muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

Ислом банклари фаолияти

Бугунги кунда ислом банкларида анъанавий банк операцияларининг деярли барчаси, яъни депозит, кредит, аккредитив, ҳисоб-китоб, тўлов операциялари амалга оширилади.

Бугунги кунда жаҳоннинг 40 дан зиёд мамлакатида ислом банклари фаолият юритмоқда. «СарИа...» халқаро банклар рейтинг агентлигининг 2000 йил маълумотларига кўра, ҳозирда ислом банкларининг активлари 160 млрд. доллардан ошиб кетган. Классик ғарб банк тизими ўзига хос инқирозни бошидан кечираётган бир пайтда шариат аҳкомлари асосида муваффақият билан иш юритаётган нисбатан ёш банклар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Банкир ва олим Крис Барлтон ўзининг «Ривожланаётган бозорлардаги банклар» асарида ислом банклари фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилган. Унинг таҳлилига кўра ислом банклари капитали йилига 10—15 фоиз суръат билан ўсмоқда. Бу эса молия соҳасида жуда юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Кузатилаётган яна бир тенденция хусусида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Сўнгги пайтларда кўпгина ғарб банклари дунёнинг турли мамлакатларида ўзларининг исломий шўъбаларини очмоқдалар. «Чейз Манхэттен», «Голдмэн Сакс», «Ай — Эн — Джи», «Номура Секьюритиз», «Джей Пи Морган» ва бошқалар шулар жумласидандир. Американинг машҳур банкларидан «Ситибанк» махсус ислом фондлари учун 1 млрд. доллар маблағ ажратиши ҳам молия бозорида ислом банкларининг роли тобора ошиб бораётганлигидан далолатдир.

Бугунги кунда ислом банкларида анъанавий банк операцияларининг деярли барча операцияларини амалга оширмоқда. Улар саноат, аграр сектор, тижорат ва хизмат кўрсатиш соҳаларига катта маблағлар инвестиция қилмоқда.

Мазкур банклар қуйидаги тамойиллар асосида фаолият юритади.

  1. Мушорака— шерикчилик асосида, яъни банк ва тадбиркор томонидан лойиҳани биргаликда амалга ошириш.

Ислом банкларида амалга ошириладиган банк операцияларининг мушорака турида банк молиялаштиришдан кўзлаган мақсад муайян фоиз олиш эмас, балки олиниши керак бўлган фойдада иштирок этишдир.

Мушоракада олинган фойда қуйидагича тақсимланади:

— фойданинг бир қисми иш ҳақи, бошқарув ёки лойиҳани амалга

оширишдаги бошқа иштироки учун шерикка ажратилади;

— фойданинг қолган қисми эса шериклар, яъни банк ва тадбиркор ўртасида лойиҳага тикилган маблағнинг нисбатига кўра пропорционал равишда тақсимланади,

Бироқ, шуни таъкидлаш жоизки, иш натижаси зарар билан якунланса, у ҳам шериклар ўртасида молиялаштиришдаги иштирокига кўра пропорционал равишда тақсимланади.

Тадбиркор лойиҳа ташаббускори бўлгани боис, менежментни ўз қўлига олади. Банк эса шартномага қатъий риоя қилган ҳолда лойиҳанинг бажарилишини назорат қилиб боради. Бу билан у ўзи ва шериги томонидан иш учун тикилган капитални ҳимоя қилади.

Мушорака бўйича капитал, албатта, икки томондан қўйилмоғи лозим. Лекин, шуни таъкидлаш жоизки, томонлар капиталининг тенг бўлиши шарт эмас. У турли нисбатда қўйилиши мумкин. Инвестиция қилинаётган маблағ эркин айланадиган бўлиши ва энг муҳими, унинг манбаи маълум бўлмоғи лозим. Мушорака шартномаси шерикларнинг бир-бирига бўлган тўлиқ ишончига асосланади. Ширкат маблағини бегона - учинчи шахс манфаатига ишлатиш ёки пул маблағларини бошқаришни учинчи шахсга, топшириш, шунингдек, компания маблағларини ўзининг шахсий маблағлари билан аралаштириб юбориш, умумий маблағни қарзга бериш ёки кафолат сифатида қўйиш мумкин эмас.

Банк талабгор тадбиркорлар ичидан шерик танлашда унинг нафақат профессионал маҳорати, балки унинг ахлоқий жиҳатларини ҳам инобатга олади.

  1. Мудораба— ишонч асосида молиялаштириш. Ушбу банк операцияси турининг моҳияти шундаки, бунга кўра томонларнинг бири сармоя қўювчи ва иккинчи тараф иш юритувчи сифатида фаолият юритади. Демак, банк лойиҳани тўлиқ молиялаштирувчи бўлса, тадбиркор лойиҳани бевосита амалга оширувчи ҳисобланади.

Ислом банкларида амалга ошириладиган операцияларнинг мудораба тури мусулмон аҳоли ўртасида кенг тарқалган асосий хўжалик юритиш тамойилини ўзида акс эттиради. Муомаладан холи ёки бўш сармояга эга бўлган шахс уни ўзи хоҳлаган соҳага ёки бир пайтнинг ўзида турли соҳаларга йўналтириши мумкин. Бунда иккинчи тараф сармояни тасарруф этувчи, яъни лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ва бошқарув ишларига мутасадди шахс сифатида муомалага киришади.

Мудораба шартномасига кўра фойда тарафлар ўртасида олдиндан келишилган нисбатда тақсимланади.

Шариат нуқтаи назаридан мудораба молиявий воситаларни ишлаб чиқариш омилларига айлантиришнинг ҳалол ва қонуний йўли ҳисобланади. Бунда турли имкониятга эга бўлган хўжалик субъектлари бирикиб, ижтимоий фойда келтирувчи хайрли амал билан шуғулланадилар.

Мудорабада 3 та иқтисодий категория амал қилади: капитал, меҳнат, фойда. Бунда капитал пул ёки натурал шаклда бўлиши мумкин. Шартнома тузилаётган вақтда капиталнинг ҳажми ва манбаи маълум бўлиши, шунингдек, у бошқа банк операцияларига жалб этилмаслиги лозим.

Лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган меҳнатга ҳақ фойда ҳисобидан тўланади. Мехнатга ҳақ тўлаб бўлингандан сўнг қолган маблағ соф фойда бўлиб, у шериклар ўртасида шартномада келишилган нисбатда бўлинади.

Худди мушорака сингари мудораба шартномасида ҳам лойиҳа банк томонидан синчковлик билан босқичма — босқич ўрганилади. Ушбу шартнома турида ҳам талабгорнинг нафақат молиявий аҳволи, балки унинг ахлоқий жиҳатларига ҳам асосий эътибор қаратилади.

Банк томонидан лойиҳанинг бажарилиши устидан доимий ва қаттиқ назорат ўрнатилади. Агар лойиҳани амалга оширувчи томонидан йўл қўйилган хато ёки эътиборсизлик оқибитида зарар кўриладиган бўлса сўзсиз, ушбу зарарни қоплаш иш юритувчи зиммасига юклатилади. Ана шундай вазиятларни назарда тутган ҳолда ислом банклари талабгордан маълум қийматга эга бўлган мулкни гаров сифатида қўйишни талаб қилиши мумкин.

  1. Муробаҳа— тижорат операцияларини молиялаштириш. Ислом банклари опрецияларининг ушбу турида банк муайян тижорат операциясини молиялаштиради ва шартномада кўрсатилган фойдага эга бўлади. Бунда мижоз буюртмасига кўра товар банк томонидан харид қилинади. Сўнгра банк ушбу товарни шартномада кўрсатилган устама нарх билан мижозга сотади. Ушбу устама нарх банкнинг фойдаси ҳисобланади.
  2. Ижор— Ижара операцияси. Банк операциясининг ижор турига асосан тадбиркор кўчмас мулк ёки ишлаб чиқариш воситасини банкдан ижарага олади. Ислом банкларининг ушбу операцияси бугунги кундаги анъанавий банкларнинг лизинг операцияларига ўхшаш бўлиб, у банк ва тадбиркор ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади.
  3. Ижор ва иқтино— сотиб олиш ҳуқуқи бўлган ижара. Банк ва мижоз ўтрасида тузилган ушбу шартномага кўра, банк томонидан ижарага берилган кўчмас мулк ёки ишлаб чиқариш воситаси ижара муддати тугагач мижознинг мулкига айланади. Албатта, бунга қадар ижара объектининг келишилган нархи белгиланган муддат ичида тўлаб бўлинган бўлиши керак. Анъанавий банклар ҳам лизинг операцияларини амалга оширишда мижозга ижара муддати тугагач, сотиб олиш ҳуқуқини беради.
  4. Закот— Моли нисобга етган давлатманд мусулмонлардаги камбағаллар ҳақи.

Банк томонидан закотларни жамлаш учун Закот уйи ташкил этилади. Ўз навбатида банк Закот уйига тушган маблағларни камбағаллар турмуш аҳволини яхшилашга, уларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилишга ва бошқа жамоат манфаатидаги ишларга сафарбар қилади. Закот уйлари закот тўловчилардан ташқари барча турдаги хайрия ва эҳсонларни қабул қилиб, уларни аҳолининг муҳтож қатламларига етказиш учун хизмат қилади.

  1. Ал-Қард ал-Ҳасан— фоизсиз қарз.

Ислом банклари жисмоний ва юридик шахсларга маълум муддатга фоизсиз қарз бериши мумкин. Ушбу қарз асосан ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун (масалан, завод, фабрика, йўл ва кўприклар қуриш) учун ажратилади. Айрим ҳолларда, маълум объектив сабабларга кўра қарздор шахс ёки ташкилот олинган маблағни қайтара олмаса, банк уни закот фонди ҳисобидан қоплаб бериши мукин.

Шундай қилиб ислом банклари ўз мижозларига юқоридаги операцияларни амалга ошириш учун уч хил фоизсиз ҳисоб (счёт)ни таклиф қилади:

  1. Жорий ҳисоб.Бу фоиз ставкаси қўйилмайдиган чек ва жамғарма ҳисоби бўлиб, бунда банк мижозлардан қўйилма ва депозитлар бўйича хизмат кўрсатгани учун муайян тўлов олишга ҳақлидир. Агар мамлакатда инфляция жараёни кузатилаётган бўлса, ҳисоб рақамидаги пул маблағларига индексация асосида муайян миқдордаги пул компепсация сифатида тўланади.
  2. Инвестицион ҳисоб.Ушбу ҳисоб тури бўйича мижозлар турли операциялар воситасида ўз маблағларини истиқболли лойиҳаларга инвестиция қилишлари мумкин. Албатга, бунда фойда ва зарар, юқорида айтиб ўтилгандек, банк ва мижоз ўртасида шартномага кўра тақсимланади.
  3. Кредит хисоби.Ислом банклари мазкур ҳисоб орқали талабгор тадбиркорларга ҳамда аҳолининг муҳтож қатламларига фоизсиз қисқа муддатли ёки узоқ муддатли қарз (кредит) беради.

Бунда давлатманд мусулмонлар ўз эҳтиёжларидан ҳоли бўлган бўш маблағларини банкнинг кредит ҳисобига қисқа ёки узоқ муддатли депозит сифатида қўядилар. Банк ушбу маблағларни келишилган муддатда тўлиғича қайтаришни кафолатлайди.

«Исломий банк ва молиялар китоби» асосида

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги

“Бозор боши” жоме масжиди мутаваллиси

Музаффархон ШОЖАЛИЛОВ

тайёрлади

Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларида бўлиб, юртдошларимиз билан муқаддас ойда елкама-елка туриб нишонлашга киришган эдилар.

Ташриф доирасида Андижон вилояти имом-хатиблари билан ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича йиғилиш ўтказилди. Ушбу йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси, Муфтий ҳазратлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ҳам иштирок этдилар.

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, Туркиядан уламолар делегацияси мамлакатимизга ташриф буюргани ҳақидп хабар берган эдик.

Делегация аъзолари дастлаб Самарқанд вилоятига ташриф буюрдилар. Вилоятда меҳмон бўлиб турган туркиялик олимлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрганлари ҳақидк маълум қилинди.

Туркиялик делегация аъзоларининг ташрифи давом этмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

Икки ҳарам масжидидаги китоблар

“Масжиди Ҳарам” ҳамда “Масжиди Набавий” ишлари бўйича идора тарқатган маълумотларга кўра, бугунги кунда икки ҳарам масжидларида миллиондан ортиқ Қуръон мусҳафлари мавжуд.

Шунингдек, 65 хил тилдаги Қуръон тафсирлари ва “Брайл” ёзувидаги (кўзи ожизлар учун) Мусҳафлар ҳам бор.
Шу билан бирга икки ҳарам масжиди ҳудудида дуолар, зикр, рўза ҳукмларига оид, аёлларга оид мавзуларда ҳам китоблар мавжуд.

Икки ҳарам ишлари бўича идора вакилига кўра, ҳарам масжидлари ҳудудида эркаклар ва аёллар учун алоҳида, турли мазмундаги электрон маълумотлар олиш махсус бурчаклар бўлиб, йилдан йилга бу бурчаклардан фойдаланувчилар сони ошиб бормоқда. Хусусан, 2016 йил бу имкониятлардан 75000 киши фойдаланган бўлса, 2017 йил бу кўрсатгич 92000 га етган. Ҳозирда жорий йил ярмига келиб бу сон 52000 тани ташкил қилмоқда.



Интернет маълумотлари асосида
Мақсуд Каримов тайёрлади

Понедельник, 04 Июнь 2018 00:00

Ҳаж мавсумида янги тажриба

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра ишлари бўйича вазирлиги ҳаж зиёратчиларига қулайлик тақдим этиш мақсадида, 2018 йилги ҳаж мавсумида тажриба тариқасида Мино водийсидаги хаймаларнинг бир қисмини икки қаватли кроватлар билан жиҳозламоқчи.
Ҳаж ва умра ишлари бўйича вазирлик мулозимига кўра, бу каби тадбирлар келгусида хавфсизлик ва саломатлик жиҳатидан ҳожиларга қўшимча қулайликлар тақдим этади.
Мазкур тажриба дастлаб Узоқ Шарқ ҳожилари, хусусан, Малазия ва Индонезия ҳожиларининг бир қисмида ўтказилади.

Вазирлик мулозимининг қўшимча қилишича келгусида ҳожиларга янада кўплаб бошқа қулайликлар тақдим этиш режалаштирилмоқда.


Интернет маълумотлари асосида
Мақсуд Каримов тайёрлади

Мақолалар

Top