muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Среда, 08 Ноябрь 2023 00:00

Аҳли сунна манҳажи

Баъзи тоифалар Аҳли сунна вал жамоанинг икки буюк мактаби Ашъарий ва Мотуридийларни «жаҳмий» ёки «муъаттила» деб аташади. Бундай гап-сўзлар кўпинча Мушаббиҳалар томонидан айтилади. Аслида, Ашъарий-Мотуридий, Жаҳмий ва Мушаббиҳалар ўртасидаги фарқ қандай? Қуйида бундан хабардор бўламиз:

1) Жаҳмийлар - Аллоҳ таолонинг илм, ирода ва шу каби сифатларини бекор, деб айтадиган тоифа. Жаҳмийлар Аллоҳ таолонинг сифатларини кетказиш билан танилган. Шунинг учун ҳам улар "Муъаттила" номини олган. Уларнинг бу гаплари ботил ва бекордир. Қуръони карим ва суннати набавийда Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларининг баёни келган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундан пок Зотдир!

2) Мушаббиҳалар - Аллоҳ таолонинг сифатларини бор, дейишади. Бироқ, у сифатларни ҳиссий маънога буришади ва Аллоҳ азза ва жаллани яратган нарсаларига ўхшатишади. Уларнинг наздида У жисм, чегараланган, Аршга тегиб туради ва шу каби гап-сўзларни кўпайтиришади. Аллоҳ таоло буларнинг барчасидан олий ва пок Зотдир!

3) Ашъарий-Мотуридийлар - Аллоҳ таолонинг сифатларини бор, дейишади. Бу билан муъттилачи Жаҳмийларга хилоф қилишади. Шунингдек, бу сифатлардан илк зеҳнга келадиган ҳиссий маъноларни даф қилишади. Бу билан эса Мушаббиҳаларга хилоф қилишади!

Аҳли сунна вал жамоанинг икки Ашъарий ва Мотуридий мактаблари мана шундай васатийлик йўлини танлаганлар. Бунда уларнинг асослари Қуръони карим ва суннати набавийдир!

___________

* Таътил сўзининг маъноси "кетказиш", "бекор қилиш" бўлиб, истилоҳда Аллоҳ таолодан сифатларини кетказиш ва бекор қилиш маъноларида ишлатилади. Тарихда бу билан энг кўп Жаҳмийлар танилган.

* Ташбеҳ сўзининг маъноси "ўхшатиш" бўлиб, истилоҳда худди тамсил каби Аллоҳ таолонинг Зоти ва сифатларини бандаларнинг сифатларига ўхшатишдир. Бундай тоифалар "Мушаббиҳа"лар, деб номланади.

Среда, 08 Ноябрь 2023 00:00

Маййит ҳам эшитади

Икки шайх (Имом Бухорий ва Имом Муслим) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Банда қабрига қўйилса ва дўст-у ёрлари ортларига қайтишса, уларнинг оёқ товушларини эшитади. Икки фаришта келади ва уни ўтқазиб қўйишади...».

Ушбу ҳадиси шарифда маййитнинг оёқ товушларини эшитиши собитдир. Унга айтилган сўзларни эшитиши эса батариқа авлодир.

Аммо, Ибн Ҳумом роҳимаҳуллоҳнинг аксар ҳанафий машойихлари «...уларнинг оёқ товушларини эшитади» ҳадисига қабрга қўйилганида илк сўроқ олдидан эшитади, деб жавоб беришган, деган сўзларига келсак, ҳадиснинг зоҳирига хилофдир. Қабрда бу ҳолат доимий ҳосил бўлиши ҳақида далилларни юқорида келтириб ўтдик. Ушбу далиллар маййитнинг давомий эшитишининг собит эканини тақозо қилади.

«Тавассул — ҳукмлари ва турлари» китобидан 34-Б, Шайх Муҳаммад Обид Синдий Ансорий

Среда, 08 Ноябрь 2023 00:00

Ҳақ ва ботил

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 
«Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни У Зотнинг йўлидан ажратурлар. Ушбуларни сизга тавсия қилдикки, шояд тақво қилсангиз». (Анъом сураси, 153- оят).

1. Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлга – Исломга эргашишга буюрди. Аллоҳнинг улуғ китобида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган кўрсатмаларга мувофиқ амал қилишимизга, саҳоба розияллоҳу анҳумлар у зотдан қабул қилиб олиб, ўзларидан кейингиларга етказганларига, кейин ҳозирги кунимизгача авлоддан авлодга ўтиб келган илмларга мувофиқ, ҳар бир замон ва маконда сиқо – ишончли уламолар силсиласи нақл қилган шаръий илмларга мувофиқ йўл тутишимизга буюрди.

2. Аллоҳ таоло бизни залолатга кетган, қинғир йўлдагиларга эргашишдан қайтарди. Ҳолбуки улар залолатларини бошқаларга зийнатлаб кўрсатиб, унга чорлашади. Улар бир неча тоифадир:
- қандайдир фалсафалар уйдириб олиб, пайғамбарлар ва улар олиб келган рисолатларни ёлғонга чиқарадиганлар;
- самовий китобларни бузиб, уларда келган аҳкомларни ўзгартириб юборадиганлар;
- Исломга, Расулуллоҳга, Қуръон ва суннатга, уламоларга нисбатан шаккоклик қиладиганлар;
- гуноҳ-маъсиятлар қилишга чорлайдиганлар;
- Исломни ҳавои нафсларига кўра изоҳлайдиганлар. Улар ўта хатарлидирлар. Илмни даъво қилишади, аммо ҳақни ботилга аралаштириб юборишади. Ўзларини тўғри йўлда, қолганларни эса залолатда деб ўйлашади.

3. Ишончли уламолар билан илмни даъво қилаётганларни қандай фарқлаймиз?
- ҳар бир замон ва маконда санадлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача уланган шайхлардан илм олган уламолар бўлади.
- шунингдек, ҳар бир асрда ўша муборак илмий силсиладан ажраб чиққанлар ҳам бўлган. Уларнинг ўз номлари бўлиб, ўша номлар билан танилишган. Бундай кимсалар нубувват асрида «мунофиқлар» деб, саҳобалар асрида «қадарийлар» деб, тобеъинлар асрида «муътазила», «муржиъа» ва «жабарийя...» деб аталган. Бундайлар ҳозирги кунимизгача давом этиб келмоқда.
- саводул аъзам – уламоларнинг оммасидан илм олинади. Улардан ажралиб, алоҳида бўлиб олган озчиликлардан эмас.
- ким бу хусусда иккиланиб қолгудек бўлса, кўп истихора, дуо ва Аллоҳга илтижо қилсин, шунда Аллоҳ унинг қалбини ҳаққа ва ҳақ аҳлига йўллаб, ботил ва ботил аҳлидан буриб қўяди.
Аллоҳим, тўғри йўлга йўллаган бандаларинг қатори бизларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилгин!

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

 

 

Бугун, 7 ноябрь куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров бошчилигида бир гуруҳ имом-хатиблар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Пахтачи туманидаги "Ғойиб ота" ва "Абдукарим бобо" жоме масжидларининг ҳовлисига мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишди.

Мазкур тадбир Нарпай тумани "Кўк ота" жомесида ҳам давом этди. Ушбу хайрли тадбирда вилоятда фаолият юритаётган барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ва мазкур тумандаги имом-хатиблар иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Бектош Бердиев, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси

Страница 47 из 301

Видеолавҳалар

Top