muslim.uz

muslim.uz

Исломий ва миллий қадриятлардан бири ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишдир. Ушбу кўмак моддий ёки маънавий бўлиши мумкин. Рамазон ойида бериладиган закот ва фитр ана шундай ыадриятлар сирасига киради.

“Закот” сўзи тилимизда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса “Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.

Закот туфайли ижтимоий барқарорлик юзага келади. Шунингдек, закотнинг фақат моддий эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолари ҳам бор. Закотда берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам катта фойда бор. Закот беришдан асосий мақсад кам таъмиланган фақир-фуқаро, бева-бечораларга молиявий ёрдам бериш баробарида инсонни молу дунёдан устун қилиш, инсон мол-дуёнинг, мол-дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ:

“Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир”, деганлар.

Закот мусулмонларнинг маълум саноққа етган ва бир йил айланган чорва молларидан берилади. Унинг шарти йилнинг кўп қисмини яйловда ўтказган бўлиши керак. Уламоларимиз бунинг ҳикматини қуйидагича айтган. Одатда, чорва ҳайвонлар яйловдаги ўт-ўсимликлар билан озиқланади. Ваҳоланки, ўша яйловада унган ўт-ўланлар аҳолининг умумий мулки ҳисобланади. Демак, унда халқнинг ҳаққи бор. Чорвадор ҳамма молини халққа бера олмаслиги табиий. Шу боисдан унга молидан 2,5 фоизни ажратиш кифоя. Ана ўша ажратилган мулк, табиийки, ўзи каби мулкдор бойга эмас, муҳтож одамга берилади. 

Муайян миқдорга етган, йил тўлган тижорат молларидан ҳам закот берилади. Тижоратчининг мулкига шубҳали моллар аралашиб қолиши эҳтимоли бор. Молини поклаб олиш учун муҳтожларга шариат белгилаган қисмини ажратиши керак бўлади. Яна уйида закот миқдорида пули борлар, ё сотиш ниятида машина, уй-жой, қиммат баҳо нарсалар олиб қўйган ҳамда 85 гр тилло-кумуши борлар ҳам закот беради. Тасаввур қилинг, бир одамнинг уйида 15 миллиондан ортиқ пули бор. Буни асраб қўйганига бир йил бўлди. Шундан у закот бериши керак бўлади. Чунки пулни уйида сақлагани боис давлат ва жамият зарар кўради.

Зеб-зийнат ва тилло тақинчоқлар ҳеч қачон қадр-қийматини йўқотмайди ва табиий равишда нархи ўсувчи мол ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ундан улуш берилади. Зеро, баъзи уддабурон одамлар пулни жамғариш мақсадида тиллога айлантириб қўйиши ҳеч кимга сир эмас. Давлатга тўланадиган солиқ садақа ва закот ҳисобига ўтмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда, албатта, икки фаришта нозил бўлади-тушади. Улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига ўринбосар бергин”-, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим! Мумсик (Зиқна бахил)га йўқотиш бергин”, дейди”, дедилар.

Тасаввур қилинг, агар ҳар бир мусулмон инсон жамиятдаги ва динидаги вазифасини сидқидилдан бажарса, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзса, жамиятда фақир ва мискин қолмайди.

Шу ўринда бир мулоҳаза закотни кимларга беришни Яратганнинг ўзи Каломида битиб қўйган. Уни кимларга бериб бўлмаслик ҳам ҳадисларда баён қилинган. Яна уламоларимиз номақбул йўлларга сарф қиладиганларга ҳам закот бериб бўлмаслигини таъкидлаганлар.

Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринга берилиши муҳим. Чунки номуносиб шахсга берилган маблағ ношаръий ишларга йўналтирилиб, закот берувчи ҳам гуноҳкор бандалар қаторига тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳалол топган бойликдан ажратилган закот бева-бечора, етим-есир, камбағал, муҳтож оилаларга, толиби илмларга берилса, ҳам улкан савобларга эришилади.

Мева-чева ва ердан чиққан нарсалардан, агар уни оқин(оқар) сув ёки ёмғир суғорган бўлса, ушр-1/10 (ўндан бир) берилади. Халқимизда буни қўни-қўшничилик ва муҳтожлар ҳаққи деб юритилади. Агар ҳосил олишда суғориш асбобларидан фойдаланган бўлса, харажати ва қўл меҳнати кўпроқ синггани учун 1/20 (йигирмадан бир) берилади.

Фитр садақаси

Фитр садақаси буғдойдан, ундан олинадиган нарсалардан ва майиздан 2 кг. берилади. Хурмо ва арпадан 4 кг. берилади.

Бизнинг диёрда кенг тарқалгани фитр садақасини буғдойдан беришдир.  Ўрта ҳисобда бозордаги сотилаётган буғдой нархи олинади. Баъзи олимлар камбағалларнинг фойдаси учун бозордаги энг қимматини ҳисоблаш яхши дейдилар. Ҳанафий мазҳабимизда садақаи фитр вожиб ҳисобланади. “Фитр”нинг маъноси “оғиз очиш” дегани. Закот ва бошқа садақалар молдан қилинса, фитр садақаси жон бошидан қилинади. Унинг ҳикмати ҳадисларда баён қилинганидек, рўзадаги камчиликларни бартараф қилиш, қолаверса, рўза тугаши ва Рамазон ҳайити кириши билан барча мусулмонлар байрам қилишидир. Табиийки, байрамни муносиб ўтказиш учун дастмоя керак. Бунинг учун эса қурби етганлар муҳтожларга фитр садақасини худди совғадек улашади ва байрам барчага татийди. Натижада жамият вакиллари ва табақалари ўртасида иноқлик, меҳр-мурувват ришталари шаклланади.

Аҳрорбек МАДАИПОВ,

Оҳангарон туманидаги “Хонобод” жоме масжиди имом ноиби

Кеча пойтахтнинг Бектемир туманидаги “Алибек” масжидида таровеҳ ўқиётган эдик. Тўртинчи тасбеҳдан сўнг имом-хатиб Искандар домла: “Муҳтарам биродарлар, масжидимизга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Муҳамманазар Қаюмов домла ташриф буюрдилар. Ҳозир у киши сизга Рамазон ойидаги ибодатларнинг фазилатлари ҳақида қисқача сўзлаб берадилар”, деди.

Муҳаммадназар домланинг ҳамду сано, дуруду саловатдан кейин сўзини бошлаганда айтган биринчи жумласини эшитганда ёнимда ўтирган қўшним “ғилт” этиб ютинди. Қарасам, кўзи ёшга тўлиб турибди. Ўша иборанинг мазмуни бундай эди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар. Азизлар, биз Рамазонни йил давомида кутамиз, у яқинлашган чоқларда хурсандчилигимиз янада зиёда бўлади...”

Намозни тугатиб  масжиддан чиққанимизда одамлар “Домла зўр экан-ей”, “Нотиқ экан-да, нотиқ”. “Ҳақиқатан олим экан, умри зиёда бўлсин” ва шунга ўхшаш гаплар билан Муҳаммадназар домлани алқаб кетаверди. Мен қўшнимдан нега кўзига ёш келганини сўрадим. У айтади: “Рамазон кираётганда ҳамма хурсанд бўлади. Мен ҳам шунга ҳаракат қиламан. Аммо негадир, хурсандчилигимда кемтиклик борга – ҳаммага хурсандчилик бўлган Рамазон менга меҳнатга ўхшаб туйилади. Таровеҳга ҳам хатмдан қолиб кетмайин дея аранг келаман. “Нега бир миллиарддан ортиқ мусулмон севинган Рамазондан сен севинмайсан”, дея ўзимни маломат қиламан. Муҳаммадназар домла ана шу саволимга жавоб топиб берди. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон киришини хурсандчилик билан кутиб олган кишининг жасади дўзахга ҳаромдир”, дедилар”.

Демак, одамлар Рамазон кирганда дўзахдан халос бўлганига севинар эканлар. Ахир бундан ортиқ хурсандчилик, бундан ортиқ тантана бўлиши мумкинми! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ана шу ҳадиси шарифини, балки ўзим ҳам ўқигандирман-у, эътибор қилмагандирман. Лекин домла уни шундай тушунтирдики, ўша чоқда мен ўзимдан дўзахнинг ваҳшатли оловлари чекинганини аниқ тасаввур қилдим. Ана энди мен ҳам бошқаларга ўхшаб чин дилдан севинадиган бўлдим, Аллоҳга шукр”.

Қўшнимнинг чин дилдан гапирган эътирофларини эшитиб бораётиб, қандай ажойиб инсон, қандай самимий мусулмон, нақадар илмга чанқоқ сиймо деб ўйладим. Унинг самимиятига ҳавас қилдим.

Муҳаммадназар домланинг суҳбати бошқаларда ҳам шундай ажойиб туйғулар уйғотган эди. Барибир, иймонлашиш, хусусан, олиму воизнинг суҳбатидан баҳра олишнинг ўзига хос файзи бор-да.

Дамин ЖУМАҚУЛ

Четвер, 15 июнь 2017 00:00

Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

Барчамизга маълумки, Рамазон ойининг уч ўн кунлиги уч хил фазилатга эгадир. Яъни, биринчи ўн кунлик Аллоҳнинг раҳмати нозил бўладиган кунлардир. Иккинчи ўн кунлик эса, Аллоҳнинг мағфирати кенг бўлган кунлардир. Учинчи ўн кунлик эса, рўзадор бандалар дўзахдан озод қилинадиган кунлардир. Ушбу ўринда учинчи ўн куннинг фазилати ҳақида сўз юритамиз:

Рамазоннинг охирги ўн кунининг бир нечта фазилатлари бор бўлиб, улар қуйидагилардир:

  1. Бу кунларнинг фазилати сабабли Аллоҳ таоло бандаларини дўзахга киришдан озод қилади. Бу ҳақида Салмон ал-Форисий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...У (Рамазон) унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш бўлган ойдир....”, деганлар. Байҳақий ривоят қилган.

Рўзадорлар биринчи ўн кунликда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб, иккинчи ўн кунликда гуноҳлари мағфират қилиниб, учинчи ўн кунликда эса, дўзахдан озод қилинади. Шунинг учун, ҳар ким бу улуғ кунларни ғанимат билиб, фойдаланиб қолиш лозим.

  1. Рамазонинг охирги ўн кечалари ичида “Қадр” кечаси бор.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ » . رَوَاهُ مُسْلِمٌ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан қидиринглар”, дедилар. Муслим ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда, охирги ўн куннинг тоқ кечаларидан Қадр кечасини излаш ҳақида айтилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :  « تَحَرَّوْا لَيْلَةَ القَدْرِ في الوَتْرِ مِنَ العَشْرِ الأوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ » . رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечасининг) тоқ (кечалари)дан қидиринглар”, дедилар. Бухорий ривоят қилган.

Демак, бу ўн кун кечаларининг бирида Қадр кечаси борлиги сабабли бу ўн кун бошқа кунлардан фазилатли бўлди. Ким Қадр кечасининг фазилатига эга бўлмоқчи бўлса, Рамазонинг охирги ўн кечаларини ибодатлар билан бедор ўтказиши лозим бўлади.

  1. Набий алайҳиссалом Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирганлар.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَعْتَكِفُ العَشْرَ الأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ ، حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ تَعَالَى ، ثُمَّ اعْتَكَفَ أزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло у кишини вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн (кунида) эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин, хотинлари эътикоф ўтиришди”. Муттафақун алайҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу кунларда эътикоф ўтиришлари ҳам, охирги ўн кунларнинг фазилатли эканига далолат қилади.

  1. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазонинг охирги ўн куни кириши билан ибодатга қаттиқ бел боғлардилар.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجْتَهِدُ فِي الْعَشْرِ الْأَوَاخِرِ مِا لا يَجْتَهِدُ فِي غَيْرِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўнликдан бошқасида қилмаган ҳаракатини охирги ўн кунликда қилар эдилар”. Муслим ривоят қилган.

Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ شَدَّ مِئْزَرَهُ وَأَحْيَا لَيْلَهُ وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У айтди:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўнлик кирган вақтда, белни маҳкам боғлардилар ва унинг кечасини тирилтирар ва ўз аҳлларини ҳам уйғотар эдилар”. Муслим ривоят қилган.

Набий алайҳиссалом бу ўн кунликда нафақат ўзлари ибодат билан машғул бўлганлар, балки аҳли оиласини ҳам шунга тарғиб қилиб, уларни ҳам кечаларда ибодат учун уйғотар эканлар. У зотнинг бу амалларини барчамиз ўзимизга лозим тутсак, муҳим суннатга амал қилган бўламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бу кунларда ибодатларга қаттиқ киришишлари ҳам бу кунларнинг фазилатига далолат қилади.

  1. Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг мағфират қилиниши.

Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَنَّهُ قَالَ: يُغْفَرُ لأُمَّتِهِ فِي آخِرِ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ ، قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ أَهِيَ لَيْلَةُ الْقَدْرِ ؟ قَالَ : « لا ، وَلَكِنَّ الْعَامِلَ إنَّمَا يُوَفَّى أَجْرَهُ إذَا قَضَى عَمَلَهُ » . رَوَاهُ أَحْمَدُ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг охирги кечасида ўзининг умматини мағфират қилинади”, дедилар.

“Эй, Аллоҳнинг Расули! У (охирги кеча) Қадр кечасими?”-дейилди.

У зот: “Йўқ. Лекин амал қилувчи ўз амалини бажариб бўлса, ажрини унга тўлиқ қилинади”, дедилар. Аҳмад ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши бир ой мобайнида қилган ибодатлари сабабли эришган ажр ва савоблари унга Рамазонинг охирги кечасида тўлиқ қилиб берилиши ҳақида айтилмоқда.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан Рамазон ойининг охирги ўн куни нақадар фазилатли экани барчамизга маълум бўлди. Шунга кўра, барчамиз бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савобларимизни кўпайтириб, гуноҳлардан покланиб олишга ҳаракат қилайлик. Зеро, Рамазонинг ҳам саноқли кунлари қоляпти. Бу имкониятни қўлдан чиқариб, кейин афсусланиб юрмайлик. Аллоҳ таоло бу улуғ ой сабабидан барчамизнинг гуноҳларимизни кечирсин, савобларимизни кўпайтириб берсин.

 

 “Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.

Маълумки, Рамазон ойи  уч даҳадан иборат: раҳмат, мағфират ва дўзахдан халос бўлиш. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса жаҳаннамдан халос бўлишдир” (Ибн Абу Дунё ривояти).

Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги раҳмат даҳасидир. Бунда Аллоҳ таолонинг раҳамати жўш урганидан, ер юзига кўп ёғилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Рамазон келганида раҳмат эшиклари очилади...» (Имом Муслим ривоят).

Бу ойнинг ўртасидаги ўн кунлиги мағфират, охиридаги ўн куни эса, дўзахдан қутулиш даҳасидир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. У зот: «Йўқ, лекин хизматкор ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг ҳикмати илоҳийсига кўра, баъзи жойларни айримларидан фазилатли қилган. Шунингдек, баъзи бир вақтларни бошқаларидан афзал қилган. Жумладан, Рамазонни бошқа ойлардан фазилатли қилган. Бу муборак ойнинг охирги даҳасининг кундузлари олдингиларидан афзалдир. Энг файзли кечалар Рамазон ойи кечаларидир. Рамазон ойи кечаларининг энг фазилатлиси охирги ўн кечасидир.

Банда доимо Раббисининг тоат-ибодатида юради, албатта. Аммо, Рамазонни, айниқса бу муборак ойнинг охирги ўнлигини ғанимат билиб, унда кўпроқ ибодат билан машғул бўлса, улуғ фазл ва юксак ажрга эришади. Бу ютуқни қўлга киритиш учун қандай йўл тутиш керак? Албатта, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш зарур. Зеро, у зоти бобаракот биз умматларига барча соҳада бўлганидек, бу борада ҳам ўрнак бўлганлар. Ойша (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қиладилар:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ الْعَشْرُ أَحْيَا اللَّيْلَ ، وَأَيْقَظَ أَهْلَهُ ، وَجَدَّ، وَشَدَّ الْمِئْزَرَ. رواه البخاري ومسلم.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қачон (охирги) ўнлик кирса, кеча(лари)ни (намоз, Қуръон тиловати ва бошқа ибодатлар билан) тирилтирар (бедор ўтказар), аҳлларини (кечаси ибодат қилишлари учун) уйғотар, (тоат-ибодатда янада) ғайрат кўрсатар ва (ибодатга одатдагидан ташқари) белни маҳкам боғлар эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ривоятда бундай келган:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يجتهد في رمضان ما لا يجتهد في غيره، وفي العشر الأواخر منه ما لا يجتهد في غيرها .

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазонда бошқа ойларда қилмаган жидду жаҳдларини қилардилар. Айниқса, Рамазоннинг охирги ўнлиги келганида, унда бошқа кунларидан кўра ғайратли бўлардилар» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ الأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ. متفق عليه.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Аллоҳ у зотни вафот эттиргунича, Рамазоннинг охирги ўнлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари эътикоф ўтиришди» (Муттафақун алайҳ).

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُجَاوِرُ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ وَيَقُولُ: تَحَرَّوْا لَيْلَةَ الْقَدْرِ فِي الْعَشْرِ الأَوَاخِرِ مِنْ رَمَضَانَ. متفق عليه.

Яна Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар ва: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар» дер эдилар» (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг мазкур даҳада эътикоф ўтиришларидан мақсад – Лайлатул қадрни топиш эди. Зотан, масжидда ўн кечаю кундуз узлуксиз эътикоф ўтирган одам, албатта, ўша муборак кечани топади ва унда ваъда қилинган хайр-баракага эришиши муқаррар. Шу эътибордан, солиҳ зотлар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга интилишган. Шунга кўра, имкони, шароити кўтарган кишилар ҳам бу ибодатни бажаришса, айни муддао бўлади.

Мўмин киши доимо дуо қилиб юриши керак. Хусусан, Рамазон ойида:

اللَّهُمَّ، إِنَّك عَفُوٌّ تُحِبّ الْعَفْو، فَاعْفُ عَنِّي

“Аллоҳумма,  иннака ъафуввун туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний – Ё Аллоҳ, Сен кечирувчи Зотсан, кечиришни яхши кўрасан, менинг (гуноҳларимни) афв эт”, деб кўпроқ илтижо қилиши зарур. Бу муборак дуони Рамазоннинг охирги ўнлигида, айниқса, тоқ кунларида янада кўпроқ такрорлаш мақсадга мувофиқ. Зеро, Абдуллоҳ ибн Бурайда (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Ё Расулуллоҳ, мен Қадр кечасини топсам, нима деб дуо қиламан, дея сўрадим”. У зот: “Аллоҳумма,  иннака ъафуввун туҳиббул ъафва, фаъфу ъанний – Ё Аллоҳ, Сен кечирувчи Зотсан, кечиришни яхши кўрасан, менинг (гуноҳларим)ни афв эт”, деб айт”, дедилар (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий ва  Ибн Можа ривоятлари).

Бу даҳадаги кечалар бизга берилган буюк фурсатдир. Манбаларда келишича, бу муборак кечанинг яхшиликларидан маҳрум бўлган киши жуда кўп хайр-баракадан қуруқ қолар экан. Зеро, бу даҳада дўзахдан озод бўлиш, яхшиликларда рақобат қилиш, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, кўп баракани ўзида мужассам этган, сониялари қадрли, озгина амалга кўплаб ажр ёзиладиган, бисёр амалга эса, қўша-қўша савоб ато этиладиган тунлар онаси, минг ойдан афзал кеча яширилган. У Қадр кечасидир. Лайлатул қадр – қадри улуғ кеча, дегани. Бу кечадаги фазилатларнинг қадри юксаклиги, унинг қадр-қиммати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бандаларнинг бир йиллик амаллари ўлчаниб, режалаштирилишидан шундай номланган. Зеро, фаришталар бу кечада келгуси йилнинг шу кечасигача қилинадиган барча ишларни ўлчаб-ҳисоблаб қўядилар. Демак, бу даҳанинг бошқаларидан фазилатли томони ҳам шунда. Зотан, у кеча минг ойдан яхшироқдир. Бу тахминан, Лайлатул Қадр кечаси ичида бўлмаган 83,3 йилга тўғри келади. Бу, шу муборак кечада қилинган ибодатлар шунча йил давомида бажарилган ибодат савобидан фазли баланд, деганидир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

“Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).

Аллоҳ таоло бандалари тоат-ибодатни кўпайтириб, юқори даражаларга эришишлари учун Қадр кечасини Рамазон ойиининг охирги ўнлигида яширди. Шу боис, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ўрнак бўлиб, бу даҳада олдингиларидан кўра ғайратлари ошиб, унда янада кўпроқ ибодат билан машғул бўлар ва саҳобаларни шунга чорлар эдилар.

Бу саноқли лаҳзалар ҳам яшин тезлигида ўтади, кетади. Шунинг учун, бу улуғ фурсатни қўлдан бой бермайлик, у дамларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат қилайлик. Зеро, биз яна қайтиб бу муборак кечаларга етамизми-йўқми Аллоҳга аён. Парвардигори олам ҳаммамизни бу файзли кечаларга эсон-омон етишимизни ва ундаги хайру баракадан баҳраманд бўлишимизни насиб этсин. Ундан асло маҳрум этмасин. Омин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.

Мақолалар

Top