Мақолалар

Рост ваъдалар дафтари

Ёшлигимиздан моддий шароити камтарона оилада катта бўлдик. Падари бузрукворимиз оддийгина хизматчи бўлсалар ҳам, айтган нарсамизни олиб беришга ҳаракат қилардилар. Агар биз сўраган нарсага айни вақтда пуллари йўқ бўлса, “Болажоним, ҳозир бу нарсага пулим етмас экан, иншааллоҳ, ойлигимни олсам, олиб бераман хўпми”, дердилар.

Ажойиб тарафи шунда эдики, отам олиб бераман деган нарсаларини ҳеч қачон эсдан чиқармасдилар. Ойлик олсалар ёки қўлларига қаёқдандир етарли миқдорда пул келса, айтган нарсамизни албатта олиб берардилар. Биз фарзандлар дадамга айтган насрсамиз ҳатто эсимиздан чиқиб кетарди. Лекин дадам имконлари бўлганда икки-уч ой кейин бўлса ҳам ўша нарсалари олиб келиб берардилар. Биз бундан жуда мамнун бўлардик. Бизга бу бир кутилмаган совға каби бўларди. Ҳамманинг “бюртма”си дадамнинг ёдида туришига қойил қолардик.

Бунинг сирини дадам вафот этганларидан сўнг билдик. Мен дадамнинг шахсий нарсалари турадиган тортмадан бир дафтарча топиб олдим. Отам ўша дафтарга биз олиб беринг деган нарсаларимизнинг ҳаммасини ёзиб борар, кейин ўша дафтарга қараб имконлари бўлганда тартиб билан ҳаммамизнинг айтгна нарсамизни олиб берар эканлар. дафтарча биз айтган қўғирчоқлару ширинликлар номи билан тўла эди. Ҳатто айтгна кунларимиз санасини ҳам қайд қилиб борар эканлар. олиб берганларини белгилаб ҳам қўярканлар. Дадамни дафн қилиб келганимиздан сўнг дафтарни жигарларимга ҳам кўрсатдим. Барчамиз эски хотираларимизни ёдга соладиган дадамизнинг бу ажиб дафтарларини йиғлаб ўқидик. “Фалон қизим фалон қўғирчоқ сўради, фалон ўғлим фалон ширинлик сўради” деган ёзувларни овоз чиқариб ўқиб берар эканман. Ҳар сафар ўзимнинг айтган нарсаларим зикри келганда бўғзимга нимадир тиқилиб қолар, овозим чиқмас эди. Бу дафтарнинг номи рост ваъдалар дафтари эди. Отамни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

 

Read 760 times

Мақолалар

Top