muslim.uz

muslim.uz

Қуръони каримда муташобиҳ оятлар ҳам бўлиб унинг асл маъноси бандасига маълум эмас. Масалан, бундай оятлардан бири “Тоҳо” сурасининг 5-оятида: "Раҳмон аталмиш Зот Арш узра муставий бўлди", – дейилади. Бу ердаги "муставий бўлди" иборасини “тик турди”, “тўғри бўлди”, “ўрнашди”, “эгаллади” каби мазмунда таржима қилиш мумкин бўлсада, булардан қайси бири тўғри экани ёки бошқа маъноси борлиги фақат Аллоҳнинг ўзига маълум. Бу каби оятларга фақат имон келтириб, Аллоҳдан эканлигини тасдиқлаб қўйишнинг Ўзи кифоядир.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “У Сизга Китобни (Қуръонни) нозил қилган зотдир. Унда муҳкам – ойдин оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва яна муташобиҳ (маъноси Ўзидан бошқага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса, дейдилар: «Унга имон келтирдик. Ҳамма (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир». (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Оли Имрон сураси 7-оят).
Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий “Ақидатут-Таҳовий” китобида бундай деганлар: “Ким ўрганиш ман қилинган нарсага киришса, васвасага тушган, адашган ва шакка тушган ҳолатда бўлади”.
“Ўрганиш ман қилинган нарса” деганда, муташобиҳ оятлар тушунилади. У оятлардан нима ирода қилинганини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади. Имом Таҳовий муташобиҳ оятларни таъвил қилмаслик (тафсирига киришмаслик) йўлини танлаганлар.
Ҳозирги кундаги сохта салафийлар бу оятларнинг зоҳирига маҳкам ёпишиб олиб, Аллоҳ таоло Аршга ўтирган, Арш эса осмонда, демак, Аллоҳ ҳам осмонда, деган нотўғри хулосага келишмоқда. Ваҳоланки, муташобиҳ оятларни тасдиқлаш ва улардаги ҳақиқий маъно қасд қилинмаганига эътиқод қилиш олдинги уламоларимиз йўли эди. Аҳли сунна уламолари Аллоҳ таолога макон нисбат бермайдилар, улардан ҳеч бирлари бу гапни айтган эмаслар. Аксинча, баъзи уламолар Аллоҳ таолога макон нисбат бериш куфр эканини айтишади, чунки Аллоҳ таолога макон тайин қилиш У Зотни бандаларига ўхшатишдир.
Кейинги замонларда муташобиҳ оятлар ҳақида саволлар кўпайиб кетгач, Аҳли сунна мутааххир уламолари у оятларни Аллоҳ таолонинг азаматига мос келадиган маъноларга таъвил қилишни жоиз кўрганлар. Айнан “истиво” калимасини “истило”, яъни “ўзига мулк қилиб эгаллаш ва ҳукмини ўтказиш” маъносидаги – деб таъвил қилганлар. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Наманган вилояти вакиллиги
Чуст туман вакили Б. Шарипов

Шу йил 26 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган ҳамюртлар иштирокида “Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига эргашайлик!” мавзусида суҳбат бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Шайҳонтохур тумани отинойиси Матлуба Ирчиева, сурдо таржимонлари ва 60 дан зиёд нутқ ва эшитиш қобилияти чекланган ҳамюртлар иштирок этишди.

Маърифий тадбирда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кундалик суннатлари: уйқудан уйғонганда, таҳорат, таомланиш, ичимлик ичиш, рўза тутиш, силаи-раҳм, қўшничилик ришталарини жонлантириш борасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йилнинг 26 октябрь куни Пахтачи туманидаги “Хўжа Зиёвуддин” жоме масжидида Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда мазкур туманда фаолият юритаётган имом-хатиблар иштирокида сайёр йиғилиш ташкил қилинди. Унда муҳим тарғибот ишларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофотларни олдини олиш, улар билан яқиндан мулоқот қилиш ва шу каби маҳаллабай ишлаш тизими бўйича суҳбатлашилди.


Йиғилишда қайд этилишича, тумандаги мавжуд 12 та масжид имом-хатиблари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблари ҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 12 та масжид ва тумандаги барча 28 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор ва шу каби тоифадаги оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлашиб, ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди.


Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Пахтачи туманидаги 12 та масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “ОАВдан тўғри фойдаланиш”, “Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”, “Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар. Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувларда қуйидаги ишлар ташкил қилинди:


• Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 28 та. Шундан 15 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
• Кам таъминланган оилаларга ташриф: 112 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда бошқа йўналишдаги муаммолари ҳамкор ташкилот масьуллари билан биргаликда ижрога йўналтирилди.
• Ногиронлиги бор ва касалманд 8 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
• Нотинч оилаларга ташриф: 2 та. Шундан 1 та оиладаги келишмовчилик ислоҳ қилинди. 1 нафари ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
• Ичкиликка ружу қўйган 2 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Тушунтириш ишлари давомида ушбу фуқаролар қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
• ЖИЭМда, қидирувда бўлган ва ИҲМ бўлган 4 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар ва оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Шундан Уларнинг барчаси Юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
• Узоқ муддатга хорижга бориб келган 11 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 7 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Шуларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
• Уюшмаган ёшлар билан 23 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
• Тумандаги 12 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 1 000 нафардан зиёд намозхонлар иштирок этишди.
• Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 11 млн сўмни ташкил қилди.


Мазкур тадбирлардан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Пахтачи туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Б.Қодиров, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятдаги мутахассиси С.Боймурадов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда ўринбосари Ёқубжон домла Мансуровлар бевосита бош бўлдилар. Ўтказилган таҳлилий йиғилишда аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ва муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунингдек, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Таниқли навоийшунос олим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлатовнинг “Алишер Навоий шеъриятида Қуръон оятлари ва ҳадислар” номли монографияси турк тилига ўгирилиб, Истанбулдаги “Аkademik kitaplar” нашриёти томонидан қардош китобхонлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Улуғ шоир ижодининг мангу ва барҳаёт сарчашмаларидан бири Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда акс этган ғоялар эканлиги кўпчилик навоийшунослар томонидан эътироф этилган бўлса-да, ушбу илмий муаммо илк марта О.Давлатовнинг тадқиқотида  монографик йўсинда тадқиқ этилгани эътиборлидир. Олимнинг ушбу хулоса –қарашлари нафақат навоийшунослик, балки Шарқ мумтоз шеъриятини англаш ва тадқиқ этишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек тили байрами кунларида нашр этилган мазкур китоб ўзбек-турк адабиётшуносларининг илмий алоқалар ва ҳамкорлиги йўлида амалга оширилган жиддий қадамлардан ҳисобланади. 

                                                                                                                          ЎзА

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 3 октябрдан 3 ноябргача Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов Россия Федерациясидаги мутасадди вакиллар билан учрашув ўтказмоқда, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига суҳбат қилиб бермоқда. 

Маърифий суҳбатлар давомида корхонада соғлом муҳитни йўлга қўйиш, ёт ғоялар таъсиридан сақланиш, ўзларини қизиқтирган саволларни расмий, ишончли манбалардан олиш, мамлакатдаги тартиб қоидаларга риоя қилиш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маърифий суҳбатлар давомида меҳнат муҳожирлари орасида соғлом муҳитни йўлга қўйиш, ёт ғояларнинг олдини олиш ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар моҳиятини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай маърифий суҳбатлар Москва шаҳри ва вилоятида ташкил этилди. Жумладан:

12 октябрь куни “Сибирская коллекция” озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида 500 нафарга яқин ҳамюртимиз билан учрашув ўтказилди.

14 октябрь куни “Исторический” масжидида Москва шаҳри муфтийси Илдар Алявуддинов билан учрашув учрашув ўтказилди. Унда икки мамлакатдаги диний-маърифий соҳадаги фаолият ҳақида фикр алмашилди. Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида келишиб олинди.

 

15 октябрь куни Москва вилоятидаги "Монотекстрой" корхонасида вақтинча меҳнат қилаётган 700 нафар юртдошимиз билан суҳбат қилинди.

Учрашувда Вазирлар Маҳкамаси, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Диний идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳ қатнашиб, Ўзбекистонда миграция соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, меҳнат мигрантлари учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, учрашувда фуқароларга Россия ва Ўзбекистон қонунчилигини бузмаслик ва турли ваъдаларга учмаслик тушунтирилди.

17 октябрь куни Москва вилоятидаги "Монотекстрой" корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 500 нафар юртдошимиз билан учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасидаги янги қарор ва қонунчилик нормалари, чет элда меҳнат қилиш учун яратилаётган шароит ва қулайликлар мазмун моҳияти айтиб ўтилди.

19 октябрь куни Москва шаҳридаги “Юнитрейд” мебель корхонасида вақтинча меҳнат қилаётган 100 нафардан зиёд  юртдошимиз билан суҳбат уюштирилди.

21 октябрь куни Москва шаҳридаги “Арт гранит” корхонасида меҳнат қилаётган 300 нафардан зиёд юртдошимиз билан учрашув ўтказилди.

Мазкур тадбирлар 2022 йилнинг 3 ноябрь кунига қадар давом этади, иншоАллоҳ.

Мақолалар

Top