muslim.uz

muslim.uz

Айни кунларда интернет ва ижтимоий тармоқларда турли ҳудудлардаги ис газидан заҳарланиш оқибатида вафот этган ҳамюртларимиз ҳақидаги хабарларни ўқиб, чуқур ўйга толасан киши.

Тасдиқланган статистика маълумотларига кўра, Республикамиз ҳудудида 2021 йилда ис гази билан боғлиқ жами 74 та холат аниқланиб, ушбу холатларда 67 нафар фуқаро заҳарланган ва 128 нафар фуқаро вафот этган бўлса, жорий йилнинг 25 январь ҳолатига кўра, 16 ҳолатда 9 нафар фуқаро заҳарланган ва 28 нафар фуқаро вафот этган.

Ушбу нохуш ҳолатларнинг барчасини ўзига хос сабаблари бор. Совуқ кунларда ҳар бир оила хонадонини иситиш мақсадида турли мосламаларидан фойдаланади. Уларнинг орасида қўлбола, носоз ёки яроқсиз ҳолатдаги ускуналардан фойдаланаётганлар ҳам бор. Бу эса нохуш вазиятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол.

Мусулмон одам ўзини ва аҳлини хавфдан асраши ва бунинг учун эътиборсизлик қилмай олдини олиш чораларини пухта қилмоғи лозим. Зеро, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).

Агар киши ўз эҳтиёт чораларини кўрмаса ва унга зарар етса, мазкур ҳолатда бошқа кимса айбдор бўлмайди. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Кимки уйнинг атрофи панжара билан ўралмаган томида ётса ва унга бирор кор-ҳол бўлса, бошқалар бунга жавобгар бўлмайди” (Имом Абу Довуд ривояти, Сунан, 5041, Саҳиҳул Жомеъ, 6113, унинг Авнул Мабуддаги шарҳи, 13/384). Бунинг сабаби ухлаб ётган киши уйқусида ағдарилиши мумкин ва агарда панжара бўлмаса, йиқилиб тушиб, ўлиши мумкин. Бундай ҳолатда унинг ўлимида ҳеч ким айбдор бўлмайди ёки унинг лоқайдлиги шунга олиб келдики, Аллоҳ уни Ўз ҳимоясидан маҳрум этди, чунки у олдиндан керакли эҳтиёт чораларни кўрмади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ботгандан сўнг болаларингизни уйда тутиб туринглар, чунки шайтонлар шу пайтда қўзғаладилар. Сўнгра кечқурундан бир соат ўтса, болаларингизни қўйиб юборинг, эшикларингизни беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, бир чўп қўйиб бўлсада хумдонларингиз оғзини беркитинг ва Аллоҳ номини зикр қилинг, чироғларингизни ўчиринг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 10/88-89).

Имом Муслим ривоятида эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эшикларингизни беркитинг, идишларингиз устини ёпинг, чироғларингизни ўчиринг ва боғичларингизни маҳкам тугунланг (яъни хумдонларингизни устини ёпинг – у замонларда одамлар хумдон оғзига матоҳ ёпиб, уни тугунлаб боғлашарди), чунки шайтон беркитилган эшикни очолмайди, усти ёпилган нарсани очолмайди, сиз боғлаган тугунни ечолмайди. Ва сичқон ёнғин чиқаролмайди (яъни чироғни ағдариб, уйда ёнғин чиқариш маъносида)” (Имом Аҳмаднинг Муснаддаги ривояти, 3/103; Саҳиҳул Жомеъ, 1080)

Яна бир ҳадисда эса Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ухлашга ётаётганингизда уйдаги оловни ёниқ ҳолда қолдирманг” (Имом Бухорий ривояти, Фатх, 11/85).
Демак, мусулмон одам ҳар бир ишда аввало эҳтиёт чораларни кўриб, ўзи ва ўзгаларга зарар етмайдиган тарзда сабабларини қилиб сўнгра Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши “Ё Расулуллоҳ, (уловимни) тушовлаб туриб таваккал қилайми ёки қўйвориб таваккал қилайми?” деди. Бас, у зот: “Уни тушовлаб туриб кейин таваккал қил” дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифдан таваккал қилиш билан бирга сабаб бўладиган ишларни ҳам пухта равишда олиб бориш лозимлиги келиб чиқади. Чунки таваккал қалб иши, бу нарса банданинг қалбига, нияти ва эътиқодига боғлиқ амал. Воқеликдаги ишларнинг юзага келиши эса Аллоҳ таоло томонидан жисмга ва унинг аъзоларининг амалига боғлиқ қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Воскресенье, 30 Январь 2022 00:00

Исломда ҳижрат масаласи (видео)

Рахматжон домла Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Ўмон Султонлигида чоп этиладиган «Asdaa Oman» газетаси саҳифасида «Ўзбекистон Халқаро Ислом aкадемияси талабалари Манаҳ шаҳрида араб тилини ўрганишади» сарлавҳали мақола босилиб чиқди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда Тошкентдаги Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг бир гуруҳ талабалари 2022 йилнинг 23 январидан 19 мартига қадар ажнабий тилларда сўзлашувчиларга араб тилини ўргатиш бўйича Султон Қобус коллежида таҳсил олиш учун Ўмон Султонлигининг Манаҳ шаҳрига етиб келишгани ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Мақолада қайд этилишича, ўзбекистонлик талабалар икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида йўлга қўйилган араб тилини ўрганиш курсларини ўташади.

Газетанинг маълум қилишича, бу коллеж томонидан 2021-2022 ўқув йили учун эълон қилинган тил ўрганиш курслари туркумининг учинчи давраси ҳисобланади. Дастлабки иккита курс масофадан туриб ташкил этилган бўлса, ушбу учинчи давра машғулотлари пандемия даврида ижтимоий масофа ва тавсия этилган эҳтиёт чоралари ҳисобга олинган ҳолда офлайн шаклда уюштирилди.

Ушбу ўқув тадбири Султон Қобус коллежи ташкил этилганидан бери ажнабий тилларда сўзлашувчиларга араб тилини ўргатиш мақсадида ўтказилаётган интенсив курсларининг 42 давраси ҳисобланади.

Коллеж дунёнинг турли мамлакатларидан талабаларни қабул қилиши анъана тусини олган. Ҳозирга қадар ана шундай давлатларнинг умумий сони 55 тага етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Воскресенье, 30 Январь 2022 00:00

Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Қиз бола – оила, миллатнинг юзи!
Дарс бўлсин отанинг биргина сўзи,
Ғафлатда қолмасин онанинг кўзи,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ножўя бўлмасин босган қадами,
Беҳуда ўтмасин ҳеч бирор дами.
Онадир қизининг яқин одами,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Майли, танимасин етти маҳалла,
Юмуш-ла овунсин зериккан палла.
Овози чиқмасин зинҳор баралла.
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Катта олдида ўзини тутиб,
Нокерак сўзларни ичига ютиб.
Асло гап "сотмасин" отадан ўтиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ака-ю укасин ори бўлур – Қиз,
Ёҳуд бўйнидаги дори бўлур – Қиз.
Кун келиб кимнингдир ёри бўлур – Қиз,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Олифта кийиниб, тўйма-тўй юриб,
Баъзида келмаса уйига қайтиб.
Тилимни тирнамай барисин айтиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Беҳаё юз турфа рангга бўялиб,
Рақс этар, кимгадир ногоҳ суялиб.
Лаънатлагинг келар кўрсанг уялиб,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Келин бўлиб боргач бегона уйга,
Ўзини солганча минг битта куйга.
Борсам дер безаниб, байрам ё тўйга,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ахир тарки одат – амримаҳолдир,
Яна ўша шўхлик, яна шу ҳолдир.
Бундан қайнота-ю қайнона лолдир,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Хаттоки ёрини писанда қилмай,
Муросага кўнмай, ҳурматин қилмай.
Хатога йўл қўяр иззатин билмай,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Ҳар бир қадамида еявериб панд,
Тарбия тополмас, қийналиб ҳаргиз.
Кўзлари очилмас, кўрса-да фарзанд,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

Сўзларим беғараз, ғийбатдан холи,
Дейман: Қизларимиз бўлсин ҳаёли!
Уйим-жойим дегай ўзбек аёли,
Кўчага ўрганиб қолмасин қизлар!

@INSONIYLIKUZ_IIR

"Forbes" 2022 йилда саёҳат учун энг яхши 50 йўналиш рўйхатига Ўзбекистонни ҳам киритди

"Ўзбекистоннинг ажойиб инфратузилмаси сизга мамлакат пойтахти Тошкентдан Самарқанд, Бухоро ва Хивага – Буюк Ипак йўлидаги тўхташ жойларига – бемалол саёҳат қилишингизга имкон беради. Шаҳарлар тезюрар поездлар билан яхши боғланган",-дейди нашр хабарда.

Darakchi.uz хабарига кўра, унда Хивадаги Ичан қалъа биринчи бўлиб маданий обидалар рўйхатига киритилгани ҳам таъкидлаб ўтилган.

"Шу жумладан, саёҳат давомида Бухоронинг кўплаб безакли қадимий мадрасаларини(мактабларини) ўтказиб юборманг, Бухоро Аркига гувоҳ бўлинг ва савдо гумбазларидан эсдалик совғалари харид қилишни унутманг",-дейилади.

Нашр Самарқанднинг нафис Регистонини ҳам унутмаган. Майдон кишини ҳайратга солишини таъкидлаган.

Таомларга ҳам тўхталиб ўтилиб, Тошкентда қўзичоқ гўшти ва майдаланган сабзи қўшилган, мамлакатнинг анъанавий таоми бўлган паловни истеъмол қилинг, дея тавсиялар бериб ўтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top