Мақолалар

Абдуллоҳ ибн Муборакнинг саховати

Ҳаж мавсуми келса, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвдаги танишларини тўплаб, бирга ҳаж қилишни илтимос қилар эди. Улар рози бўлгач, «Пулларингизни олиб келинг», дер эди. Пуллар келгач, ҳаммасини бир сандиққа солиб, қулфлаб қўяр эди.

Кейин Марвдан Бағдодга етгунча уларга инфоқ-эҳсон қилар, энг яхши таом ва ширинликларни олиб берарди. Бағдоддан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари – Мадинага етиб боргунча ҳам кўп мурувват кўрсатар эди.

Сўнг шерикларининг ҳар биридан: «Оилангиз Мадинадан нима олиб келишингизни буюрган?» деб сўраб олар, Маккага бориб, ҳаж қилганларидан кейин ўша нарсаларни уларга сотиб олиб берарди. Маккадан чиқиб, то Марвга қайтиб келгунча ҳам йўлда улардан эҳсонини аямас, ҳатто уйлари ва эшикларини таъмирлатиб берар эди.

Уйларига етиб бориб, ўрнашганларидан уч кун ўтиб, ҳаммасига катта зиёфат берар, кийимлар совға қилар эди. Дастурхондаги нарсалардан тановул қилишса, беҳад хурсанд бўлар эди. Зиёфат тугагач, ҳажга кетишдан олдин қулфланган сандиқни очиб, исми ёзилган ҳамёнларни эгаларига қайтариб берар эди.

"Солиҳлар гулшани" китобидан

Read 1648 times

Мақолалар

Top