Сийрат ва ислом тарихи

Фурайъа бинти Молик

Бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган улуғ саҳобалардан эди. У насл – насаби машҳур ансорийлардан эди.

Фурайъа бинти Молик (разияллоҳу анҳо) ҳамма ерда яхшиликлар қилишга интилган машҳур хонодонлардан бирида улғайди. Ислом тарихи мана шу аёлнинг баракотидан эзгуликка тўлиб тошган воқеа ҳодисалар билан бойдир. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўсган оиланинг Ислом динини ёйиш соҳасидаги ҳизматлари ўзи алоҳида китобларга мавзу бўлади.

Саҳобиянинг отаси ҳазрати Молик ибн Синон жаннат билан башоратланган буюк саҳобий эдилар. Абу Саид Ҳудрий куняси билан машҳур бўлган Саъд ибн Молик (разияллоҳу анҳу) унинг акаси эди.

Фурайъанинг бир акаси эса улуғ саҳобий Қатода ибн Нўмон Зафарий             (разияллоҳу анҳу) эди. Бу зот бадр ғазоти қаҳрамонларидан бўлган. Уҳуд куни жангда бир кўзи оқиб тушди. Шу ҳолатда Расулуллоҳ ҳузурларига борди. Пайғамбаримиз муборак қўллари билан кўзини жойига қўйиб, силаб қўйдилар. Унинг кўзи тузалиб, аввалгидан ҳам ўткир бўлди.

Молик ибн Синон ҳали Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ҳижрат қилмасларидан олдин ҳам оила аъзоларига у зот ҳақларида завқ билан сўзлаб берарди. Унинг ҳикояларидан оила аъзолари, хусусан Фурайъа зеҳнида ҳам Аллоҳ элчисининг муборак сиймолари гавдаланар, қалбида муҳаббат уйғонар эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага етиб келишлари билан Молик у зот билан учрашишга ошиққан. Барча оила аъзолари, жумладан, қизи Фурайъа ҳам унга эргашиб борган.

Молик ибн Синон фарзандларига бирон қийматли мерос қолдирмай дунёни тарк этди. Гоҳо улар уйида бирор егулик ҳам топа олмай қолишарди. Эскириб  тўзиб кетган кийимларни янгилашга ҳам имконлари йўқ эди. Аммо улар Аллоҳнинг бу синовига ҳам сабр қилишар, садақа сўрашмас, ҳожатларни билдиришмас эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни бой – бадавлат қилди. Чиройли сабрлари ва Расулуллоҳга ихлос – садоқтлари барокотидан яна кўп молу давлатга эга бўлишди.

Фурайъа Ҳазраж қабиласидан Саҳил ибн Рофеъ исмли кишига турмушга чиққан эди. Бир муддат бирга яшагач, эридан ажраб қолди. Саҳл қочиб кетган қулларни излаб йўлга чиққанда, қўлга тушиб қолишдан қўрққан қуллар Мадина яқинида уни ўлдириб кетишди. Рофеънинг ўлими ҳақида хабар келганда Фурайъа эрига Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр қилди. Ёлғиз ёрдамчисиз қолгач уйига, яқинлари олдига қайтди.

Фурайъа эрининг уйида тўрт ой ўн кун идда сақлаб ўтирди. Иддаси тугагач, унга Саҳил ибн Бишр уйланди. Саҳил ансорийларнинг Бани Зафар қабиласидан эди. Фурайъа исломнинг барча босқичларида эрига тобе, динимиз изн берган ҳамма ишларда унга ёрдамчи бўлган.

Фурайъа бинти Молик Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисларида иштирок этиб, нубувват мадрасасида таҳсил олган бахтиёр саҳобиялардан эди. Кучли ҳофиза соғлом тафаккур эгаси бўлган бу аёл Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан саксонта ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Зайнаб бинти Каъб ибн Ҳужра ривоят қилган. Фурайъа ривоят қилган ҳадисларни Миср, Ироқ, Шом, Ҳажоз ва Мадина фақиҳлари қабул қилиб, ҳукмлар чиқаришган.

Фурайъа жаннат башорати ила шарафланган саҳобиялар сирасига киради. У ҳижратнинг олтинчи йили Ҳудайбияда дарахт остида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) байъат қилган бир гуруҳ саҳобиялар сафида эди. Мушриклар мусулмонларни Маккаи мукаррамага киришдан тўсиб қўйганда бўлган ушбу байъатда иштирок этганлар аҳли жаннат ҳисобланишади.

Пайғамбар (салоллоҳу алайҳи васаллам) Фурайъа у билан байъатда ҳозир  бўлган саҳобияларга жаннат башоратини бердилар. Умму Мубашшир ал–Ансорийдан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)  Ҳафса онамиз ҳузурида бундай деганларни эшитган: “Иншааллоҳ дарахт остида байъат қилганларнинг ҳеч бири дўзахга кирмайди”.

Давоми бор...

Манбалар асосида

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади

1622 марта ўқилди
Top