Мақолалар

Аҳоли турмуш тарзини яхшилашга 35 трлн сўм ажратилади, Маблағ нималарга сарфланади?

9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасига бағишланган кенгайтирилган мажлис бўлиб ўтган эди. Ушбу йиғилишда турли масалалар кўриб чиқилиб, ижтимоий соҳасини молиялаштириш муҳим вазифа экани таъкидланган эди.

 

Ўтган йиллардаги каби ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари устуворлиги сақлаб қолиниб, ижтимоий соҳани молиялаштириш учун 2018 йилда 34,7 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилгани маълум қилинган эди.

 

Биргина 2018 йилги Давлат бюджети параметрларида қабул қилинган Давлат дастурларини амалга ошириш учун 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш таклиф этилган бўлиб улар қуйидагича тақсимланади:

 

2017-2021 йилларда Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида 14 та мактабгача таълим муассасаси объектини қуриш, 256 та объектни реконструкция қилиш, 157 та объектни мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 815 миллиард сўм маблағ (шундан 193 миллиард сўми – халқаро молия институтлари маблағлари) йўналтириш, бу – 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баравар кўпдир;

 

48 та олий таълим муассасасининг моддий-техника базасини ривожлантиришга 559,1 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган, бу 2017 йилдагига нисбатан 1,5 баравар кўпдир;

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари давомида берилган топшириқлари ва Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларга асосан 296 та тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига – 753,6 миллиард сўм йўналтирилади;

 

тиббиёт муассасаларини, энг аввало, оилавий поликлиникаларни, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни оширишга 915,4 миллиард сўм ёки 2017 йил параметрларида кўзда тутилганига нисбатан 2,5 баравар кўп маблағ сарфланади;

 

тиббиёт муассасаларини, биринчи навбатда, қишлоқ врачлик пунктларини ва поликлиникаларни зарур скрининг ташхис ва даволаш ускуналари билан қўшимча жиҳозлаш учун – 50 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.

 

Уй-жой – коммунал хизматлар кўрсатиш ишларига харажатлар 228,6 миллиард сўмни ташкил этади, шу жумладан, кўп қаватли турар жойларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришга – 47,2 миллиард сўм, кўп қаватли турар жойлар фондининг лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштиришга – 22,4 миллиард сўм йўналтирилади.

 

Янги ташкил этилган “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари орқали 2017-2021 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш Дастури ижроси учун келгуси йилда 163,2 миллиард сўм ажратилади.

 

“Тоза ичимлик суви” жамғармаси ҳисобидан ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг бажарилишига 584,7 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилган.

 

Шу билан бирга, транспорт-коммуникация лойиҳаларига 469,2 миллиард сўм ва республика ҳудудларида ижтимоий инфратузилма объектларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга 568,6 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

 

Давлат бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган маблағлар таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади ва ислоҳотларнинг кенг кўламда олиб борилаётганини англатади.

Read 3560 times

Мақолалар

Top