Мақолалар

Динда саволим бор: Кечириш ҳақида (Инсонларни нeча маротабагача кeчириш мумкин?)

— Кечириш, кечиримлилик ҳақида динимизда нима дeйилган?

— Турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтадики:

﴿وَلَمَن صَبَرَ وَغَفَرَ إِنَّ ذَلِكَ لَمِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ﴾

“Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиқидир” (“Шўро” сураси, 43-оят).

Аллоҳ таоло яна:

﴿خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ﴾

“Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир”, деган (Аъроф сураси, 199-оят). Яъни ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. қилган хатоларини авф этувчи, кенг бағирли бўл.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоқга далолат қилай-ми?” дедилар. “Ҳа ё Расулуллоҳ!” дейишди.

“Сенга зулм қилганни афв қил, алоқани узганга алоқани боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер”, дедилар. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

— Инсонларни нeча маротабагача кeчириш мумкин? Одамлар орасида уч мартагача кечириш мумкин, кейин кечирмаса ҳам бўлади, деган гаплар бор...

Неча маротаба кечиришининг миқдори белгиланмаган. Албатта, бу масала вазият ва ҳолатга боғлиқ бўлади. Мусулмон шахснинг умумий ахлоқига кўра, доимий ҳолда кечиримли бўлиши лозим. Мусулмонннинг кечирувчи ва бағрикенглигини поймол қилишга олиб борадиган даражада бўлмаслиги керак. Ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмоннинг ахлоқини “У зулм қилмайди ва ўзига зулм қилинишига ҳам қўймайди”, деб тавсиф қилганлар.  

 

— Ота-она агар ўз фарзандининг бирор гуноҳини кечирмаган бўлса, фарзанд унга оқ бўлади-ми?

Агар оқ бўлишга сабаб бўладиган даражада отаси ёки онасига одобсизлик қилган бўлса ёки уларни шу даражада ранжитган бўлса, оқ бўлади. Отаси ёки онасини рози қилиши, уларнинг кўнгилларини хушлаши лозим. Агар уларни рози қилишга улгурмаган бўлса, ҳақларида тинимсиз дуо ва истиғфорда бўлиши, садоқат ва яхшиликлар қилиб уларга савобини бағишлаши керак.

 

— Бир одамнинг дилига озор бериб, қаттиқ ранжитган одам энди ундан кечирим сўраса, у оғзида “кечирдим” деса-ю, лекин хафа қилган одам: “тилида кечирдим деди-ю, дилида кечирмади”, деган шубҳага борса, қандай йўл тутиш керак?

 Динимиз зоҳирга қараб ҳукм қилади. Тили билан “кечирдим”, дегани кифоя қилади.

 

— Ражаб ойининг кечирим сўрайдиган куни бор эмиш. Шу кунда кимни билиб-билмай кўнглини оғритган бўлсак, ундан кечирим сўраш керак экан. Шу гап тўғрими?

 Динимизда бундай гап йўқ. Кечириш учун бирон кеча ёки кун хосланмаган. Бировни дилини оғритган киши қанчалик тез кечирим сўраса, шунчалик гуноҳдан тез қутулади.

— Кимдир ўғрилигини бўйнига олиб, кечирим сўраса, мол эгаси уни кечирса, ўғри гуноҳдан фориғ бўлади-ми?

 Молиявий нарсаларда етказган зарарни қоплаб бериши шарт. Аммо жабрланувчи томонидан ўзининг ҳаққидан воз кечиши, рози бўлиши билан ўғрининг зиммасидан соқит бўлади.

 

— Инсон ноҳақ бошқа кишига зулм қилиб қўйиб, унинг олдига тиз чўкиб кечирим сўраши мумкин-ми? Шу ҳолатда унинг иймонига зиён етмайди-ми?

Кечирим сўраш энг афзал амаллардан ва мўминнинг сифатларидандир. Аммо кечирим сўраш учун гуноҳ ишга қўл урмаслиги керак. Агар зулм қилган бўлса, тиз чўкмасдан узр сўраса ҳам, узри қабул бўлаверади. Аллоҳдан бошқага рукуъ ё сажда қилиб бўлмайди. Нима қилиб бўлса ҳам жоиз бўлган йўллар билан кечирим сўраш кифоя қилади. Аллоҳ янада билгувчироқ!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 4321 times

Мақолалар

Top