muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло айтади: “Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввал уларга панд-насиҳат қилинган, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларида тарк қилингиз, (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар) уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир” (Нисо сураси, 34-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Уч тоифа одамнинг намози мақбул бўлмайди ва бирорта яхшилиги осмонга кўтарилмайди. 1) Қочоқ қулнинг то хўжайинларига қайтиб, қўлини уларнинг қўлларига қўймагунча; 2) Эрини ғазаблантирган, норизо қилган аёлнинг то эри ундан рози бўлмагунча; 3) Ва мастнинг то ўзига келмагунча” (Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ривояти).

Ривоят қилинадики, аёл қиёмат куни биринчи бўлиб, намоз ва эридан сўралади.

Аллоҳ барча аёлларни эрига итоат қилишга насиб қилсин. Албатта, У марҳаматли ва саховатли зотдир.

Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Воскресенье, 18 Март 2018 00:00

Китоб ярмаркасига марҳабо

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги ташаббуси билан, туманлар марказий масжидлари қошида ўтказилаётган сайёр китоб ярмаркаси кеча Хонқа тумани “Халифаи Худойқули эшон бобо” жоме масжидида давом этди. Ушбу сайёр китоб ярмаркасининг ташкил этилиши Хонқалик китобсевар халқимизни мамнун қилмоқда.

Китоб ярмаркаси кейинги ҳафта, 23 март жума куни соат 11:00 дан 15:00 гача Янгиариқ туманидаги “Ҳазрати Ғоиб ота” масжидида бўлади. Китобсевар барча Янгиариқ аҳлини китоб ярмаркасига таклиф этамиз.

ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги

Воскресенье, 18 Март 2018 00:00

Қуръон – шифо, Қуръон – барака

Юртимизда байрам шукуҳи. Қуёш чарақлаб чиққан, дарахтлар чапар уриб гулга кирган якшанба тонгида пойтахтимизнинг энг ҳашаматли тўйхоналаридан бири “Наврўз” ресторани атрофи одамлар билан гавжумлаша бошлади.

Ҳар доим бу ерга тўйу тантаналарга келувчиларни кутиб олиб, ўз бағрида не-не бахтиёр инсонларни меҳмон қилган ресторан бино бўлибдики, ҳали-ҳамон бундай шарафга етиша олмаган эди – бугун бу ерда Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтаяпти.

Мусобақа бошланиши эрталабки 9.00 га мўлжалланган бўлса-да, 8.00 дан ўтиброқ бориб машинамизни қўярга жой тополмай қийналдик. Хавфсизлик ходимлари ёрдам қилиб, аранг бир жой топгандек бўлиб ичкарига кирсак, ичкари лиммо-лим одам.  Ҳамманинг кўзида ҳаяжон, дилида ажиб бир интиқлик – тезроқ бошлана қолса-ю,  тиловатларни тингласак. Ахир, бугун нафақат Тошкентда, балки бутун республикада, борингки, хорижий юртларга ҳам донг таратган қорилар машҳур қорилар, зўрлар беллашади...

Таомилга кўра, Қуръон тиловати билан бошланган мусобақани Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов кириш сўзи билан очаркан, шу ерда ҳозир бўлган ёшларимизга қарата, жумладан, бундай деди: “Қуръонни фақат қулоқ билан эмас, бутун вужуд билан эшитилади. Чунки Қуръон ­– Раббимизнинг Каломи унинг ҳар бир ҳарфини инсоннинг ҳар бир аъзоси ўзининг хос “қулоғи” билан тинглайди. Шунинг учун ҳам уни тинглар эканмиз, танамиз жимирлаб, сўз билан таърифлаб бўлмас даражадаги бир роҳат-фароғатни, улуғвор бир қудратни ҳис қиламиз...”

Юртимизда қишнинг чилласида бошланиб кетган Қуръон мусобақаси шарофати билан Ватанимизга қут-барака  ёғилди. Олис-яқиндаги бизникига ўхшаган қуруқ иқлимли ўлкаларда бошланиб кетган қурғоқчилик юртимизни четлаб ўтиб кетди. Ушбу мусобақани кузатиб бораётган хорижлик биродарларимизни мусобақани тинглашга бунчалик кўп одам тўпланаётгани ва қориларимизнинг маҳорати ҳайратга солаётган экан.

Ахир, нега бормайлик, бу ерда Аллоҳнинг Каломи зикр этилса, дуоси мустажоб бўладиган азизлар қўлларини кўтариб биздан умидвор ётганларимизнинг ҳам ҳақларига дуолар қилса... ўша зотлардан бирини уйимизга чақириб келамиз деб дастурхонлар безасак, илтижолар қилсак, ­- ё вақти бўлади ё бўлмайди. Шундай қулайликдан фойдаланиб қолмасак нодонлик қилган бўлмаймизми!..

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси — 2018” ташкилий қўмитаси раиси Абдулҳаким Матқулов бир гапни айтдики, бу бизнингча, Қуръон мусобақаси ва унинг ташаббускорига берилган энг ажойиб таърифдир. Диққат қилинг: “Андижонда 94 ёшга кирган онахон бор экан. Фазилатли онахон эрта-ю кеч мусобақа масъуллари ва қатнашчилари ҳаққига дуолар қилиб ўтирар экан. Ўша онахон “Президентимиз мамлакатимизни, миллатимизни Қуръон билан даволамоқда”, деди”.

Дарҳақиқат, юртимизга Қуръони карим шарофати ила файзу барака ёғилиб, тараққиётнинг боғланиб турган йўллари очилиб кетган бўлса; инсонларнинг кўнгли оятлар билан ёришди, қалбидаги қурумлари кўзёшлари билан кўчди, гуноҳлари дуолар билан ювилди.

Мусобақада “энг яхши дуогўй” ҳам деган номинация бўлганида эди, шу номинация бўйича биринчи ўринга ўша онахон муносиб топилган бўларди, тўғрими?

Қуръон мусобақаси ҳозир авж палласига чиқди, энди мураттаб қориларимиз беллашуви бошланади. Унга шошилинг, азизлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, барча умумтаълим мактаби ўқувчиларининг учинчи чорак якунидаги таътил кунларини мазмунли ўтказишга оид режа тузилди. Унга кўра, юртимизнинг маданий мероси, тарихий обидалари, зиёратгоҳлари, муқаддас қадамжолари, ноёб табиати, замонавий иншоотлари билан яқиндан таништириш мақсадида ички туризм тадбирлари ташкил этилади. ЎзА хабарига кўра, унда ўқувчилар билан бирга, ота-оналар ҳам иштирок этади.
18-22 март кунларида 2 минг 200 оила (4 минг 400 нафар ота-она ва 6 минг 600 нафар фарзандлар) туристик саёҳатларда қатнашади. Шунингдек, 18-26 март кунлари умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган бир минг саксонта гуруҳда 2 мингдан зиёд ўқитувчи 16 минг 200 ўқувчини юртимизнинг диққатга сазовор жойлари бўйлаб саёҳатга олиб чиқади.
Пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйларининг 50 нафар тарбияланувчисини зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжолар билан таништириш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

 عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله -صلّى الله عليه وسلم- : «انظروا إلى من هو أسفل منكم. ولا تنظروا إلى من هو فوقكم؛ فهو أجدر أن لا تَزْدروا نعمة الله عليكم» متفق عليه

 “Дунёвий неъматлар борасида  ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ).

Муқаддас Ислом динимиз таълимоти бандаларни қаноатли бўлишга тарғиб қилади. Чунки қаноат шундай фазилатки, у битмас-туганмас хазина, тамом бўлмайдиган захира, у мол-дунёсиз бойлик, қўшин ва лашкарларсиз қудратдир.

Қаноат – Аллоҳ тақдир қилган қисматга инсоннинг рози бўлиши,  мол-дунё, бола-чақа ва сиҳат-саломатликда ўзидан куйироқдаги инсонларга қарашидир.

Бу Аллоҳнинг неъматларини таниш ва унинг шукрини адо этишга олиб борувчи энг яқин йўлдир.

Банда бу нарсаларда ўзидан юқоридагиларга назар солмаслиги лозим. Зеро, бу унинг ғам-қайғусини зиёда қилади. Тараддудга тушади. Охир-оқибат, Парвардигорининг неъматларига ношукурлик қилишига сабаб бўлади.

Соғлом киши, тўшакка михланиб шифтга термулиб ётган хастага боқсин…

Аллоҳ ризқини кенг қилган бадавлат киши фақирликдан азият чекаётган, ночорликдан нима қиларини билолмай боши қотган йўқсилга бир назар солсин…

Ўз юртида тинч-омон яшаётган киши, тинчликни қўлдан бой бериб, бир кун тинч яшаш учун борини беришга тайёр бўлган, бошига фалокатлар селдек ёғилиб турган қавмга қарасин!  Шунда у ўзининг нақадар бебаҳо неъматлар ичида яшаётганини мулоҳаза қилади.

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди
имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов тайёрлади. 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top