muslim.uz

muslim.uz

Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида бино қурилишига доир янги талаблар жорий қилинди. Унга кўра ҳар қандай мақсадда қуриладиган бинолар экологик талабларга жавоб берсагина қуришга рухсат берилади.

         Мутахассислар томонидан мазкур сертификатлаш тизимига “ал-Сафат” яъни, “Хурмо дарахтининг новдаси” маъносида ном берилди.

         “Эко Бино” талабларига жавоб берадиган биноларнинг ўзига хослиги шундан иборатки, у бошқа оддий биноларга нисбатан электор энергиясини 20 %, сувни эса 15 % кам сарф этади, шунингдек, янги бинолар атроф муҳитга эскиларига нисбатан 20 % кам зарарли моддалар чиқаради.

         Сертификатлашда ўзига хос баҳолаш  тизими мавжуд бўлиб, унга кўра янги экобинолар 4 босқичда баҳоланади. Яъни, “Платинум”, “Олтин”, “Кумуш” ва “Бронза”. Мазкур сертификатлаш тизими 2016 йил сентябрь ойидан ҳаётга тадбиқ қилиниши маълум қилинган.

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

 

                                                                              

Понедельник, 18 Июль 2016 00:00

1-тур натижалари

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган навбатдаги футбол турнири бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги футбол жамоалари ўртасида ўтказилаётган футбол турнири нафақат юртимизда, балки чет элдагилар учун ҳам ўзига хос янгиликка айланди. 15 июль кунги ўйинлар голларга бой бўлгани билан мухлислар қизиқишига сабаб бўлди. 1-тур ўйини давомида “Ҳазрати Имом” жамоаси ҳужумчиси Айдарбек Тулепов энг чиройли гол муаллифи бўлди.

1-учрашув натижалари:

Дўстлик (ТВИ) 6 - 4 “Минор” (ТШИ)

Ҳазрати Имом (ЎМИ) 14 - 4 “Мовароуннаҳр”

“Бухорий авлодлари” (ТИИ) 8 - 1 “Кўкалдош”

Эслатиб ўтамиз: кейинги тур ўйинлари шу йилнинг 19 июль (сешанба) куни бўлиб ўтади. Унда қуйидаги жамоалар ўзаро беллашади:


Дўстлик (ТВИ) - “Бухорий авлодлари” (ТИИ)

Ҳазрати Имом (ЎМИ) - “Кўкалдош”

“Минор” (ТШИ) - "Мовароуннаҳр”

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Понедельник, 18 Июль 2016 00:00

ОЛИМ БЎЛДИ

Ривоят қилинишича бир бадавий араб Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб, “Ё Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам), менга бир нарсани ўргатиб қўйинг-ки, ундан менга кўплаб фойдалар етсин”, деди.

Шунда Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалардан бирини чақириб, “бунга Қуръони карим ўқишни ўргатиб қўйнглар”, дедилар.

Саҳоба Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек Қуръондан таълим бера бошлади. Илк сабоқни Қуръони каримнинг “Залзала” сурасидан ўргатиб, суранинг охирги «Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар» (Залзала, 7-8) оятларига етганда бадавий араб “менга шу етарли”, деди. Саҳобий унинг бу сўзларидан ҳайратланиб, “қандай қилиб бу сенга кифоя қилади”, деб сўради. “Ҳа, чиндан ҳам бу илм менга етарли”, деди.

Саҳобий Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган воқеани баён қилди. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўғри айтибди, уни тинч қўйинг, биргина оят сабабли у олимлардан бўлди”, дедилар (Абу Довуд ривояти).

 

 

Пятница, 15 Июль 2016 00:00

АЖДОДЛАР ОРЗУСИ

Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва ҳасратда дунёдан ўтиб кетишди. Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан халос топди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди.

Барчаларимиз ҳозирги пайтда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисалардан огоҳ бўлиб, тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етябмиз, дунёнинг турли мамлакатларида давом этаётган нотинчликларнинг асл сабабларини янада яхшироқ тушунмоқдамиз.

Мустақиллик мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди.

Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Истиқлолимизнинг шарофатидандир. Агар биз Аллоҳ таоло ато этган мана шу неъматларга шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ояти каримада:

( لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ )

“...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим, 7) – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:

"الأمن والعافية نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس"

яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Табароний ривояти).

Халқимизнинг янг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир.  Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг”, “Уруш томошабинга осон”  каби мақолларида ҳам тинчлик  қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежизга тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

(يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ)

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).

Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “ер юзида бузғунчиликка” йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди.

(كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ)

яъни: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!(Бақара, 60).

Аммо минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда Аллоҳ таоло душман деб ҳисоблаган шайтон найрангларига алданиб, яратилган барча неъматлардан фойдалана туриб, ношукрлик қиладиган, ғанимлар ноғорасига ўйнайдиган, ўз юртига қарата тош отадиган нобакор шахслар ҳам йўқ эмас. Айниқса, дунёнинг турли давлатларида бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам экстремистик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолат ботқоғига ботиб қолган кимсаларнинг борлиги кишини бениҳоят ранжитади ва сергакликка чорлайди.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик.

Жамият тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Тарих шоҳидки, Ислом дини инсониятга диний бағрикенглик, мурувват, адолат, раҳм-шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, аҳиллик олиб келган ягона диний низом бўлди. Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

Яхшилик қилишдан чарчамайлик, азизлар. Ҳақиқий инсонийлик сифати Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат жаннатдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадиси шарифларининг бирида марҳамат қилиб: “Кимики, бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимдаки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур”, – деб айтганлар.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимиз тинчлигини барқарор айлаб, халқларимизнинг фидокорона қилаётган меҳнатларига муносиб ажр-мукофотлар ато этсин! Омин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими Муслим Атаев

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида, 2016-2017 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари тасдиқланган низомга кўра, “Она тили” фанидан диктант ҳамда “Маънавият ва маърифат”, “Чет тили”, “Тарих” фанларидан тест синовлари бўлиб ўтган эди.

Бугун 15 июль куни имтиҳон натижалари эълон қилинди. Унга кўра, ҳар бир билим юртига, имтиҳонларда энг юқори балл тўплаган 24 тадан абитуриент ўқишга қабул қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Хадичаи кубро” аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юртига 20 та ҳамда Бухоро шаҳридаги “Жўйбори калон” билим юртига эса 16 нафар абитуриент билим юрти талабаси бўлиш бахтига мушарраф бўлишди.

 Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Видеолавҳалар

Top