muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Қозоғистон Республикасининг Шимкент шаҳрида тасаввуф илми ривожига катта ҳисса қўшган Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда туркий давлатларнинг диний соҳа вакиллари ва бир қатор олимлар иштирок этди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳам қатнашиб, Аҳмад Яссавий Туркий халқларнинг маънавий камолотида муҳим ўрин тутгани, айниқса ҳикматлари тўғридан-тўғри Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар негизида шаклланиб, унда ахлоқий хислатлар кенг тарғиб қилингани ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга ўсиб келаётган ёшларга Хожа Аҳмад Яссавий бой меросини ўргатиш муҳимлигини қайд этиб, бу каби халқаро миқёсдаги анжуманларни кўпроқ ўтказиш эзгу мақсадларга хизмат қилишини таъкидлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ислом уламолари ўзларига берилган илмларни фақатгина маълумотлар манбаи деб эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан уларга берилган фазл ва омонат деб қараб келадилар. Шу сабабли ҳам бу омонатни эгаларига топшириш учун талабаларнинг фақатгина илмий салоҳиятига чекланиб қолмасдан, маънавий камолоти ва хулқий гўзалликларига ҳам катта эътибор қаратишган. Негаки, уларнинг номларидан етказилаётган илмлар аввало ўзларига, сўнгра улар илм олган устозларга, саҳобаи киромларга ва бора-бора охири Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбати берилади. Шу сабабли илм эгалари уларининг номларидан айтилаётган илмлар ҳар ким тарафидан айтилмаслиги, илмга аҳл бўлмаган инсонлар тарфидан ривоят қилинмаслиги, ноқобил кишилар тарафидан етказилмаслиги учун ўзларининг хос шогирдларига ўша илмларни устозлари номидан етказиш учун махсус рухсатнома берганлар. Мазкур рухсатнома исломий илмлар атамасига кўра “ижоза” деб аталиши кўпгина аҳли илмларга маълум. Бундай “ижоза”, яъни шаҳодатномалар Қуръон қироати ва ҳадис илмларида анча машҳур.

Бироқ, ижозалар исломий илмларнинг бошқаларида ҳам борлиги кўпчиликка маълум ва машҳур бўлиб улгурмаган ёки ёддан кўтарилган. Аслида тарихимизга назар соладиган бўлсак Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” (хатм қилган мулла) деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Уларнинг ҳузурларида китобларни ўқиб тугатганларга “ижоза”лар топширилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида қози ва муфтий каби катта устозлар олдида дарс берган устозлар ҳамда китобларни ўқиб тугатган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинган.
Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсинки, уламолар ва илм аҳллари орасидаги ана шундай азалий қадриятларимизни тиклаш ва тарқатиш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли анъаналардан бири сифатида Тошкент ислом институтининг бир қанча устозлари томонидан улуғ бобокалонимиз Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Насафий қаламига мансуб “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” номли асарнинг ўқиб тугатилганлигини келтириб ўтишимиз мумкин.
Шу муносабат Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида “хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ректор Уйғун домла Ғафуров ва ўқитувчилар иштирок этдилар. Соатмурод домла Примов Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби ҳақида маълумот берди.
Сўнг ижоза соҳиби Фарҳод домла Жўраев Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби бўйича Жаҳонгир қори Неъматов, Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Муҳаммадрасул домла Тошпўлатов, Собиржон домла Рустамов, Исломхон домла Убайдуллаев, Элёржон домла Аҳмадқулов, Адҳам қори Юсупов, Шоҳмирзо қори Иброҳимов, Аслиддин домла Мирзамиддинов, Содиқжон қори Қурбоновга ижоза шаҳодатномаларини топширди.


Имом Насафий ва унинг тафсири
Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Насафий (ваф. 710/1311) тафсир соҳасида фаолият олиб борди. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади.) Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келган ва шу йили рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) шаҳрида дафн қилинган.
У ўз даврида ақида, фиқҳ, ҳадис, луғат соҳалари бўйича етук олим сифатида шуҳрат қозонган. Тафсирда бошқа муфассирлар каби ҳадисдан, саҳобий ва тобиийлар фикрлари билан бир қаторда ўзидан олдин ўтган муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳлис сунна”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф”, Алоуддин Самарқандийнинг “Шарҳи таъвилот” асарларидан истифода этган.
Имом Насафийнинг “Мадорикут танзил” номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсири Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” (“Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари”) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсирун Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир.
Тафсири Насафий” деб танилган ушбу тафсирлари муаллифнинг энг машҳур китобларидан бўлиб, уни “Кашшоф” ва “Тафсири Байзовий”дан мухтасар қилиб олганлар. Бу китобда Аҳли суннатнинг йўлини олға суриб, Кашшофда учрайдиган баъзи мўтазила эътиқодларини четга сурганлар. “Тафсири Насафий”да оятларнинг грамматик таҳлили, ўз ўрнида етти мутавотир қироатга ишоралар берилган. Балоғат фани қоидалари айтиб ўтилган. Баъзи ўринларда фиқҳий масалаларни ҳам баён қиладилар ва бу масалаларда Ҳанафий мазҳаби сўзларини таржиҳ қиладилар. Лекин фиқҳий масалаларга кўп ўрин бермайдилар. Исроилиётларни жуда кам ривоят қилганлар. Баъзисини келтириб, ҳужжати йўқлигини айтганлар. Қиссалар ва ҳадислар орасидаги баъзи хурофот ва тўқималарни айтиб ўтадилар.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
мудири Ж.Неъматов

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш - бидъат.
2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш учун сафарга чиқиш - бидъат.
3. Ниятни талаффуз қилиб айтиш - бидъат.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва мақташ - бидъат.
5. Зикр қилиш ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш учун йиғилиш - бидъат.
6. Ижтимоий йиғин ёки дастурларда одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишлари - бидъат.
7. Азондан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга жаҳрий саловат айтиш - бидъат.
8. Муборак "Қасидаи Бурда"ни ўқиш - бидъат.
9. Бомдод намозидан олдин ва жума кечасида одамларни "намозга келинглар!" каби сўзлар билан чақириш - бидъат.
10. "Жума муборак!" дейиш - бидъат.
11. Жума намозидан олдинги суннат намози - бидъат.
12. Жумадан олдин фиқҳ дарсини ташкиллаштириш - бидъат.
13. Жума кунидаги иккинчи азон - бидъат.
14. Намоздан кейин биродарингизга "Аллоҳ қабул қилсин!" дейишингиз - бидъат.
15. Қироатда овозни чиройли қилиш учун оҳанг мақомларини ўрганиш - бидъат.
16. Шим кийиш - бидъат.
17. Ҳайит кунларида омматан такбир айтиш - бидъат.
18. Тасбеҳ ишлатиш - бидъат.
19. Намоздан кейин тасбеҳни санаш ва уни жаҳрий айтиш (овоз чиқариб) - бидъат.
20. Намоздан кейин имомнинг жамоат билан дуо қилиши - бидъат.
21. Бомдод намозининг иккинчи ракъатидан кейин қунут дуосини айтиш - бидъат.
22. Имом хатибнинг хутба сўнгида дуо қилиши - бидъат.
23. Хатиб дуо қилаётганда қўлларни кўтариш - бидъат.
24. Байтуллоҳга ҳаж қилган кишини "Эй ҳожи!" дейиш - бидъат.
25. Ота-онанинг қўлларини ўпиш - бидъат.
26. Масжидларга қубба қўйиш - бидъат.
27. Меҳроблар - бидъат.
28. Уч поғона зинадан баланд ҳолатдаги минбарлар - бидъат.
29. Имомнинг юзи қарайдиган икки томонга "Аллоҳ" ва "Муҳаммад" ёзувларини ёзиш - бидъат.
30. Марҳумнинг руҳи учун садақа ўлароқ оқшом ташкил қилиш - бидъат.
31. Ҳайит кунида марҳумнинг оиласига ҳамдардлик билдириш - бидъат.
32. Маййитнинг руҳига Фотиҳа сурасини ўқиш - бидъат.
33. Қабр устига Фотиҳа ёзилган қабртош қўйиш - бидъат.
34. "Бу фалончининг руҳидан" деб ёзиш - бидъат.
35. Рўзадор ифтор қилиш учун шомнинг азонини кутиши - бидъат.
36. Таровеҳ намозини 20 ракъат қилиб ўқиш - бидъат.
37. Таровеҳда ракатлар орасидаги дам олиш чоғида мавъиза қилиш - бидъат.
38. Зуҳо сурасидан бошлаб суралар орасида такбир айтиш - бидъат.
39. Такбири таҳримадан олдин одамларга намознинг жамоат намози эканини билдириб қўйиш - бидъат.
40. Соқолнинг узунасидан олиш ва уни тартиблаш - бидъат.
41. Туғилган чақалоқнинг қулоғига азон айтиш - бидъат.
42. Қабристонда марҳумнинг оиласига салом бериш - бидъат.
43. Гарчи мустаҳаб кунларга тўғри келса ҳам, шанба куни рўза тутиш - бидъат.
44. Инсонларга Исро ва ҳижрат каби Исломдаги тарихий кунларни эслатиш - бидъат.
45. Суратга тушиш - бидъат.
46. Рамазон кирганида хурсандчилик ўлароқ уйларни безатиш - бидъат.
47. Ҳожилар келганида хурсандчилик қилиб уйларни безатиш - бидъат.
48. Қабрлар олдида дуо қилиш - бидъат.
49. Жамоавий овоз чиқариб Қуръон қироат қилиш - бидъат.
50. Набий алайҳиссалом, у зотнинг оилалари ва солиҳларни васила қилиш - бидъат.

Ушбу 50 та амал мусулмонлар минг йилдан кўпроқ вақтдан бери бажариб келаётган суннат ва мустаҳаблардир. Салафий-ваҳҳобийлар эса бу амаллар соҳибини дўзахга олиб борадаган бидъатлардандир, дея бонг уришмоқда.. Бу ҳам ҳаммаси эмас, агар барчасини санайдиган бўлсак, бу каби амаллар беш юзтадан ошиб кетади!

Дарҳақиқат, ваҳҳобийлар ўзларининг шайхлари бўлмиш Албонийнинг китобларидан бидъатларни бир китобга йиғиб чиқиш билан шуғулландилар, уни "Қомусул-бидаъ" - "Бидъатлар қомуси" деб номладилар ва унда юзлаб "бидъат" амалларни санадилар! Ана ўшанда гўёки, "оламда улардан бошқа мусулмон йўқлигини-ю қолганларнинг борадиган жойи дўзахда" эканини билиб оласиз!

Хўш, улар олиб келган бу уйдирмалар қандай дин бўлди?!

 

Манба

Суббота, 05 Ноябрь 2022 00:00

Билим юртида "Яшил макон" лойиҳаси

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилиши анъанага айланган “Яшил макон” экологик лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш ва шу орқали мамлакатимиз яшил майдонларини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган. 

Ўтган давр мобайнида мамлакат бўйлаб турли давлат идоралари,корхона ва ташкилотлар томонидан ушбу ташаббус кенг қўллаб-қувватланиб, лойиҳага барча бирдек ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. 

Мазкур ташаббус юзасидан  мамлакатимизда кенг қулоч ёзган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизнинг барча жойларида хайрли ишлар олиб борилмоқда. Умуммиллий тадбир доирасида жорий йил 04 11 2022  куни  “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида ҳам  кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди. 

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртининг талабалари, ўқитувчи ва ходимлари иштирок этдилар.   

Тадбир давомида 50 туп манзарали   кўчатлар, 40 тупдан ортиқ мевали дарахтлар ва 80 туп гул кўчатлари экилди. Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир. 

Билим юрти матбуот хизмати

Мақолалар

Top