Ҳадиси шариф

Жаннатга яқинлаштирувчи амал

Исломдаги энг гўзал буйруқлардан бири силаи раҳм, яъни, яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш, дўстларга меҳр-оқибат кўрсатишдир. Силаи раҳм аввало Аллоҳ таолони бандаларига буюрган амрларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи қўйиладиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз” (Нисо сураси, 1-оят).

Силаи раҳмда Аллоҳнинг розилиги, мўминлар ва фаришталарнинг хурсандчилиги, шайтонга ғам етказиш, умрнинг зиёдалиги ва ризқнинг баракаси каби гўзал хислатлар мужассам.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимни ризқи  кенг  ва умри баракали бўлишлиги  хурсанд қилса, силаи раҳмни боғласин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким умрини узун, ризқини кенг бўлишини ва ёмон ўлимдан қутулишни ҳоҳласа, қариндошлари билан алоқасини тикласин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу шунчалик улуғ ибодатки, уни бажарган киши қанчалик кўп ажр ва фойдалар топса, уни тарк қилган, унга бепарволик қилган одам шунчалик қаттиқ гуноҳкор ва зиёнкор бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Силаи раҳм савобидек тез келадиган яхшилик йўқ. Дунёда тезда азоб бериб, охиратда ҳам азоб келтирадиган гуноҳ силаи раҳмни узишликдир” (Имом Термизий, Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа ривояти).

Қолаверса, силаи раҳмнинг дўзахдан узоқлашишига ва жаннатга яқинлашишига сабаб бўладиган амаллар билан бир қаторда зикр қилиниши нақадар улуғ ибодатлигига далолат қилади.

Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир аъробий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалдан хабар беринг!”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка ва намоз ўқишга, закот беришга ва силаи раҳм қилишга буюрдилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Демак, силаи раҳм қилиш динимизнинг биз мўминлардан талаб қилган қатъий талаби. Шундай экан, бу гўзал амалга бепарво бўлмайлик.

 

Ёрбек  ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

2949 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Таҳорат олиб ётишнинг 6 фазилати

Мақолалар

Top