Табобат

Олимлар соғлик учун энг фойдали озиқни топишди

(Эй Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз! Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир (Наҳл сурасининг 68-69-оятлари).

Пайғамбаримиз асални яхши кўрар, бошқаларни ҳам бу неъматдан ейишга, у билан даволанишга чақирардилар. Бир киши Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Биродаримнинг қорни оғрияпти»,  деди. Расулуллоҳ унга: «Биродарингга асал ичир», деб тавсия қилдилар. Ҳалиги одам унга асал ичирди. Кейин келиб айтди: «Мен унга асал ичирдим. Аммо баттар ичини кеткизиб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг гапи рост, биродаринг қорни алдаган!» дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоят қилган).

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимда-ким ҳар ойда уч марта, наҳорда (оч қоринга) асал яласа, касалликнинг каттаси унга яқин йўламайди” (Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади заиф).

*   *   *

Инсонлар истеъмол қиладиган маҳсулотлар устида тадқиқот олиб борган олимлар асал энг фойдали озуқа деган хулосага келишди. “Мўъжизавий ҳапдори” вазифасини ўташи мумкин бўлган асал инсон танасига ижобий таъсир кўрсатадиган энг ажойиб озуқадир, демоқда Россия ОАВ.

Мутахассисларнинг фикрича, бир чой қошиқ асал кун давомида соғлиқни сақлаб юришга етади. ОАВ маълумотларига кўра, асал жуда ҳам яхши антиоксидант экан. Демак, мунтазам асал истеъмол қилиб юрилса, тана токсинлардан халос бўлиб боради ва асалнинг микробга қарши курашиш хусусияти терининг ҳолатини бир неча баробар яхшилайди.

Озишни хоҳлаганларга ҳар қандай ширинлик ейиш тақиқланади, аммо асал бундан мустасно. Чунки асалнинг таркибидаги шакар шоколаднинг таркибидаги шакардан фарқ қилади. Асал метаболизмни тезлаштиради ва вазн ташлашга яхши фойда беради.

Ҳар куни асал истеъмол қилиш тананинг холестринга қарши курашишида самарали таъсир кўрсатади. Тадқиқотлар кўрсатишича, асал  сиқилишларнинг олдини олади, танада токсинлар йиғилишига қаршилик кўрсатади ҳамда хотирани мустаҳкамлайди. 

Бундан ташқари асал таркибидаги кальций мияга енгил сўрилади ва унинг ишлаш қобилиятини яхшилайди.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади

940 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Фаоллаштирилган кўмирнинг фойдали жиҳатлари
Top