Мақолалар

Устозлар ҳақида динимиз кўрсатмаси ва улуғлар фикри

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг биздаги ҳақи беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидир. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак, шунча оз. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож.

Инсоният тарихида фақат пайғамбарларгина муаллимдан дарс олмаганлар. Чунки уларнинг илмлари ваҳий орқали ҳосил бўлган. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўтган.

Устоз деганда фақат диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини унутмаслигимиз лозим. Сабаби динимизда илмлар диний­ дунёвийга ажратилмайди. Балки фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган.

Шу боис ҳар бир мусулмон киши дунёда яхши ҳаёт кечириши, охиратда саодатга эришиши учун уларга тааллуқли бўлган илмларни ўрганиши лозим. Шунингдек, ҳар бир фойдали илм дунёвий ва ухравий манфаатларга эга. Унинг қайси тарафи устун келиши инсоннинг ўзи ва ниятига боғлиқдир.

Демак, ҳар қандай инсонга манфаатли билим ўргатувчи киши муаллим дейилади ва динимизда кўрсатилган ҳақ-­ҳуқуқ ва эъзозларга сазовор ҳисобланади. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал­Ҳазрамий “Уқудул лаал фи асанидир рижал” номли китобида бундай дейди: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатлари ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра, афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки ундан­да юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устози ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”.

Имом Суютий “Жомиъус сағийр”да келтиришича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам: “Илм олинглар ва илм учун виқор ва сокинликни ўзлаштиринглар ҳамда муаллимларингизга тавозуеъли бўлинглар”, деганлар. Бу ҳадисни Имом Табароний ва Ибн Адийлар Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

Аллома Муновий ушбу ҳадиснинг шарҳида жумладан шундай дейдилар: “Чунки илмга тавозеъ ва қунт ила тинглаш орқали етилади. Толиби илмнинг устозга тавозеъси олийликдир, унга бўлган хокисорлиги иззатдир, унга бўйин эгиши фахрдир. Ислом маданияти бу борада фақатгина назарий кўрсатма ва тавсиялар тақдим этибгина қолмай, юксак даражадаги амалий намуналарни ҳам кўрсатиб берган. Улуғ саҳоба, етук олим Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо буюк мартаба Расулуллоҳга қаробат соҳиби бўлишига қарамай, Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга отининг узангини тута туриб “Уламоларимизга шундай эҳтиромда бўлишга амр қилинганмиз”, дедилар. Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг қўлларини ўпди ва: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг аҳли байтига шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз”, дедилар.

Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳақига истиғфор айтаман. Зотан, мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар.

Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен ота­-онамдан олдин Абу Ҳанифанинг ҳақига дуо қиламан”, дер эдилар. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен Моликнинг ҳузурида унга эшитилмасин деб китобни оҳисталик билан варақлар эдим”, деганлар. Имом Шофеъийнинг шогирди Рабий раҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳга қасамки, Шофеъий қараб турган бўлса, сув ичишга журъат қила олмадим”, деган эди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эдилар: “Ўттиз йилдан бери Шофеъийнинг ҳақига дуо қилиб, истиғфор айтмай туриб уйқуга ётмадим”. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний доимо устозининг исмини айтмай, уни Имомлар имоми, Буюк Устоз каби номлар билан тилга олар эди.

Ислом тарихи олтин саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шунингдек, бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос.

Аллоҳ таолодан ўтган азизларимизни Ўз раҳматига олсин, бизни уларга муносиб авлод бўлишимизни насиб этсин.

Учқун Раҳимов,

Имом Фахриддин ар-фРозий ўрта махсус ислом

 билим юрти мудир ўринбосари

Read 2366 times

Мақолалар

Top