muslim.uz

muslim.uz

Хиванинг Ичан-қалъа тарихий маркази Япония ҳукумати кўмагида Жаҳон мероси маркази томонидан жорий йилнинг январь ойида чоп этилган ЮНЕСКОнинг асосий йиллик тақвимига киритилди, деб хабар қилмоыда «Дунё» АА.

Тақвимда мазкур тарихий ансамблнинг ранг-баранг ва бир бирини такрорламайдиган фотосуратлари билан бирга француз, инглиз ва испан тилларида Ичан-қалъа ҳақида маълумот жойлаштирилган.

Ичан-қалъа Хивадаги ички шаҳар (10 м баландликдаги ғишт деворлар билан ўралган) экани, тарихда Эрон сари йўл олган карвонлар учун чўлни кесиб ўтишдан олдин сўнгги бекат вазифасини ўтагани таъкидланган.

«Шаҳарда кўплаб қадимий ёдгорликлар сақланиб қолинган. Шу сабабли у Марказий Осиё меъморчилигининг ажралмас ва яхши сақланиб қолган намунаси сифатида эътироф этилади, - дейилади ЮНЕСКО тақвимида. – Қадимий қалъа ичида Жума масжиди, мақбара ва мадрасалар каби бетакрор иншоотлар, шунингдек, 19 аср бошларида Хива хони Оллоқулихон томонидан қурилган иккита муҳташам сарой мавжуд».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четверг, 03 Февраль 2022 00:00

Ризқ адашиб кетиши мумкин эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ибн Аби Дунё ва ал-Ҳоким ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Руҳул қудус менинг кўнглимга «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас. Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У Зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони солди», деганлар.

Бу ҳадисдан ҳам бир неча муҳим фойдалар оламиз:

1. Ҳар бир жон ризқини тўла олиши муқаррар экани.

2. Талаби ризқни тақво асосида, ҳалол йўл билан қилиш зарурлиги.

3. Ризқи кеч қолса, ҳаромга қўл уриш мумкин эмаслиги.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсага эришаман деган одам У Зотга тоат қилмоғи лозимлиги.

Имом Байҳақий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Албатта, ризқ бандани худди ажали уни қувгандек қувиб юради».

Демак, ризқ адашиб кетиши мумкин эмас экан.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Албатта, Аллоҳ покдир ва покдан бошқани қабул қилмас. Албатта, Аллоҳ мўминларга расулларга амр қилган нарсани амр қилган, «Эй пайғамбарлар! Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни ўта билувчиман», деган».

Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди. Ажру савоб ҳам шунга боғлиқ. Аллоҳ таоло ҳаром, нопок ризқни қабул қилмайди. Балки унинг сабабидан жазолайди, азоб беради.

Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканлигига иймон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди.

У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат билан саодатли турмуш кечиради.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Қадим ва бой тарихга эга Ўзбекистонда муқаддас зиёратгоҳ ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади. Қолаверса, юртимиздаги юзлаб кўҳна ва бетакрор обидалар асрлар давомида жаҳон аҳлини лол этиб келади. Шу боис уларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, тиклаш, ободонлаштириш, келажак авлодга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

ЎзА хабарига кўра, Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва мақбара бор. Тарихчи Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона (водий)да машҳур бўлиб, “Работи сароханг” деган жойда “Кох” деб аталадиган (ҳозирги Қиличмозор) бир қишлоқда. Одамлар зиёрат учун ҳамиша у ерга бориб турадилар» деб ёзилган.

Қиличмозор қишлоғидаги Қутайба ибн Муслим (р.а.) мақбараси устига ўрнатилган тошга шундай битиклар ёзилган: «Ва ул одамларки, Аллоҳ йўлида ўлдирилдилар, аларни ўликлар деб гумон қилмагин. Балки алар тирикдурлар. Парвардигорларин қошида аларға ризқ берилур». Оли Имрон сураси, 169-оят. Турли тарихий манбаларда келтирилган ривоятларга кўра, бутун Мовароуннаҳрни бўйсундирган Қутайба ибн Муслим (р.а.) Фарғонанинг Работи Сарҳанг деган жойида оташпараст шоҳлардан Ку Лунж аскарлари зарбасига дош бера олмай тўхтаб қолади.

Мустаҳкам қўрғонни қамал қилиб ҳам душманни енга олмайди. Ислом саркардаси туну кун ибодат қилиб, намозларида Аллоҳдан синоат кўрсатишини сўраб дуо қилади.

Яратганнинг қудрати ила мўъжиза юз беради.Оташпарастлар шоҳининг қизи малика Султон бегим қалбини очади. Қиз тушида кўрган, юзидан нур ёғилиб турган оқсоқолнинг даъвати ила имон келтиради. Муслима Султон бегим иймон келтирар экан Аллоҳ йўлида мислсиз жасорат кўрсатади. Ўз отаси, ўз эътиқодига қарши чиқиб, мусулмонларга ғалаба олиб келувчи ягона йўл - қалъага ичимлик суви келувчи яширин сув йўлини кўрсатиб беради. Сув беркитилади. Сувсизликдан оташпарастлар таслим бўлади. Қутайба (р.а) иймон келтириб, ўз халқини исломга даъват этган маликага уйланади ва учта фарзанд кўради.

Тарихий маълумотларга кўра, Қутайба ибн Муслим (р.а.) (660 - 715) йирик ислом фотиҳларидан бўлиб, ҳарбий саркарда, тажрибали лашкарбоши эди. Милодий 706 йилда халифа Юсуф Ҳажжож Абдумалик ибн Марвон фармони билан Хуросон амири лавозимига тайинланган ва унга Мовароуннаҳрни матҳ этиш вазифаси юклатилган. Қутайба (р.а.) 706-713 йилларда тўлиқ ғалаба қилиб, ўлкага ислом динини олиб кирди ва уни мустаҳкамлиги учун улкан замин яратди. Юсуф Ҳажжож вафотидан сўнг унинг ўғли Сулаймон ибн Абдулмалик тахт талашиб Қутайба (р.а.) қўшини орасида исён уюштиради. Лашкарбошиси Вакиʼ ибн Хассан саркардани қатл этади. Қатл этилган саркарда яқинлари ва фарзандлари билан Фарғона водийсидаги қишлоқлардан бирига дафн этилади.

Айрим манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Қутайба (р.а.) дафн этилган жойни муқаддас билиб, буюк ислом саркардасининг қабри устига Самарқанддан меъмор жўнатиб, кўркам ва маҳобатли мақбара қурдирган. Бу мақбара 1935 – 1936 йилларда даҳрийлар томонидан бузиб ташланган. 1975 - 1978 йилларда Андижон вилояти биринчи раҳбари бўлиб ишлаган Бектош Раҳимов ташаббуси билан мақбара миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта қурилган. Икки хонали мақбаранинг асосий хонаси ташқаридан квадрат асосида бўлиб, ичкариси саккиз бурчакли, томонлари чуқур меҳробсимон равоқлар билан кўтарилиб, диаметри 5,5 метрли гумбаз билан ёпилган, гумбаз ўртасида эса қабр жойлашган бўлиб, мақбара ғарбидаги даҳлиз зиёратчилар учун мўлжалланган эди. Қутайба ибн Муслим (р.а.) дафн қилинган мазкур жой ҳақида тарихчи Наршахий, XVI аср муаррихи Жамол Қарший, академик В.В.Бартолд асарларида ҳам турли маълумотлар келтирилган.

Бугунги кунга келиб ушбу маскан зиёратгоҳга айланди. Ислом тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган улуғ зот номи билан аталувчи мазкур зиёратгоҳ 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.

– Кейинги йилларда вилоят, туман ҳокимликлари, сахий инсонлар кўмагида зиёратгоҳни кенгайтириш, ободонлаштириш борасида катта ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда, – дейди зиёратгоҳ мутасаддиси Саидаббосхон Сайдуллаев. – Айни кунларда қурилиш ишлар қизғин давом этмоқда. Насиб этса, зиёратгоҳ бутунлай янгича қиёфага эга бўлади, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилади. Махсус лойиҳа асосида мажмуа сифатида барпо этилаётган зиёратгоҳ ҳудудида 2 қаватли уч минг намозхонга мўлжалланган масжид, айланасига музей, кутубхона ва зиёратчилар учун алоҳида хоналар қурилмоқда. Мажмуа ўртасида жойлашган қабр устига баландлиги 20 метр бўлган гумбаз, гумбазнинг тўрт томонида зиёратчилар учун ўзига хос кўринишга эга навеслар, мақбарадан унча узоқ бўлмаган жойга фаввора қурилмоқда.

– Андижон – Хонобод автомагистраль йўлидан зиёратгоҳга олиб келувчи қарийб 1 километрли катта йўл чиқарилиб, йўл четларига 500 тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари экилди, – дейди Жалақудуқ тумани ҳокими Ҳикматилло Латипов. – Яқин йиллар ичида Қутайба ибн Муслим (р.а.) зиёратгоҳи меҳмонлар ва зиёратчилар билан гавжум янада обод масканга айланади. Бугун зиёратгоҳда олиб борилаётган қурилиш, ободонлаштириш ишларида Жалақудуқ туманидаги корхона, ташкилотлар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, қўйингки, жуда кўп саховатпеша инсонлар яқиндан ёрдам бермоқда.

Қутайба ибн Муслим (р.а.) зиёратгоҳига нафақат юртимиздан, балки яқин ва узоқ хорижий давлатлардан ҳам меҳмонлар, сайёҳлар тез-тез келиб туради. Зиёратгоҳни обод масканга айланиши, зиёратчилар учун яратилаётган қулайликлар шубҳасиз, бу ерга келувчи турист ва зиёратчилар оқимини янада кўпайтиради. Қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида қадим тарихимизга, юртимиз заминида яшаб ўтган улуғ зотларга бўлган ҳурмат, юртдан фахрланиш туйғуларини янада мустаҳкамлайди. Зиёратгоҳдаги асосий қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари жорий йилнинг охирига қадар якунланиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ЎМИ матбуот хизмати

Буюк Британиянинг нуфузли «The Times» газетасида «Май ойи қаерда ҳаво иссиқ бўлади?» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мақолада баҳорнинг сўнгги ойида саёҳат қилиш учун дунёдаги энг яхши жозибадор жойлар рўйхати тақдим этилган. Британия нашри ушбу рўйхатга Ўзбекистонни ҳам киритди.

Муаллиф Ричард Меллор 2019 йил баҳор фаслида мамлакатимизда бўлган.

Нашрда Шимолий яримшарда қиш ойлари якунига етгач, кўпчилик дам олш учун Жанубий Европа мамлакатлари, хусусан, Италия, Греция ва Туркияни танлаши таъкидланган. Баҳор фаслида Тунис ўзининг тарихий диққатга сазовор жойлари, Япония гулларга бурканган боғлари, Замбия ва Шри-Ланка эса ёввойи табиати билан сайёҳларни жалб этади. Шу билан бирга, муаллиф май ойида узоқ муддатли таътил учун Буюк Ипак йўли йўналишида жойлашган Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар бўйлаб сафар қилишни тавсия этади. Унинг ёзишича, Ўзбекистонда бу даврда ўртача ҳарорат 20 даражадан ошади. «Бу пайтда Тошкентдаги қадимий Чорсу бозори ўрик, олма, қулупнай каби баҳорий мевалар билан тўлади, - деб қайд этади нашр. – Шарқ бозорининг муҳити, турли зираворлар ҳиди ва тандирда янги пиширилган нон иси кишига лаззат бағишлайди».

Ричард Меллор ўқувчиларга Тошкентдан кейин, албатта, Самарқандга боришни тавсия қилади. «Ушбу муҳташам ва қадимий шаҳар мовий гумбазли масжидлари, Шоҳи-Зинда ёдгорлик мажмуаси билан машҳур», - дея қайд этади мухбир.

Журналист, шунингдек, Буюк ипак йўлида жойлашган яна бир шаҳар -Бухорони ҳам зиёрат қилиш зарурлигини таъкидлаган. «Бухоро шаҳри марказида жойлашган муаззам минора сизни, албатта, ўзига мафтун этади. Қуруқ ва илиқ ҳавоси май ойини саёҳат қилиш ва унутилмас таассуротлар олиш учун энг муносиб вақтга айлантиради», - деб ёзади муаллиф.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top