www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳга шукрки, тили, дини, анъана ва урф-одатлари бир-бирига ўхшаш ўзбек ва қозоқ халқлари тарихий тараққиётнинг барча йўналишларида ўзаро ҳурматда, қавму қариндош бўлиб, кўп асрлар давомида тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. 

Икки халқ азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”.

Динимизда қўни-қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, яхши муносабатда бўлиш тарғиб қилинади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ибодат қилинг ва унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)!”, деб баён этган (“Нисо” сураси, 36-оят).

Демак, қўшнига яхшилик қилиш мўмин-мусулмон учун бурч. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли бундай яқин қўшничилик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар тобора мустаҳкамланиб, алоқалар янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарлик муҳити янада яхшиланмоқда. 

Икки мамлакат мусулмонлари идоралари ҳамкорликлари тарихий илдизлари 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидаги биргаликда олиб борилган фаолиятга бориб тақалади. 

Қозоғистонда мустақиллик йилларида Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини тўла таъминлаш ва масжид-мадрасаларни обод этиш ҳамда муборак динимизни равнақ топтириш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фаолияти ривожланишида ўз вақтида раҳбарлик қилган Ратбек Ҳожи Нисанбайевич, Aбсаттар Ҳожи Дербисали, Ержан ҳожи Малгазиевич Маямеров, Серикбай ҳожы Сатибалди ўғлы Ораз жаноблари катта ҳисса қўшдилар. Ҳозирда эса бош муфтий, Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари бошчилигида улкан ишлар қилинмоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўз динига хизмат қилувчиларни шундай ифода этади: “Эй, имон келтирганлар! Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангиз (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангиз), У ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур” (“Муҳаммад” сураси, 7-оят).

Таъкидлаш жоизки, бугунги мураккаб шароитда дин пешволари ва Ислом уламоларининг ҳамжиҳатликда ишлашлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мусулмон уламоларининг ўзаро ҳамкорлиги юзага келаётган муаммолар ва қарама-қаршиликларни ечишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шу маънода қардош халқлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш динимиз ривожига туртки беради, инша Аллоҳ. 2018 йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланган эди. Унга кўра, Фатво масаласида, Рамазон ойининг бошланиш куни ва икки ҳайит байрамларининг биринчи кунини белгилашда доимий ҳамкорлик олиб бориш белгилаб қўйилган. Бу борада охирги беш-олти йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари билан Рамазон ойи, Ийдул Фитр ва Ийдул Азҳонинг биринчи куни, намоз вақтларини аниқлаш ҳамда шаръий масалаларда фатво ишлаб чиқишдаги ҳамкорлигимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шунингдек, меморандумда зиёрат туризми, диний таълим ва диний тадқиқотлар олиб боришда ўзаро тажриба алмашиш, таклифлар асосида халқаро анжуман, семинар ва давра суҳбатларида иштирок этиш қайд этилиб, ўтган давр мобайнида икки диний идора ўртасида кўп тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган 2021 йил ва жорий йил давомида ҳам икки диний идора раҳбариятининг бир неча бор турли мавзуларда учрашувлар ўтказганлари ҳам қардош халқларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат ва ишончи янада ривожланиб бораётганидан дарак беради. 2021 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Қозоғистонда бўлиб ўтган “Мустақил Қозоғистон ва Ислом қадриятлари” номли халқаро анжуманда иштирок этиб, қардош халқлар Ислом дини қадриятларига катта ҳисса қўшганларини алоҳида қайд этган эдилар.

Конференция доирасида Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси камтарона хизматларимизни юқори баҳолаб, юксак медал билан тақдирлади. Албатта, бундай эътирофдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу ҳам икки қардош элнинг бир-бирига бўлган дўстлиги ва яқинлиги белгисидир.

Мазкур ташриф давомида Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули жаноблари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик диний-маърифий жабҳада ҳам изчил ривожланиб, халқларимиз ўртасидаги биродарликни янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу икки Давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати туфайли эканини алоҳида таъкидлаб, келгусида бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилган эдилар.

Бундай ўзаро мулоқотнинг узвий давоми жорий йилнинг 15 апрель куни Истамбул шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар диний идоралари раҳбарларининг I йиғилишида ҳам давом этди. Унда Қозоғистон мусулмонлари идораси раҳбарияти бир қатор муҳим таклифларни олға сурар экан, Ўзбекистон делегацияси томонидан ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни ҳам қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу ҳам қардошликнинг муҳим жиҳатларидандир. 

Шу йил 6 май куни Туркистон вилоятида “Туркий халқларнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари иштирок этиб, ўз чиқишларида қардош халқларнинг ўзаро алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётгани диний соҳа ривожига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар.

2022 йил 6-10 июнь кунлари Миср Араб Республикаси муфтийси, професссор Шавқий Иброҳим Алломнинг таклифига биноан Миср Араб Республикасининг бош вазири Мустафо Мадбулий жаноблари шефеълигида ўтказилган “Диний экстремизм. Интеллектуал асос ва уни енгиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференцияда 200 дан зиёд иштирокчилари қаторида Ўзбекистон ва Қозоғистон диний идоралари раҳбарлари муносиб иштирок этганлари мусулмон олами уламоларининг олқишларига сазовор бўлди.

Шу йил 12 август жума куни Нур-Султон шаҳрида бунёд этилган йирик масжиднинг очилиш маросимида Миср, Россия, Қирғизистон, Монголия каби давлатлар диний идора раҳбарлари қатори камина ҳам иштирок этиб, қўшни юртда шундай гўзал, ўзига хос архитектурага эга масжид барпо этилганидан жуда ҳам мамнун бўлдик. Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган кишилар Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади.

 

Нуриддин домла Холиқназаров, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

 

(“АЙҚЫН” номли гезатанинг 2022 йил 9 сентябрдаги 134-сони ва “МУНАРА” газетасининг 2022 йил сентябрдаги 134-сони)

Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги “Яккасарой” жоме масжидига жума намозига ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари масжидга йиғилган минглаб мўмин-мусулмонларга тақводорлик фазилати, имон лаззатини ҳис этиш ва тинчлик-хотиржамлик неъматининг қадрига етиш ҳақида оят ва ҳадислардан мисол келтириб, ибратли воқеалар ила сермазмун мавъиза қилиб бердилар.

Мазмунли суҳбат асносида Муфтий ҳазратлари чин мусулмон бўлиб яшаш бахти тўғрисида ҳам ваъз-насиҳатлар қилдилар.

Жума намози якунида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан юрт тинчлиги, эл фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

#МУФТИЙ #ЗИЁРАТ #ЖУМА

Шу йил 8 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги “Киночилар уйи”да “Аёл қисмати” бадиий фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди.

Мазкур фильм Ўзбекистон Давлат хавсизлик хизмати ва Мудофа вазирлиги буюртмасига асосан Киноматография агентлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган.

Премьера аввалида фильмни суратга олишда иштирок этган режиссиёр Дилмурод Масаидов бошчилигидаги ижодкорлар билан таништирув бўлиб ўтди.

Маросимни Киноматография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб, кино соҳасида бўлаётган янгиликлар, давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор, хусусан, “Аёл” қисмати фильмининг яратиш ғояси, унда ижодкорларнинг ҳамкор ташкилот вакиллари билан биргаликда қилган меҳнатлари самараси экани ҳақида гапирди. Шунингдек, ушбу фильмда рол ижро этган таниқли актиёр Матёқуб Матжонов кино ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сўнг фильм намойиш этилди.

Фильм режиссёри Дилмурод Масаидовнинг таъкидлашича, фильмда асосий саҳналар Навоий чўлларида олинган. Мудофаа вазирлигига қарашли танк, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли палаткалардан фойдаланилган.

Кинокартинада “Меҳр” операцияси доирасида Суриядан олиб чиқилган аёллардан бирининг аянчли тақдири Сожида тимсолида жуда таъсирли тарзда ёритилган. Бош ролларни Раъно Шодиева, Илҳом Бердиев, Матёқуб Матчоновлар ижро этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қизни олдиндан кўрмай уйланди, гўшангада кўрса қиз кўримсиз, устига устак қоп-қора эди.

Ўша тунни у бошқа хонада ўтказди. Эртасига ҳам, индинига ҳам у келинни олдига кирмади.

Гап нимада эканлигини сезган келин куёвнинг олдига ўзи борди ва: Эй Молик! Ажабмас, СИЗ ёқтирмаган нарсада яхшилик яширинган бўлса, деди.
Бу гапдан кейин Моликнинг келинга яқинлашмасликка узри қолмади.

Улар бир неча тунни бирга ўтказдилар. Лекин, Моликнинг ҳа деганда келинга нисбатан кўнгли исийвермади.

Ҳолат бундай давом этиши мумкин эмаслигини билган Молик уйдан бош олиб чиқиб кетди. Аммо, бу сафар у роса йигирма йил йўқ бўлиб кетди.
Молик аёлининг ҳомиладор бўлганлигидан бехабар эди.

Орадан йигирма йил ўтиб Молик уйига қайтди. Аввал у масжидга кириб намоз ўқимоқчи бўлди. Масжидда бир навқирон йигит одамларга илм бераётган экан. Йигитнинг илми Моликни ром қилди. Унинг исмини сўраган эди, исми Анас дейишди. Кимнинг ўғли?-деб сўради. Унинг отаси йигирма йил аввал уйидан чиқиб кетган Молик деган киши, дейишди.

Дарсдан кейин Молик йигит билан унинг уйига бормоқчи эканлигини айтди. Аммо уйига етиб боришгач, йигитга: уйга кириб онангга: эшик олдида бир киши турибди, у ажабмас СИЗ ёқтирмаган нарсада яхшилик яширинган бўлса, деб айтди дегин, деди.

Онасига кириб шу гапни айтиши билан онаси: эшикни очавер, у сенинг отанг Молик бўлади, деди.

Аёл ўтган йигирма йил давомида ўғлига бирор марта унинг отаси ҳақида ёмон гап айтмаган эди. Ота-ўғил қучоқ очиб қайноқ меҳр ва соғинч ила кўришдилар.

Ҳамма яхшилик Аллоҳ ирода қилган нарсададир.

وَعَسٰۤى اَنۡ تَكۡرَهُوۡا شَيۡـــًٔا وَّهُوَ خَيۡرٌ لَّـکُمۡ‌ۚ
"Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса" (Бақара сураси, 216-оят).

فَاِنۡ كَرِهۡتُمُوۡهُنَّ فَعَسٰۤى اَنۡ تَكۡرَهُوۡا شَيۡــًٔـا وَّيَجۡعَلَ اللّٰهُ فِيۡهِ خَيۡرًا كَثِيۡرًا
"Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса" (Нисо сураси, 19-оят).

Манба: https://t.me/tuhur/1232

Саудия Арабистонига визасиз кириши мумкинлар рўйхатига Ўзбекистон фуқаролари ҳам тез орада қўшилишига умид қиламиз, деди подшоҳликнинг Тошкентдаги элчиси Юсуф ал-Утайбий. Унинг сўзларига кўра, 15 сентябрдан бошлаб FlyNas компанияси ҳафтасига икки марта Тошкент–Жидда йўналишида янги авиақатновларни бошлайди.

6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилинган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёевнинг қиролликка ташрифида эришилган келишувлар ҳамда уларнинг ижроси юзасидан қўшимча ахборот берилди.

 «Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифини тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф икки томонлама муносабатларда янги саҳифаларга йўл очмоқда.

Ташриф давомида Қўшма баёнот қабул қилинди. Унда, шунингдек халқаро вазият ҳамда Афғонистон, Яман ва Украинадаги вазият бўйича томонларнинг қарашлари ҳам ўз аксини топган. Икки мамлакат ҳам Украинадаги низо тинч йўллар билан ҳал қилиниши тарафдори эканлиги маълум бўлди.

Бундан ташқари, таълим, соғлиқни сақлаш, ҳаво йўллари ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олган 14 ҳужжат – битимлар, келишув ва меморандумлар имзоланди. Ташриф арафасида ишбилармон доираларининг учрашуви ҳам ўтказилди. Бу учрашувларда эришилган келишувларнинг умумий қиймати 12 миллиард доллардан ошади.

Хушхабар сифатида айтишим мумкин, Саудия Арабистонининг машҳур FlyNas компанияси жорий йил 15 сентябрдан бошлаб ҳафтада икки марта Тошкент-Жидда рейсларини амалга оширади.

Мен, шунингдек Ўзбекистон президенти ва ҳукуматига 2023 йил январь ойидан бошлаб саудияликлар учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Бу туризм ва халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишига сабаб бўлади», – деди Юсуф ал Утайбий 6 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда.

Kun.uz мухбири элчидан Саудия қироллиги ҳам жавоб тариқасида ўзбекистонликлар учун қисқа муддатга бўлса ҳам визасиз режим жорий қилиш режаси бор ёки йўқлиги ҳақида сўради.

«Бизда ҳам Туризм вазирлиги томонидан рўйхат тайёрланган. Бу рўйхатга ўнлаб мамлакатлар киритилган ва у мунтазам равишда янгилаб борилади. Биз ҳам умид қиламиз, тез орада мазкур рўйхатга Ўзбекистон ҳам киритилади. Ўйлайманки, қандай ижобий қадам қўйилмасин, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни, хусусан туризмни ривожлантиришга қўйилган қадам бўлади», – деди Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси.

 

манба: https://kun.uz/02650011

Страница 57 из 635
Top