muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 19 Июль 2016 00:00

Покиза аёлларга туҳмат қилиш

Ҳозирги кунда одамлар орасида жамиятни заифлашувига, инсонларда бир-бирларига нисбатан гина-адоват ва нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлаётган иллатлардан бири бузуқ ниятлардан беҳабар, покиза аёлларга туҳмат тошини отиб, уларни бадном қилишдир албатта. Аллоҳ таолонинг каломида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ундай кимсаларга бу дунёда қилиниши керак бўлган муомала ва уларни охиратдаги хатарли холатлари батафсил баён қилинган.

Аллоҳ таоло “Нур” сураси айтади: «Албатта, (бўзуқ  ниятлардан) бехабар, поқиза, мўъмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат)да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл-оёклари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур» (23-24оят).

Ва яна Аллоҳ таоло "Нур" сурасининг бошқа оятида марҳамат қилади: «Иффатли аёлларни (зинокор деб) ҳақоратлаган, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсаларни саксон даррадан урингиз ва абадул-абад уларнинг гувоҳликларини қабул қилмангиз! Ана ўшалар фосиқ кишилардир»(4-оят).

Ҳаромдан сақланган, поқиза аёлга кимда-ким «зиноқор» ёки «фоҳиша» деб туҳмат қилса, унга дунё-ю охиратда лаънат ва улкан азоб бўлишини, бу дунёда эса саксон дарра урилиб, гарчи ишончли бўлса-да, гувоҳлиги бошқа қабул қилинмаслигини Аллоҳ таоло баён қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалок қилувчи ишдан сақланинглар», деб улар орасида: «(Бўзуқ  ниятлардан) ғофил, поқиза, мўъмина аёлларга туҳмат қилиш»ни ҳам санаб ўтганлар (Муттафақун алайҳ).

Туҳмат қилиш - поқиза аёлга «ей зиноқор» ёки «ей фоҳиша» ва ё шунга маънодош сўзларни айтиш, эрига «ей фоҳишанинг эри» ўғлига «ей фоҳишанинг ўғли» қизига «ей фоҳишанинг қизи» дейиш ёки шу каби сўзларни сўзлашдир. Биронта эркак ёки аёл бошқа бир эркак ёки аёлга ва ё ёш болага шу ва шунга ўхшаш сўзларни айтса, шу сўзларнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтириши лозим. Агар келтира олмаса, туҳматга учраган эркак ёки аёл талаб қилса,жамият ва ҳукумат олдида жазога тортилади.

Кўп жоҳиллар бехаё сўзларни айтишга одатланиб қолишган. Ҳолбуки, улар мана шу сўзлари билан дунёда гуноҳкор, охиратда азобга гирифтор бўладилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтади-да, у сабабли машриқ билан мағриб орасидаги масофадан узунроқ  масофали дўзахга қўлайди» деганлар (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ  ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам фарзанди хатоларининг аксарияти тилидандир», дедилар» (Табароний, Байхакий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ ва охират кунига ишонар экан, унда яхши гап гапирсин ёки сукут сақласин», дейилган (Муттафақун алайҳ).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилига эгалик қилган, уйи сиғдирган ва хатоларига йиғлаган кишига жаннат бўлсин», дедилар (Табароний ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўъмин таъна қилувчи, лаънат айтувчи, ахлоқсиз ва бехаё сўзловчи бўлмайди» (Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло лутф-марҳамати ила барчамизни тилларимиз ёмонлигидан сақласин. Албатта, у саховатли, марҳаматли зотдир.

 

Имом Бухори номли тошкент ислом институти

талабаси Абдуссомад Абдулбосит

 

Вторник, 19 Июль 2016 00:00

Идда масаласи

 «Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин бошқа ерга тегмай ўзини  сақлаши лозим бўлган муддатга айтилади.

Идда муддатлари:

  1. Ери талоқ қилган аёл талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди.

Аллоҳ таоло:

«Талоқ қилинган аёллар, ўзларича уч қуруъ кутадилар. Уларга Аллоҳ уларнинг раҳмларида халқ қилган (яратган) нарсани яширишлари ҳалол эмас. Агар, Аллоҳга ва охират кунига иймонлари бўл-са», деган (Бақара, 228).

Аллоҳ таоло аёлларнинг бачадонларида яратган нарсадан мурод эса, ҳайз ёки ҳомиладир. Мўмина-муслима аёл бу нарсаларни беркитмаслиги керак. Мисол учун, ери талоқ қилган бўлса, талоқдан кейин ҳомила аниқ бўлса ҳомиласини яшириб, уч марта ҳайз (ой кўрмоқ, узрли бўлмоқ) кўрдим, деб бошқа эрга тегишга шошмаслиги лозим.

Ҳанафий мазҳабимиз уламолари эри талоқ қилган хотин талоқдан сўнг уч марта ҳайз кўриб, учинчи ҳайзидан пок бўлиши билан иддаси тугайди, дейдилар.

  1. Ёши кексалиги ёки жуда ёшлиги ёки бўйи етган бўлса ҳам умуман ҳайз кўрмайдиган аёл уч ой идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

« Хотинларингиз орасидаги (кексайиб) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (иддалари хусусида) шубҳалансангиз, бас, (билингизки) уларнинг иддалари уч ойдир, яна (бирор марта) ҳайз кўрмаганларнинг (иддалари) ҳам», деган.  (Талоқ, 6)

  1. Ери вафот етган ҳомиладор бўлмаган аёл талоқ қилинса тўрт ой ўн кун идда ўтиради.

Аллоҳ таоло:

«Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ой ўн кун кутарлар», (Бақара, 234) деган.

Яьни, Бу эри ўлган аёлларнинг идда муддатидир. Эри ўлган ҳар бир аёл умр йўлдошилик ҳурматидан тўрт ой ўн кун идда ўтириши вожиб. Эри ўлган ҳомиладор аёлнинг иддаси ҳомиласини туғишидир.

  1. Эри вафот етган ҳомилали аёл ҳомиласини туғиши билан иддаси чиқади.

Аллоҳ таоло:

«Ҳомиладорларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (кўз ёришлари)дир», деган.  (Талоқ, 6)

Бундан ташқари, идда ўтириш шарт бўлмаган ўрин ҳам мавжуд. Фуқаҳолар бунга қуйидаги оятни далил қиладилар:

Аллоҳ таоло:

«Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнг уларга (қўл) тегизмай туриб талоқ қилсангиз, сиз учун улар идда сақлаш мажбуриятида эмаслар», деган. (Азҳоб, 49)

Ер-хотин никоҳлангандан сўнг бирга яшамай, эр аёлини талоқ қилган бўлса аёл идда ўтириши вожиб эмас. Чунки ҳомила бўлишининг эҳтимоли йўқ. Оилавий турмуш ҳурмати ҳам йўқ.

Иддани шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:

Биринчиси, эридан ажраган аёл ҳомиладорми, йўқми аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси, ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси, эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади.

 Бундан ташқари, илм фан тараққий этган ҳозирги кунда бошқа ҳикматлари ҳам аниқланмоқда. Англиялик олимлар бир эркак билан яшаб туриб, кейин бевосита, орада танаффус қилмай иккинчи эр билан жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касаллик пайдо бўлишини исбот қилдилар.

Аллоҳ таоло бизларга Ўз амри илоҳиларига амал қилиб ҳаёт кечиришни насиб этсин. Зеро У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Имом Бухори номли Тошкент ислом институти талабаси Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

 

Вторник, 19 Июль 2016 00:00

22.07.2016 й. Дин ва дунё одоблари

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Жаннатмонад азиз юртимиз чиндан ҳам гўзал, унинг такрори бу дунёда мавжуд эмас. Мустақил диёримиз биз учун муқаддас замин саналиб, барчамиз унинг равнақи учун ҳаракат қилишимиз даркор бўлади. Она диёримиз Ўзбекистонимиз мана шундай улуғ ва муборакдир.

Бугунги Жума мавъизамизда Исломнинг буюк одоби бўлган ҳаё ҳақида сўз юритамиз.

Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлардан бири ҳаёдир. Ҳаё кишининг имон-эътиқоди, одоб-ахлоқининг даражасига қараб, кўп ёки кам бўлади. Бир одам бемаъни ишлардан ўзини тортаётганини ёки бирор нолойиқ ишни қилиб қўйиб, хижолатдан юзи қизарганини кўрсангиз, билингки, у – ҳаёли инсондир.

Ҳаё икки хил: туғма ва таълим        орқали бўлади. Таълим ва ўрганиш йўли билан ҳосил бўлган ҳаёни шариатда имоннинг шўъбаларидан бири деб ҳисобланган. Чунки, шариатда ўша ҳаё талаб қилинган, туғма ҳаё эмас. Чунки туғма ҳаё ўз-ўзидан бор нарса. Гоҳида шахс бундай ҳаёни ўзига яхши сингдирса худди туғма ҳаё даражасига етиши ҳам мумкин. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламда ҳаёнинг икки тури ҳам жам бўлган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам туғма ҳаёда улуғ мақомда эдилар. Ўрганиб ҳосил қилинган ҳаёда эса, энг баланд чўққида эдилар.

Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста – секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Агар бордию қилаётган ишларига бепарво бўлса, яхши-ёмонлигига эътибор бермай қилаверса, халқимиз ундай одамдан яхшилик чиқмайди, унинг ҳаёси йўқ дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг қалбида барча яхши фазилатларни ўз ичига олган ҳаё бўлишини хоҳладилар. Аввало, ўзлари бу хулқ билан энг мукаммал даражада сифатланган эдилар. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) шундай деганлар:

كَانَ رَسُول ُاللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ أشَدَّ حَيَاءً مِن َالْعَذرَاءِ فِي خِدْرِهَا وَ كَانَ إذا رَأى شَيْئاً يَكْرَهُهُ عَرَفْنَاهُ فِي وَجْهِهِ (رواه مسلم)

яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ўтар эдилар. Қачон ўзлари ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, дарҳол юзларидан (норозилик аломатини) билиб олар эдик”.

(Имом Муслим ривояти)

Ҳаё икки хил бўлиб, биринчиси инсоннинг табиатида мавжуд бўлган ҳис-туйғулар, иккинчиси Парвардигор ва халқ ҳузурида одобли бўлишдир.

Ҳаё тўғрисида сўз кетганда аввало, бу сифат аёлларимизда мужассам бўлиши алоҳида аҳамият касб этади. Аёлнинг ҳаёли, иболи ва иффатли бўлиши кўркига кўрк қўшади. Чунки ўтмишга назар ташласак, бизларнинг боболаримиз ва бувиларимиз иффатли ва ҳаёли бўлганларини кўрамиз.

لَوُ كَانَ الْحَيَاءُ رَجُلاً لَكَانَ رَجُلاً صَالِحاً لَوْ كَانَ الْفَحْشُ رَجُلاً لَكَانَ رَجُلاً سُوْءًا (رواه الطبرانى

яъни:Агар ҳаё инсон бўлганда эди, солиҳ киши бўлар эди ва агар фаҳш инсон бўлганида, ёмон киши бўлар эди”. (Имом Табароний ривояти)

Инсоннинг маънавий зийнати бўлмиш имон Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъматдир. Имонни саломат сақлаш ва айниқса уни доим зиёда бўлиши учун ҳаракат қилиш, ҳар бир инсоннинг бурчидир. Имон кучли ва бақувват бўлиши учун унга боғлиқ бўлган барча хайрли амалларни адо этишни одат қилиш керак. Имонни зиёда бўлишига сабаб бўладиган омиллар устида тўхталиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб шундай деганлар:

عَنْ اَبيِ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ قال : " اَلْاِيمَانُ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً فَاَفْضَلُهَا قَوْلُ لاَ اِلهَ اِلاَّ الله، وادناها اماطةُ الاذى عن الطريقِ. والحياءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْاِ يمَانِ "

 ( متفق عليه)

яъни: “Имон олтмишдан зиёд бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг пастки даражаси йўлдаги инсонга азият етказадиган нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлакдир”.

 Демак, ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида муҳим ўрин тутади. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам бақувватдир. Ёки аксинча, қайси бир кишининг имони кучли бўлса, ҳаёси ҳам кучли бўлади. Халқимизда имонсизда ҳаё, ҳаёсизда имон бўлмайди, деб бежиз айтилмаган.

Ҳаёнинг маънодошлари орият, ибо, уят ва ор-номус бўлиб барчаси комил инсон учун зарурий нарсалардир. Ҳаё бу тортинчоқлик, синиқлик, бетга чопар бўлмаслик дегани. Бирор кимсадан танбеҳ ёки дакки эшитса уялиб, терлаб, қилган ишидан пушаймон бўлиб, ноқулай вазиятга тушиб қолишга айтилади. Дакки эшитганда ундан тўғри хулоса қилмай, аксинча танбеҳ берувчига ҳамла қилиш ёки унга чора кўриш уятсизлик балки худбинликдир. Инсон Яратганнинг олдида ҳаёли бўлса, бандаси олдида ҳам ҳаёли бўлади. Яна инсонга лозим нарса шуки, аввало Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилсин. Бунинг учун фикрини тўғрилаши ва ҳалқумини пок тутиб, парҳезкор бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ (сав) марҳамат қилиб шундай дейдилар:

قاَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَ سَلَمْ لِأصْحَابِهِ َ: " اِسْتَحْيُوا مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ . قَالُوا : " اِنَّا نَسْتَحِْی مِنَ اللهِ وَ الْحَمْدُ لِلَّهِ. فَقَالَ : " لَيْسَ ذلِكَ وَلَکِنَّ الْاِسْتِحْيَاءَ مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَي و البطنَ وَمَا حَوَى وتَذْكُرُ الْمَوْتَ وَالْبَلَى فَمَنْ فَعَلَ ذلِكَ فَقَدْ اسْتَحْيَى مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ " (رواه ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар”. Шунда саҳобалар дедилар: “Алҳамду лиллоҳ биз Аллоҳдан ҳаё қиламиз”. Расулуллоҳ бунга жавобан марҳамат қилдилар: “Ҳаё бундай бўлмайди, балки ҳақиқий ҳаё миядаги фикрни яхшилаш, ошқозонни поклаш яъни парҳезкор бўлиш ва ўлим ва чириб кетишликни доим ёдда тутиш билан бўлади. Кимики шуларга эътибор қилса Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилибди”.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"أَرْبَعٌ مِنْ سُنَنِ الْمُرْسَلِينَ: الحياءُ والتعطرُ وَالسِّواكُ وَالنٍّكَاحُ" (رواه الترمذي

яъни: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидандир; ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», - дедилар». (Аҳмад, Термизий ривоят қилган.)

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланган улуғ бир сифатдир. Ҳаё Пайғамбарларнинг ҳаммаларига муштарак сифат бўлган фазилатдир. Шунинг учун ҳам, ҳар-бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"إنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلاَمِ النُّبُوَّةِ الأُولَى: اِذَا لَمْ تَسْتَحِ فَاصْنَعْ مَا شِئتَ"

(رواه البخاري وأحمد وأبو داود)

яъни: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири «агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар». (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган). Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қайтарадиган нарса унинг ҳаёсидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

"لِكُلِّ دِينٍ خُلُقٌ وَخُلُقُ الاسلامِ الحَيَاءُ" (رواه ابن ماجه

яъни: «Ҳар бир диннинг ўз хулқи бордир. Исломнинг хулқи ҳаёдир», дедилар». (Ибн Можа ривоят қилган). Ибн Умар розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё ва имон иккиси бирга яқинлиштирилган. Қачон улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади», дедилар» ( Ҳоким ривоят қилган).

Муҳтарам жамоат! Кейинги вақтларда айрим хотин-қизлар томонидан кийиниш маданиятига, урф-одатларимиз тамойилларига амал қилмай кўча-куйларда очиқ-сочиқ ҳолда, ҳаё, ибо каби одоб-ахлоқ доирасидан четга чиқишлари учрамоқда.

Уларга дин-диёнатли, имон-эътиқодли бувиларимиз ва момоларимизнинг намунали ва ҳаёли ҳаёт тарзлари ўрнак бўлиши лозим. Шунда оиламиз мустаҳкам бўлади, фарзандлар баркамол бўлиб вояга етади. Яна аҳамият беришимиз зарур бўлган ишлардан бири интернетдан фойдаланганда риоя қилишимиз зарур бўлган одоблар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Интернетдаги, смартфон ва уяли телефонларда бўладиган муомала ва мулоқотларда кўнгилсиз ҳолатлар юз бермаслиги учун бу борадаги одобларга қатъий риоя қилиш лозим. Аввало, ният тўғри бўлиши керак. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: 

"إنَّمَا الأَعْماَلُ باِلنِّيَاتِ" (رواه البخاري حديث مشهور

яъни: “Албатта, амаллар ниятларга кўра эътиборлидир...”

Кишиларга хат-хабар ёзишда ҳам одоб-ахлоққа риоя қилиш шарт. Уятсиз, беҳуда, ҳаёсиз жумлаларни ёзиб, гуноҳ орттирмаслик лозим ёки одамлар ҳаёти ва обрў-эътиборига зарар берадиган турли асоссиз хабар ва фитнага солувчи маълумотлар тарқатиш асло дуруст эмаслигини барчаларимиз яхши билишимиз керак. Зеро, оғзаки нутқ билан ёзма нутқнинг гуноҳи баробардир.

Баъзи кишилар интернетдаги муомалаларига эъти­бор­сиз бўлишади. Тўғри ва нотўғри хабарларга, ҳалол ва ҳаромга риоя этишмайди. Бу эса мутлақо нотўғридир. Аллоҳ таоло айтади:

ذَلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ...

яъни: (Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта гуноҳ деб билса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир...” (Ҳаж, 30).

Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши керак. Аллоҳ таоло амр қилади: 

...وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ ... (سورة ﺍلمائدة/2

яъни: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..” (Моида, 2).

Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақво­­дир. Агар мана шу шарт топилса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади.

Мусулмон одам ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Шу эътибордан ҳам, интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб, кунлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.

Аллоҳ таоло айтади:

 لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишларида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо, 114).

Интернет имкониятларини баъзилар суиистеъмол қилиб, фақат ўз хоҳиши билан ёлғон хабарлар, суратлар ва видеолавҳалар ҳамда разиллик ва қотилликка чорловчи фитналарни тарқатишади. Уларнинг мақсади бирор натижага эришиш, мақтаниш ҳам, одамлар орасида машҳурлик ҳам, шунчаки эрмак ҳам бўлиши мумкин. Аммо бундай ишлар буткул ножоиздир. Шаръан ва қонунан ҳам тўғри эмас.

Кишига интернетдан тўғри фойдаланишда, унинг ёмонликларидан сақланишда энг катта ёрдамчи – Аллоҳ таолонинг бандасини доим кўриб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини ҳамиша ҳис қилиб яшашдир.

Оқил одам шу хитобни асло хаёлидан қочирмаслиги, Аллоҳнинг ҳузурида ғайб – яширин нарсанинг ўзи бўлмаслигини доим ёдда тутиши лозим. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, ким яширинча қилган ишини кўздан махфий қолиб кетаверади деб ўйласа, адашади. Хоҳ яхши, хоҳ ёмон иш бўлсин, Аллоҳ уни барибир ошкор қилиб қўяди.

Ёш фарзандларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишларига рухсат беришда шошилмаслик лозим. Дарҳақиқат, жуда зарур эҳтиёж бўлсагина, унинг ушбу қўлланмада зикр қилинган одобларга қатъий риоя этишига кўз етсагина, ижозат бериш мумкин.

Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадиси шарифларда инсон учун ҳаёнинг нақадар улуғ фазилат эканини баён қилинди. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг имонимизни басаломат сақлаб, ўзларимизни ҳам ва шу жумладан аҳлу аёлларимиз, севимли ўғил-қизларимизни ҳам гўзал одоб-ахлоқли, ҳаё ва иболи солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.

Инсон бош мияси энг кам ўрганилган, тананинг жуда муҳим қисмидир. Дунёдаги машҳур тиббиёт олимлари инсон миянинг янги омилларини ўрганиш устида кўплаб тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

Маълумки, бош мия марказий асаб тизими органи бўлиб, у бир-бири билан боғлиқ бўлган асаб ҳужайралари ва толаларидан ташкил топади.
Келинг, энди бош миямиз ҳақида қуйидаги қизиқарли маълумотларни келтириб ўтсак:

1. Ҳар сафар бирор нимани эслаб қолганингизда, мияда янги нейрон алоқалари шаклланади.
2. Киши уйғонгач, унинг мияси унча катта бўлмаган лампочка ишлаши учун етарли бўлган энергияни ишлаб чиқаради.
3. Инсон мияси 50 ёшгача шаклланади.
4. Алкогол туфайли мия вақтинчалик эслаб қолиш қобилиятини йўқотади.
5. Инсон туғилганда асаб ҳужайралари улғайган даврига нисбатан анча кўп бўлади.
6. Бош миянинг фақатгина ўнг ёки чап тараф палласи ишлаши ҳақидаги гапларнинг барчаси уйдирма. Аслида, улар ўзаро маълумот алмашган ҳолда ишлашади.
7. Оиладаги шафқатсизлик боланинг миясига жуда қаттиқ салбий таъсир қилади.
10. Шоколад ҳиди тета-ритмни ишлаб чиқаришни фаоллаштиради, бу эса ўз навбатида инсонни тинчлантириб, бўшаштиради.
11. Альберт Эйнштейнни танасини ёриб кўрган патологоанатом унинг миясини ўғирлаб, 20 йил давомида формалинли эритмада сақлаган.
13. Уяли алоқа воситаларида узоқ суҳбатлашиш, бош мияда ўсимта пайдо бўлиши хавфини кучайтиради.
14. Ёш болалар мияси организмдаги глюкозанинг 50 фоизини сарфлайди, шу туфайли болаларга кўп уйқу зарур.
15. Мия танадаги барча кислород ва қоннинг 20 фоизини сарфлайди.
16. Сиз бирон бир янгиликни аниқласангиз, миянинг тузилиши ўзгаради.
18. Меъёрдан кам ухлаш мия фаолиятига яъни реакциялар секинлашувига ва мулоҳаза юритиш ёмонлашувига таъсир қилади.
19. Миянинг ярми жарроҳлик йўли билан хотирага таъсир қилмаган ҳолда олиб ташланиши мумкин.
20. 2015 йилда қуввати бўйича тўртинчи ўринда турувчи суперкомпьютерга инсон миясининг бир сониялик фаоллигини кўрсатиш учун 40 дақиқа вақт керак бўлди.
21. Америкалик ихтирочи Рэймонд Курцвейлнинг фикрига кўра, 2023 йилда шахсий компьютерлар инсон мияси қувватини ҳисоблаш даражасига етади.
22. Инсон мияси 100 миллиард нейронлардан ва триллион ҳужайралардан ташкил топган.
24. Олимларнинг фикрига кўра, диета (парҳез) мия “ўзини ўзи” ейишга олиб келиши мумкин.
25. Унутиш – мия учун фойдали бўлиб, керакмас маълумотларни миядан ўчириб юбориш, мия эгилувчанлигини сақлаб қолади.

 

Моҳира ЗУФАРОВА

Халқаро алоқалар бўлими

 

Саудия Арабистонининг пойтахти Ар-Риёд шаҳрида аҳоли учун “Қорли шаҳарча” барпо этилди. Унинг ўзига хослиги шундаки, у ерда йил бўйи қор бўлади. Мазкур кўнгил очар маскан пойтахтнинг энг катта савдо мажмуаси таркибида ўз фаолиятини бошлади. У ерда ҳаво ҳарорати ҳар доим -3 даражани таўкил этади.

Шунингдек, бу шаҳарчада қишки спорт турларининг деярли барчаси билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Хусусан, чанғида учиш, чанада учиш, шунингдек, шаҳарчани махсус мослама ёрдамида, юриб томоша қилиш ҳам мумкин.

Мазкур кўнгилочар шаҳарчани барпо этиш учун 30 млн АҚШ доллари сарф этилгани маълум қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шаҳарчанинг умумий майдони 5 000 квадрат метрни ташкил этади. У ерда бир вақтнинг ўзида 350 нафар киши ҳордиқ чиқариши мумкин.  

Халқаро алоқалар бўлими

Top