товонини тўлатиб, қўйиб юборишни, яхши маблағ йиғиб, кўпроқ қувватга эга бўлишни маслаҳат беришган эди. Ҳолбуки, улар ҳали ер юзида мустаҳкам кучга эга бўлмаган, асир тутиш улар учун хатарли эканини, асирларга шафқат кўрсатиш бошқаларнинг олдида уларни заиф кўрсатиб қўйишини билишмаган эди. Хусусан, Бадрда асирга тушганларнинг орасида мушрикларнинг пешволари ҳам бор эди. Улар янада катта куч билан қайтишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди.

Ушбу оятдаги итоб, яъни койиш сийғаси умумий бўлиб, расуллар ва набийларнинг сифатларидаги асосни сездириб туради. Бу асос – пайғамбарларнинг маъсумлиги, улар содир этган баъзи хатолар эса Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва қадарига биноан воқеъ бўлишидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр асирлари тўғрисидаги қарорни бермасларидан олдин ваҳий тушириб, қарорни ўзгартириши ҳам мумкин эди. Аммо У Зот Ўзи билган ҳикматга кўра, қарор берилиб, иш битганидан сўнг айни ўринда қандай йўл тутиш тўғрироқ бўлишини билдириб қўйди, холос. Дарҳақиқат, мазкур асирлардан баъзилари кейин Исломни қабул қилишди. Аллоҳ таоло­нинг бу ишидаги ҳикматлардан бири шу бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таоло Ўз хитобини тўғридан-тўғри Расулига қаратмади, балки ояти каримада улар қилмаган иш фидядан кўра улуғроқ иш экани, набийлардан бири бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай хато содир бўлиши тўғри эмаслиги учинчи шахс сийғасида эслатилди:

مَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَن يَكُونَ لَهُۥٓ أَسۡرَىٰ حَتَّىٰ يُثۡخِنَ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ تُرِيدُونَ عَرَضَ ٱلدُّنۡيَا وَٱللَّهُ يُرِيدُ ٱلۡأٓخِرَةَۗ وَٱللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٦٧ لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ٦٨

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши тўғри эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, олган нарсаларингиз туфайли сизга улкан азоб етар эди» (Анфол сураси, 67-68-оятлар).

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло дастлабки даврларда, то Ислом давлати мустаҳкам бўлиб, у билан ҳамма ҳисоблашадиган бўлгунича, бошқача иш тутишни – асирларга тўлов олмай, қилмишига яраша ўлдиришни ирода қилган эди. Аммо ҳали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бунга амр этмай турарди. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан маслаҳатлашиб, асирлар учун тўлов олишга қарор қилдилар. Шундан кейингина Аллоҳ таоло оятларини нозил қилиб, хатони тузатди.

Аллоҳ таоло кўпинча хато содир бўлишидан олдин мусулмонларнинг ишларига аралашиб, тўғри йўлга йўллаб турарди. Баъзи ҳолларда эса хато содир бўлганидан кейин оят нозил бўлиб, хато тузатилар эди. Бунда ҳукм янада қаттиқ таъсир қилади. Яна бошқа ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Иккинчи оятда иккита катта ҳақиқат кўриниб турибди.

Биринчиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар масаласини Аллоҳ аралашадиган даражада жиддий масала деб ҳисобламаганлар. Йўқса саҳобаларга маслаҳат қилмасдан, албатта, Аллоҳнинг амрини кутган бўлар эдилар.

Иккинчиси – Қуръонда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч қандай аралашувлари йўқ. Ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. Акс ҳолда бу ҳолат юзага келмас эди.

Аллоҳ таоло Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини аввалдан кечиб юборган эди. Шунинг учун олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга би­ноан уларнинг бу ҳолатлари ҳам кечиб юборилди.

Итобнинг яна бир кўриниши бор бўлиб, қаттиқроқ бўлгани учун, Аллоҳ таоло уни ҳам Набийсига тўғридан-тўғри йўналтирмаган. Бунда У Зот учинчи шахс сийғаси билан сўз очиб, бир кўринишни ҳикоя қилади ва воқеъликни тасвирлайди. Шу билан бирга, у орқали Муҳаммад алайҳиссаломга одоб беради. Ушбу ҳолат кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссасида содир бўлади.

Исломнинг илк даврида мусулмонлар сони секинлик билан ўсиб борди. Пайғамбар алайҳиссалом ғайрат қилиб, кўпроқ одамни даъват қилишга уриндилар. Ул зоти бобаракот алайҳиссалом Маккадаги обрўли, бой-зодагонлар ҳам Исломга кириб қолса, динга, мусулмонларга қувват бўлса яхши бўларди, деган фикрда эдилар. У зот Макка аъёнлари билан бирга ўтириб, уларни Исломга даъват қилиш билан машғул бўлар эдилар. Бир куни Қурайш қабиласининг аъёнларидан баъзиларини динга даъват қилиб турганларида, икки кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли саҳобий баланд овоз билан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг», дея бақириб келиб қолди. Набий алайҳиссаломнинг нима билан машғул эканликларини билмасдан, бу сўзларни бир неча марта такрорлади. Бу Муҳаммад алайҳиссаломга ёқмади: юзларини буриштириб, ундан юз ўгирдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, Абаса сурасидаги ушбу оятларни нозил қилди:

عَبَسَ وَتَوَلَّىٰٓ١ أَن جَآءَهُ ٱلۡأَعۡمَىٰ٢ وَمَا يُدۡرِيكَ لَعَلَّهُۥ يَزَّكَّىٰٓ٣ أَوۡ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ ٱلذِّكۡرَىٰٓ٤ أَمَّا مَنِ ٱسۡتَغۡنَىٰ٥ فَأَنتَ لَهُۥ تَصَدَّىٰ٦ وَمَا عَلَيۡكَ أَلَّا يَزَّكَّىٰ٧ وَأَمَّا مَن جَآءَكَ يَسۡعَىٰ٨ وَهُوَ يَخۡشَىٰ٩ فَأَنتَ عَنۡهُ تَلَهَّىٰ١٠ كَلَّآ إِنَّهَا تَذۡكِرَةٞ١١

«Афтини буриштирди ва юз ўгирди... ҳузурига кўзи ожиз киши келганига. Сенга не билдирар, эҳтимол, у покланар. Ёки эслатма олар, бас, эслатиш унга манфаат берар. Аммо истиғно қилганга бўлса... Сен у томонга интиласан. У покланмаса, сенга ҳеч нарса бўлмас. Аммо ҳузурингга шошилиб келган... ва қўрққандан эса... Бас, сен ундан машғул бўласан. Йўқ! Албатта улар (Қуръон оятлари) эслатмадир» (1-11-оятлар).

Бу оятларда баёни келган ҳақиқат ҳам Қуръоннинг ҳа-қиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир. Қайси пеш-во ўзига нисбатан айтилган танқиднинг асрлар бўйи ўқила-диган илоҳий Китобда собит қолишини хоҳлайди?! Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни доимо иззат-ҳурмат қилиб юрар, «Сабабидан Роббим менга итоб қилган зот, марҳа-бо!» деб қўяр эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри йўналтирилган, юқорида зикр қилинганлардан-да шиддатлироқ огоҳлантириш ва танбеҳларга ҳам бир неча мисоллар бор.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

وَلَوۡلَآ أَن ثَبَّتۡنَٰكَ لَقَدۡ كِدتَّ تَرۡكَنُ إِلَيۡهِمۡ شَيۡ‍ٔٗا قَلِيلًا٧٤ إِذٗا لَّأَذَقۡنَٰكَ ضِعۡفَ ٱلۡحَيَوٰةِ وَضِعۡفَ ٱلۡمَمَاتِ ثُمَّ لَا تَجِدُ لَكَ عَلَيۡنَا نَصِيرٗا٧٥

«Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг» (74-75-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қани энди, ҳамма одамлар мўмин-мусулмон бўла қолса» деган рағбатла ри жуда ҳам кучли эди. Баъзан кўнгилларига даъват фойдасини кўзлаб, муросаю мадора йўлларини тутиш фикри тушар эди. Шундай ҳолларда Аллоҳ таолонинг Ўзи дарҳол вазиятга аралашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлда собитқадам қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳий кўрсатмаларидан оғишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асраб тургани ҳамда шахсиятларининг аҳамияти нақадар буюклиги мана шундай ҳолларда якқол билинади.

Аллоҳ таоло томонидан бўлган бундай огоҳлантириш ва танбеҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай таъсир қиладики, унинг олдида ҳар қандай таҳдид ва қўрқитиш ҳеч нарса бўлмай қолади.

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари хусусида янада қаттиқ оҳангда хитоб қилади. Хитоб жуда ҳам оғир бўлгани ва фаразий воқеъликни тасвирлагани учун ҳам учинчи шахс сийғасида келади:

وَلَوۡ تَقَوَّلَ عَلَيۡنَا بَعۡضَ ٱلۡأَقَاوِيلِ٤٤ لَأَخَذۡنَا مِنۡهُ بِٱلۡيَمِينِ٤٥ ثُمَّ لَقَطَعۡنَا مِنۡهُ ٱلۡوَتِينَ٤٦ فَمَا مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ عَنۡهُ حَٰجِزِينَ٤٧

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса, албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз. Бас, сизлардан хеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас» (44-47-оятлар).

Яъни «Агар мушриклар даъво қилаётганидек, Муҳаммад Бизнинг номимиздан баъзи сўзларни тўқиб чиқарса ёки оятларимиз орасига бирор сўзни қўшиб юборса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-омон, мўъжизаларга эга, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамларнинг ёмонликларидан қўрилган ҳолда юрмайди. Агар шундай бўлса, Биз тамоман бошқача иш ту­тамиз. Биз ундан Ўз қувват ва қудратимиз билан интиқом оламиз. Уни аянчли ҳолда ҳалок қиламиз». Бу оятлар Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

Имом Замахшарий ушбу оятлар тафсирида қуйидагиларни айтганлар:

«Оятнинг маъноси шундай: «Агар у Биз айтмаган нар­сани даъво қилса, уни «сабр» ўлими билан ўлдирамиз». Подшоҳлар ўзларига ёлғон ишлатганларни ғазаб ва интиқом билан шундай ўлдиришар эди. Сабр ўлимининг сурати ниҳоят даражада қўрқинчлидир. Унда икки қўлдан ушлаб, бўйинга урилади».

Ушбу қўрқитувчи, огоҳлантирувчи ва итоб қилувчи, яъни койиб, одоб берувчи оятларни ўрганиш мобайнида бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қудрат ва қаҳр Эгаси, қувват ва улуғворлик Соҳиби бўлган Робблари ҳузурида заиф яратилмиш банда эканликлари яққол намоён бўлади. Буюрувчи Аллоҳ Зоти билан буюрилмиш Пайғамбар зоти орасидаги фарқ тўла англашилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига мукаммал сингдиришлари ила нозил бўлган ваҳий билан ўзларининг хос ҳадислари орасини ҳам очиқ-ойдин ажратиб қўядилар. Гарчи ҳадислари ҳам Аллоҳ таолонинг берган илҳоми, ваҳийси орқали содир бўлган бўлса-да, уларни ҳаргиз Роббоний каломга аралаштириб юбориш имконияти йўқлигини, қалбларидан кечган айрим ўй-фикрлар ёлғиз инсоний сифат эканини ҳам кўрамиз. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишининг дастлабки даврларида Қуръондан бошқа нарсани ёзишдан қайтардилар. Бу билан Қуръоннинг Роббоний сифатини муҳофаза қилиш, ушбу муқаддас сифатга бошқа нарсалар аралашиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинган эди. Қачон Қуръондан оят нозил бўлса, ўша заҳоти котибларни чақириб, нозил бўлган ваҳий калималарини ёздириб қўяр эдилар.

Эҳтимол, юқорида келтирилган далиллар баъзи тадқиқотчиларнинг назарида зикр қиларли даражадаги нарса бўлиб кўринмас. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни эслаб қолиш учун қилган ҳаракатларидан очиқ-ойдин қайтариш, у зотнинг ихтиёрларига ва иродаларига қарши буйруқ бўлишининг ўзи ваҳий ҳолати Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларидан мутлақо ташқари эканини эътироф қилишга ҳар қандай ақлни мажбур қилади. Ваҳий ҳолати нафсий кечинмалардан, ички омиллардан батамом бегонадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ёдлашда ҳаттоки ваҳийни эслаб қолиш қобилиятларини ишлатиш ҳаққига ҳам эга эмас эдилар. Балки Аллоҳнинг Ўзи у зотга ёдлатиб қўйиш кафолатини берди. Шу ўринда ёд олиш сабаблари қонуни ҳам бекор бўлиб, Аллоҳнинг иродаси қаршисида уларнинг таъсири бутунлай ўчиб кетди. Ёдлаш учун қилинадиган инсоний ҳаракатларнинг ҳеч бирига эҳтиёж қолмади. Ҳатто уларни ишлатишга ҳам рухсат бўлмади. Бу тўғрида Қиёмат сурасининг оятларини юқорида ўргандик.

Шундай экан, қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг буюрилмиш шахслари билан буюрувчи Аллоҳ таолонинг Зоти орасидаги улкан фарқни сезмасликлари мумкин?! Бирор илоҳий сўзни инсоний сўз билан аралаштиришлари мумкинми?! Йўқ, албатта, У зот ваҳий борасида ўзларича бирор нарсага эга эмасликларини кўриб турар эдилар.

Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари тавқифий, яъни ваҳий асосидаги ҳадислар бўлиб, уларнинг мазмуни ваҳийдан ҳисобланса ҳам, у зот котиб» ларни фақат оятларнигина ёзишга буюрар эдилар. Ҳолбуки, ҳадислар оятларга боғлиқ бўлиб, уларни тафсир қилади. Ҳадисларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз иборалари, услублари билан тузиб, ўз лафзлари билан баён қилганлар. Шунинг учун ҳам на у зотнинг, на бошқа бирор кишининг услуби мўъжизавий Қуръон услубига аралашиб кета олмайди.

Ҳатто уламолар ҳадиси қудсийларнинг маънолари Аллоҳдан эканини эътироф қилиб, кўпчиликлари улар­ни Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган, десаларда, улар ҳам Қуръондан алоҳида ажралиб туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг Аллоҳнинг Китобига аралашиб кетмаслигига қаттиқ эътибор қилганлар ва ҳадиси қудсийлар Қуръон эмаслигини эшитувчига набавий иборалар орқали сездириб турганлар. Аллоҳдан нозил бўлган маънони инсоний услуб билан ифода қилганлар.

Муҳаммад алайҳиссалом фасоҳат ва балоғатда инсоният тарихидаги энг етук шахс бўлсалар-да, у кишидан содир бўлган гапларнинг бирортаси Қуръони Карим услу­бига яқин ҳам келмайди. У зотнинг услублари қаёқда-ю, Қуръонни нозил қилган қудрат эгасининг услуби қаёқда!

Бу борада уламолар ниҳоят даражада эҳтиёткор бўлишлари лозим. Ким ҳадиси қудсийни ривоят қиладиган бўлса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларидан ривоят қилган ҳадисларида шундай дедилар», ёки «Аллоҳ таоло Расули Ундан ривоят қилган ҳадисда шундай деди», ёхуд «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деди» деган қайдлар билан айтиш унга вожиб бўлади.

Биз ҳозир Қуръоннинг ожиз қолдирувчи экани хусусида сўз юритмоқчи эмасмиз. Ушбу китобнинг охирида бу мавзуга алоҳида боб ажратганмиз. Бизнинг мақсадимиз Аллоҳнинг каломи билан Расулининг ҳадиси орасида бениҳоя фарқ борлигини таъкидлаб қўйиш, холос. Бу фарқ тавқифий ва қудсий ҳадисларда кўриниши билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёвий фикрлари хусусида янада равшан ва яққол намоён бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоний, дунёвий, фикрий тажрибалари билан набавий, диний, қатъий тажрибалари орасини кескин аниқлаштириб, ажратиб қўйганлар. Дунё ишларида баъзи эҳтимолларни қилсалар, саҳобалар уларни ушлаб олмасликларини эслатиб турганлар. Агар Аллоҳдан, деб гапирсалар, уни маҳкам ушлашга буюрганлар. Зеро, бундай ҳадисларни ўзларидан тўқиб чиқармаганлар. Чунки у зот Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирмайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳақиқатни бир неча бор сўзлари ва амалларида ойдинлаштириб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида:

«Албатта, мен ҳам сизлар каби инсонман. Гумон хато қилади, тўғри ҳам бўлади. Лекин сизларга «Аллоҳ айтди», десам, ҳаргиз Аллоҳга ёлғон гапирмайман», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда жанжаллашиб келганларнинг қалбларидаги нарсани билмасликларини, улар билан бирга бир даврда, бир шаҳарда яшасалар-да ёки инсонларга энг яқин бўлсалар-да, улар ичларида беркитган нарсани билмаслик­ларини таъкидлайдилар:

«Албатта, мен ҳам инсонман. Сизлар менинг ҳузуримга тортишиб келасизлар. Ўз далилини ўтказишда баъзингиз бошқангиздан пеш бўлиши мумкин. Шунда мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Кимга биродари ҳаққидан бирор нарсани олиб берсам, уни олмасин. Чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан».

Мисол учун, бир сафар Бану Убайриқ қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғрилик устида чиқараётган ҳукмларида адаштирмоқчи бўлишди. Ўғрини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг ўғри эмаслигига ишонтиришди ҳам. Ҳатто у зот Қатода ибн Нўъмонни: «Эй Қатода, Исломда ва салоҳиятда бўлган оилани ҳеч қандай ҳужжат ва далилсиз ўғриликда айблайсанми?!» дея койидилар. Шунда Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги ушбу оятлари нозил бўлди:

إِنَّآ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ لِتَحۡكُمَ بَيۡنَ ٱلنَّاسِ بِمَآ أَرَىٰكَ ٱللَّهُۚ وَلَا تَكُن لِّلۡخَآئِنِينَ خَصِيمٗا١٠٥ وَٱسۡتَغۡفِرِ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ غَفُورٗا رَّحِيمٗا١٠٦

«...Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма! Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (105-106-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Убайриқнинг хиёнат қилганини ва адаштиришга ҳаракат қилишганини билгач, Қатодага қилган дўқ ва итоблари учун Аллоҳ таолога истиғфор айтдилар.

Олдин кўриб ўтганимиздек, албатта, Қуръоний ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий иродаларидан, инсоний табиатларидан ташқаридир. Ҳатто ваҳийнинг қачон нозил бўлиш ёки қачон тўхтаб қолишида ҳам у зотнинг ихтиёрлари йўқ. Баъзан ваҳий нозил бўлиши кўпайиб кетса, баъзан тўхтаб, у кишининг муҳтожликлари ортиб кетарди. Ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг қалбларига турли шароитда, турли вақтда но­зил бўларди. Бир сафар саҳобаларининг ораларида ўтирар эканлар, кўзлари юмилиб, тиниб қолдилар. Кейин бирдан бошларини кўтариб, табассум қилдилар. У зотга Кавсар сураси ваҳий қилинган эди. Бир куни уйларида эканларида кечанинг учинчи қисмида Тавба сурасининг жангга бормай, ортда қолган уч кишининг тавбаларини Аллоҳ қа­бул қилгани ҳақидаги оятлари нозил бўлди.

Албатта, ваҳий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига зим-зиё тунда ҳам, чарақлаган кунда ҳам, қаҳратон совуқда ҳам ёки жазирама иссиқда ҳам, муқимликда ҳам, мусофирликда ҳам, бозорнинг ўртасида ҳам, жанг қизиган майдонда ҳам нозил бўлаверарди. Ҳатто Масжидул Ақсога тунда сайр қилганларида ва осмонларга кўтарилганларида ҳам ваҳий нозил бўлган эди.

Пайғамбарликнинг дастлабки кезлари ваҳий Эгаси уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан маълум вақт узиб қўйди. У киши ваҳийга шавқу завқлари баланд, ниҳоятда талабгор эдилар.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетар эканлар, тўсатдан осмондан бир овозни эшитиб, бош­ларини кўтардилар. Қарасалар, Ҳирода келган фаришта турибди. Ундан қўрқиб кетдилар. Титраганча вафодор завжалари Хадижа онамизнинг ҳузурига бордилар ва: «Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Муддассир сурасининг илк беш оятини нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий тушиши тезлашиб, кетма-кет кела бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари кўтарилиб, маҳзунлик, интизорлик ўрнини чуқур хурсандчилик эгаллади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳишларига бўйсунмас, фикрларидан, шахсларидан ташқари эди. Шу тариқа ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ўрнашиб борди. Бу ваҳийнинг манбаи ғайблар Билимдони бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи эди.

Маълумки, «ифк» воқеаси Ислом тарихида чуқур ўрин олган. Ифк ҳодисасидан кейин тўлиқ бир ой ваҳий нозил бўлмай қолганини ким ҳам эсдан чиқарарди?! Бу ҳодисада мунофиқлар Сиддиқнинг қизларини фоҳишаликда айблашди. У кишининг атрофларида шармандали гапларни шундай тарқатишдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига шубҳа тушиб, мўминларнинг онаси бўлмиш жуфти ҳалолларига:

«Эй Оиша, менга шундай-шундай гаплар етиб келмоқда. Агар айбсиз бўлсанг, Аллоҳ сени оқлайди. Агар гуноҳга алоқанг бўлса, Аллоҳга истиғфор айт!» дедилар.

Ушбу ҳодисада мунофиқлар пок сиддиқа онамиз хусусида етарлича иғво-бўҳтонларга шўнғиб туришар экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ой давомида оят тушмай қолиши у зот учун бу бир ой узун йиллардан ҳам оғир бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ёстиққа бош қўйган жуф­ти ҳалолларига нисбатан шак ва изтироб ичида тўла бир ой сукут сақлаб, кутдилар? Зеро, бу ҳол мўминларнинг онасини оқловчи Hyp сурасининг оятлари нозил бўлгунича давом этди. Шундай қалтис ҳолатда ҳам у зот Аллоҳ таолонинг ишига аралашмадилар. Ҳақ таолонинг Ўзи туҳматчиларнинг туҳматидан сиддиқани поклади.

Яна бир мисол: Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганида, мусулмонлар Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиб турдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қибланинг Байтуллоҳ тарафга ўзгаришини қаттиқ хоҳлар эдилар. Бу тўғрида ваҳий нозил бўлиб қолармикин деб, ўн олти ёки ўн етти ой юзларини осмонга қаратиб илтижо қилдилар. Қуръоннинг Соҳиби эса Ўз Расулининг истагини бир ярим йилдан кейингина амалга оширди.

Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари орзу-умидларининг рўёбга чиқишида ваҳийнинг тезлашишига кўмаклаша олмадилар? Чунки ваҳий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг Робби хоҳлаганида нозил бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Робби хоҳлаганда, ваҳий узилади. Дуолар, илтижолар бу ўринда ёрдам бермайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳиши само ишини олдинга ёки ортга сура олмайди.

Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳолатлари билан ваҳий вазияти орасидаги равшан фарқни тушунишни хоҳламаган қадимги ва ҳозирги моддапарастлар у зотда иккита шахсият жамланган, бири сезувчи, сингдирувчи шахсият, иккинчиси сезмайдиган, сингдирмайдиган шахсият, деган фаразни олга суришади. Бошқача ибора билан айтганда, Муҳаммаднинг ҳуши баъзан ўзида бўлган, баъзан ўзида бўлмаган, демоқчи бўлишади. Инсофли, холис тадқиқотчи ушбу фаразлар бирор ақлга ёки заррача шуурга тўғри келади, деб эътироф этиши мумкинми?

Яна шуни эслаб ўтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидаги титроқ у зотни ўраб олган қўрқинчдан эди. Чунки Аллоҳ таоло айтганидек, ваҳий у зотга кутилмаганда, тўсатдан нозил бўлган эди. Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

وَمَا كُنتَ تَرۡجُوٓاْ أَن يُلۡقَىٰٓ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبُ إِلَّا رَحۡمَةٗ مِّن رَّبِّكَ

«Ўзингга Китоб нозил қилинишидан умидвор хам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (нозил бўл-ди)...» (86-оят).

«Сени Қуръон ҳақида айблашмоқда. Аслида сен ўзингга илоҳий Китоб тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган, унга эга бўлиш учун уринмаган ҳам эдинг. Аммо Аллоҳ сенга Ўз раҳматидан Қуръонни нозил қилди. Бу иш сенинг хоҳишинг билан эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлди».

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ رُوحٗا مِّنۡ أَمۡرِنَاۚ مَا كُنتَ تَدۡرِي مَا ٱلۡكِتَٰبُ وَلَا ٱلۡإِيمَٰنُ وَلَٰكِن جَعَلۡنَٰهُ نُورٗا نَّهۡدِي بِهِۦ مَن نَّشَآءُ مِنۡ عِبَادِنَاۚ

«Шундай қилиб, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Китоб нима, иймон нима, идрок қилмас эдинг. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни хидоят қилурмиз...» (52-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги ваҳий пай­ти содир бўладиган қалб титроғида аъзолари музлаб колмас эди. Одатда бундай ҳол қўрққан одамда содир бўлади. Бунда кишининг юзи оқариб, тишлари тақиллайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда эса бунинг акси бўлар эди. Ҳароратлари кўтарилиб, юзлари қизариб, ҳатто пешоналаридан тер чиқиб кетар, жисмлари оғирлашарди. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ёнларида ўтирган кишининг сони у зотнинг сонларига тегиб турган бўлса, ёрилиб кетай дер эди. Хадижа онамизга ўзларини ўраб кўйишни илтимос қилишларидан мақсад кўрпага ўраниб, ғайбий қувват таъсиридан, оғир сўз босимидан бир оз тин олишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам ваҳий тўхтаб, унинг таъсири узилгач, Аллоҳ таоло у зотни Ўзига даъват қилиш байроғини кўтариб, сапчиб туришга буюрди:

«Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» (Муддассир сураси, 1-2-оятлар),

«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ!» (Муззаммил сураси, 1-2-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбий қувватлари, онглари ваҳийни биринчи бор қабул қилиб олган пайтларида қандай етук ва сезгир турган бўлса, ундан кейин, ҳар сафар ваҳий келганда ҳам бир хил маромда турди. Қабул қилиб, сингдириб олишларининг мукаммаллиги, ғайратларининг ҳаракатчанлиги ва асабларининг қуввати ажойиб савияда бўлди. Тарқоқ фикрларни жамлашга бўлган ҳозирлик воситаларига ҳеч қандай эҳтиёж бўлмади. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирор марта бўлса ҳам асабнинг тарқоқлиги ва қандайдир касалликларнинг ориз бўлиши каби ҳолатлар кузатилмади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ваҳийни тушуниб етмаслик;

Пятница, 13 Декабрь 2019 00:00

Буюк Мусаввир Зотнинг қудрати!

Бу – Африкадаги Саҳрои кабирдан йиғилган турли ранглардаги қумлар. Тасаввур қилинг, Ер юзидаги саҳроларнинг қумлари шу даражада рангбаранг экан.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укалари Султонхон Алимовнинг вафоти муносабати билан хорижий давлатлар муфтийлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Жумладан, Россия муфтийлари кенгаши раиси, Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари, муфтий, шайх Равил Гайнутдин муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига қуйидаги мазмунда таъзия билдирди.

«Россия муфтийлари кенгаши, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси номидан Сиз азиз биродаримга, сизнинг бутун оилангизга укангиз Султонхон Алимовнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираман. Аллоҳ таолодан дуо қиламиз, марҳумнинг барча қариндошлари ва дўстларига қайғу ва ёрдамимизни изҳор қиламиз. Албатта, биз ҳаммамиз Аллоҳданмиз ва Унга қайтувчимиз. Аллоҳ таоло бир мусулмоннинг руҳини қабул қилсин ва унинг гуноҳларини кечирсин ва Қиёмат куни унга Жаннат боғларидан жой ато этсин», - дейилади таъзия мактубида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top