muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратган. Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш юмушларининг ярми улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг солиҳ бўлишлиги бугунги кун аёлларининг солиҳа бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятларига мос равишда меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналарни “Оила йили”, “Аёллар йили” каби номлар билан аталиб келиниши, кўп болали аёлларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8 мартни Халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилиниши ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида имтиёзлар бериб келинаётгани Ислом динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда ўзининг ёрқин ифодасини топгандир. Инсоннинг ва шу жумладан, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайдиган миллий қонунчилигимиз меъёрлари эса Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидаларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларнинг саломатлигини сақлаш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, ижодий-ақлий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим омил бўлмоқда.

Ривоят қилинишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрашганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, – дедилар (Абу Довуд ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар” – деган ҳадисларига биноан аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи хою-ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигар гўшаларини кўча кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Яна баъзилари эса, “охират илмини ўргатамиз” деган баъзи нопок кимсаларнинг қўлига тушиб, мутаассибликка берилиб кетмоқдалар. Бундай аёллар Аллоҳ ва Пайғамбаримиз улуғлаган сифатларга доғ тушурмоқдалар, гуноҳга ботмоқдалар, жамият келажагини таҳлика остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоя қилиш ва тўғри йўлга солиш биз эркакларнинг зиммамиздадир.

Аёллар эркакларга қараганда табиатан заифа бўлганлари учун ҳам Аллоҳ таоло пайғамбарлик мақомини, нафақаи аҳли аёл масъулиятини, жамоатга имомлик қилиш, азон айтиш, намозни жамоат билан адо этиш, жума намозига бориш, талоқ бериш каби ҳуқуқларни заифа аёллар зиммасига юкламаган. Ҳатто, фарз намозларини ҳам уйларининг ичкарисида ўқишлари афзал эканлиги ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёллар намозгоҳининг энг яхшиси уйларининг ичкарисидир” – деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини аёлларга нисбатан ҳурмат эътибори қанчалик юқори эканлигини Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан маълум. Аммо Ислом дини келмасдан аввал аёллар ҳақида нотўғри фикр, яъни аёллар эркакларга хизмат қилиш учун яратилган, деган фикр бор эди. Хусусан, арабларда аёлларга муносабат жуда ҳам ёмон бўлган. Агар оилада қиз фарзанд туғилса, унинг туғилишини иснод деб билиб тириклайин кўмиш ҳоллари бўлаган. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл сураси, 58-59-оят).

Бундай ваҳшийликка асосий сабаб динсиз ва имонсиз кишиларнинг жаҳолат ва кибр-ҳаволари сабаб бўлган. Ислом дини келгач эса бундай одатлар барҳам топди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур” (Шўро сураси, 49-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда биринчи бўлиб қиз фарзандларни зикр қилди. Бу нарса жуда муҳим, чунки Қуръони Каримда нима олдин зикр қилинса, унда бир ҳикмат бўлади. Демак, динимиз қиз фарзанд туғилгандан бошлаб бошқача эътибор беришни талаб этади. Ҳатто уч қизни чиройли тарбиялаб, вояга етказган кишига жаннат ваъда қилинган. Аёлларнинг ўз эрлари зиммасида ҳам жуда кўп ҳаққи бор. Эрлари уларга нисбатан яхши феъл-атворли, меҳр-шафқатли бўлишлари ва баъзи хато камчиликларига сабрли бўлишлари тавсия этилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига аёлларга яхши муносабат бўлишга буюриб шундай марҳамат қиладилар:

“Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлу аёллари билан яхши бўлганларингиздир” (Термизий ривояти).

Жамиятимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан, Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб, уларга хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилсин. Омин!

Ҳусниддин БАЙНИЯЗОВ

Ангрен шаҳар бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда дунёнинг ўнга яқин мамлакатидан ва юртимизнинг турли вилоятларидан келган олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

Унда телекоммуникация, ахборот-коммуникация технологияларининг иқтисодиётимиз ривожланишидаги роли, муаммолари ва уларнинг ечимлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва хавфсизлиги масалалари кўриб чиқилмоқда.

Конференция доирасида семинарлар ташкил этилиб, электрон тижорат, «Электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш борасида ахборот технологияларидан фойдаланиш, «Ахборот кутубхонаси ва архивлар» йўналишининг инновацион ривожланиши, ихтисослаштирилган дастурий ва аппарат ишланмаларидан иқтисодиётнинг реал тармоқларида фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги муаммолари, «ақлли» ва «хавфсиз» уйларни лойиҳалаштириш ҳамда замонавий педагогика ахборот технологиялари бўйича оригинал тадқиқотлар ўрганилади. 

Шунингдек, телекоммуникация тизимлари, рақамли телевидение, радио, симсиз алоқа технологиялари, радиотехника ривожланиши истиқболлари ҳақида фикр юритилади. Ахборот технологиялари учун назарий асосни таъминловчи аналитик материаллар ва илмий ишлар муҳокама қилинади, деб хабар беради ЎзА.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон туризмдан йилига 15 миллиард доллар ишлаб топиши мумкин. Бу маълумотни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси маслаҳатчиси туркиялик Содиқ Бадак “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Статистика бўйича, дунёда 4 миллиард киши сайёҳдир. Уларнинг кўпчилиги ўз сафарини 4 кундан 14 кунгача давом эттиради. Айнан улар билан қизиқишимиз лозим. Агар жуда бўлмаганда 15 миллион меҳмонни жалб эта олсак, даромад йилига 15 миллиард долларни ташкил этади”, — деди Содиқ Бадак.
Шунингдек, маслаҳатчи йил давомидаги инфратузилмалар муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
“Ўзбекистон барча тўрт мавсумда меҳмонларни қабул қила олиши муҳим, аммо бунинг учун инфратузилма яратиш лозим. Ўзбекистон — Марказий Осиё жавоҳири. Бундай салоҳият минтақадаги бошқа давлатларда йўқ”, — дея таъкидлади эксперт.
Туркиялик мутахассиснинг айтишича, айни пайтда Ўзбекистон йилига 10 миллион нафаргача туристни қабул қила олиши ва бундан 10 миллиард доллар ишлаши мумкин.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Миср Араб Республикасидаги “Ал-Азҳар” университети ректори ўринбосари Юсуф Амир университет қошидаги “Таржима маркази”нинг Қуръони карим маъноларини 30 та хорижий тилларга таржима қилиш ҳақидаги лойиҳасини маълум қилди.

Миср Араб Республикасида нашр этиладиган “ал-Явм ас-Сабиъ” газетаси хабар беришича, 2 апрель куни Мисрнинг Искандария шаҳрида Халқаро китоблар кўргазмасида иштирок этган “Ал-Азҳар” университети ректори ўринбосари, университет қошидаги таржима маркази директори Юсуф Амир Марказнинг Қуръони карим маъноларининг 30 та хорижий тилларга таржима қилиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди.

Юсуф Амир марказнинг бир ярим йил ичида 154 та китоб таржима қилингани ҳақида хабар бериб бундай деди: “Қуръони карим маъноларининг 30 та хорижий тилларига таржима қилиш олдимизда турган муҳим вазифадир”. Шунингдек Юсуф “Ал-Азҳар”нинг бошқа лойиҳалари қаторида “Савт ал-Каир” аудиокомпанияси билан ҳамкорликда Қуръони карим муфассири Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (раҳимаҳуллоҳ) шарҳларини аудио-таржима қилиш, болалар нашри,  диний атамалар луғатини 15 тилга таржима қилиш ва “Ал-Азҳар” сериалини таржима қилиш каби лойиҳаларни санаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Мисрнинг Искандария шаҳрида 31март куни бошланган китоб ярмаркаси 9 апрелгача давом этади.

Халқаро алоқалар бўлими

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Алҳамдулиллаҳ ҳар томонлама соғу-саломатмиз, иймон деган бебаҳо неъматдан, ислом шукуҳидан, озодлик наъшидасидан, мосуво эмасмиз. Шундай тинч фаровон турмуш қадрига етайлик. Гўёки кўзларимизни ҳар дақиқа очиб юмиб асраганимиздек, ўзимизни меҳрни жиққа булоғига ботириб шукронадан бўшамайдиган замон ва маконда яшаяпмиз. Аммо барибир сабр, қаноат, қисматимга бўлган ўлчамлар мени хавотирга солади. Айтингчи, уларни қаердан олай, мен уч эшикларга йўналган бир йўловчиман. Тўрт болага ҳамда баъзи яқинларимга йўлбошчидирман. Йўловчилигини тўғри бажара олмаётган банда, қандай йўлбошчи бўлиши мумкин? Унинг залворидан қўрқаман.

Менга ноёб топилмаларни қаердан олишим керак бўлган манзилларни айтсангиз бўлди. Оёқ яланг бўлиб бўлса ҳам, эмаклаб бўлса ҳам бораман. Ҳозир ўз ихлосимдан, кўнглимдан хавфдаман. Илгарилари, кимдир дилозорлик қилса, ёки ғуруримни топтаса, парво қилмасдим. Нега дейсизми, кўзларимни пастга қаратсам кифоя эди. Шундоқ ёноқларимда янги қазилган ўз қабримни кўрардим. Ва ҳаммаси шу ондаёқ унутиларди. Дилимга ғафлат уя қурмасди. Энг кераги, мен ҳеч кимдан хафа бўлмасдим, умуман нолиш деган ҳамроҳим бўлмаган. Нима бўлди-ю, турмушга чиққанимдан кейин кўплаб фазилатларим табора камайиб кетди.

Ора-орада шикоятчи мансабига ҳам ўтирдим. Жаҳл деган иллатга кўп десам хато бўлади, кўпроқ ошно бўлдим. Ортимга бир назар ташласам, ҳаётимнинг баъзи зиналарида қандай жоҳил яшаганимдан уялиб кетаман. Маънан қашшоқ одамлар ҳам ўзини шундай тутмасалар керак, деб баҳо бераман ўзимга.

Биласизми, ҳозир анча хотиржамман. Чунки, мени бу ҳолатдан алҳамдулиллаҳ муборак Зикрлар ва дуолар қутқарди. Нажот ва сабр бераётган Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишининг оила аъзоларига салом ва саловотлар бўлсин.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top