www.muslimuz

www.muslimuz

بسم الله الرحمن الرحيم

 


Муҳтарам жамоат!
Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини бўлмиш Исломни мукаммал, унинг аҳкомларини тўкис қилиб берди. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонлар учун берган битмас-туганмас неъматидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

   الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا

яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси 3-оят).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ислом динини мукаммал қилиб, унинг томирини ерга мустаҳкам жойлаган ва шохларини осмонга қадар етган дарахт каби қилган.

Суннат бу динда юриладиган йўлдир. Ким энг тўғри йўлда юрмоқчи бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юриши лозимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

﴿أمَا بَعْدُ، فَإِنَّ خَيْرَ الْحَدِيْثِ كِتَابُ اللهِ، وَخَيْرَ الهَدْيِ هَدْيُ مُحَمَّدٍ، وَشَرَّ الْأُمُورِ مُحْدَثَاتُهَا، وَكُلُّ بِدْعَةٍ ضَلاَلَةٍ

(رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه)

яъни: “Аммо баъд, албатта сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг китобидир. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммаднинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо чиқарилганидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Қуръони каримнинг қирқдан ортиқ ояти карималарида мўмин-мусулмонлар Расулимиз алайҳиссаломга итоат қилиш ва эргашишга буюрилган. Жумладан, Ҳашр сурасида бундай дейилган:

 وَمَا آَتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانْتَهُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

яъни: “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Ҳашр сураси 7-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш, у зот келтирган шариатларига амал қилиш шариатимиз талабидир. Бу ҳақда Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Фаришталарнинг баъзилари: “Бу киши ухлаяпти”, дейишди. Баъзилари эса: “Кўзлари ухлоқ, қалблари уйғоқ”, дейишди. Кейин фаришталар: (Пайғамбаримизга ишора қилиб): “Мана шу биродарингизга бир масал бор. Қани бир зарбулмасал келтирингларчи”, дедилар. Шунда фаришталар: “Албатта, бу киши ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам кўрмайди”, дедилар. Баъзи фаришталар: “Бу гапни таъвил қилинглар, тушунсин”, дейишди. Бошқа фаришталар: “Ҳовли – жаннат, даъватчи – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ, Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад – одамлар орасини фарқловчидир”, дедилар”  (Имом Бухорий ривоятлари).

Шунинг учун У Зот алайҳиссаломдан келаётган дин йўлига хилоф равишда янгиликлар жорий қилиш қаттиқ қораланади ва рад этилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

﴿ مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ ﴾ (رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَة رضي الله عنها)

 яъни: “Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у қайтарилган”, дедилар (Имом Бухорий  ривоятлари).

   Ҳадиси шарифдаги “Ушбу ишимиз” деганда дин, шариат назарда тутилган. “Унда йўқ нарса” деганда шариатда мутлақ бўлмаган ёки шариатнинг умумий қоида ва далиллари далолат қилмаган амал тушунилади.

Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олимларидан Мулла Али Қори шундай дейдилар:

وَمَعْنَى الْحَدِيْثِ: أَنَّ مَنْ أَحْدَثَ فِي الْإِسْلاَمِ رَأْياً لَمْ يَكُنْ لَهُ مِنَ الْكِتَابِ وَالسُّنَّةِ سَنَدٌ ظَاهِرٌ أَوْ خَفِيٌّ مَلْفُوظٌ أَوْ مُسْتَنْبَطٌ فَهُوَ مَرْدُودٌ عَلَيْهِ

яъни: “...Ҳадиснинг маъноси, ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилингандир”.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадис шарҳида бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”.

         Энди бевосита “бидъат” сўзини таърифига киришадиган бўлсак, “бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:

اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ

яъни: “Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).

Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан.

Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, – деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом – Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз –  динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.

  Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

   Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.

  Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар – “бидъати ҳасана” бўлади. Яъни, мақталган, яхши бидъат саналади.

Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир.

Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.

Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бир ишни кўрганда унга нисбатан бидъат ёки бидъат эмас деб ҳукм  қилишга шошилмаслик керак. Чунки бу борада уламолар томонидан жорий этилган қоида ва асослар бор. Шундан келиб чиқиб шуни айтамизки, юртимизда баъзи бир одатлар борки, гарчи шариатда у айни шу шаклда собит бўлмаган бўлса-да, шариатимизнинг умумий асосларга зид келмайди. Бунга мисол қилиб намоздан кейин қироат қилиш ва жамаовий дуо қилишни келтиришимиз мумкин. Мадомики, мусулмонлар бу одатларни албатта шундай шаклда собит бўлган деб эътиқод қилмасдан амалга оширсалар бидъат ҳисобланмайди. Шунинг учун бу одатлар юртимизда бир неча асрлардан бери уламолар тарафидан инкор этилмай давом этиб келмоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини Ўз суннатлари (тутган йўллари)ни маҳкам ушлаш ва Расулимиздан кейин ўтган улуғ зотларнинг йўлларида бардавом бўлишга чиқириб, бундай деганлар:

﴿ عَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ

(رواه الإمام الترمذي عن عرباض بن سارية رضي الله عنه)

яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар (Имом Термизий ривоятлари).

Акс ҳолда суннатлар унутилиб, ҳар хил бидъат ва хурофотлар кўпаяди. Зеро, бу борада Амр ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

﴿مَنْ أَحْيَا سُنَّةً مِنْ سُنَّتِي قَدْ أُمِيْتَتْ بَعْدِي فَإِنَّ لَهُ مِنَ الْأَجْرِ مِثْلَ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِ النَّاسِ شَيْئًا وَمَنْ اِبْتَدَعَ بِدْعَةً لاَ يَرْضَاهَا اللهُ وَرَسُولُهُ فَإِنَّ عَلَيْهِ مِثْلَ إِثْمِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ آثَامِ النَّاسِ شَيْئًا

яъни: “Мендан кейин унутилган суннатлардан бирини ким амалга тадбиқ қилса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади ва бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди. Ким Аллоҳ ва Расули рози бўлмайдиган бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари). 

Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади.

Ҳозирги кунда баъзиларнинг илмсизлик оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келмоқда. Масалан, баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Хусусан, баъзи ҳудудларда инсон вафотидан кейинги уч кун ичида маросим қилиб меҳмон чақириш одат тусига кирган. Ваҳоланки, бундай қилиш шариат ҳукмларига зиддир. Бу ҳақда “Хулосатул фатово” китобида бундай дейилган:

وَلاَ يُبَاحُ اِتِّخَاذُ الضِّيَافَةِ عِنْدَ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ، لِأَنَّ الضِّيَافَةَ تُتَّخَذُ عِنْدَ السُّرُوْرِ

яъни: Мусибат етгандан кейин уч кун ичида одамларга зиёфат қилиб беришга рухсат этилмайди. Чунки зиёфат хурсандчилик кунлари қилинади”.

Маййитни дафн қилмай бир неча кун ушлаб туриш ҳам суннатга хилоф одатлардандир. Шунингдек, янги уй ёки маркаб сотиб олганда бирор жонлиқ сўйиб, қонини уй ёки маркабнинг устидан оқизиш ҳам хорофотлардандир. Аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. Шунингдек, халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний раҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи ўз бидъатида қанча тиришса, Аллоҳдан шунча узоқ бўлади”, – деганлар.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзи рози бўладиган амалларни муяссар айлаб, икки дунё саодатини насиб қилсин! Омин!

Юклаб олиш:

Sunnatga_ergashish_va_bidatning_zararlari.doc

Sunnatga_ergashish_va_bidatning_zararlari.pdf

 

  

 

Вторник, 10 Май 2022 00:00

ТУШКУНЛИКДАН ҚУТИЛИШ

#дуо

❓913-CАВОЛ: Тушкунликдан қандай қутилиш мумкин?

? ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Тушкунликдан қутилиш бошига келган мусибатни қандай кутиб олишга боғлиқ. Агар киши ўзига етган мусибат ва шу каби кўнгилсизликларга бу ҳам Аллоҳнинг қазо ва қадари, менга юборган бир имтихони, деб қараса. Мусибатларни енгиш ва тушкинликлардан чиқиб кетиши осон бўлади.

Аллоҳнинг тақдирига кўниб, хоҳиш иродасига таслим бўлганларнинг ҳамма иши яхши бўлади. Улар ўзларига соғлик ва хотиржамлик каби чиройли нарсалар келганида, бу неъматларни Аллоҳдан билиб шукр қиладилар. Бошларига хасталик ва фалокат каби нафсига ёқмаган ёмонликлар келганида, уларни Аллоҳдан келган синов сифатида қабул қиладилар ва сабр қиладилар. Оқибатда ҳар иккиси ҳам улар учун хайрлидир. Чунки шукр қилганлари учун шукр савоби, сабр қилганлари учун сабр савобини оладилар ва ҳар икки ҳолатда ҳам фойда кўрадилар.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминнинг ҳар қандай ҳоли яхши. Унинг ҳар қандай ҳоли (соғлик ё беморлик бўлсин) ўзи учун хайрлидир. Ва бу фақат мўминларга хосдир. Унга яхшилик келса шукр қилади; Бу унинг учун хайрли бўлади. Агар унга ёмонлик (хасталик, мусибат) келса, сабр қилади; Бу ҳам унинг учун хайрли бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз ҳаётда қандайдир муаммо ва тўсиқларга дуч келиб қолган инсонларга ҳадислар келган: “Йа Ҳалийму йа Алийм, йа Алиййу йа Азийм”, дуосини ўқиб сўнг Аллоҳдан астойдил ва чин ихлос билан ҳожатларини сўраса, иншааллоҳ У Зотнинг ёрдами билан муаммолардан халос бўлади, деган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Telegram (https://t.me/diniysavollar) | Instagram (https://www.instagram.com/fatvouz/) | Facebook (https://www.facebook.com/diniysavollar) | Tiktok (https://www.tiktok.com/@fatvouz)

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда умра навбати билан боғлиқ бухоролик айрим фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари акс этган хабар тарқатилди.

Маълумки, умра сафари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида тартибга солинади.

Мазкур қарорга кўра, 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқароси умра сафарига бориш учун ўзи рўйхатда турган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан чиқиб, умра сафари учун очилган махсус дафтарга рўйхатга ёзилади ва шу ҳақдаги маълумотномани олади.

Ушбу дафтар бўйича навбати келган фуқарони МФЙ туман-шаҳарга тавсия беради. Сўнг ҳудуддаги поликлиникада тиббий кўрикдан ўтади. Натижалар яхши чиқса, умра учун белгиланган тўлов суммасини тўлайди. Шунингдек, хорижга чиқиш паспорти, тиббий кўрикдан ўтгани, вакцина олгани тўғрисидаги маълумот ва сертификат ҳамда тўлов қоғозининг нусхасини тақдим қилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мана шундай маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган рўйхатлар асосида мўмин-мусулмонларнинг умра ибодатини амалга ошириш билан шуғулланиб келмоқда.

Шу йил февраль ойидан ҳозирга қадар Бухоро вилоятидан 1140 нафар фуқаро умра амалини адо этиб қайтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси умра сафари борасида ўзига тегишли бўлган вазифаларни адолатли, шаффоф ва сифатли бажариб келмоқда. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони, Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчилар учун тайёрланган шароитлар ҳамда умрачилар таассуротларини ОАВ орқали тез-тез оммага эълон қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни умра навбатига ёзиш, уни юритиш ва навбатларни ўзгартириш Диний идора ваколатига кирмайди.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарда кўрсатилган айрим ҳолатлар юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориб, натижаси ҳақида қўшимча хабар қилишни режалаштирган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маккаи мукаррама шаҳри бўйлаб сафарлари давом этаётган муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев бошчилигидаги Ҳаж делегацияси меҳмонхонада истиқомат қилаётга ўзбекистонликлар умрачилар билан мулоқот қилдилар ва уларнинг дил изҳорларига қулоқ тутдилар.

Дарҳақиқат, Ислом манбаларида ҳаж ва умра қилувчиларга кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган кишига катта ажру савоблар борлиги баён этилган. Шу мақсадда, делегация аъзолари томонидан бир неча кундан буён юртдошларимиз ҳаж ва умра амалларини мукаммал адо этишлари учун зарур бўлган шарт-шароитларнинг энг яхшисини ҳозирлаш устида иш олиб бормоқдалар. Улар зиёратларимиз ҳаж амалини тўлиқ адо этишлари учун муҳим бўлган шароитларни тайёрлашга ҳаракат қилиб, зиёратчиларга юқори даражада хизмат кўрсатадиган меҳмонхоналар фаолияти билан танишиб, уларни сараламоқдалар.

Муфтий ҳазратлари Макка шаҳрида ўз ибодатларини адо этаётган умрачилар билан мулоқот қилдилар. Учрашувда муфтий ҳазратлари юртдошларимиздан яратилган шароитлар ҳақида уларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдилар. Зиёратчиларимиз шароитлардан мамнунлигини билдириб, айниқса, меҳмонхонанинг Ҳарами шарифга яқинлиги, беш маҳал намоз ва зиёратларни адо этишга қулайлигини алоҳида эътироф этиб, бу ишларга бош бўлган мутасаддилар ҳақига дуолар қилдилар.

Шу билан Ўзбекистон делегацияси “Ҳаж – 2022” мавсумини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни Саудия Aрабистонидаги мутасадди идоралар билан мулоқотларини якунлаб, ўз сафарларини якунига етказдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туркий давлатлар дин пешволари иштирокида бугун, 6 май куни Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида “Туркий халқларнинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам қатнашди.

Халқаро анжуман Қуръон карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Нуфузли анжуманни Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули олиб борди.

Дастлаб Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг халқаро анжуман иштирокчиларига табрик мактуби ўқиб эшиттирилди. Унда меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, бугунги учрашув тарихи муштарак бўлган мамлакатлар маънавий-маърифий ишларига янги сурат бағишлаб, эзгу ташаббуслар ривожига хизмат қилиши каби хайли тилаклар акс этган.

Шундан сўнг Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Aмреев сўзга чиқиб, туркий давлатлар ҳамкорлигининг тарихи ва бугунги куни, туркий халқларнинг Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси улканлиги, қардош ва диндош давлатларнинг истиқболи порлоқ эканлиги ҳақида сўзлади. Шунингдек, Қозоғистондаги халқаро ташкилот, ҳукумат ва маҳаллик ҳокимият вакиллари ҳам сўзлаб, анжуман ишига муваффақиятлар тилади.

Шу билан халқаро анжуманга келган қардош давлатлар дин пешволарига сўз берилди. Дастлаб Туркия диёнат ишлари бошқармаси раҳбари, профессор Aли Эрбош нутқ сўзлаб, Ислом ёйилган барча ерларда мисли кўрилмаган тараққиёт бўлгани, Ўрта Осиё, хусусан, Туркистонда ҳам юксак маданият ва ривожланиш бўлгани, бу ўлкадан катта мутафаккир ва алломалар етишиб чиққани, улар шу ерга йиғилган қардош элларнинг ягона аждоди эканини таъкидлади.

Халқаро анжуман давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, иштирокчиларга Муфтий Нуриддин домла ҳазратларининг дуою саломларини етказди, сўнгра анжуман мавзусида нутқ сўзлаб, жумладан, бундай дедилар:

“Шарқу Ғарбни ўзаро боғлаган, буюк цивилизациялар туташган Туркий халқлар заминидан етишиб чиққан минглаб олимлар, мутафаккирлар Ислом дини ривожига жуда катта ҳисса қўшганлар.

Аввало таъкидлаш керакки, Марказий Осиё ҳудудида биринчилардан бўлиб ҳадис марказлари шаклланиб, улардан кўплаб муҳаддислар етишиб чиқди. Машҳур тўққизта ҳадис тўпламидан еттитасининг жамловчиси ушбу ўлка муҳаддисларидир. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Доримий ва Имом Абу Довуддек муҳтарам зотлар ислом оламида донғи кетган муҳаддис пешволар сифатида эътироф этиладилар.

Туркий халқлар минтақасида тафсир илми ҳам ривож топди. Унинг вужудга келишида муҳаддислар мактаби асос бўлиб хизмат қилди. Хусусан, муҳаддисларнинг пешвоси бўлган Имом Бухорийнинг “Тафсири Кабир” номли асари алоҳида китоб шаклида ёзилган илк тафсир деб эътибор қилинади.

Имом Жоруллоҳ Маҳмуд аз-Замаҳшарийнинг “Кашшоф” номли тафсири эса Қуръони каримнинг араб тили қоидаси ва балоғати жиҳатидан қилинган энг эътиборли тафсир сифатида бугунги кунимизда ҳам аҳамиятлидир. Бу ҳақда баъзи уламолар: “Агар Кашшоф бўлмаганида, Қуръоннинг маънолари кашф бўлмас эди”, — деганлар.


Ҳудудларимизда ҳанафийлик мазҳаби асосий фиқҳий мазҳаб сифатида тарқалган. Бунда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Муҳаммад ибн Ҳасанда таълим олган Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг хизматлари беқиёсдир. Бу зот Бухоро шаҳрини йирик ҳанафий мактаби марказларидан бирига айлантирди. Унинг ўғли Абу Ҳафс Сағир Бухорий ҳам етук фақиҳ бўлиб, қатор фиқҳ намоёндаларни етишиб чиқишида ўз ҳиссасини қўшган.

Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асари ҳанафий фиқҳида асосий манбалардан биридир. Мусулмон бўлмаган диёрларда ҳам ҳуқуқшунослик соҳасида ҳозирги кунгача ундан кенг фойдаланиб келади.

Туркий халқлар ерларида тасаввуф илми ҳам юксак даражада ривож топиб, кўплаб уламолар тарбия топган. Хусусан, Баҳоуддин Нақшбанд ва Аҳмад Яссавий ҳазратлари томонидан асос солинган тариқатлар ҳозиргача мусулмон оламининг катта қисмида амал қилиб келинмоқда

Бугунги ташкил этилган анжуманимиз аҳамияти ва долзарблиги жиҳатидан жуда ҳам муҳим саналади. Боиси, ҳозирги кунда динимизга ичкари ва ташқаридан дин номидан турли ҳужумлар бўлмоқда. Бу эса уларга қарши илмий-маърифий йўл билан курашишни тақазо этмоқда. Айни дамда бу ҳолат дин пешволарига ҳам вазифаси юклайди.
Ҳозирги замонда дунёда бўлиб турган турли глобал муаммоларнинг ечими биз сўз юритаётган мавзу билан чамбарчас боғлиқдир”.

Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзлари давомида ушбу анжуманни юқори савияда уюштирган ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, анжуман ишига ва муҳтарам муфтийларга Аллоҳ таолодан икки дунё саодатини тиладилар.

Шунингдек, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ҳамда Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Замир қори Ракиевлар анжуман мавзусида чиқишлар қилди.

Нуфузли халқаро анжуман охирида Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули сўз олиб, қардош халқлар дин пешволарига ташриф ва бир-биридан ажойиб илмий-маърифий чиқишлари учун миннатдорчилик билдирди.

Халқаро анжуман доирасида қардош халқлар дин пешволари, маҳаллий ва хорижий диний ташкилот вакиллари туркий тилли мамлакатларнинг муштарак меросини тадқиқ этиш, Имом Мотуридийнинг ақида мактаби ва Имом Аъзам Aбу Ҳанифанинг фиқҳий таълимоти каби йўналишларда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, глобал муаммоларга қарши мусулмон уммати бирдамлигини таъминлаш, муборак саналарни белгилашда кенгашиш, долзарб масалаларда фатволар ишлаб чиқиш ва бузғунчи оқимлар тарғиботининг олдини олиш каби масалаларида яқин ҳамкорлик қилиш юзасидан келиб олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мазкур халқаро анжуман доирасида Муфтийлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Сафар тафсилотларини сайт ва ижтимоий тармоқларимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 84 из 635

Мақолалар

Top