muslim.uz

muslim.uz

Вторник, 15 Ноябрь 2022 00:00

Одамлардан умид қилиш (4-қисм)

Инсон нафсининг касалликларидан бири – Аллоҳга таваккул қилишдан кўра, одамларга суяниш, ҳатто улар ўзларига ёрдам беришга қодир бўлмасада, улардан ёрдам сўраш. Ушбу касаллик Аллоҳ таоло барча махлуқотларига ризқ беришни зиммасига олган бўлишига қарамай инсон ўз ризқи ҳақида борасида қайғурганида ҳам намоён бўлади.

 

Муолажа услуби

Бундай касалликдан халос бўлиш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдаси асосига иймонни мустаҳкам қилиб барпо этиш лозим. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿وَإِن يَمۡسَسۡكَ ٱللَّهُ بِضُرّٖ فَلَا كَاشِفَ لَهُۥٓ إِلَّا هُوَۖ وَإِن يُرِدۡكَ بِخَيۡرٖ فَلَا رَآدَّ لِفَضۡلِهِۦۚ يُصِيبُ بِهِۦ مَن يَشَآءُ مِنۡ عِبَادِهِۦۚ وَهُوَ ٱلۡغَفُورُ ٱلرَّحِيمُ ١٠٧﴾

“Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир" (Юнус сураси, 107-оят).

Қолаверса, Аллоҳ таолонинг ушбу оятини ҳамиша ёдда сақлаш керак:

﴿۞وَمَا مِن دَآبَّةٖ فِي ٱلۡأَرۡضِ إِلَّا عَلَى ٱللَّهِ رِزۡقُهَا وَيَعۡلَمُ مُسۡتَقَرَّهَا وَمُسۡتَوۡدَعَهَاۚ كُلّٞ فِي كِتَٰبٖ مُّبِينٖ ٦﴾

Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан китобда[1] бордир" (Ҳуд сураси, 6-оят).

Бир куни Аҳнаф ибн Қайс раҳимаҳуллоҳдан: “Қандай қилиб сиз бу одамларга улар орасида каттаси бўлмай туриб бош бўлдингиз?" деб сўрашди. Ахнаф уларнинг саволига бундай жавоб берди: “Ўз вазифамни бекаму кўст бажаришга ҳаракат қилдим ва мен масъул бўлмаган ишларга аралашмадим. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:

﴿فَٱعۡبُدۡهُ وَتَوَكَّلۡ عَلَيۡهِۚ ١٢٣﴾

"Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг!" (Ҳуд сураси, 123-оят).

Агар банда одамларнинг ожиз, заиф ва фақат Аллоҳ таолонинг изни билангина бирор ёрдам беришлари мумкинлигини англаб етса бу касалликдан халос бўлади. Инсонларнинг ўзи ҳар бири ёрдамга муҳтожликларини билган одам бошқаларга суянмайди, балки фақат Аллоҳ таолога таваккул қилади.

 

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

"Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси" китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

 

[1] Бу оятдаги очиқ-равшан китобдан мурод – Лавҳул-Маҳфуз. Лавҳул-Маҳфуз коинотдаги ўтган, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва нарсалар битилган ўчмас лавҳдир.

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация АҚШнинг Пенсильвания, Нью-Йорк, Охайо штатларида бўлиб, у ерда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан бирга турли тадбир ва маросимларда қатнашди. Бундай учрашув Филадельфия шаҳридаги Исабет Ислом Академияси мажмуасида 500 дан ортик ватандошлар иштирокида ташкил этилди.

Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида “Mahalla USA” ва “Ватандош” нодавлат нотижорат ташкилотлари, “Абу-Ҳанифа” масжиди жамияти раҳбар ва фаоллари юртдошларимиз томонидан янги бунёд этилган “Абу-Ҳанифа” масжиди ҳамда Нью-Йорк шаҳридаги “Emir Palace” марказида турли диний суҳбатларда қатнашди. Ушбу тадбирларда мингдан ортиқ ватандошлар фаол катнашиб ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Бундан ташқари, Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон имом-хатиблари “Mahalla USA” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳузурида ташкил этилган “Зиё Арт” ўқув маркази ва “Пахтакор-Нью-Йорк” клублари фаолияти билан танишди. Марказда таҳсил олаётган ёш болалар ва уларнинг ота-оналари билан давра суҳбати ўтказилди. Унда имом-хатиблар ёшларни миллий руҳда тарбиялаш, фарзандларнинг одоб-ахлоқи ва таълим-тарбиясига катта эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида мавъиза қилдилар. Ватандош ташкилотлар фаоллари АҚШдаги юртдошларимизни тарихий Ватан атрофида жипслаштиришга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.

Ватандошларимиз Америкада ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришда фаол қатнашаётганларини таъкидладилар.

Уламоларимиз Оҳайо штатидаги Цинциннати шаҳрига сафар доирасида қурилиш ишлари бошланган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди қурилишини кўздан кечирдилар, масжид лойиҳаси билан танишиб, қурилишга оид ўз таклиф-мулоҳазаларини айтиб ўтдилар. У ерда Қуръон тиловати ва хайрли дуолар қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари “Greater Cincinnati” Ислом маркази директори Ашраф Тарабилсин ва имоми Шайх Муса билан учрашиб, ушбу ҳудудда истиқомат қиладиган ватандошларнинг жипслигини янада ошириш, Ислом маърифатини кенг ёйиш бўйича ўзаро суҳбатлашишди.

Мулоқот чоғида Шайх Муса Ўзбекистон заминидан Ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб уломалар етишиб чиққани, бугунги кунда мамлакатимизда диний соҳага ҳамда хориждаги юртдошларга қаратилаётган эътибор учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор қилишди.

Оҳайо штатида истиқомат қилаётган 600 нафарга яқин юртдошимиз иштирокида Ислом марказида ташкил этилган диний суҳбатда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, ҳамюртларимизнинг диний эркинларини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, янгиликлар ҳақида фикр алмашилди.

Суҳбат давомида ўзбекистонлик имом-хатиблар Ислом дини мазмун-моҳияти ҳақида оят ва ҳадислардан мисол келтириб маъруза қилишди. Хусусан, мазҳаблар орасидаги фарқлар, “Ҳанафия” мазҳабининг афзалликлари тушунтириб берилди.

Ҳар бир суҳбат ва маърузаларда фарзанд тарбияси, оила муқаддаслиги, қон-қариндошлик риштаси, ота-онага ҳамда яқинларига муносабат ҳақида ҳаётий мисоллар билан таъсирчан тарзда етказилди.

Америка заминидаги самимий ва амалий руҳда ўтган учрашувларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ватандошлар иштирокида ўзбекистонлик имом-хатибларни жалб қилган ҳолда, турли тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

("Ҳазрати Имом" масжиди, 04.11.2022)

Қуръони каримни биз инсонлар тадаббур қилишимиз, оятларидан эслатма олишимиз, уни ҳаётимизга татбиқ этишимиз учун нозил қилингандир. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай марҳамат қилади:

كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ

(سورة ص 29)

яъни: “Бу шундай китобки, Биз уни Сизга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз” дейди (Сод сураси 29-оят).

Манба

Шу йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг мутасадди раҳбарлари қатнашди.

Йиғилишда вилоят имом-хатиблари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди, келгуси фаолиятни самарали ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирда сўзга чиққан мутасадди вакиллар бугунги кунда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда имом-хатиблар доимо фаол бўлишлари, ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этишлари муҳимлиги, хусусан, ижтимоий тармоқларда турли ёт ғояларга қарши илмий жавобларни бериб боришлари лозимлиги таъкидланди. Бу борада ислом динининг асл манбалари Қуръони карим ва Суннати Набавияга бевосита таянган, илмий, асосли равишда шаклланган Ҳанафия мазҳаби ва Мотуридийлик таълимотини мусулмон халқимизга кенг етказиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар масжид ва маҳаллаларда ўтказилаётган суҳбатларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ташкил этишлари, уларни юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш билан бир қаторда, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида имом-хатиблар фаолиятини янада яхшилаш, аҳолимизнинг диний саводхонлигини ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими

Мақолалар

Top