www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Президентининг «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳужжатда қайд этилганидек, жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймолардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳурдир. Унинг беқиёс илмий-ижодий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз адабий-эстетик тафаккурининг шаклланишида, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида алоҳида ўринга эга.
Хусусан, мустақиллик даврида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг асарларини юртимиз ва хорижий давлатларда тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, шоир туғилган кун – 14 февраль санаси ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб адабиёт ва илм-маърифат байрами сифатида нишонланмоқда.
Давлатимиз раҳбари қарорида жорий йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш вазифалари белгиланди. Унга кўра, буюк аждодимиз таваллудининг 540 йиллигига бағишланган тадбирларни ташки этиш ва ўтказиши бўйича ташкилий қўмита тузилади ва унинг таркиби тасдиқланади.
Ташкилий қўмита бир ҳафта муддатда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаши режалаштирилган.
Ушбу дастурдан мамлакатимиздаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш, Бобур Мирзо меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш, хорижий мамлакатларда сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилишни давом эттириш вазифалари ўрин олади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этиши назарда тутилмоқда.
Қарорга биноан, Андижон шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур меросининг Шарқ давлатчилиги ва маданияти ривожида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман, Тошкент шаҳрида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган адабий-бадиий анжуман ташкил этилади.
Шунингдек, Андижон шаҳридаги «Бобур ва жаҳон маданияти» китоб музейида Бобурнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарларнинг қўлёзма ва нашр нусхаларининг кўргазмаси, тасвирий санъат асарлари, миниатюралар, халқ амалий санъати намуналари кўргазмаларини ташкил этиш белгиланмоқда.
Ҳужжатга мувофиқ, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ибратли ҳаёти ва бой меросини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида «Бобур мероси» халқаро сайёҳлик тарғибот дастурини амалга оширилади.
Шунингдек, 2023 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш, шоир ғазаллари билан ижро этиладиган энг яхши қўшиқлар танловлари ҳамда «Назм ва наво» мақом кечаларини ташкил этиш, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик даврига бағишлаб суратга олинаётган «Йўлбарснинг туғилиши» бадиий фильмини якунига етказиш, Бобур Мирзо ҳақидаги спектакль ва кўп қисмли мультипликацион фильмни яратиш чора-тадбирлари белгиланди.

Вторник, 31 Январь 2023 00:00

Қуръон – эслатмадир.

“У (Қуръон) мўминлар учун (илоҳий) эслатма ҳамдир”
(Аъроф сураси, 2-оят).

Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

#Quron #Қуръон

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида 2023 йил 23 январидан 23 апрелига қадар давом этадиган “I Халқаро Ислом санъати биенналеси (Икки йилда бир маротаба ўтказиладиган кўргазма)”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Нуфузли кўргазмада мамлакатимиз тарихи ва маданиятига оид сара Исломий топилмалар, нодир экспонатлар ҳам намойиш этилмоқда. Унда жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ҳам тақдим этилди. 

Мазкур кўргазмада Ўзбекистондаги нодир экспонатлар намойиши  мамлакатимиздаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан амалга оширилди. 

“I Халқаро Ислом санъати биенналеси”да бутун дунёдан келтирилган исломий мерослар, қўлёзмалар, тангалар, ҳаттотлик ва наққошлик ижодлари, либослар ва бошқа юзлаб ноёб экспонатлар ҳам ўрин олган.

Диний идора тизимида ушбу кўргазмага тайёргарлик жараёни бир неча босқичда кечди. Хусусан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Диний идора Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг сақланиш жараёни билан яқиндан танишиш асносида Катта Лангар Қуръони ва шу каби бебаҳо меросларни асраб-авайлаш, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиш ва тадқиқ этишни алоҳида таъкидлаб, уларнинг халқаро кўргазмалардаги тақдимотларини талаб даражасида ўтказиш ва хайрли натижалар бўлишини сўраб дуои хайр қилдилар.

Шунингдек, Жиддадаги кўргазмада қатнашадиган Диний идора вакилига сафар олди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Жалолиддин домла Ҳамроқулов мазкур намойиш динимиз ва юртимизга манфаатли бўлиши ва унинг муваффақиятли ўтишини сўраб хайрли дуолар бердилар.

Мазкур кўргазмада иштирок этиш ва унга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими мудири Камолиддин Маҳкамов Жидди шаҳрида бўлиб, Биеннале махсус гуруҳи вакиллари ва Франциянинг Лувр музейи реставратори бирга Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифасини кўргазма залидаги махсус жиҳозга жойлаштирди. Ва кўргазма давомида иштирокчиларга юртимизнинг нодир экспонати ҳақида маълумот берди.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 23 ноябрда Париж шаҳрининг Лувр музейида “Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” мавзусида Ўзбекистон музей ашёлари кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам иштирок этди. Мазкур кўргазмада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхонаси фондидаги Катта Лангар Қуръонининг икки саҳифаси ҳам тақдим этилди. Ушбу кўргазма 2023 йил 6 мартига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
Понедельник, 30 Январь 2023 00:00

Озодалик илми асосчиси

Поклик Ислом шиорларидан. Тарихга назар солсак, ҳеч бир тузум, гуруҳ ёки дин уни иймон даражасига кўтармаган. Исломда эса поклик имондан ҳисобланиб, инсонларни маънан ва жисмонан озодаликка чақиради.

Қуръони каримда мусулмонларга пок нарсалар, пок таомлар, покиза жуфтлар ҳалол қилингани ҳақида кўрсатмалар келган. Бадан поклиги, энг муҳими, қалб поклиги ҳақида сўз кетади. Барча нарса покликка таянилган, покликка қаратилган. Хусусан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой поклиги ҳам зарур (“Тафсири Ҳилол”).

Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларида соғлиқ меъёрлари акс этади. Маълум ишларни тақиқлаб, қолганларига рухсат беришида инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолати аҳамият касб этади. Шу сабабдан ҳам биринчи бўлиб совунни мусулмон кимёгарлари ихтиро қилдилар.

Совун кашф қилинмасидан олдин одамлар турли ёғлардан фойдаланишган. Таркибининг кўп қисми зайтун мойи бўлиб, унга “ал-қали” дейилган махсус туз аралаштирилган. Сўнг қайнатиб, қолипларга солиб, қотишини кутишган.

XIII асрга келиб совуннинг ҳар хил рецептлари ўйлаб топилди. Масалан, мусулмон олими Розийнинг қўлёзмаларида совуннинг рецепти бундай келтирилади: “Озгина кунжут мойини олиб унга калий, ишқор ва оҳак солиб аралаштиринг ва қайнатинг. Тайёр бўлган маҳсулотни қолипга қуйиб, қаттиқ ҳолга келгунча ўз ҳолида қолдиринг”.

X асрда яшаган қуртубалик олим Абулқосим Халаф ибн Аббос Заҳровий бу соҳанинг отаси бўлиб, ғарбда “Абулқосис” номи билан танилган. Мутафаккир Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг поклик ҳақидаги ҳадисларидан илҳомланиб, тиббиётга бағишланган 30 жилдли “Тасриф” асарини ёзди. Китоб ўша даврдаги жарроҳлик асбоблари ва усуллари ҳақида бўлиб, амалиётда кенг қўлланилди.

Заҳровий фақат тиббиёт ҳақида эмас, балки китобнинг 19-жузини тўлиқ косметикага бағишлади. Аслида, бу косметологияга қўшилган буюк ҳисса эди. Мазкур китоб мусулмонларнинг косметология соҳасига қўйган тамал тоши деса, муболаға бўлмайди. Сабаби, асар 1000 йил олдин ёзиб қолдирилган.

Заҳровий Ислом асосларида белгиланганидек, соч, тери, тиш ва бошқа тана аъзоларига аҳамият беришни таъкидлади. Милкни мустаҳкамлаш ва тишларни оқартириш устида тажриба ўтказиб, амалиётда кенг қўллади. Атир-упа, хушбўйликлар ҳақида изланишлар олиб борди ва прессланган махсус қолипдаги хушбўй шарчалар ҳақида ёзиб қолдирди. Бу эса, замонавий юмалоқ атирларни эсга солади (Snodgrass, Mary Ellen (2005). World clothing and fashion. 153b.).

Заҳровийнинг асарлари ўтган юз йилларда турли Европа тилларига таржима қилиниб, олимлар томонидан чуқур ўрганилди (Abu al-Qasim Muslim physician and author. Encyclopedia Britannica). Айнан унинг меҳнати туфайли тиббиётнинг жарроҳлик ва косметология соҳасида кўп ютуқларга эришилди.

Манбалар асосида
Мунаввар НИЁЗАЛИЕВА
тайёрлади.

«Вақф» фондининг Тошкент шаҳар филиали 2022 йилда хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган 981 миллион 994 минг сўмни эҳсон тариқасида тақдим этди.

«Вақф» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар филиали 2022 йилда 981 миллион 994 минг сўм маблағ хайрия сифатида сарфлади.

Қайд этилишича, 2022 йилда фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 5144 нафар фуқароларга 981 миллион 994 минг сўм маблағ хайрия сифатида сарфланган.

Шу жумладан:
• Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун — 44 456 000 сўм;
• Диний таълим муассасалари ўқувчи-талабаларни тўлов шартномасини тўлаш ва бошқа рағбатлантириш учун — 17 633 000 сўм;
• Масжидлар қурилиши учун — 25 000 000 сўм;
• Масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирлар учун — 71 577 000 сўм;
• Боқувчиси йўқ, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун — 279 092 000 сўм;
• Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун — 312 900 000 сўм;
• Тошкент шаҳридаги мурувват, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қўллаб-қувватлаш учун, ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатига 38 920 000 сўм;
• Гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган, кўзи ожизлар, ногиронлиги бор ва бошқа эҳтиёжманд фуқаролар иштирокида ўтказилган Ногиронлар куни, Халқаро болалар куни ва бошқа хайрия тадбирлари учун — 165 666 000 сўм;
• Зудлик билан ёрдамга муҳтож бўлган фуқароларга — 9 934 000 сўм;
• Умра сафарига кўмак учун — 18 000 000 сўм ажратилган.

Бундан ташқари Тошкент шаҳридаги зиёратгоҳларни ободонлаштириш ва сақлашучун 184 317 000 сўмлик маблағ сарфланди.

“Вақф” фонди Тошкент шаҳар филиали саховатпеша ҳамюртларимизни яхшилик йўлида ҳамкорликка чорлаб қолади.

"Вақф" фонди Матбуот хизмати

Страница 49 из 635
Top