muslim.uz

muslim.uz

— Мени тез-тез ёмон ўй-хаёллар, ширк чулғаб олади. Ортидан дарров калима қайтариб, истиғфор айтиб юбораман. Лекин бу ҳол яна такрорланади, нега шундай бўлишини тушунолмаяпман...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ умматимнинг хаёлларидан ўтган нарсаларни, агар уни гапирмасалар ёки унга (таяниб) иш тутмасалар, кечириб юборади” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад ривояти).

Кунларнинг бирида саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бизнинг хаёлимизга шундай фикрлар келадики, уларни гапиришдан қўрқамиз. (Бундай ҳолатда нима қилиш керак)?” деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу нарса сизларда ҳақиқатан ҳам пайдо бўлади-ми?” деб сўрадилар. Улар: “Ҳа”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (яъни ўша ҳолатга тушишларингиз) очиқ имондир”, дедилар.

Яъни инсон қалбига келган ёмон фикрларни тилига чиқаришдан қўрқиши, уни айтишга уялиши, уни яшириши, бундай хаёлларни кўнглидан чиқариб ташлашга ҳаракат қилиши ҳақиқий имон аломати экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда хаёлига ёмон фикрлар келганида “таъаввуз” (аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм)ни айтишга, Аллоҳдан ёрдам сўрашга ва бемаъни хаёлларни бас қилишга буюрганлар.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Муборак Рамазон ойида Бирлашган Aраб Aмирликлари ҳукумати муҳтожларга бир миллиард порция овқат тарқатади, деди БAA вице-президенти, Бош вазири ва Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид Aл Мактум.
islam.ru нинг ёзишича, озиқ-овқат ёрдами дунёнинг 50 мамлакатидаги заиф аҳоли қатламларига йўналтирилади. Aкция Рамазон ойининг биринчи кунидан бошланади ва режа тўлиқ амалга оширилгунга қадар давом этади. Шайх Муҳаммад таъкидлаганидек, дунёда 800 миллион киши очликдан азият чекмоқда.
“Бизнинг динимиз муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш кераклигини тарғиб қилади. Оч қолганларга озиқ-овқат бериш энг яхши садақадир”, деди бош вазир.
Ўтган йили БAA маъмурлари 47 мамлакатдаги муҳтожларга 220 миллион, 2020 йилда эса 15 миллион порциядан ортиқ, шу жумладан CОВИД-19 пандемиясидан жабрланганлар учун овқат тарқатган.
“Бирлашган Aраб Aмирликлари ўзининг гуманитар кампанияларини амалга ошириш орқали хайрия маданиятини ривожлантиришга ва одамлар ҳаётини ўзгартириш учун жамоавий ҳаракатларни кучайтиришга интилади”, — дейилади БAA ҳукумати баёнотида.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мазҳабсизлик – Ислом динида шаръий масалаларда умум тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашишни рад этиш. “Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.

Мазҳабсизлик тарафдорлари даъвосига кўра, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Гўёки мазҳабга эргашган мусулмонлар кўр-кўрона тақлид қилгани учун адашади. Исломга амал қилиш асосида фақат Қуръон ва суннат туриши лозим. Мазҳаблар эса гўёки китоб ва суннат таълимотидан кўра, мазҳаббошиларнинг ижтиҳодларига тақлид қилинишига ўхшайди.

Мазҳабсизлик тарафдорлари ўзларини бир қанча турли номлар билан атайдилар: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан “салафийлар”, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан “аҳли ҳадислар”.

Таъкидлаш жоизки, Набий алайҳиссалом ҳаётлик даврларида саҳобалар муайян шаръий масала чиқиб қолса, у зотнинг ўзларига мурожаат қилиб, ечимини топганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. Тобеинлар саҳобалар тутган йўлни тутиб, мужтаҳидларга эргашганлар.

Тобеинлар даврида ижтиҳодий омиллар сабаб икки асосий мактаб – райъ ва ҳадис мактаби шаклланган. Бу икки мактабда йигирмага яқин мазҳаблар шаклланиб, улардан тўрттаси: ҳанафийлик, ҳанбалийлик, моликийлик, шофеийлик сақланиб қолган ва Ислом диёрларига тарқалган. Мазҳабларнинг муайян масаладаги қарашларининг турлича экани ўзаро келиша олмасликларидан эмас, балки бир-бирларини тўлдиришлари билан изоҳланади. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб асосчилари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлганлар. Шунингдек, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.

Машҳур аллома Ибн Ражаб (1335–1393): “Кўплаб мазҳаблар орасида фақат тўрттасининг сақланиб қолгани, асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”, деб ёзган (“Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” китоби).

Уламолар мазҳабларга эргашиш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).

Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик Ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала Ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари,
қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.

Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “...Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят). Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.

Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, усул ва тамойилларига асосланган муайян тизим мавжуд. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоидалари йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз” қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.

Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.

Мазҳабсизлик тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:

– бемазҳаблар: “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, Ҳақ битта эмасми?” дейдилар. Мазҳаблар бир манба – Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади;

– мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил келтирадилар. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Барча уламолар “Илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади”, деганлар. Ҳозирда эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар;

– мазҳабсизларнинг яна бир кўриниши – мазҳабларни бир-бирига қориштиришдир. Улар “Қайси мазҳабнинг далили кучли бўлса, ўшани оламиз”, дейишади. Буни уламолар “ҳаром амал” деб санашган. Ваҳоланки, мужтаҳид “саҳиҳ” деб амал қилган ҳадисни улардан кейин келганлар “заиф” дея олмайди. Чунки кейин келганлар аввал ўтганларга ўзларининг
қоидалари билан ҳукм қила олмайди;

– мазҳабсизлик тарафдорлари жамоавий фарз намозидан кейин масжиддан чиқиб кетадилар. Буни гўёки “намоздан кейинги зикрларни Муҳаммад алайҳиссалом жамоат бўлиб қилмаганлар, ёлғиз қилганлар, биз суннатга амал қиламиз” деб изоҳлайдилар. Ваҳоланки, намоздан кейинги зикрларни жамоат бўлиб адо этиш бирор ҳадисда очиқ-ойдин келмаган бўлса-да, ундан қайтариқ ҳам собит эмас. Балки, жуда кўп ҳадисларда намоздан кейин масжидда зикр билан машғул бўлишга тарғиб қилинган. Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Аллоҳни зикр қилаётган бир қавм билан эрталабки намоздан қуёш чиққунича бирга ўтиришим менга Исмоил алайҳиссаломнинг авлодидан тўрт нафарини (қуллик ёки қийинчиликлардан) озод қилишимдан кўра севимлироқдир. Аллоҳни зикр қилаётган қавм билан бирга аср намозидан то қуёш ботгунча бирга ўтиришим тўрт нафар (инсон)ни озод қилишимдан севимлироқдир” (Имом Абу Довуд, 3667-ҳадис).

– муҳими, бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни фиқҳий мазҳаблардан бошқача тарзда тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олганлар. Аммо, кейинчалик, Қуръон ва суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтиб, ихтилофларга сабаб бўлмоқдалар.

Уламолар мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз, адашишга олиб бориши ҳақида огоҳлантиради. Зеро, тўрт мазҳаб пайдо бўлгандан кейин Ислом олами тан олган забардаст олимларнинг барчалари тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.

Таассуфки, мазҳабсизлик тарафдорлари жамиятда ихтилоф чиқариш билан шуғулланиб, аслида Ислом маданияти ва таълимоти ривожи учун ҳеч қандай ҳисса қўшаётганлари йўқ. Хусусан, ҳозирга қадар масжид ёки мадраса қуришга ёрдам бериш, диний мавзу ҳақида бирорта китоб ёзиш, эҳтиёжманд мадраса талабаларига ёрдам кўрсатиш каби хайрли ишларга мутлақо аралашмайдилар ҳам.

Аксинча, Қуръон ва суннатдан ўзбошимча янги ҳукм чиқариш, мусулмонларни куфрда айблаш, уларнинг қонини тўкишни ҳалол ҳисоблаш, боғийлик (ҳукуматга қарши чиқиш), ваҳима уйғотиш ва фитна қўзғаш, обод жойларни вайрон қилиш каби Исломда қатъиян ман қилинган хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқдалар. Бу борада Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг: “Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир” номли китоби жуда аҳамиятлидир.

Шундай экан, бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал қилиш Набий алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар тутган йўлда юриш билан баробардир.

 

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СУҲБАТЛАР КИТОБИДАН

Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Android мобил телефонлари учун “Умра қўлланмаси” иловаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди. Албатта, бундай қулайликдан iOS тизимидан фойдалаётган ақлли гаджет соҳиблари бебаҳра қолаётган эди. Эндиликда мазкур илова iOS дастурида ҳам ишлаб чиқилди. Бу эса барча смартфон, планшет эгаларига иловадан фойдаланиш имкониятини яратади.


Қайд этиш жоизки, “Умра қўлланмаси” иловасида Умра сафари давомида лозим бўладиган зарур барча маълумотлар тафсилотларигача қисқа, содда ва лўнда баён этилган. Унда “Умра қўлланмаси”, “Умра дуолари”, “Сафарга тайёргарлик” ва “Ислом тарихига оид жойлар” номли бўлимлари мавжуд.


“Умра қўлланмаси” бўлимида Умра ибодатига оид барча масалалар келтирилган: “умра” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю суннатларигача. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, муборак сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.


Шунингдек, “Умра дуолари” бобида муборак сафарда муҳим бўлган дуолар батафсил баён этилган. Сафарга тайёргарлик кўришда, сафар давомида, муборак шаҳарга киришдаги дуолар, тавоф асносида, зам-зам суви ичганда, табаррук жойларда, ватанга қайтишда ўқиладиган дуолар каби элликдан ошиқ дуолар берилган. Яна бир муҳим жиҳат, бу бўлимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумога салом бериш одоб ва тартиблари баён этилган. Бу дуоларни мукаммал билиш зиёрату ибодатларни тўла-тўкис бўлишига омил бўлади.


Мазкур боблардан яна бири Ислом тарихига оиддир. Бунда сафар давомида бориладиган муқаддас жойлар ҳақида қизиқ ва тарихий манбалар берилган. Уларни ўқиган киши муқаддас қадамжоларга оид кенг тушунчага эга бўлади.
Яна бир муҳим бўлим – сафарга тайёргарлик бўлимидир. Унда муборак сафарга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига муҳим тавсиялар, ман этилган тартиб-қоидалар, зиёратчилар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар баён этилган.
Шунингдек, иловада бир қатор эслатма ва хизматлар бор. Жумладан, пандемия шароитида Саудия Арабистонидаги тартиблар, қайси вакциналар олиш зарурлиги ҳамда об-ҳаво маълумотлари бериб борилмоқда. Қолаверса, муқаддас сафарга энг сўнгги рейслар қачон учиши ва қайтиши ҳақида ҳам аниқ хабарлар жойланган. Бундай замонавий хизматлар муборак сафарга отланганлар учун қулайдир.


Қисқаси, илова билан танишган киши Умра зиёрати хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бу эса муборак зиёратга олдиндан тайёргарлик кўриш ва уни мукаммал адо этишда ўта муҳим қадамдир.

 

https://apps.apple.com/uz/app/umra-qollanmasi/id1613020749 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top