Мақолалар

Ўзи нажот топишни истамади!

Ривоят қилишича бир обид киши диёнати, солиҳ амаллари билан ўзи яшайдиган қишлоқ аҳлига ўрнак бўлган экан. Қишлоқ аҳли ундан дин ишлари ҳақида савол сўраб мурожаат қилишар, Аллоҳга бўлган иймонда уни ўзлари учун намуна деб билишар эди.

Бир куни қишлоқ кучли тўфонга учради, қишлоқ бутунлай сув остида қолди. Фақат қайиғи бор одамларгина омон қолди. Бир гуруҳ одамлар ҳалиги обидни қутқариш мақсадида қайиқ билан унинг уйи олдидан ўтдилар. Қутқаришни таклиф қилишганда у уларга қараб: “Ҳожати йўқ, Аллоҳ мени қутқаради, кетаверинглар”, деди.  Кейин улар кетиб яна бир қайиқда одамлар келди ва уларга ҳам: “Ҳожати йўқ, Аллоҳ мени қутқаради, кетаверинглар”, деди. Учинчи бор қайиқ келди, у яна оша гапини айтди…

Тўфон тинчиб, қишлоқ аҳли тўпланишди ва қишлоқдан обиднинг жасадини топишди. Шунда одамлар ўртасида “Нега Аллоҳ бу ибодатгўй одамни қутқармади?” дея ғала-ғовур бошланди. Ҳатто баъзилар динида шакка ҳам бориб қолди.

Шу вақт бир ўқимишли, доно йигит ўртага чиқиб: “Ким сизларга Аллоҳ уни қутқармади деб айтди? Аллоҳ унга ёрдам бериш учун учта қайиқ юбориб уни уч мартта қутқарди, бироқ унинг ўзи нажот топишни хоҳламади!” деди.

Шундан хулоса қиламизки, демак инсон Аллоҳдан ёрдам кутиш, дуо қилишдан ташқари ўзи ҳам ҳаракат қилиши, сабабларни амалга ошириши лозим экан. Шундагина Аллоҳнинг ёрдамига, кўмагига эришар экан. Йўқса, юқорида айтилган ҳикоядаги обиднинг ҳолига тушиш ҳеч гап эмас!

Сабабларни бажариш пайғамбарларнинг, солиҳларнинг хислатидир. Уни қилмаслик эса ҳеч нарса қилмасдан, садақалар, ҳадялар эвазига яшашни истайдиган адашган дарвешларнинг хислатидир!

Мана Нуҳ алайҳиссаломни олайлик, унга Робби ҳайвонлардан бир жуфт-бир жуфт, одамлардан эса иймон келтирганларини ортиш учун кема ясашни амр этди. Аллоҳ хоҳласа унга шу кемасиз ҳам нажот бериб қўя оларди, бироқ Аллоҳ унга сабабларни бажариш кераклигини ўргатди!

Ёки Мусо алайҳиссаломга боқинг, Робби унга денгизга ҳассаси билан уришни амр этди. Нима, денгизни ҳасса очиб юбора олармиди? Йўқ! Бу шунчаки сабаб эди. Ҳассаси билан урган эди – денгиз иккига ажралди, ҳар икки тараф улкан тоғдан гавдаланди. Агар Аллоҳ ҳассани урмасдан денгизни иккига ажратишни хоҳлаганда, албатта шундай қилган бўларди, бироқ Аллоҳ пайғамбарларига, солиҳ бандаларига доим сабабларни бажариш кераклигини ўргатади.

Марям алайҳассаломга Аллоҳ таоло хурмо дарахтини силкитишни буюрди, силкитан эди ундан мевалар тушди. Маълумки, аёл киши ҳомиладор вақти унинг энг қуввациз, ҳолу-мадорсиз вақтидир. Аслида дарахтни ўнта эркак киши поясидан силкитса ҳам бирорта мева тушмайди. Лекин Марям шундай заиф ҳолида силкитганда мевалар тушди. Сабаби Аллоҳ бу билан сабабларни амалга оширишни ўртгатмоқчи эди!

Бироқ сабабларни бажариш билан бир қаторда сабабларни сабаб қилувчи Зот – Аллоҳни ёдда тутиш керак, сабабларни бажарган тақдиримизда ҳам, аслида ҳаммасини Аллоҳ рўёбга чиқаришини билиш даркор! Аллоҳ бизга Юсуф алайҳиссаломнинг қиссасида шуни ҳам ўргатган:

Юсуф алайҳиссалом қамоқдалик вақтлари жуда заиф ҳолатга тушиб Аллоҳ сабабларни сабаб қилган Зот эканини унутиб қўйдилар ва бутунлай сабабларга берилиб кетдилар ва қамоқдаги шерикларига бошлиқ қамоқдан озод эцин учун “Менинг номимни бошлиғинг ҳузурида зикр қил”, деб тайинладилар. Бироқ Аллоҳ унинг қалби фақат Ўзи томон юзланишини хоҳлаган эди. Аллоҳ таоло айтади:

“Шайтон унга хўжасига эслатишни унуттирди. Бас, у қамоқда бир неча йил қолди” (Юсуф сураси, 42-оят).

Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломнинг қалби сабабларга боғланишдан бутунлай халос бўлиб, сабабларнинг Эгасига юзланишини хоҳлади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 

Read 503 times

Мақолалар

Top