Сийрат ва ислом тарихи

Росулуллоҳдан (с.а.в) қирқ қайтариқ ёки қирқ насиҳат

1) “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин”.  (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

2) “Ҳасаддан четланинглар. Чунки олов ўтин ёки ўт-хашакларни еганидек, ҳасад ҳам яхши амалларни еб қўяди”. (Абу Довуд)

   *    *     *

3) “Биродарингга мусибат етганда хурсанд бўлма! Бордию хурсанд бўлсанг, Аллоҳ унга раҳм қилиб мусибатдан халос этиб, ўзингни мусибатга солиб қўяди”. (Имом Термизий)

   *    *     *

4)“Қачон уч киши бўлса, учинчиларини қолдириб иккиси пичирлаб махфий гаплашмасин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

5)“Чап қўлларингиз билан таом еманглар. Чунки шайтон чап қўли билан овқатланади ва ичимлик ичади”. (Имом Муслим)

   *    *     *

6) “Туяга ўхшаб бир хўпламда ичманглар. Лекин икки ва уч хўплам қилиб ичинглар. Ичаётганда: “Бисмиллаҳ”, денглар. Ичиб бўлиб: “Алҳамдулиллаҳ”, деб айтинглар”. (Имом Термизий)

   *    *     *

7) “Ипак кийманглар. Кимки уни дунё ҳаётида кийса, охиратда кия олмайди”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

8) “Сизлардан бирортангиз зинҳор бир кишини ўрнидан турғизиб, унинг жойига ўтирмасин. Лекин кенгайтириб жой беринглар”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

9) “Бирортангиз узоқ (вақт уйда) бўлмаса, аҳлининг олдига кечаси келмасин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

10) “Ихтилоф қилманглар. Яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин”. (Абу Довуд)

   *    *     *

11.12)“Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Биродари совчи бўлган аёлга совчи юбормасин. Лекин ўзи изн берса, унда жоиз”. (Муттафақун алайҳ) 

   *    *     *

13) “Бирортангиз биродарига қурол ўқталмасин. Зеро, у билмайдики, шайтон (қуролни) унинг қўлидан чиқариб юборса, дўзахнинг бир чуқурига тушиши мумкин”. (Муттафақун алайҳ)

   *    *     *

14.15) “Икки лаънатга сабаб бўлувчидан сақланинглар”, дедилар. Одамлар: “Эй Аллоҳнинг росули, икки лаънатга сабаб бўлувчи нима?”, дедилар. У зот: “Одамларнинг йўлига ва соя жойга хало қилган”, дедилар. (Имом Муслим)

   *    *     *

16.17) “Қабрларга (қараб) намоз ўқиманглар ва унинг устида ўтирманглар”. (Имом Муслим)

   *    *     *

18) “Хўрозни сўкманглар. Чунки у (таҳажжуд ва бомдод) намозига уйғотади”. (Абу Довуд)

   *    *     *

19) “Кимга райҳон тортиқ этилса, рад қилмасин. Чунки унинг вазни енгил ва ҳиди хушбўйдир”. (Имом Муслим)

   *    *     *

20.21.22) “Зулмдан четланинглар. Чунки зулм қиёмат кунида зулумат бўлади. Ва яна бахиллик ва хасисликдан сақланинглар. Чунки хасислик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди”. (Имом Муслим)

   *    *     *

23) “Бирортангиз соҳибининг нарсасини ўйин қилиб ёки жиддийлик билан олиб қўймасин. Агар ҳассасини олиб қўйса ҳам дархол қайтариб берсин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

24) “Кулгини кўпайтирманглар, чунки кўп кулги қалбни ўлдиради”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

25.26)  “Бирингиз ҳожатини сўраса, енгил нарса сўрасин. Барибир унга тақдир қилинган нарса бўлади. Бирингиз соҳибига бориб, уни ҳадеб мақтайвермасин. Тағин унинг белини синдирмасин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

27) “Кўпи маст қиладиган ичимликнинг озидан ҳам сизларни қайтараман”. (Имом Насоъий)

   *    *     *

28.29) “Аёл ёнида маҳрами бўлмаса сафарга чиқмасин ва ёнида маҳрам бўлмаган аёл олдига номаҳрам кирмасин”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

30.31.32.33) “Сен биродаринг билан жанжаллашма ва у билан ҳазиллама ва у билан талашма. Унга бир ваъда бера туриб, сўнг хилоф қилма”. (Имом Бухорий)

   *    *     *

34.35.36.37.38.39) “Бадгумонликдан ҳазир бўлинг, чунки бадгумонлик гапларнинг энг ёлғонидир. Бир-бирингизни авраманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизни ёмин кўрманг. Бир-бирингиз билан рақобатлашманг. Бир-бирингизга қарши тадбир қилманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар!” (Имом Бухорий)

   *    *     *

40) “Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзларни кўпайтирманглар. Чунки, Аллоҳ таолонинг зикридан бошқа сўзлар бағритош қилиб қўяди. Аллоҳдан инсонларнинг энг узоғи бағритошларидир”. (Имом Термизий)

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом-ноиби: Исломов Ёрбек

520 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Зубайр ибн Аввом “Мавлид” кечаси қандай кеча? »

Мақолалар

Top