muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 14 Ноябрь 2019 00:00

Фосса – ноёб ҳайвон

Ўзида уч хил ҳайвоннинг сифатларини жамлаган бир жонзот бор. Бу – фосса. Танасининг тузилишидан мушукка ўхшаб кетади. Аммо мушукдан каттароқ ва узунроқ. Тезкорлик билан сакрашидан маймунга ўхшаб кетади. Шунингдек, у ласки номли ондатрасимон ҳайвонга ҳам ўхшайди.

Фосса – дунёда фақат Мадагаскар оролида яшайди. Оролдаги энг йирик йиртқич сут эмизувчидир. Танасининг узунлиги 70-80 сантиметр, думининг узунлиги 70 сантиметр, вазни 10-11 килограм атрофида. Терисининг ранги тўқ қўнғир-жигаррнг тусда. Фоссанинг эшитиш, кўриш ва ҳид билиш сезгиси жуда ривожланган. Эркаги урғочисидан каттароқ бўлади. Дарахтларга чиқиб-тушишга, дарахтдан дарахтга сакрашга керак бўладиган тирноқлари бор. Унинг узун думи сакрашда ас қотади.

Дунё бўйича тахминан 3000 та атрофида қолган. Шу боис ун “Қизил китоб”га киритилган. Тадқиқотларнинг хулосасига кўра, фосса мангустлар оиласига мансублиги маълум бўлди. Фосса кўпроқ лемур, маймун, кемирувчилар, калтакесаклар ва қушлар билан озиқланади. Урғочиси билан қўшилиш жараёни одатда дарахтда содир бўлади. Боласи онасини 4-5 ой эмади. Бир йилдан сўнг мустақил ов қила бошлайди. Фоссалар 3-4 ёшда вояга етиб, ўртача 20 йил яшайди.

Ер юзидаги барча нарсани, жумладан, жонзотларни ҳам Аллоҳ таоло яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Четверг, 14 Ноябрь 2019 00:00

Боку саммити ўз ишини бошлади

14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчилари саммити Қуръони карим оятлари тиловати билан бошланди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўз маърузаси билан нутқ сўзлади.
Саммитда дунёнинг 85 дан зиёд мамлакатидан 350 нафардан ортиқ сиёсатчилар, жамоат ва дин арбоблари, олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар ва ҳаракатлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Икки кунлик саммит давомида Озарбайжон давлатининг бағрикенглик ва динлараро ҳамжиҳатликни тарғиб қилишдаги ўзига хос жиҳатлари ҳамда Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг дин ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти мавзуларида суҳбатлар ҳам бўлиб ўтади.
Саммит якунида Боку декларацияси қабул қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

13 ноябрь куни Озарбайжон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича Давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли ва Озарбайжон Илоҳиёт институти ректор Сайхун Мамедов билан билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистонннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев иштирок этди.
Мулоқотда Ислом дини қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, малакали диний кадрларни тайёрлаш, турли хатарларга қарши ҳамкорликда курашишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон Илоҳиёт институти Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2018 йил 9 февраль кунги фармойиши асосида ташкил этилган. Ушбу институтни ташкил қилишдан асосий мақсад, диний соҳада фаолият юритадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Бугун 14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити бошланади. Тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этади.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

(1-бўлим)

Ҳеч бир инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламчалик мусибат ва машаққатларга учрамаган. Бирор-бир инсон ҳаётида кўплаб синов, мусибат ва машаққатларга учраган бўлиши мумкин лекин, барибир у Пайғамбаримизчалик қийналмаган бўлиб чиқаверади.

У зот инсонлар орасидаги энг сабрлиси бўлганлар. Биз у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз нималарга сабр қилганликларини билиб оламиз.

У зот етимликка, фақирликка, очликка, муҳтожликка, қийинчиликка, ўзларига нисбатан бўлган хасадга, ичқоралик, кўраолмаслик ва гоҳида душманни ғолиб бўлишига нисбатан сабрли бўлганлар.

У зот  ўз уйларини, ватанларини қолаверса ўз аҳлиларидан узоқда бўлишга сабр қилганлар.

У зот яқинларининг қатл қилинишларига, душманнинг ҳужумларига, у зотга эргашганларни сургун қилинишларига, душманларнинг ғазабларига, адоватчилар ва у зотга қарши жанг қилмоқчи бўлганларнинг жамоа бўлишларига, ғаразгўйларнинг инжиқликларига, жабборларнинг кибрига, арабларнинг нодонлигига, бадавийларнинг жафосига, яҳудийларнинг ҳийласигаю насронийларнинг кеккайишларига, мунофиқларнинг ёмонлигигаю жангчиларнинг ваҳшийликларига сабр қилганлар.

У зот атрофларидагиларнинг пешанаси тиришишига ва узоқдагиларнинг эса ғазабига, ботилни тарқалишию ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳаддан ошишига сабр қилганлар.

Сабр у зотнинг совутлари, қалқонлари, дўстлари ва шериклари бўлган. Қачонки душманларининг сўзлари у зотни безовта қилса, хавотирга солса ёки хотиржамликларини бузса дарҳол Аллоҳ таолонинг: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил”, (Тоҳа 130-оят) деган оятини эслар эдилар.

Қачонки ишларида холат танг бўлиб, оғирлашса тезда Аллоҳ таолонинг: “Бас, гўзал сабр қил”, (Юсуф 18-оят) деган оятини эслар эдилар.

“ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ САБРЛИЛИКЛАРИ” (2-бўлим)

Қачонки душманнинг даҳшати у зотни ларзага келтирса ёки кофирларнинг режаси безовта қилса Аллоҳ таолонинг: “Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил”, (Аҳқоф 35-оят) деган оятини эслар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ишонч сабри эди. У зот Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб сабр қилар эдилар. У зот Аллоҳ таолога суяниб ва ундан савоб умид қилиб сабр қилар эдилар.

Амакилари вафот этдилар сабр қилдилар, аёллари ўтдилар сабр қилдилар, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилишди сабр қилдилар, Маккадан ажратдилар сабр қилдилар, фарзандлари вафот этди сабр қилдилар, покдомон аёллари Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат тошини отишди сабр қилдилар, ёлғонга чиқаришди сабр қилдилар.

Мушриклар ва мунофиқлар у зотни: шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи ва динни ўйлаб топган дейишди сабр қилдилар. У зотни ўз юртларидан чиқишларига мажбур қилишди, азият беришди, сўкишди, таҳқирлашди, ҳақоратлашди, жанг қилишди ва қамал қилишди сабр қилдилар.

Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки, сизнинг қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими?

У зот сабр қилувчиларнинг имоми ва шукр қилувчиларнинг ибратлиси ва пешқадамидирлар.  

Аллоҳ барчамизга у зот каби сабр қилишни ҳамда ҳаётимизда у зотнинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак бўлишини насиб қилсин.

 

 

Манбалар асосида ТИИ ўқитувчиси,

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдурахманов Яҳё

 

 

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг зуҳдлари дунёни фонийлигини, унинг тезда ўтиб кетишини, озуқаси озлиги ва умрини қисқалигини билган кишининг зуҳди эди.

Охиратнинг боқийлигини, Аллоҳ таоло унда валийларига доимий неъматларини тайёрлаб қўйганлигини, буюк ажр борлиги ва унда абадий қолиш борлигини билган кишининг зуҳди эди.

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга дунёдан фойдаланиш кенг қилиб қўйилган бўлсада, агарда тоғларни тилло ва кумуш бўлишини хоҳлаганларида тилло ва кумуш бўлиши мумкин бўлсада дунёдан нафас тўхтаб қолмаслиги учун етарли бўлган ва ташвишу оғирликларни кетказадиган миқдордан бошқасини рад этдиларда зуҳд ва камсуқумликни афзал кўрдилар

У зот гоҳида оч юрар, ойлаб уйларида қозон осилмас, баъзи кунлар давомида очликни қондирадиган даражада хурмо ҳам топилмай оч юрар эдилар.

У зот  ҳеч бир вақт кетма кет уч кунгача арпанинг унидан бўлган нондан қорнилари тўймаган. Кўпинча сутнинг ўзи билан кифояланар, токи Аллоҳга йўлиққунларича бир кун тўқ ва бир кун оч бўлар эдилар.

У зот бўйронинг устида ётар эдилар ва ёнбошларида бўйронинг изи қолар эди. Очликдан қорниларига тош боғлаб олар ва кўпинча саҳобалар у зотнинг юзларидан очликларини билиб олишар эдилар.

У зотнинг уйлари лойдан, ичи тор ва шифти паст эди. Бир куни совутларини гаровга қўйиб, бир яҳудийдан ўттиз соъ арпа олиб турдилар. Кўпинча кўйлак ва изор билан кифояланар эдилар. Ҳеч бир вақт таомни пешхонда (овқатланиш столи) емаганлар. Кўпинча саҳобалар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга таом юборар эдилар. Буларнинг барчаси нафсларини дунё кирларидан асраш, динини ҳимоя қилиш ва Роббисининг ҳузуридаги ажрнинг комил бўлиб қолишлиги ҳамда Мавлосининг “Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо сураси 5-оят) деган ваъдаси у зотга рўёбга чиқиши учун эди.

У зот молларни шу қадар тақсимлаб берар эдиларки, ҳатто ўзларига бир дирҳам қолмас эди. Туя, мол ва қўйларни саҳобалар ва бошқаларга шу даражада бўлиб берар эдиларки, ўзларида на туя, на мол ва на қйў қолар эди. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар менда Тиҳома чуқурларининг дарахтлари мислича мол дунёим бўлганида уни тақсимлаб берар эдим. Сўнг сизлар мени бахил, ёлғончи ва қўрқоқ, иродасиз деб билмасдиларингиз”.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қаср бино қилмадилар, мол-дунё йиғмадилар, у зотнинг хазиналари ҳам, меваси ейиладиган боғлари ҳам бўлмаган. У зот ўзларидан сўнг боғ ва экинзор ҳам қолдирмадилар. У зот дедилар: “Биз мерос қолдирмаймиз, бизнинг қолдирган нарсамиз садақадир”. (Бухорий ривояти 3093-ҳадис)

У зот доимо сўзлари ва амаллари билан мусулмонларини  дунёда зуҳдга ҳамда охиратга тайёрланиш ва амал қилишга даъват қилар эдилар.

У зотга подшоҳлик ила росул бўлиш ва оддий инсон бўлиб росул бўлиш ихтиёри берилганида, у зот оддий инсон бўлиб росул бўлишни ихтиёр қилганлар.

Дунёдаги зуҳдларининг яна бир кўриниши, у зотнинг сахийликларидадир. Ҳеч қачон сўровчини қайтармас ва тўсмас эдилар. Дедиларки, дунё Аллоҳ таолонинг ҳузурида чивиннинг қанотичалик арзимас ва баробар эмас. Ҳадисда: “Дунёда ғариб ёки бир онлик ўтиб кетувчи каби бўл”, деганлар. (Бухорий ривояти 6416-ҳадис)

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳд борасида яна шундай марҳамат қилганлар: "Дунёда зоҳид бўл Аллоҳ сени яхши кўради. Инсонлар ҳузурида зоҳид бўл инсонлар сени яхши кўришади".

Манбалар асосида ТИИ ўқитувчиси,

“Шайх Зайниддин” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдурахманов Яҳё

 

 

Мақолалар

Top