Мақолалар

Беморликка бериладиган ажрлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини (гуноҳларини) кафорат қилади”, дедилар.

Демак, мусулмон киши катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи лозим бўлар экан.

Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига у киши Минода турганларида қурайшлик ёшлар кулиб кириб келди. Шунда Оиша онамиз розияллоҳу анҳа:

Сизларни нима кулдирмоқда? дедилар.

Фалончи чодирнинг ипига қоқилиб, йиқилиб бўйни синишига ва кўзи чиқишига сал қолди, дедилар.

Кулманглар! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур, деганларини эшитганман, дедилар.

Эътибор беринг, ҳадиси шарифда айтилишича, ана шундай ҳолга тушган одамга Аллоҳ таоло катта марҳамат кўрсатар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай киши ҳақида: “Қай бир мусулмонга тикан кирса ёки ундан ортиқ нарса етса, албатта, унга бир даража ёзилур ва бир хатоси ўчирилур”, демоқдалар.

Қандай қилиб Аллоҳ таолонинг улкан марҳаматига сазовор бўлиб турган инсон устидан уни масхара қилиб кулиш мумкин!? Ҳар биримиз бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоғимиз лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур”, дедилар.

Ана ўшандек синовларнинг бири беморликдир. Демак, беморликка мубтало бўлган мусулмон инсон ўзига ориз бўлган хасталикни Аллоҳ таолодан ўзига нисбатан синов деб билмоғи лозим ва сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан шифо сўрамоғи керак. Мўмин-мусулмон одам ўзига беморлик етганда сабрсизлик қилиш ўрнига, сабр қилиб, хасталикни Аллоҳ таоло берадиган яхшиликдан олдинги синов деб билмоғи лозим. Агар ўша синовдан яхши ўтса, унга яхшилик ато қилинади. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, синовдан ўта олмаса, ўзидан кўрсин.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра шиддатлироқ беморликка учрайдиган бирор кишини кўрмадим”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомлари улуғ бўлганидан ҳам у зотга дарднинг шиддатлиси келар эди.

Бирор мусулмон банда хасталикка чалинса, нима учун ҳадеб бемор бўлаверар эканман, бошқалар соппа-соғ юрибди-ку, қабилидаги гап-сўзларга бормай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликка учрашларини кўз олдига келтирмоғи лозим.

Беморликка учраш Аллоҳ таолонинг азобига учраш дегани эмас экан, балки баъзи вақтларда, хусусан, мўмин-мусулмон, тақводор одамлар учун беморлик даражаларининг кўтарилиши учун хизмат қилиши ҳам мумкин экан.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: “Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?” дедилар. “Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!” деди у. “Иситмани қарғама. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказганидек кетказур”, дедилар у зот алайҳиссалом”.

Мўмин-мусулмон одам ўзига етган беморликни сўкмаслиги керак экан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликдан қийналаётган бир кишини кўргани бордилар ва унга: Хурсанд бўл! Аллоҳ: “Бу менинг оловимдир, уни гуноҳкор бандамга дўзахдаги насибаси ўрнига берурман”, деб айтади”, дедилар.

Бу ҳадиси шариф беморликка сабр қилишнинг кўплаб фойдаларидан яна бирини баён қилмоқда. Унда бу дунёда тортган дард, агар банда дардни сабр ила, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, шариатга хилоф қилмай бошдан кечирса, охиратда бўладиган азоб ўрнига ўтиши мумкинлиги баён қилинмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Албатта, Аллоҳ таоло: “Қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман”, деб айтади”, деганларини эшитдим”.

Бу ҳадиси шарифдаги “икки суюклиси” дан мурод икки кўзидир.

Албатта, икки кўзидан ажраш ёки умуман икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибат. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар.

Беморликларга сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинмоқда.

гуноҳларнинг ювилиши;

даражаларнинг кўтарилиши;

хатоларнинг ўчирилиши;

Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилиши;

дарднинг оғирлигига қараб ажрнинг кўпайиб бориши;

дард чекиб, сабр қилиб тузалган одам гуноҳлардан пок бўлиши;

тортилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;

Оғир дардга сабр қилган банданинг жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Бу ерда зинҳор ва зинҳор савоб бўлар экан деб ўзига хасталик тилаш ёки хасталикка олиб борадиган ишни қилиш, қасддан даволанмай юриш мутлақо мумкин эмас.


Манбалар асосида Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.

 

Read 668 times

Мақолалар

Top