Мақолалар

Сувни суннатга мувофиқ ичишда шифо бор...
 

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ичимлик ичганда уч марта нафас олар эдилар ва: “Мана шу қондирувчироқ, безарарроқ ва сингувчироқ”, дер эдилар», дейилади (Тўртовлари ривоят қилишган). Сувни ўтириб, оз-оздан ичиш ва исроф қилмаслик борасида набавий таълимот бор.

Сувнинг фойда-зарарлари ҳамда уни суннатга мувофиқ ичиш хусусида диетолог, нутрициолог, эндокринолог Осиё ИСМОИЛОВА билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум. Сувни тўғ­ри танлаб, тўғри ичиш муҳим. Сув ичиш оддий ҳолат бўлиб кўринса-да, аслида ундан шифо топиш учун били­шимиз керак бўладиган масалалар нималардан иборат?

– Аллоҳ берган неъматларни тўғри истеъмол қилиш энг яхши шифо эканини кўпчилик билмайди. Жисмимиздаги лимфа тизими танамиздаги зарарли моддаларни чиқаришга хизмат қилади. Унинг ишлаши бевосита сув билан боғлиқ. Сув кам ичиш лимфа тизими фаолияти қийинлашиб, қон қуюқлашиши, ўт қопи муаммолари, қон босими кўтарилиши ёки пасайишига сабаб бўлади. Қонни суюлтириб, уни тозалайдиган омил бу – сув. Инсон вазнига кўра сув ичиши керак. Кўпинча ўртача 2,5 ёки 3 литр сув истеъмол қилинади. Сув ичиш масаласида энг тўғри усул Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари – ўтирган ҳолатда, шошилмай ичишдир.

– Куннинг қайси вақтларида сув ич­ган яхши?

– Сувни ҳар қандай вақтда ичса бўла­ди. Бироқ кўп инсонларда нотўғри ов­қатланиш ва сувни етарлича ичмагани сабабли кечга яқин, яъни шомдан кейин терида шишлар пайдо бўлади. Бу шишлар аслида буйракда муаммо борлигини билдиради.

– Сувни тўғри ичишнинг озишга таъсири борми?

 Сув инсонни оздирмайди. Ёғ – эриши қийин бўлган қуюқ модда. Бу моддани инсулин гормони танага қоплаб беради. Масалан, оддий идишингиздаги ёғни сув билан юволмайсиз. Махсус восита бўлмаса, баъзи ёғлар кетмайди. Инсон сувни вақтида ва етарли миқдорда истеъмол қилса, озиши мумкин.

– Кўп қаватли уйлардаги сувлар, қу­дуқ сувларининг фойдали ва зарарли жиҳатларига тўхталсангиз.

– Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли хлорли сув ичишдан эҳтиёт бўлишлари зарур. Хлорли сувни шиша ёки сирли идишда тиндириб, сўнгра қайнатиб ичиш керак. Қайнатилган сувни яна қайнатиш зарарлидир.

Бугун сувни фильтрлаб берадиган турли жиҳозлар кўпайди. Шулардан фойдаланиш мумкин. Дўконларда сотилаётган дистилланган сув ҳам минералларга бой.

Соғлом бўлай десангиз, ичаётган сувингизга эътиборсизлик қилманг. 

Камола АДАШБОЕВА

суҳбатлашди.

Read 513 times

Мақолалар

Top