Мақолалар

Сўнгги мактуб

Афсус...

Кунларнинг бирида телефонимга дўстимдан мактуб келди. Бу хабар мени қаттиқ таъсирлантирди. Келинг, уни сизга ҳам ўқиб берсам.

Ассалому алайкум, дўстим Тавфиқ. Эҳтимол, бу менинг сенга ёзаётган энг охирги хатимдир. Ҳозир мен охирги нафасимни кутмоқдаман. Яқинларим орасида сенга хат ёзишга қарор қилдим. Чунки ёзганларимни дарс бераётганингда талабаларга ўқиб берасан деб умид қиламан.

Сен билан анчадан бери танишмиз. Сен менинг энг яқин дўстимсан.

Дўстим, ҳаётим ўз ниҳоясига етаётган сонияларда қаттиқ пушаймондаман. Шифокорлар менга ошқозон ости бези саратони ташҳисини қўйдилар. Уларнинг айтишича, мен сўнгги кунларимни яшаётган эканман. Ўлим фариштасини кутиб ётар эканман, ҳаёлимда фақат битта сўз қайта-қайта айланмоқда. Бу сўз: афсус, афсус....

Мен соғлом вақтимда қилмаган барча ишларимга энди қаттиқ афсус чекмоқдаман.

Қуръон ўқишни ўрганаман деб ният қилгандим, лекин ўрганмадим.

Умрага бораман дердим, аммо бормадим.

Онамни қучоқлаб, юзларидан ўпишни хоҳлардим, ҳеч бўлмаса шу ишни ҳам қилмадим.

Фарзандларим солиҳ инсон бўлишлари учун, уларга таълим-тарбия беришни истардим, лекин минг афсуски улар билан шуғулланмадим.

Яна Рамазон ойида рўза тутишни хоҳлардим, аммо энди бу ойгача яшай олмас эканман.

Қанийди, ҳозир Каъбанинг олдида бўлиб қолсам эди... энди бунинг иложи йўқ.

Қуръондан кўп суралар ёдлашни ният қилардим, аммо Фотиҳа ва яна бир, иккита кичик суралардан бошқасини билмайман.

Вафот этганимдан кейин сендан бошқа ҳеч ким мени эсламайди. Балки оилам агар меросимни бўлиб олишса ва вақтлари бўлса эслашар. Дўстларим ҳам мени ташлаб кетишган.

Афсус, бу дунёда ўзимдан бирорта яхшилик қолдирмаяпман. Аллоҳга қасамки, мендан фақатгина ерга яна бир қабр қўшилади, холос.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 623 times

Мақолалар

Top