www.muslimuz

www.muslimuz

Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ҳузуридаги заиф инсон сифатида, у Зотдан ёрдам сўрайдиган, ҳидоят ва мағфират тилайдиган, нимага буюрса, бўйсунадиган, баъзан шиддатли итобларни қабул қиладиган шахс сифатида тасвирланган оятларни тиловат қилса, қалбининг тўрида виждоний файзни топади. Холиқнинг сифати билан махлуқнинг сифати, Холиқнинг Зоти билан махлуқнинг зоти ҳамда Холиқнинг услуби билан махлуқнинг услуби орасида бениҳоя фарқ борлигига қаноат ҳосил қилади.

Дарҳақиқат, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги суратлари итоаткор қулнинг суратидир. У зот алайҳиссалом агар исён қилсалар, Роббиларининг азобига учрашдан қўрқадилар, У Зотнинг ҳудудларини лозим тутадилар, раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг Китобидан бирор ҳарфни ўзгартириб қўйишдан мутлақ ожиз эканликларини эътироф этадилар.

Аллоҳ таоло Юнус сурасида марҳамат қилади:

﴿وَإِذَا تُتۡلَىٰ عَلَيۡهِمۡ ءَايَاتُنَا بَيِّنَٰتٖ قَالَ ٱلَّذِينَ لَا يَرۡجُونَ لِقَآءَنَا ٱئۡتِ بِقُرۡءَانٍ غَيۡرِ هَٰذَآ أَوۡ بَدِّلۡهُۚ قُلۡ مَا يَكُونُ لِيٓ أَنۡ أُبَدِّلَهُۥ مِن تِلۡقَآيِٕ نَفۡسِيٓۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۖ إِنِّيٓ أَخَافُ إِنۡ عَصَيۡتُ رَبِّي عَذَابَ يَوۡمٍ عَظِيمٖ١٥ قُل لَّوۡ شَآءَ ٱللَّهُ مَا تَلَوۡتُهُۥ عَلَيۡكُمۡ وَلَآ أَدۡرَىٰكُم بِهِۦۖ فَقَدۡ لَبِثۡتُ فِيكُمۡ عُمُرٗا مِّن قَبۡلِهِۦٓۚ أَفَلَا تَعۡقِلُونَ١٦

«Қачонки уларга очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинганида, Бизга рўбарў бўлишдан умид қилмайдиганлар: «Бундан бошқа Қуръон келтир ёки уни алмаштир», дедилар. Сен: «Мен уни ўзимча алмаштира олмасман. Meн фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсагагина эргашаман. Албатта, мен Роббимга осий бўлсам, буюк Кун азобидан қўрқаман», деб айт, Сен: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. Ақл юритиб кўрмайсизларми?» деб айт» (15-16-оятлар).

Қуръони Каримда Холиқ ва махлуқнинг сифатлари орасини ажратиб берувчи ушбу оятлар маъносига ўхшаш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа инсонлар каби инсон эканликлари, у зотнинг вазифалари фақатгина етказиш экани, Аллоҳнинг хазиналарига эга эмасликлари, ўзларини инсон сифати ва хилқатидан ўзга фариштасифат деб гумон қилмасликлари каби маънолар очиқ-ойдин ва кўп марта такрор келган.

Аллод таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

﴿قُلۡ إِنَّمَآ أَنَا۠ بَشَرٞ مِّثۡلُكُمۡ يُوحَىٰٓ إِلَيَّ أَنَّمَآ إِلَٰهُكُمۡ إِلَٰهٞ وَٰحِدٞۖ ١١٠

«Сен: «Мен ҳам сизларга ўхшаган башарман, холос. Менга, шубҳасиз, илоҳингиз битта илоҳ экани ваҳий қилинур...», дегин» (110-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад, одамларга ўзингнинг уларга ўхшаган одам эканингни англат. Сен фаришта ёки бошқа бирор нарса эмассан. Ҳаммага ўхшаш оддий одамсан. Бошқалардан фарқинг шуки, сенга Роббингдан ваҳий келади. Уша қатъий илоҳий илмнинг бир парчаси бўлмиш ваҳий одамларнинг илоҳи яккаю ягона Аллоҳ эканини билдиргандир».

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّآ أَمۡلِكُ لِنَفۡسِي نَفۡعٗا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَآءَ ٱللَّهُۚ وَلَوۡ كُنتُ أَعۡلَمُ ٱلۡغَيۡبَ لَٱسۡتَكۡثَرۡتُ مِنَ ٱلۡخَيۡرِ وَمَا مَسَّنِيَ ٱلسُّوٓءُۚ

«Сен: «Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди...», деб айт» (188-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг суюкли ва охирги Пайғамбари, одам авлодининг энг улуғи бўлишлари билан бирга, оддий бир инсондирлар. Ушбу ояти каримада у зотга ушбу оддий ҳақиқатни рўй-рост айтиш амр қилинмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу эътирофлари улуғ ҳақиқатларни ошкор қилади.

Аллоҳ таоло яна Анъом сурасида марҳамат қилади:

قُل لَّآ أَقُولُ لَكُمۡ عِندِي خَزَآئِنُ ٱللَّهِ وَلَآ أَعۡلَمُ ٱلۡغَيۡبَ وَلَآ أَقُولُ لَكُمۡ إِنِّي مَلَكٌۖ إِنۡ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰٓ إِلَيَّۚ

«Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт» (50-оят).

Бу ояти каримада пайғамбарлик ва Пайғамбар шахси ҳақидаги ҳақиқий тасаввур баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло мушриклар томонидан турли саволларга тутилаётган, ҳар хил талабларни эшитаётган Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзларининг ким эканликларини баён қилиб беришни амр қилмоқда:

«Мендан мол-дунё, ноз-неъмат кутманг. Пайғамбар бўлганим учун Аллоҳ менга хазинасини очиб бермаган. Ким менга эргашса, уни мол-дунё ва ноз-неъматга кўмиб ташлай олмайман. Мен ғайбни ҳам билмайман. Бу менинг пайғамбарлик масъулиятимга кирмайди. Ғайбни фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, холос. Ким менга ғайбни билишимни шарт қилиб эргашмоқчи бўлса, билиб қўйсинки, мен ўзимга эргашганларга ғайбнинг хабарини бера олмайман. Мен одамман. Пайғамбар фаришта бўлиши керак, деган фикрларингиз бўлса, бу беҳудадир. Мен одамман. Шунинг учун мендан одамга хос тасарруфлар чиқади, фариштага хос тасарруфлар чиқмайди, бу ҳақиқатни ҳам билиб қўйинглар. Менинг бошқа одамлардан фарқим – менга Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий келади. Мен ўша ваҳийга эргашаман, холос».

Аллоҳ таоло бандасига берган сон-саноқсиз неъматлар ичида энг улуғларидан бири ақл неъмати ҳисобланади. Аммо ақлни ишлатиб, тўғри йўлга солиб турадиган нарса ваҳийдир. Чунки ақлнинг ўзи инсонга икки дунё саодатини топишига ёрдам бера олмайди. Бутун инон-ихтиёр ақлнинг ўзига ташлаб қўйилса, турли хатолар, бурилишлар, бузғунчиликлар, ҳатто ҳалокатлар келиб чиқади. Бунга ўзимиз яшаб турган бугунги воқеълик гувоҳ. Ҳозирда инсон ақли жуда ҳам ривожланган деб даъво қилинмоқда. Аммо ўша ривожланган ақл инсониятнинг ўзини кундан-кунга ҳалокат жари томон тортиб кетмоқда. Ақлнинг энг муҳим вазифаларидан бири – Аллоҳдан келган ваҳийни идрок этиш ва унга амал қилиш йўққа чиққанда шундай бўлади.

Ўтган оятларда келган «айт» иборасида латиф маъно ва мақсад бор. Бу маъно ва мақсад хитобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўналтириш ва нима демоқлари лозимлигини ўргатишдан иборат. У зот ўз ҳавои нафсларидан нутқ қилмайдилар, балки ўзларига ваҳий қилинган нарсага эргашадилар. Шунинг учун ҳам «айт» ибораси Қуръони Каримда уч юз мартадан кўп такрорланган. Бу нарса Қуръон ўқувчининг ёдидан ҳеч қачон чиқмаслиги ло­зим бўлган ҳақиқатдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳийга дахллари йўқ. У зот ўз лафзларини унга аралаштирмайдилар. Дарҳақиқат, у зотга хитоб ташланади. У киши сўзловчи эмаслар, балки хитоб қаратилган кишидирлар. Эшитганларини ҳикоя қиладилар. Ўзларида пайдо бўлган бирор нарсани ваҳий деб таъбир қилмайдилар.

Ваҳийни нозил қилувчи, сўзловчи – Аллоҳ таолонинг сифати ҳамда хитоб қаратилган, ваҳийни қабул қилувчи – Расулининг сифати орасидаги фарқ баъзи оятларда янада очиқ-ойдин кўринади. Аллоҳ таоло баъзи оятларда Ўз Набийсига енгил ёки қаттиқ итоб қилса, баъзи оятларда эса унинг олдинги ва кейинги гуноҳларини кечириб, афв этганини билдиради. Қуйида ушбу фикрга айрим мисоллар келтирамиз.

Аллоҳ таолонинг афв аралаш енгил итобларидан бири У Зотнинг Расулига Табук ғазотида жиҳоддан қолувчиларга изн берганлари тўғрисида қилган хитобидир:

Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:

عَفَا ٱللَّهُ عَنكَ لِمَ أَذِنتَ لَهُمۡ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكَ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْ وَتَعۡلَمَ ٱلۡكَٰذِبِينَ٤٣

«Аллоҳ, сени афв қилди. Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, уларга изн бердинг?» (43-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга «Аллоҳ сени афв қилди», дея Ўз афвини эълон қилиб қўйиб, сўнгра сабабини айтмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар.

Аслида шошилиб, рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганлар ким экани билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам, барибир улар сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Нима учун то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, улар­га изн бердинг?» демоқда.

Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан итоб – койишдир.

Маълумки, афв қилиш фақатгина гуноҳдан кейин бўлади. Шунингдек, мағфират ҳам гуноҳдан кейин қилинади.

Ушбу фикрни Фатҳ сурасидаги оят ойдинлаштиради:

إِنَّا فَتَحۡنَا لَكَ فَتۡحٗا مُّبِينٗا١ لِّيَغۡفِرَ لَكَ ٱللَّهُ مَا تَقَدَّمَ مِن ذَنۢبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ وَيُتِمَّ نِعۡمَتَهُۥ عَلَيۡكَ وَيَهۡدِيَكَ صِرَٰطٗا مُّسۡتَقِيمٗا٢

«Албатта, Биз сенга очиқ-ойдин фатҳни бердик. Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиши, Ўз неъматини сенга батамом қилиши ва сени тўғри йўлга бошлаши учун» (1-2-оятлар).

Албатта, Набий алайҳиссаломга нисбат берилаётган гуноҳ бошқа одамларга нисбат бериладиган гуноҳга ўхшамайди. Чунки пайғамбарлар маъсум, яъни гуноҳ содир этмайдиган зотлардир. Ояти каримада келган гуноҳ тушунчасини Набий алайҳиссаломнинг баъзи ижтиҳодда икки жоиз ишдан авло бўлмаганини танлаганлари, деб тушунсак, тўғри бўлади.

Шиддатли итоб, яъни койиш Анфол сурасидаги фидя оятларида келган. Қаттиқ огоҳлантирув, пўписа даражасидаги ушбу итоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотга Бадр асирларидан фидя олишни маслаҳат берган саҳобалар жумҳурига қаратилган эди. Улар асирларни товонини тўлатиб, қўйиб юборишни, яхши маблағ йиғиб, кўпроқ қувватга эга бўлишни маслаҳат беришган эди. Ҳолбуки, улар ҳали ер юзида мустаҳкам кучга эга бўлмаган, асир тутиш улар учун хатарли эканини, асирларга шафқат кўрсатиш бошқаларнинг олдида уларни заиф кўрсатиб қўйишини билишмаган эди. Хусусан, Бадрда асирга тушганларнинг орасида мушрикларнинг пешволари ҳам бор эди. Улар янада катта куч билан қайтишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди.

Ушбу оятдаги итоб, яъни койиш сийғаси умумий бўлиб, расуллар ва набийларнинг сифатларидаги асосни сездириб туради. Бу асос – пайғамбарларнинг маъсумлиги, улар содир этган баъзи хатолар эса Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва қадарига биноан воқеъ бўлишидир. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр асирлари тўғрисидаги қарорни бермасларидан олдин ваҳий тушириб, қарорни ўзгартириши ҳам мумкин эди. Аммо У Зот Ўзи билган ҳикматга кўра, қарор берилиб, иш битганидан сўнг айни ўринда қандай йўл тутиш тўғрироқ бўлишини билдириб қўйди, холос. Дарҳақиқат, мазкур асирлардан баъзилари кейин Исломни қабул қилишди. Аллоҳ таоло­нинг бу ишидаги ҳикматлардан бири шу бўлса ажаб эмас.

Аллоҳ таоло Ўз хитобини тўғридан-тўғри Расулига қаратмади, балки ояти каримада улар қилмаган иш фидядан кўра улуғроқ иш экани, набийлардан бири бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай хато содир бўлиши тўғри эмаслиги учинчи шахс сийғасида эслатилди:

مَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَن يَكُونَ لَهُۥٓ أَسۡرَىٰ حَتَّىٰ يُثۡخِنَ فِي ٱلۡأَرۡضِۚ تُرِيدُونَ عَرَضَ ٱلدُّنۡيَا وَٱللَّهُ يُرِيدُ ٱلۡأٓخِرَةَۗ وَٱللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٦٧ لَّوۡلَا كِتَٰبٞ مِّنَ ٱللَّهِ سَبَقَ لَمَسَّكُمۡ فِيمَآ أَخَذۡتُمۡ عَذَابٌ عَظِيمٞ٦٨

«Набий учун ер юзида забардаст бўлмагунича асирлари бўлиши тўғри эмас эди. Сизлар дунёнинг ўткинчи нарсасини ирода қиласизлар. Аллоҳ эса охиратни ирода қиладир. Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир. Агар Аллоҳнинг олдиндан ёзгани бўлмаганида, олган нарсаларингиз туфайли сизга улкан азоб етар эди» (Анфол сураси, 67-68-оятлар).

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло дастлабки даврларда, то Ислом давлати мустаҳкам бўлиб, у билан ҳамма ҳисоблашадиган бўлгунича, бошқача иш тутишни – асирларга тўлов олмай, қилмишига яраша ўлдиришни ирода қилган эди. Аммо ҳали Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бунга амр этмай турарди. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан маслаҳатлашиб, асирлар учун тўлов олишга қарор қилдилар. Шундан кейингина Аллоҳ таоло оятларини нозил қилиб, хатони тузатди.

Аллоҳ таоло кўпинча хато содир бўлишидан олдин мусулмонларнинг ишларига аралашиб, тўғри йўлга йўллаб турарди. Баъзи ҳолларда эса хато содир бўлганидан кейин оят нозил бўлиб, хато тузатилар эди. Бунда ҳукм янада қаттиқ таъсир қилади. Яна бошқа ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади.

Иккинчи оятда иккита катта ҳақиқат кўриниб турибди.

Биринчиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирлар масаласини Аллоҳ аралашадиган даражада жиддий масала деб ҳисобламаганлар. Йўқса саҳобаларга маслаҳат қилмасдан, албатта, Аллоҳнинг амрини кутган бўлар эдилар.

Иккинчиси – Қуръонда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч қандай аралашувлари йўқ. Ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Ўзидандир. Акс ҳолда бу ҳолат юзага келмас эди.

Аллоҳ таоло Бадр урушида иштирок этган мусулмонларнинг барча гуноҳларини аввалдан кечиб юборган эди. Шунинг учун олдиндан ёзиб қўйилган қазои қадарга би­ноан уларнинг бу ҳолатлари ҳам кечиб юборилди.

Итобнинг яна бир кўриниши бор бўлиб, қаттиқроқ бўлгани учун, Аллоҳ таоло уни ҳам Набийсига тўғридан-тўғри йўналтирмаган. Бунда У Зот учинчи шахс сийғаси билан сўз очиб, бир кўринишни ҳикоя қилади ва воқеъликни тасвирлайди. Шу билан бирга, у орқали Муҳаммад алайҳиссаломга одоб беради. Ушбу ҳолат кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Мактум розияллоҳу анҳунинг қиссасида содир бўлади.

Исломнинг илк даврида мусулмонлар сони секинлик билан ўсиб борди. Пайғамбар алайҳиссалом ғайрат қилиб, кўпроқ одамни даъват қилишга уриндилар. Ул зоти бобаракот алайҳиссалом Маккадаги обрўли, бой-зодагонлар ҳам Исломга кириб қолса, динга, мусулмонларга қувват бўлса яхши бўларди, деган фикрда эдилар. У зот Макка аъёнлари билан бирга ўтириб, уларни Исломга даъват қилиш билан машғул бўлар эдилар. Бир куни Қурайш қабиласининг аъёнларидан баъзиларини динга даъват қилиб турганларида, икки кўзи ожиз Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли саҳобий баланд овоз билан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг», дея бақириб келиб қолди. Набий алайҳиссаломнинг нима билан машғул эканликларини билмасдан, бу сўзларни бир неча марта такрорлади. Бу Муҳаммад алайҳиссаломга ёқмади: юзларини буриштириб, ундан юз ўгирдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб, Абаса сурасидаги ушбу оятларни нозил қилди:

عَبَسَ وَتَوَلَّىٰٓ١ أَن جَآءَهُ ٱلۡأَعۡمَىٰ٢ وَمَا يُدۡرِيكَ لَعَلَّهُۥ يَزَّكَّىٰٓ٣ أَوۡ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ ٱلذِّكۡرَىٰٓ٤ أَمَّا مَنِ ٱسۡتَغۡنَىٰ٥ فَأَنتَ لَهُۥ تَصَدَّىٰ٦ وَمَا عَلَيۡكَ أَلَّا يَزَّكَّىٰ٧ وَأَمَّا مَن جَآءَكَ يَسۡعَىٰ٨ وَهُوَ يَخۡشَىٰ٩ فَأَنتَ عَنۡهُ تَلَهَّىٰ١٠ كَلَّآ إِنَّهَا تَذۡكِرَةٞ١١

«Афтини буриштирди ва юз ўгирди... ҳузурига кўзи ожиз киши келганига. Сенга не билдирар, эҳтимол, у покланар. Ёки эслатма олар, бас, эслатиш унга манфаат берар. Аммо истиғно қилганга бўлса... Сен у томонга интиласан. У покланмаса, сенга ҳеч нарса бўлмас. Аммо ҳузурингга шошилиб келган... ва қўрққандан эса... Бас, сен ундан машғул бўласан. Йўқ! Албатта улар (Қуръон оятлари) эслатмадир» (1-11-оятлар).

Бу оятларда баёни келган ҳақиқат ҳам Қуръоннинг ҳа-қиқий илоҳий Китоб эканига ёрқин далилдир. Қайси пеш-во ўзига нисбатан айтилган танқиднинг асрлар бўйи ўқила-диган илоҳий Китобда собит қолишини хоҳлайди?! Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни доимо иззат-ҳурмат қилиб юрар, «Сабабидан Роббим менга итоб қилган зот, марҳа-бо!» деб қўяр эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўғридан-тўғри йўналтирилган, юқорида зикр қилинганлардан-да шиддатлироқ огоҳлантириш ва танбеҳларга ҳам бир неча мисоллар бор.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

وَلَوۡلَآ أَن ثَبَّتۡنَٰكَ لَقَدۡ كِدتَّ تَرۡكَنُ إِلَيۡهِمۡ شَيۡ‍ٔٗا قَلِيلًا٧٤ إِذٗا لَّأَذَقۡنَٰكَ ضِعۡفَ ٱلۡحَيَوٰةِ وَضِعۡفَ ٱلۡمَمَاتِ ثُمَّ لَا تَجِدُ لَكَ عَلَيۡنَا نَصِيرٗا٧٥

«Агар сени собит қилмаганимизда, батаҳқиқ, уларга бир оз бўлса-да, мойил бўлишингга оз қолар эди. Шундай бўлган тақдирда сенга ҳаёт (азобини) ҳам икки ҳисса, мамот (азобини) ҳам икки ҳисса тоттирган бўлардик. Сўнгра ўзинг учун Бизга қарши ёрдамчи топа олмас эдинг» (74-75-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «қани энди, ҳамма одамлар мўмин-мусулмон бўла қолса» деган рағбатла ри жуда ҳам кучли эди. Баъзан кўнгилларига даъват фойдасини кўзлаб, муросаю мадора йўлларини тутиш фикри тушар эди. Шундай ҳолларда Аллоҳ таолонинг Ўзи дарҳол вазиятга аралашиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тўғри йўлда собитқадам қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳий кўрсатмаларидан оғишдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асраб тургани ҳамда шахсиятларининг аҳамияти нақадар буюклиги мана шундай ҳолларда якқол билинади.

Аллоҳ таоло томонидан бўлган бундай огоҳлантириш ва танбеҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай таъсир қиладики, унинг олдида ҳар қандай таҳдид ва қўрқитиш ҳеч нарса бўлмай қолади.

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахслари хусусида янада қаттиқ оҳангда хитоб қилади. Хитоб жуда ҳам оғир бўлгани ва фаразий воқеъликни тасвирлагани учун ҳам учинчи шахс сийғасида келади:

وَلَوۡ تَقَوَّلَ عَلَيۡنَا بَعۡضَ ٱلۡأَقَاوِيلِ٤٤ لَأَخَذۡنَا مِنۡهُ بِٱلۡيَمِينِ٤٥ ثُمَّ لَقَطَعۡنَا مِنۡهُ ٱلۡوَتِينَ٤٦ فَمَا مِنكُم مِّنۡ أَحَدٍ عَنۡهُ حَٰجِزِينَ٤٧

«Ва агар у Бизга баъзи ёлғон сўзларни тўқиса, албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз. Бас, сизлардан хеч ким уни тўсиб қолувчи бўлмас» (44-47-оятлар).

Яъни «Агар мушриклар даъво қилаётганидек, Муҳаммад Бизнинг номимиздан баъзи сўзларни тўқиб чиқарса ёки оятларимиз орасига бирор сўзни қўшиб юборса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-омон, мўъжизаларга эга, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамларнинг ёмонликларидан қўрилган ҳолда юрмайди. Агар шундай бўлса, Биз тамоман бошқача иш ту­тамиз. Биз ундан Ўз қувват ва қудратимиз билан интиқом оламиз. Уни аянчли ҳолда ҳалок қиламиз». Бу оятлар Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

Имом Замахшарий ушбу оятлар тафсирида қуйидагиларни айтганлар:

«Оятнинг маъноси шундай: «Агар у Биз айтмаган нар­сани даъво қилса, уни «сабр» ўлими билан ўлдирамиз». Подшоҳлар ўзларига ёлғон ишлатганларни ғазаб ва интиқом билан шундай ўлдиришар эди. Сабр ўлимининг сурати ниҳоят даражада қўрқинчлидир. Унда икки қўлдан ушлаб, бўйинга урилади».

Ушбу қўрқитувчи, огоҳлантирувчи ва итоб қилувчи, яъни койиб, одоб берувчи оятларни ўрганиш мобайнида бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қудрат ва қаҳр Эгаси, қувват ва улуғворлик Соҳиби бўлган Робблари ҳузурида заиф яратилмиш банда эканликлари яққол намоён бўлади. Буюрувчи Аллоҳ Зоти билан буюрилмиш Пайғамбар зоти орасидаги фарқ тўла англашилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига мукаммал сингдиришлари ила нозил бўлган ваҳий билан ўзларининг хос ҳадислари орасини ҳам очиқ-ойдин ажратиб қўядилар. Гарчи ҳадислари ҳам Аллоҳ таолонинг берган илҳоми, ваҳийси орқали содир бўлган бўлса-да, уларни ҳаргиз Роббоний каломга аралаштириб юбориш имконияти йўқлигини, қалбларидан кечган айрим ўй-фикрлар ёлғиз инсоний сифат эканини ҳам кўрамиз. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий нозил бўлишининг дастлабки даврларида Қуръондан бошқа нарсани ёзишдан қайтардилар. Бу билан Қуръоннинг Роббоний сифатини муҳофаза қилиш, ушбу муқаддас сифатга бошқа нарсалар аралашиб кетишининг олдини олиш мақсад қилинган эди. Қачон Қуръондан оят нозил бўлса, ўша заҳоти котибларни чақириб, нозил бўлган ваҳий калималарини ёздириб қўяр эдилар.

Эҳтимол, юқорида келтирилган далиллар баъзи тадқиқотчиларнинг назарида зикр қиларли даражадаги нарса бўлиб кўринмас. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ваҳийни эслаб қолиш учун қилган ҳаракатларидан очиқ-ойдин қайтариш, у зотнинг ихтиёрларига ва иродаларига қарши буйруқ бўлишининг ўзи ваҳий ҳолати Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларидан мутлақо ташқари эканини эътироф қилишга ҳар қандай ақлни мажбур қилади. Ваҳий ҳолати нафсий кечинмалардан, ички омиллардан батамом бегонадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ёдлашда ҳаттоки ваҳийни эслаб қолиш қобилиятларини ишлатиш ҳаққига ҳам эга эмас эдилар. Балки Аллоҳнинг Ўзи у зотга ёдлатиб қўйиш кафолатини берди. Шу ўринда ёд олиш сабаблари қонуни ҳам бекор бўлиб, Аллоҳнинг иродаси қаршисида уларнинг таъсири бутунлай ўчиб кетди. Ёдлаш учун қилинадиган инсоний ҳаракатларнинг ҳеч бирига эҳтиёж қолмади. Ҳатто уларни ишлатишга ҳам рухсат бўлмади. Бу тўғрида Қиёмат сурасининг оятларини юқорида ўргандик.

Шундай экан, қандай қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг буюрилмиш шахслари билан буюрувчи Аллоҳ таолонинг Зоти орасидаги улкан фарқни сезмасликлари мумкин?! Бирор илоҳий сўзни инсоний сўз билан аралаштиришлари мумкинми?! Йўқ, албатта, У зот ваҳий борасида ўзларича бирор нарсага эга эмасликларини кўриб турар эдилар.

Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари тавқифий, яъни ваҳий асосидаги ҳадислар бўлиб, уларнинг мазмуни ваҳийдан ҳисобланса ҳам, у зот котиб» ларни фақат оятларнигина ёзишга буюрар эдилар. Ҳолбуки, ҳадислар оятларга боғлиқ бўлиб, уларни тафсир қилади. Ҳадисларни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз иборалари, услублари билан тузиб, ўз лафзлари билан баён қилганлар. Шунинг учун ҳам на у зотнинг, на бошқа бирор кишининг услуби мўъжизавий Қуръон услубига аралашиб кета олмайди.

Ҳатто уламолар ҳадиси қудсийларнинг маънолари Аллоҳдан эканини эътироф қилиб, кўпчиликлари улар­ни Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган, десаларда, улар ҳам Қуръондан алоҳида ажралиб туради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг Аллоҳнинг Китобига аралашиб кетмаслигига қаттиқ эътибор қилганлар ва ҳадиси қудсийлар Қуръон эмаслигини эшитувчига набавий иборалар орқали сездириб турганлар. Аллоҳдан нозил бўлган маънони инсоний услуб билан ифода қилганлар.

Муҳаммад алайҳиссалом фасоҳат ва балоғатда инсоният тарихидаги энг етук шахс бўлсалар-да, у кишидан содир бўлган гапларнинг бирортаси Қуръони Карим услу­бига яқин ҳам келмайди. У зотнинг услублари қаёқда-ю, Қуръонни нозил қилган қудрат эгасининг услуби қаёқда!

Бу борада уламолар ниҳоят даражада эҳтиёткор бўлишлари лозим. Ким ҳадиси қудсийни ривоят қиладиган бўлса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларидан ривоят қилган ҳадисларида шундай дедилар», ёки «Аллоҳ таоло Расули Ундан ривоят қилган ҳадисда шундай деди», ёхуд «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деди» деган қайдлар билан айтиш унга вожиб бўлади.

Биз ҳозир Қуръоннинг ожиз қолдирувчи экани хусусида сўз юритмоқчи эмасмиз. Ушбу китобнинг охирида бу мавзуга алоҳида боб ажратганмиз. Бизнинг мақсадимиз Аллоҳнинг каломи билан Расулининг ҳадиси орасида бениҳоя фарқ борлигини таъкидлаб қўйиш, холос. Бу фарқ тавқифий ва қудсий ҳадисларда кўриниши билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёвий фикрлари хусусида янада равшан ва яққол намоён бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоний, дунёвий, фикрий тажрибалари билан набавий, диний, қатъий тажрибалари орасини кескин аниқлаштириб, ажратиб қўйганлар. Дунё ишларида баъзи эҳтимолларни қилсалар, саҳобалар уларни ушлаб олмасликларини эслатиб турганлар. Агар Аллоҳдан, деб гапирсалар, уни маҳкам ушлашга буюрганлар. Зеро, бундай ҳадисларни ўзларидан тўқиб чиқармаганлар. Чунки у зот Аллоҳга нисбатан ёлғон гапирмайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳақиқатни бир неча бор сўзлари ва амалларида ойдинлаштириб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида:

«Албатта, мен ҳам сизлар каби инсонман. Гумон хато қилади, тўғри ҳам бўлади. Лекин сизларга «Аллоҳ айтди», десам, ҳаргиз Аллоҳга ёлғон гапирмайман», деганлар.

Бошқа бир ҳадисда жанжаллашиб келганларнинг қалбларидаги нарсани билмасликларини, улар билан бирга бир даврда, бир шаҳарда яшасалар-да ёки инсонларга энг яқин бўлсалар-да, улар ичларида беркитган нарсани билмаслик­ларини таъкидлайдилар:

«Албатта, мен ҳам инсонман. Сизлар менинг ҳузуримга тортишиб келасизлар. Ўз далилини ўтказишда баъзингиз бошқангиздан пеш бўлиши мумкин. Шунда мен эшитганимга кўра унинг фойдасига ҳукм чиқараман. Кимга биродари ҳаққидан бирор нарсани олиб берсам, уни олмасин. Чунки унга дўзахдан бир бўлак олиб берган бўламан».

Мисол учун, бир сафар Бану Убайриқ қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғрилик устида чиқараётган ҳукмларида адаштирмоқчи бўлишди. Ўғрини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг ўғри эмаслигига ишонтиришди ҳам. Ҳатто у зот Қатода ибн Нўъмонни: «Эй Қатода, Исломда ва салоҳиятда бўлган оилани ҳеч қандай ҳужжат ва далилсиз ўғриликда айблайсанми?!» дея койидилар. Шунда Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги ушбу оятлари нозил бўлди:

إِنَّآ أَنزَلۡنَآ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّ لِتَحۡكُمَ بَيۡنَ ٱلنَّاسِ بِمَآ أَرَىٰكَ ٱللَّهُۚ وَلَا تَكُن لِّلۡخَآئِنِينَ خَصِيمٗا١٠٥ وَٱسۡتَغۡفِرِ ٱللَّهَۖ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ غَفُورٗا رَّحِيمٗا١٠٦

«...Сен хоинларнинг ёнини олувчи бўлма! Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (105-106-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Убайриқнинг хиёнат қилганини ва адаштиришга ҳаракат қилишганини билгач, Қатодага қилган дўқ ва итоблари учун Аллоҳ таолога истиғфор айтдилар.

Олдин кўриб ўтганимиздек, албатта, Қуръоний ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий иродаларидан, инсоний табиатларидан ташқаридир. Ҳатто ваҳийнинг қачон нозил бўлиш ёки қачон тўхтаб қолишида ҳам у зотнинг ихтиёрлари йўқ. Баъзан ваҳий нозил бўлиши кўпайиб кетса, баъзан тўхтаб, у кишининг муҳтожликлари ортиб кетарди. Ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг қалбларига турли шароитда, турли вақтда но­зил бўларди. Бир сафар саҳобаларининг ораларида ўтирар эканлар, кўзлари юмилиб, тиниб қолдилар. Кейин бирдан бошларини кўтариб, табассум қилдилар. У зотга Кавсар сураси ваҳий қилинган эди. Бир куни уйларида эканларида кечанинг учинчи қисмида Тавба сурасининг жангга бормай, ортда қолган уч кишининг тавбаларини Аллоҳ қа­бул қилгани ҳақидаги оятлари нозил бўлди.

Албатта, ваҳий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига зим-зиё тунда ҳам, чарақлаган кунда ҳам, қаҳратон совуқда ҳам ёки жазирама иссиқда ҳам, муқимликда ҳам, мусофирликда ҳам, бозорнинг ўртасида ҳам, жанг қизиган майдонда ҳам нозил бўлаверарди. Ҳатто Масжидул Ақсога тунда сайр қилганларида ва осмонларга кўтарилганларида ҳам ваҳий нозил бўлган эди.

Пайғамбарликнинг дастлабки кезлари ваҳий Эгаси уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан маълум вақт узиб қўйди. У киши ваҳийга шавқу завқлари баланд, ниҳоятда талабгор эдилар.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетар эканлар, тўсатдан осмондан бир овозни эшитиб, бош­ларини кўтардилар. Қарасалар, Ҳирода келган фаришта турибди. Ундан қўрқиб кетдилар. Титраганча вафодор завжалари Хадижа онамизнинг ҳузурига бордилар ва: «Мени ўраб қўйинглар!» дедилар. Шунда Аллоҳ таоло Муддассир сурасининг илк беш оятини нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий тушиши тезлашиб, кетма-кет кела бошлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳлари кўтарилиб, маҳзунлик, интизорлик ўрнини чуқур хурсандчилик эгаллади. Шундан ҳам кўриниб турибдики, ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳишларига бўйсунмас, фикрларидан, шахсларидан ташқари эди. Шу тариқа ваҳий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ўрнашиб борди. Бу ваҳийнинг манбаи ғайблар Билимдони бўлмиш Аллоҳ таолонинг Ўзи эди.

Маълумки, «ифк» воқеаси Ислом тарихида чуқур ўрин олган. Ифк ҳодисасидан кейин тўлиқ бир ой ваҳий нозил бўлмай қолганини ким ҳам эсдан чиқарарди?! Бу ҳодисада мунофиқлар Сиддиқнинг қизларини фоҳишаликда айблашди. У кишининг атрофларида шармандали гапларни шундай тарқатишдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига шубҳа тушиб, мўминларнинг онаси бўлмиш жуфти ҳалолларига:

«Эй Оиша, менга шундай-шундай гаплар етиб келмоқда. Агар айбсиз бўлсанг, Аллоҳ сени оқлайди. Агар гуноҳга алоқанг бўлса, Аллоҳга истиғфор айт!» дедилар.

Ушбу ҳодисада мунофиқлар пок сиддиқа онамиз хусусида етарлича иғво-бўҳтонларга шўнғиб туришар экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ой давомида оят тушмай қолиши у зот учун бу бир ой узун йиллардан ҳам оғир бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Хўш, нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ёстиққа бош қўйган жуф­ти ҳалолларига нисбатан шак ва изтироб ичида тўла бир ой сукут сақлаб, кутдилар? Зеро, бу ҳол мўминларнинг онасини оқловчи Hyp сурасининг оятлари нозил бўлгунича давом этди. Шундай қалтис ҳолатда ҳам у зот Аллоҳ таолонинг ишига аралашмадилар. Ҳақ таолонинг Ўзи туҳматчиларнинг туҳматидан сиддиқани поклади.

Яна бир мисол: Аллоҳ таоло маълум муддат қиблани Каъбадан Байтул Мақдисга кўчирганида, мусулмонлар Байтул Мақдисга қараб намоз ўқиб турдилар. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қибланинг Байтуллоҳ тарафга ўзгаришини қаттиқ хоҳлар эдилар. Бу тўғрида ваҳий нозил бўлиб қолармикин деб, ўн олти ёки ўн етти ой юзларини осмонга қаратиб илтижо қилдилар. Қуръоннинг Соҳиби эса Ўз Расулининг истагини бир ярим йилдан кейингина амалга оширди.

Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари орзу-умидларининг рўёбга чиқишида ваҳийнинг тезлашишига кўмаклаша олмадилар? Чунки ваҳий Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг Робби хоҳлаганида нозил бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Робби хоҳлаганда, ваҳий узилади. Дуолар, илтижолар бу ўринда ёрдам бермайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хоҳиши само ишини олдинга ёки ортга сура олмайди.

Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ҳолатлари билан ваҳий вазияти орасидаги равшан фарқни тушунишни хоҳламаган қадимги ва ҳозирги моддапарастлар у зотда иккита шахсият жамланган, бири сезувчи, сингдирувчи шахсият, иккинчиси сезмайдиган, сингдирмайдиган шахсият, деган фаразни олга суришади. Бошқача ибора билан айтганда, Муҳаммаднинг ҳуши баъзан ўзида бўлган, баъзан ўзида бўлмаган, демоқчи бўлишади. Инсофли, холис тадқиқотчи ушбу фаразлар бирор ақлга ёки заррача шуурга тўғри келади, деб эътироф этиши мумкинми?

Яна шуни эслаб ўтиш лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларидаги титроқ у зотни ўраб олган қўрқинчдан эди. Чунки Аллоҳ таоло айтганидек, ваҳий у зотга кутилмаганда, тўсатдан нозил бўлган эди. Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

وَمَا كُنتَ تَرۡجُوٓاْ أَن يُلۡقَىٰٓ إِلَيۡكَ ٱلۡكِتَٰبُ إِلَّا رَحۡمَةٗ مِّن رَّبِّكَ

«Ўзингга Китоб нозил қилинишидан умидвор хам эмас эдинг. Илло, Роббинг раҳмати бўлиб (нозил бўл-ди)...» (86-оят).

«Сени Қуръон ҳақида айблашмоқда. Аслида сен ўзингга илоҳий Китоб тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган, унга эга бўлиш учун уринмаган ҳам эдинг. Аммо Аллоҳ сенга Ўз раҳматидан Қуръонни нозил қилди. Бу иш сенинг хоҳишинг билан эмас, балки Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлди».

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

وَكَذَٰلِكَ أَوۡحَيۡنَآ إِلَيۡكَ رُوحٗا مِّنۡ أَمۡرِنَاۚ مَا كُنتَ تَدۡرِي مَا ٱلۡكِتَٰبُ وَلَا ٱلۡإِيمَٰنُ وَلَٰكِن جَعَلۡنَٰهُ نُورٗا نَّهۡدِي بِهِۦ مَن نَّشَآءُ مِنۡ عِبَادِنَاۚ

«Шундай қилиб, сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Китоб нима, иймон нима, идрок қилмас эдинг. Лекин уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганимизни хидоят қилурмиз...» (52-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдаги ваҳий пай­ти содир бўладиган қалб титроғида аъзолари музлаб колмас эди. Одатда бундай ҳол қўрққан одамда содир бўлади. Бунда кишининг юзи оқариб, тишлари тақиллайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламда эса бунинг акси бўлар эди. Ҳароратлари кўтарилиб, юзлари қизариб, ҳатто пешоналаридан тер чиқиб кетар, жисмлари оғирлашарди. Юқорида кўриб ўтганимиздек, ёнларида ўтирган кишининг сони у зотнинг сонларига тегиб турган бўлса, ёрилиб кетай дер эди. Хадижа онамизга ўзларини ўраб кўйишни илтимос қилишларидан мақсад кўрпага ўраниб, ғайбий қувват таъсиридан, оғир сўз босимидан бир оз тин олишдан бошқа нарса эмас эди. Шунинг учун ҳам ваҳий тўхтаб, унинг таъсири узилгач, Аллоҳ таоло у зотни Ўзига даъват қилиш байроғини кўтариб, сапчиб туришга буюрди:

«Эй бурканиб ётган! Тур! Огоҳлантир!» (Муддассир сураси, 1-2-оятлар),

«Эй ўраниб ётган! Кечанинг озгинасидан бошқасини (ибодатда) бедор ўтказ!» (Муззаммил сураси, 1-2-оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбий қувватлари, онглари ваҳийни биринчи бор қабул қилиб олган пайтларида қандай етук ва сезгир турган бўлса, ундан кейин, ҳар сафар ваҳий келганда ҳам бир хил маромда турди. Қабул қилиб, сингдириб олишларининг мукаммаллиги, ғайратларининг ҳаракатчанлиги ва асабларининг қуввати ажойиб савияда бўлди. Тарқоқ фикрларни жамлашга бўлган ҳозирлик воситаларига ҳеч қандай эҳтиёж бўлмади. Ваҳий нозил бўлаётган пайтда бирор марта бўлса ҳам асабнинг тарқоқлиги ва қандайдир касалликларнинг ориз бўлиши каби ҳолатлар кузатилмади.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ваҳийни тушуниб етмаслик;

П'ятниця, 13 декабрь 2019 00:00

Буюк Мусаввир Зотнинг қудрати!

Бу – Африкадаги Саҳрои кабирдан йиғилган турли ранглардаги қумлар. Тасаввур қилинг, Ер юзидаги саҳроларнинг қумлари шу даражада рангбаранг экан.

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига укалари Султонхон Алимовнинг вафоти муносабати билан хорижий давлатлар муфтийлари номидан ҳамдардлик мактублари келмоқда. Жумладан, Россия муфтийлари кенгаши раиси, Россия Федерацияси Мусулмонлар диний бошқармаси раҳбари, муфтий, шайх Равил Гайнутдин муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига қуйидаги мазмунда таъзия билдирди.

«Россия муфтийлари кенгаши, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси номидан Сиз азиз биродаримга, сизнинг бутун оилангизга укангиз Султонхон Алимовнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдираман. Аллоҳ таолодан дуо қиламиз, марҳумнинг барча қариндошлари ва дўстларига қайғу ва ёрдамимизни изҳор қиламиз. Албатта, биз ҳаммамиз Аллоҳданмиз ва Унга қайтувчимиз. Аллоҳ таоло бир мусулмоннинг руҳини қабул қилсин ва унинг гуноҳларини кечирсин ва Қиёмат куни унга Жаннат боғларидан жой ато этсин», - дейилади таъзия мактубида.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

НАМОЗ МЎМИННИНГ МЕЪРОЖИ

Юқоридаги келтирилган ҳадиси шарифда Яҳё (алайҳиссалом) Бани Исроилга етказаётган беш нарсанинг иккинчиси намоздир. Худди шундай Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган дин – Ислом динининг иккинчи устуни ҳам намоздир.

Абдуллоҳ ибн Умар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) айтади: «Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ислом қуйидаги беш нарсага бино қилинган – Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай маъбуд йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари эканига чин қалбдан иқрор бўлишга, намозни адо этишга, закот беришга, рамазон рўзасини тутишга, қодир бўлган киши ҳаж қилмоғига”» (Муттафақун алайҳ).

Ушбу машҳур ҳадиси шарифдан кўриниб турибди, ҳар бир кишига энг биринчи лозим нарса тавҳид калимасини айтиш ва ундан кейин намозни адо этишдир. Бу олдинги барча пайғамбарлар келтирган динда ҳам худди шу тартибда бўлган. Бунга ҳадисдаги Яҳё (алайҳиссалом) даъвати ҳам далилдир. Демак, Аллоҳ таоло нозил қилган барча дин ва шариатнинг биринчи амри киши тавҳид калимасини тили билан айтиб, дили билан тасдиқ этиши, иккинчи ўринда буюрилган нарса эса намозни адо қилишидир. Намоз жисмоний ибодат бўлиб, у барча ибодатларнинг тожидир, у тилда айтиб, дилда тасдиқ этилган тавҳиднинг амалий тасдиғи, мусулмонликнинг зоҳирий кўринишидир.

Намозни адо этиш ҳар бир аҳли тавҳидга, эркагу аёл – барчасига бирдек қатъий фарз, яъни гарданидаги мўминлик бурчидир.

Намоз, унинг фарзлиги ва фазли ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифлар бисёрдир. Фуқаҳою доно зотларнинг намоз ҳақида девон-девон китоблари ҳисобсиздир. Бу бежиз эмас, албатта.

Чунки намоз диннинг асосий устунидир.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳ таоло бандаларига тавҳиддан кейин намоздан кўра Ўзига севикли бўлган нарсани фарз қилмади (яъни, Аллоҳ таолонинг бандаларига энг яхши кўрган фарзи биринчиси тавҳид бўлса, иккинчиси намоздир). Агар на­моздан кўра унга маҳбуброқ нарса бўлганда эди, малоикаларга уни буюрган бўларди, малоикалар эса ўшани адо этишарди. Малои­каларнинг руку қиладиган, фақат саждада турувчи, хушу ила қоим бўлиб турувчи ва доим қаъдада ўтирадиганлари бор”, дедилар.

Яъни, Аллоҳ таоло фаришталарининг унга ана шу ҳолатларда ибодат қилишларини яхши кўради, шунинг учун фаришталарнинг баъзилари доим саждада, баъзилари доим рукуда, бошқалари қиёмда, яна бирлари ўтирган ҳолатда ибодатда бўлишади.

Аллоҳ таоло башариятга ҳам турли хил малоикаларнинг ибодат усулларини ўзида мужассам қилган намозни фарз қилди, намоз билан унга бандалик қилишларини яхши кўрди. Намоз барчага бирдек фарз, магар мажнун, балоғатга етмаган болаларга фарз эмас. Жамиятда тутган ўрни нечоғли баланд бўлса-да, касби ҳарчанд оғир бўлса-да, бемор ёки олис юртларда мусофир бўлса-да, эрки ўзида бўлмаса-да (ҳуши бўлса бас), эркак-аёл – ҳаммага бирдек фарз, ҳар кун беш вақт ўқиш фарздир.

Мусулмонлик даъво қилган ҳар қандай киши учун намоз диний ва илоҳий мажбурият бўлиб, уни чиройли суратда, ўз вақтида адо этиши лозим. Акс ҳолда, оят ва ҳадислардаги ваъидларга мустаҳиқ бўлади. Қиёмат куни аҳволи жуда оғир бўлади, бу нарсадан оят ва ҳадисларда огоҳлантирилган, жумладан:

﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩

«Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олди. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқур» (Марям, 59).

Ушбу ояти каримадан олдинги ояти карималарда улуғ набий ва расуллардан баъзиларининг зикри келади. Улар “Аллоҳ таолога муҳаббатли, ҳассос қалбли, Раббисига итоатли, ҳидоятга эришган ва илоҳий неъматларга сазовор бўлган олиймақом зотлар”, деб таърифланади. Ана шу таърифлардан сўнг Аллоҳ таоло биз келтирган мазкур ояти каримани баён қилади. Яъни, ана шундай садоқатли, тақволи, намоз ва закотларини вақтида адо этадиган зотлар ортидан, уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилди. Намозни зое қилиш, уни ўқимай, вақтига беэътибор бўлиш энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олсак бўлади. Бенамоз одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади, шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарлар намозни зое қилгани зикр этилгандан кейин шаҳватларига эргашганлари баён этилмоқда. Яъни, улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлишади. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айш-ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, нафсларига қул бўлиб юраверади. Оқибат эса улар учун жуда аянчли бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг жазосига гирифтор бўлади. Лекин барибир Аллоҳ таоло меҳрибон Зот, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очади:

﴿إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡ‍ٔٗا٦٠

«Магар ким тавба қилса ва имон келтириб солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирур ва (уларга) ҳеч зулм қилинмас» (Марям, 60).

Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб, фақат яшаб юрганлардан ким тавба қилса, инсонга умр фақат яхши еб-ичиш учунгина берилмаганини тушуниб, гуноҳларидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, имон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка, оғир жазога учрамас, балки у жаннатга кирур. Имонида содиқлиги ва адо этган солиҳ-эзгу амаллари эвазига жаннатий бўлур. Ҳеч қандай зулм-азобга учрамас.

Ўзимиз барча намозларни адо этадиган бўлиб, тўғри йўлда юрганимиздан кейин дилбандларимиз, ўғил-қизларимизга, уларнинг одобига эътибор қаратишимиз лозим.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مُرُوا أَوْلَادَكُمْ بِالصَّلَاةِ وَهُمْ أَبْنَاءُ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُمْ عَلَيْهَا وَهُمْ أَبْنَاءُ عَشْرٍ وَفَرِّقُوا بَيْنَهُمْ فِي الْمَضَاجِعِ

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни етти ёшида намозга буюринг! Улар ўн ёшга етганида намоз ўқимаса, уринг ва ётар ўринларини ажратиб, алоҳида қилиб қўйинг”, дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам масъул. Уларни гўзал адаб-ахлоқли, диёнатли қилиб ўстириш биз ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбар (алайҳиссалом) бизларни фарзандларимиз олдидаги бурчимиздан келиб чиқиб, уларга намоз таълимини беришга буюрдилар. “Фарзандларингиз етти ёшга етганда намоз ўқисин”, дедилар. Маълумки, фарзанд етти ёшида ҳали ҳам бола ҳисобланади. Кўп нарсага ақли етмайдиган, ўйин-кулгини яхши кўрадиган бўлиши табиий.

Шунинг учун уларга буюрсангиз-у, намоз ўқимаса (ҳадис маъносида тушунилганидек), бу ёшда уларни урманг, қўполлик қилманг, ҳатто сўкинманг ҳам, токи улар безиб қолмасин. Енгил-енгил огоҳлантиринг, ўз навбатида унинг ўқишига таълим-тарбиясига, шулар қатори, намоз адо этишига эътибор бериб боринг, аста-секин назоратни кучайтиринг. Ўн ёшга етганида эса, бир оз муомалани ўзгартиринг, яъни жиддийлаштиринг. Унинг лоқайдлигини айб деб билингда, “адаб таёғи”ни ишга солинг. Онда-сонда жазоланг, токи у бу ёшида ана шундай ишларининг айб-гуноҳ эканини ҳис қилсин. Айбига яраша жазо борлигини билсин. Майли, биздан қўрқиб, намоз ўқийдиган бўлсин, чунки бу бола улғайган сари Раббисидан қўрқиш ҳиссига айланади. Мана шу ҳолда улар аста балоғат ёшига етгунича намозни тўла адо этадиган бўлади. Фарзандларимиз намозхон бўлгани яхши. Чунки намозхондан ҳеч ёмонлик чиқмайди. Ҳатто мактабда ҳам, кўча-кўйда ҳам одоб-ахлоқи билан ўртоқларига намуна бўлади. Балоғат ёшига етишгач, энди уларга ҳам намоз қатъий фарз бўлади. Чунки улар ҳам фарз амаллар буюрилган ёшга етган ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга қилган амри фармонига дохил бўлишади. Яъни, бундан кейинги қилган гуноҳларидан масъул бўлишади.

Аллоҳ таоло барчага қуйидагича амр қилади:

﴿حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ٢٣٨

«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан, ўрта намозни сақланг (ўз вақтида ўқинг) ва (намозда) Аллоҳга бўйсунган ҳолатда (камтарлик билан) туринг!» (Бақара, 238)

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кунда беш вақт намозни ўз вақтида, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда адо этишга буюради. Хусусан, “ўрта намоз”га янада эътибор беришимизни таъкидлайди.

“Ўрта намоз” ҳақида муфассирлар ўз китобларида саҳобаи киромлардан ҳар хил ривоятлар келтирган.

Ибн Касир тафсирида ўрта намоз бу бомдод намози дейилган ривоятларни келтириб, Молик (розияллоҳу анҳу) “Муватто” китобида ҳазрат Али ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) гапларини далил қилишини айтади. Аммо Ибн Касир “Ўрта намоз бу аср намози” деган гапни устун деб унга кучли далилларни келтирган. Маҳмуд Алусий эса “Руҳул маоний” тафсирида “ўрта намоз бу пешин намози”, деган гап аниқроқ эканини таъкидлаб: “Аслида ўрта намозни Аллоҳ таоло беш вақт фарз намоз ичига яширган. Қай бири эканини тайин қилмаган, худди “Қадр” кечасини рамазон ойи кечаларига, Исми Аъзамини барча исмларининг ичига, дуо ижобат бўладиган соатни Жума куни соатларининг ичига яширганидек”, деган. Бу билан мўминлар ўрта намоз эътиборида беш вақт намознинг муҳофазасини қилишсин.

عن ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلْتُ النَّبِىَّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “أَىُّ الْأعَمَالِ أَحَبُّ إِلَى اللَّهِ؟قَالَ: “الصَّلاَةُ لِوَقْتِهَاقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “بِرُّ الْوَالِدَيْنِقُلْتُ: “ثُمَّ أَىُّ؟قَالَ: “الْجِهَادُ فِى سَبِيلِ اللَّهِقَالَ: “وَحَدَّثَنِى بِهِنَّ وَلَوِ اسْتَزَدْتُهُ لَزَادَنِى

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом)дан “Энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўз вақтида ўқилган намоз”, дедилар. “Кейин қайси?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна сўрадим: “Кейин қайси?” “Аллоҳ таоло йўлида қилинган жиҳод”, дедилар». Ибн Масъуд: “Агар мен яна сўраганимда ул зот менга зиёда қилардилар”, деди (Муттафақун алайҳ).

﴿ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا١٠٣

«Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо,103).

Бу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш фарз, вақтидан ўтказиб адо этиш гуноҳ бўлганидек, вақти кирмасдан олдин ўқиш ҳам гуноҳ (мусофир ҳам намоз вақтига риоя этиши керак). Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо): “Албатта, ҳар бир намознинг тайинли вақти бор, худди ҳаж ибодатининг маълум вақти бўлганидек”, деган.

﴿ٱتۡلُ مَآ أُوحِيَ إِلَيۡكَ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَۖ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ تَنۡهَىٰ عَنِ ٱلۡفَحۡشَآءِ وَٱلۡمُنكَرِۗ وَلَذِكۡرُ ٱللَّهِ أَكۡبَرُۗ وَٱللَّهُ يَعۡلَمُ مَا تَصۡنَعُونَ٤٥

«(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур» (Анкабут, 45).

Намоз энг улуғ ибодат бўлиб, у мўминнинг меърожидир.

Яъни, намоз Пайғамбар (алайҳиссалом) Меърожга еттинчи осмондан ўтиб, ҳеч ким кўрмаган ва билмаган илоҳий олам – Сидратул мунтаҳога чиққанларида у зотга ва умматларига фарз қилинган ибодатдир.

Бу ибодатни адо этаётган киши меърожга чиққандек бўлади. Раббисига яқин туриб, у билан суҳбат қуради. Анас ибн Молик, Абу Заррдан (Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин) ривоят қилинган Меърож воқеаси ҳақида узун бир ҳадисни Имом Бухорий “Саҳиҳ”ида келтирган. Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг бундай сўзлари бор: “Кейин мен яна юқорига кўтарилдим, қаламларнинг (ёзганда чиқадиган) овозини эшитиб турдим (яъни ўша жойда фаришталарнинг Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани унинг амрига биноан ёзишаётган пайтда чиқадиган овозни эшитдилар). Шу вақт Аллоҳ таоло менга ва умматимга бир кеча-кундузда эллик вақт намозни фарз қилди”. (Мусо (алайҳиссалом) маслаҳати билан Муҳаммад (алайҳиссалом) ўша жойга қайта-қайта қатнадилар.) Аллоҳ таоло эллик вақт намозни беш вақт намозга туширди ва айтди:

“У (намоз) беш вақт фарз бўлди, (аммо унинг савоби) эллик вақт намознинг савобига баробар, Менинг ҳузуримда сўздан қайтилмайди” (Яъни, Аллоҳ таоло кунига ўқилган беш вақт намозга эллик вақт намознинг, бир вақтга ўн вақт баробарида савоб беришга сўз берди. Ана шу сўзи ўзгармас). Бу биз ожиз мўминларга Аллоҳ таолонинг бениҳоя улуғ марҳаматидир.

Намозда турган киши Аллоҳ таолонинг ҳозир-нозирлигини, Аллоҳ таоло билан роз айтишаётганини ҳис қилиши керак, мана шундай ҳис билан ўқилган намоз фаҳш-мункар ишлардан эгасини қайтаради.

“Эҳсон нима?” деган саволга Пайғамбар (алайҳиссалом): “Эҳсон – Аллоҳ таолога Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, гарчи сен Аллоҳ таолони кўрмаётган бўлсанг-да, Аллоҳ сени кўриб туради”, деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

Имон аломати бўлмиш намоз Аллоҳ таолонинг буйруғи – фарз бўлибгина қолмай, руҳий-маънавий очликка озуқа, дардга даво, жисмоний касалликка шифо, қалбга нурки, у нур юздан балқиб туради, хато-камчилик, айбу нуқсонларга эса каффорат, Аллоҳ таоло у билан хунук гуноҳларимизни кечириб юборгай! Даргоҳи илоҳийда даражамизни оширгай, чунки Ислом устуни бўлган бу намозда турли ибодатлар мажмуаси мужассам: Аллоҳ таолога итоаткорона қуллик қилиш, унга шукрона айтиш, дуою илтижо, дунё ва унинг ишларидан қибла томон юз буриш, ҳамда Пайғамбар (алайҳиссалом)га салавот-салом айтиш мавжуд ва фаришталар хулқини ҳам шу намоз ичида топгаймиз.

Пайғамбар (алайҳиссалом) кунлик беш вақт намоз хатоларга каффорат бўлишини бундай тушунтирдилар.

أرَأيْتُمْ لَوْ أنَّ نَهْرَاً بِبَابِ أَحَدِكُمْ يَغْتَسِلُ مِنْهُ كُلَّ يَوْمٍ خَمْسَ مَرَّاتٍ ، هَلْ يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ؟ قالوا : لا يَبْقَى مِنْ دَرنهِ شَيْءٌ ، قَالَ : فَذلِكَ مَثَلُ الصَّلَوَاتِ الخَمْسِ يَمْحُو اللهُ بِهِنَّ الخَطَايَا

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаи киромлардан: “Менга айтинглар-чи, бирингизнинг уйи олдидан анҳор оқиб ўтган бўлса ва ҳар куни шу анҳорда беш марта ювиниб турса, унинг баданида кир қолдирадими?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, умуман кир қолдирмайди”, деб жавоб берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мана шу (анҳорда беш бора чўмилиш) кунда беш вақт намознинг мисоли, Аллоҳ таоло улар сабаб хатоларни ўчиради”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бирга қиш яқинлашган кунларнинг бирида бир дарахт олдида турган эдим. Дарахт япроқларининг кўпи тўкилиб бўлган ва яна тўкилмоқда эди. Шунда ул зот марҳамат қилдилар: “Эй Абу Зарр!” Мен: “Лаббай, ё Расулуллоҳ?” дедим. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, бир мўмин Аллоҳ таолонинг розилиги учун намоз ўқиса, унинг гуноҳлари худди шу дарахт япроқларидек тўкилади”, дедилар».

Мулла Али Қорий: “Ушбу ҳадиси шарифдаги “важҳаллоҳ”дан мурод, Унинг розилиги учун, холис Аллоҳ таоло учун ўқиса, шул тариқаки, унда ҳеч қандай риё-сумъа бўлмаслиги ва улар билан бирор шахсий ва дунёвий манфаат қасд қилинмаслиги, балки улар билан фақат Аллоҳ таолонинг амрига итоатни қасд қилиши керак”, деб шарҳлаган.

Мана шу ҳолда адо этилган намоз ўз-ўзидан гуноҳларнинг тўкилиб кетишига сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келди ва бир бегона аёлни ўпиб олганини баён қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга ҳеч нарса демадилар, Раббининг амрини кутдилар. Бир оздан сўнг аср намозини адо этдилар. Шу вақт Аллоҳ таоло: “Куннинг икки тарафида ва кечанинг маълум соатларида намозни адо этинг, албатта, (намозга ўхшаш) ҳасанотлар (кичик) гуноҳларга каффорат бўлади”, деб ваҳий қилди.

Ушбу ояти каримани эшитганлардан бир киши Пайғамбар (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ, бу ваъда фақат у учунми?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Йўқ, фақат унга эмас, балки барча умматим учундир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: كنتُ عِندَ النبيِّ صلَّى اللهُ عَلَيهِ وسَلَّم فجاءه رجلٌ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقمه عليَّ ولم يسألْه قال: “وحَضَرَتِ الصلاةُ فصلَّى مع النبيِّ صلى الله عليه وسلم فلما قضى النبيُّ الصلاةَ قام إليه الرَّجُلُ فقال: “يا رسول الله، إني أصَبْتُ حَدّا فأقم فيَّ كتابَ اللهقال: “أليس قد صَلَّيتَ معنا؟قال: “نعمقال: “فإنَّ الله قد غَفَرَ لك ذَنْبَك أو حَدَّك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида эканимда, бир киши ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, менга ҳад уринг, жазо беринг!” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом) ундан ҳеч нарса сўрамадилар. Шунда намоз вақти бўлиб қолди. Ҳамма Пайғамбар (алайҳиссалом)га иқтидо қилган ҳолда намоз адо этди, намоз тугагач, мазкур киши яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб: “Ё Расулуллоҳ! Мен ҳад уриладиган гуноҳ қилиб қўйдим, бас, мени Қуръон ҳукмига кўра жазоланг!” деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен биз билан бирга намоз ўқимадингми?” дедилар. У киши: “Ҳа, ўқидим”, деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “У ҳолда, бор кетавер! Аллоҳ гуноҳингни (ҳадингни) кечириб юборди”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

Имом Нававий айтади: “Катта гуноҳларга намоз каффорат эмас. Аҳли сунна вал жамоада гуноҳи кабиралар тавба қилиш билан ёки Аллоҳ таолонинг фазли билан кечирилади. Шундай экан, Аллоҳ таоло ҳузурида Пайғамбар (алайҳиссалом) шариатида эвазига улкан ажр-савоблар ваъда қилинган ибодат бўлмиш намозни тўла ва вақтида адо этувчилардан бўл. Зеро, Аллоҳ таоло огоҳлантирган:

﴿فَوَيۡلٞ لِّلۡمُصَلِّينَ٤ ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ٥

«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини “унутиб” қўяди» (Моъун, 5). Ушбу оятда зикр қилинганлар қаторида бўлиб қолмаслик лозим. Улар намозларини ўз вақтидан ортга сурадиган кишилардир. Балки сен, эй биродарим, Аллоҳ таоло айтган:

﴿رِجَالٞ لَّا تُلۡهِيهِمۡ تِجَٰرَةٞ وَلَا بَيۡعٌ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَإِقَامِ ٱلصَّلَوٰةِ وَإِيتَآءِ ٱلزَّكَوٰةِ يَخَافُونَ يَوۡمٗا تَتَقَلَّبُ فِيهِ ٱلۡقُلُوبُ وَٱلۡأَبۡصَٰرُ٣٧

«...кишилар бордир, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқур» (Нур, 37), деб таърифлаган комил мўминлардан бўлгин. Омин, ё Раббал оламин!

Намоз улуғ ибодат бўлгани учун уни адо этаётган чоғимизда фарз, вожиб, суннат амалларига, ҳатто, мустаҳабларига ҳам эътибор берайлик. Намоз одобларига риоя қилайлик. Ўзимизни илоҳий меърожга чиқишга тайёрлайлик. Аввало, чиройли таҳорат олиб, кейин қиблага юзланиб, ният қилайлик. Аллоҳ таолонинг улуғлиги ва буюклигини ёдга олайлик.

Биринчи такбирни айтиб намозга киргандан кейин, намоз рукнлари: қиём, қироат, руку, сажда ва қаъдаларни тўлиқ бажариб, уларнинг орасини озгина тўхташ ва ҳаловат билан ажратайлик. Умуман, қулоқ қоқиб намозга киргач, то салом бергунча хушу – ботиний қўрқув – синиқлик билан, хузу – зоҳирий қўрқув, хокисор ҳолда бўлайлик. Чунки намозни бир жасадга қиёслаб кўрсак, унинг руҳи, жони – хушу, хузу бўлади. Жонсиз, руҳсиз жасад ҳеч кимга фойда бермаганидек, хушу, хузусиз ўқилган намоз ҳам фойдасиз бўлиши мумкин. Шунинг учун намознинг доим руҳи бўлсин. Ана шу ҳолда ўқиладиган намоздан бизни ҳеч нарса, ҳеч қандай машғулот тўса олмайди. Намозда турган пайтда у ён-бу ёнга юз буриб қарамаслик керак. Чунки Пайғамбар (алайҳиссалом): “Мўмин намоз ўқиб турган ҳолида Аллоҳ таоло ҳам унга юзланиб турган бўлади. Агар юзини бурса, Аллоҳ таоло ҳам ундан юз буради, яъни рад этади”, деганлар.

Намозда илтифот – юз буриш ҳақида ҳанафий мазҳабимизда бундай дейилади: “Бўйинни буриб, ўнг ёки чапга қараш – макруҳ амал, кўз қорачиғининг ўзи билан қарашнинг эса зарари йўқ. Аммо гавда қисми билан қибладан бошқа томонга бурилиш намозни ботил қилади. Яна қиёмда турган ҳолингда ўнг ва чап оёғингга дам бериб, ўнгу сўлга мойил бўлиб турма. Чунки бу хузуга зиддир. Шунинг учун у макруҳ саналади, фақат хатмоналарда макруҳ эмас”.

“Сизлар намозда тек туринглар, яҳудийлардек дам у ёнга, дам бу ёнга мойил бўлмангиз!”

Адо этаётган намозни Аллоҳ таолонинг ҳузурига йўллаётгандек ўйлайлик, бунинг учун оламларнинг ягона Раббисига йўллаётган туҳфамиз бенуқсон, гўзал суратда бўлиши керак.

Қуйидаги ҳадиси шарифга эътибор бериб, унга амал қилайлик.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир киши масжидга кирди. Пайғамбар (алайҳиссалом) масжид (хонақоҳи)нинг четида ўтирган эдилар. Кирган киши намоз ўқиди. Кейин Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига келиб, салом берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг саломига алик олиб: “Қайт, бориб намозингни бошқатдан ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. У киши қайтиб бориб намоз ўқиди, сўнг келиб яна салом берди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Ва алайкас салом, бор, қайта намоз ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг”, дедилар. Ҳалиги киши учинчи ёки тўртинчи мартасидан кейин: “Ё Аллоҳнинг Расули, менга ўргатинг (намозни қандай ўқий)”, деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Агар намоз ўқишга турсанг, мукаммал тарзда таҳорат қил, кейин қиблага юзлан, “Аллоҳу акбар”, дегин, кейин қодир бўлганингча Қуръони каримдан қироат қил, кейин рукуга бор, токи руку ҳолингда хотиржам тур, сўнг бошингни кўтар, токи тўғри текис бўл (яъни тик тур), шундан кейин саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур, кейин саждадан қайтиб, хотиржам ҳолда бир оз ўтир, кейин яна саждага бор. Сажда қилган ҳолингда хотиржам тур (саждадан туришга шошилма)”, дедилар». Бошқа бир ривоятда бундай дейилган: “Кейин қиёмга тур, шундан сўнг ҳар бир намозингни мана шу ҳолда адо эт” (Муттафақун алайҳ).

Абу Масъуд Бадрий ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сажда ва рукусида орқасини (белини) тик қилмаган кишининг намози намоз эмас”, дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Юқоридаги ҳадиси шарифда намозни шошилмай адо этишга тарғиб, мукаммал намоз қандай бўлишини билдириш бор. Биринчи ҳадиси шарифда Пайғамбар (алайҳиссалом) хонақоҳда ўтирганларида бир киши келиб тез, енгил-елпи қилиб, икки ракат намоз (таҳийятул масжид) ўқиди. Пайғамбар (алайҳиссалом) уни кузатиб турдилар. Барча ишларда, айниқса, ибодатларда мукаммаллик, мусаффолик бўлишини хоҳлаган Сарвари коинот у киши ўқиган бу намозини ва шу кўринишда ўқишини истамадилар. У зот башариятнинг муаллими бўлганлари учун у кишига намознинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиб ўқиладиган намозни тушунтирдилар ва намозни доим шундай шошилмай ўқишга буюрдилар. (Иккинчи ҳадиси шарифда ҳам юқоридаги маъно янада ёрқинроқ ифодаланди. Намознинг барча ўринларида хотиржамлик, тўғрилик, унинг мукаммаллиги ва савоби кўп бўлишига сабаб бўлади.)

Қавма – рукудан қайтгач, саждага кетишдан олдин гавда ва белни тик қилиб, бир оз туришдир.

Жалса – икки сажда орасида гавда билан белни тик қилиб бир оз ўтиришдир.

Кўпчилик намозхонлар умуман эътибор қилмайдиган, руку ва сажда қилган ҳолатдаги хотиржамлик, қавма ва жалса Шо­фиъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳимаҳумаллоҳ) наздида фарз амал ҳи­собланади. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)да суннати муак­кададир. Баъзилар вожиб деган. Афсуски, кўпчилигимиз намоз­нинг суннатларига, тартиб ва қоидаларига риоя қилмай, номига, енгил намоз ўқишга одатланганмиз. Адо этаётган намозимиздан ҳаловат, завқ олиш йўқ, чунки намознинг ҳикматларидан беха­бармиз. Унинг вожибу суннатларига ўта бепарвомиз. Ҳатто намоз макруҳларинигина эмас, балки намозни бузувчи амалларни ҳам бил­маймиз.

عن أَبِي قَتَادَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أَسْوَأُ النَّاسِ سَرِقَةً الَّذِي يَسْرِقُ صَلاتَهُقَالُوا: “يَا رَسُولَ اللَّهِ، كَيْفَ يَسْرِقُ صَلاتَهُ؟قَالَ: “لا يُتِمُّ رُكُوعَهَا وَلا سُجُودَهَا”.

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ўғрилар ичида энг ёмони намоз ўғрисидир”, дедилар. “Намоз ўғриси ҳам бўладими, намоздан қандай қилиб ўғирлайди, ё Расуллулоҳ?” деб сўрашди. “Руку ва саждасини тўлиқ қилмайди(ган киши намоз ўғрисидир)”, дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).

Пайғамбар (алайҳиссалом) даврларидаги мунофиқлар мажбурликдан, зўр-базўр, бепарво ҳолда намоз ўқиган. Шунинг учун улар намоздаги ҳаловатни сезмаган. Биз мўминлар эса, барча арконлари, суннату мустаҳабларига эътибор бериб, унинг лаззатини топишимиз лозим. Чунки бу буюк ибодат банда билан Раббисини боғловчи энг мукаммал илоҳий риштадир. Уни боғламоқчи бўлган ҳар бир мўмин бунга ўта жиддийлик билан ёндашмоғи керак.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ва саҳобалар ҳақиқий ором ҳамда ҳузур-ҳаловатни намоздан олганлар.

Пайғамбар (алайҳиссалом): “Менинг кўзим қувончи намоздир”, дер эдилар.

Тарихдан маълум, Пайғамбар (алайҳиссалом) мушриклар билан боғлиқ кўп кўнгилсиз воқеалардан сўнг намоз ўқиб, кўнгилларини кўтарардилар. Ушбу оятга амал қилардилар:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱسۡتَعِينُواْ بِٱلصَّبۡرِ وَٱلصَّلَوٰةِۚ إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلصَّٰبِرِينَ١٥٣

«Эй имон келтирганлар! Сабр ва намоз билан (Мендан) ёрдам сўрангиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Бақара, 153).

Қоронғи кунимизни ёритиш, ғам-ташвишни аритиш, сиқилган кўнглимиз очилиши учун хотиржам ҳолда намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан мадад сўрайлик. Айниқса, фарз намозларини вақтида ўқишга ҳаракат қилайлик. Дунё ишлари ва ҳар хил машғулотларни деб намозларни қазо қилмайлик. Борди-ю, ухлаб қолиб, эсимиздан чиқиб намоз вақтини ўтказиб юборсак, дарҳол қазосини адо этиб, истиғфор айтайлик. Фарзнинг қазосини ўқиш ҳам фарз.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلَّى الله عَلَيهِ وَسَلَّمَ: “مَنْ نَسِىَ صَلاَةً أَوْ نَامَ عَنْهَا فَكَفَّارَتُهَا أَنْ يُصَلِّيَهَا إِذَا ذَكَرَهَاوفي رواية: “لَا كَفّارَةَ لَهَا إلَّا ذَلِك”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким намозни унутса ёки ухлаб қолса, бас, унинг каффорати эсига тушгач (ёки уйғонгач), адо этишидир”, дедилар». Бошқа бир ривоятда: “Унинг каффорати шу (эсига тушгач адо этиши)дир”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Намоз мўмин киши учун нақадар муҳим эканига қуйидаги ҳадис ёрқин далолат бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Қиёмат куни инсон энг биринчи намоздан сўралади. Умри мобайнида гарданига фарз бўлган барча намозни адо этган бўлса, у албатта, нажот топади. Борди-ю, намоздан қарздор бўлиб чиқса, зиёнга учрайди. Барча нарсани Аллоҳ таолонинг Ўзи яхши билса-да, малоикалардан сўрайди: “Қаранглар-чи, (бандамнинг номаи аъмолига) фарзга қўшимча ўқиган нафл намозлари борми?” Қаралади, агар унда нафл намози бўлса, Аллоҳ таоло: “Бандамнинг қазо намози ўрнини нафллари билан тўлдиринг”, деб марҳамат қилади. Ундан кейин бошқа амаллари шунга қараб ҳисоб-китоб қилинади”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

عن أبي أُمامَةَ قَالَ: سَمِعتُ رَسُولَ الله صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَخطُبُ في حجَّةِ الوداع يقول: “أيُّها النَّاس، اتَّقوا الله وصلُّوا خمسَكم وصُوموا شَهرَكم وأدُّوا زكاةَ أموالِكُم وأَطيعوا ذا أمركم تدخلوا جنَّة ربكم”.

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (алайҳиссалом) видолашув ҳажида хутба қилиб бундай деганларини эшитдим: “Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинг! (Беш вақт) намозингизни адо этинг, (Рамазон) ойида рўза тутинг, молу мулкингиз закотини (камбағал, мискинларга) беринг ва ишингизга бош бўлиб турганга итоат қилинг! (Шуларга амал қилганингиздан сўнг) Раббингизнинг жаннатига киринг!”» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Чиройли суратда адо этган намозларимиз, Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, чин дилдан, Аллоҳ учун берган закотларимиз, ҳамда раҳбарларга бўлган итоатимиз сабаб Аллоҳнинг жаннатига киришимиз мумкин экан. Аслида, банданинг қилган ҳар қандай амали, гарчи у солиҳ амал бўлса-да, уни жаннатга олиб кира олмайди. Илло, Аллоҳ фазлига олсагина, у жаннатга кира олади. Аллоҳ фазлини амаллари гўзал бўлган, ибодатли кишилар умид қилса бўлади.

Чунки Қуръони каримда: «Бас, (шу дунёда солиҳ) амал қилувчиларнинг (жаннатдаги) мукофоти нақадар яхшидир!» (Зумар, 74) дейилган.

Эй ҳар бир ишга қодир Аллоҳ! Бизларни беш вақт намозни тўла адо этадиган, доим зикрингни қиладиган қалби салим, фазлу карамингга эришадиган бандаларингдан қилгин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

 

Рўза – бадан закоти;

ОДОБ – БОЛАНИНГ КЎРКИ

Болалик чоғимизда катталар сўзлаб берган эртакларнинг қаҳрамонлари дев, ялмоғиз ёки алвасти каби қўрқинчли махлуқлар олдига кирганда салом беришар, бунга ўша махлуқлар: «Агар саломинг бўлмаганида, икки ямлаб, бир ютар эдим», деб жавоб қайтаришарди. Ўша эртакларда бир жойга албатта салом билан кириш зарурлигига нега бунчалик урғу берилганининг сабабларини улғайгачгина тушундик. Шунинг учун бола эсини таниши билан учраган таниш-нотанишга салом беришини талаб қилинг. Чунки саломлашиш инсонлар одобининг боши, танишув муқаддимаси, мусулмон киши ахлоқининг асосий шартларидан биридир.

Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатсин. Чунки салом бериш Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларидандир, унга алик олиш эса вожибдир. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халқ йўқ. Доно халқимиз бежиз: «Гапнинг боши – калом, одоб боши – салом», демаган. Чунки бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингиз ҳузурига «Ассалому алайкум» (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, унинг жаҳли тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасидан ҳам юксак.

Ота-боболаримиз азалдан ўғил-қизларнинг чиройли хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият беришган. Чунки Ислом дини ахлоқни имон қаторида қўяди. Ҳамма замонларда, ҳамма ўлкаларда яхши хулқли, олижаноб, ширинсўз, ҳалим инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Айниқса, Шарқ олами бу борада бутун инсониятга ибрат-намуна бўлган.

Олий хулқ соҳиби бўлмиш Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашган инсонлар Яратганнинг ҳукмларига бўйсуниб, хулқларини тузатишган, яхши фазилатлар соҳиби бўлишган. Оилада, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одобларини намойиш қилишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) умматни ҳусни хулқ, одобли бўлишга тинмай чақирганлар. Бу мавзуда жуда кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаган биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хуш муомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиганлар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Ҳар бир ота-она ана шу кўрсатмаларга биноан боласини чиройли хулқ эгаси қилиб тарбияласин, унга одоб ўргатсин. Чунки яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон (пули)ни тарк этиш, золимга ҳам раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ёшлар тарбияси ҳақида сўз борар экан, уларга тегишли умумий одоб-ахлоқлар ҳақида Имом Ғаззолий айтган сўзларни нақл этишни лозим топдик: «Ёшлар тилла тақинчоқ ва турли зебу зийнат тақмасликлари лозим. Улар ўтириш, туриш, салом бериш одобларига риоя этишлари, ўзларидан катталар ҳузурида оёқларини чалиштириб ўтирмасликлари, сергап ва сўкувчи бўлмасликлари, беҳаё сўзларни айтмасликлари, хусусан, ёмон хулқли тенгдошларига аралашишдан эҳтиёт бўлишлари керак («Иҳё...» китоби, 3-жуз, 70-бет).

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, ўзгалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозели бўлиш».

Подшоҳ Анушервон доно вазири Бузургмеҳрдан: «Мулойим кишининг белгилари қайсилар?» деб сўраганида, вазири: «Мулойим кишида учта нишона бўлади: биринчиси – юзсиз, бадфеъл кишилар қўпол сўзласа ҳам, у яхшилик қилаверади; иккинчиси – қаҳр-ғазаби алангаланганида ҳам, тишини тишига босади; учинчиси – бир кишидан зиён етса-ю, жазо беришга қодир бўлса ҳам, аччиғини ютади», деб жавоб қилди.

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

Суқрот ҳакимнинг бундай сўзлари бор: «Ҳалол меҳнат, муҳтожларга ёрдам, ғазаб вақтида ёмон сўзлардан тилни ва бировга озор беришдан қўлни тийиш, камчиликни битириб ҳамда ёмон хулқ-атворни тузатиб, гўзал ахлоқ соҳиби бўлиш энг яхши фазилатлардир».

«Тўғри йўлдан оғишмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафс орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Ҳикоя қилишларича, Ардашер Бобак юртини адолат зийнати билан безаган эди. Бир куни у ўғлининг ғоятда қимматбаҳо кийимлар кийиб олганини кўрди. Уни олдига чақириб: «Ўғлим, киши шундай либос кийсинки, бундай либос ҳеч бир хазинада бўлмасин», деди. Ўғли ундан: «Эй ота, у қандай либос, нимадан тикилади?» деб сўради. Отаси унга: «У шундай либоски, матоси яхши хулқ ва яхши ишдир, ипи эса муроса ва сабрдан бўлади», деб жавоб берди.

Фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб борсинлар:

Фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилишига эътибор қаратинг. Болангизни кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилишга ўргатинг.

У одамлар билан яхши муносабат ўрнатсин, қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларни оғритмасин. Чунки инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

 Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга болаликдан ана шу хислатларни сингдириш пайида бўлинг.

Фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимай паст назар билан қараш, обрўйи, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш ҳам одобсизлик эканини яхшилаб тушунтиринг.

Шунингдек, ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ёшларга ярашиқли одобдандир. Шу боис уларни болаликданоқ ана шу одобларга ўргатиб боринг.

 

ПОКЛИК ИМОНДАНДИР

Ислом дини поклик, тозалик динидир, поклик имондандир, деб таълим беради. Шунинг учун фарзандларимизни болаликдан покликка, озодаликка ўргатишимиз керак бўлади.  Аллоҳ таоло пок бандаларини яхши кўришини бир неча ўринларда зикр қилиб ўтган. Жумладан:

فِيهِ رِجَالٞ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْۚ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُطَّهِّرِينَ١٠٨

Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар... (Тавба, 108).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:

تَنَظَّفُوا فَإِنَّ الْاِسْلاَمَ نَظِيفٌ

«Пок бўлинглар, зеро, Ислом покликдир» (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса:

اَلنَّظَافَةُ تَدْعُو إِلىَ الْاِيمَانِ وَالْاِيمَانُ مَعَ صَاحِبِهِ فىِ الْجَنَّةِ

«Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир», дейилган (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий (раҳимаҳуллоҳ) бундай деганлар: «Киши зоҳирий нопокликлардан сақланиш билан бирга, ботинини ҳам пок тутиши лозим. Чунки ботиний иллатлар кишини нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига олиб боради. Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!»

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади:

وَثِيَابَكَ فَطَهِّرۡ٤

«Либосларингизни покланг» (Муддассир, 4).

Болаларимизга кичиклигиданоқ кийимларини пок, тоза тутишни ўргатайлик. Чунки либос инсон зийнати ҳисобланади.

 Боланинг маънавий олами пок бўлиши унинг ташқи оламини поклашига бевосита боғлиқдир. Демак, ота-она унинг халқумидан ўтаётган ҳар бир нарсага жиддий аҳамият бериши лозим.

Болаларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари ҳам кўп жиҳатдан уларнинг ҳамиша тоза, пок юришларига, бу борадаги исломий талабларни яхши билиб олишларига асосланади. Одобимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхши инсонликнинг кўзгусидир. Агар инсон кир-чиркинликлардан тозаланиб юрса, бу борадаги одобларимизга риоя қилса, гўзаллик ва саломатликнинг энг олий даражасига эришади. Кир-чир, исқирт ҳолда юрувчи, тозаликка эътибор бермайдиган боладан ҳамма ўзини олиб қочиши турган гап. Шу боис фарзандларимизни тоза, пок юришга, эрталаб уйқудан турганда ва ётаётганда юз-қўлларини ювишга, таҳорат ва ғусл олишга, бадани ва тана аъзоларини ҳамиша пок, кийимларини, ўрин-жойларини тоза тутишга гўдакликданоқ одатлантириб бориш зарур.

Шарқона одоб талабларига кўра, комил инсонлар ҳаётда ҳамиша ювинган (таҳорат олган), тоза кийимлар кийган ҳолда, тирноқ, соч-мўйлабларини ўстириб юбормай, уятли жойларини яшириб юришлари лозим. Ҳар куни камида икки марта – эрталаб ва кечқурун тишларни мисвок (махсус тозалаш воситаси) ёки тиш чўткаси ёрдамида тозалаш ҳам одобнинг асосий шартларидандир.

Болаларнинг ҳар ҳафтада камида бир марта, асосан жума кунлари, байрамларда, ўсмирлик пайтида уйқусида булғаниб қолганида баданларининг ҳамма ерига сув етказиб чўмилишлари (ғусл қилишлари) талаб этилади. Амалий ва тиббий тажрибалардан маълум бўлишича, бундай ювиниш одамни турли ифлосликлардан тозалабгина қолмай, куч-қувватни тиклаш ва тетиклаштиришга ҳам хизмат қилади.

Болаларимизга ҳожатхонага кириб-чиқиш тартиб-қоидаларини ҳам ўргатиб қўяйлик. У жойга кираётганда шайтон ёмонликларидан паноҳ тиланади, қиблага қараб ёки орқа ўгириб ўтирилмайди, бошяланг,  ялангоёқ кирилмайди, у ерда гапириш, бирор нарса ўқиш мақбул эмас. Сув ва сув ёқасига, ернинг ёриқ жойларига, жониворлар уясига, дарахт остига, ахлатхона ёки қабристонларга ҳожат ушатилмайди. Ҳожат ушатиб бўлингач, кесак ёки махсус чиқарилган қоғоз билан тозаланиш, иложи борича, чап қўл ёрдамида сув билан ювиб ташлаш лозим. Айниқса, сийдик қолдиқларининг кийим ёки баданга тегишидан эҳтиёт бўлиш керак. Турли битикли қоғозларни, яроқли мато, тоза пахта, тезак, суяк кабиларни тозаланиш мақсадида ишлатиб бўлмайди.

Фарзандимиз балоғатга ета борар экан, унинг мўйлов ва соқоллари ўса бошлайди. Мўйлабнинг лаб четида ўсиб кетиши ғайридинлар одати бўлгани учун уни узайтириб юбормай, қисқартириб туришни тайинланг. Киндикости туклари деганда жинсий аъзо ва орқа йўл атрофидаги туклар назарда тутилади ва улар кетказиб (қириб ёки юлиб) тозаланади. Қўлтиқ ости тукларини ҳам ўсиши билан юлиб, бунга чидамаганлар эса қириб тозалашади.

Тирноқни ўстириб юриш одобимизга хилоф бўлгани учун, уни ўсган заҳоти олиб турган маъқул. Тирноқларини ўстириб, унга ҳар хил бўёқ ва ишлов бериш айрим қизлар ўйлаганидай, мутлақо зийнат саналмайди.

Фарзандингизнинг қулоқ бурмалари, бурун катаклари, киндик чуқурлари, кўз қовоқлари каби одатда баданнинг кир тўпланадиган барча бўғинларини ҳамиша тозалаб туришига эътибор қаратинг. Поклик ва ёқимли ҳидни йўқотмаслик учун ана шу жойларни мунтазам ювиб туриш лозим.

Одобимизда оғиз ва тишларни тозалашга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги замонавий тиш тозалаш чўткалари 1806 йилдан бошлаб урфга кирган бўлса, аждодларимиз минг йиллардан буён арок деган дарахтнинг шохларидан махсус ясалган восита (мисвок) ёрдамида оғиз-тишларини тозалаб юришган. Мисвок оғиз-тишни тозалабгина қолмай, уни хушбўй қилади, кайфиятни яхшилайди, милк ва тиш касалликлари олдини олади, кўзни равшан қилади, овқат ҳазмини яхшилайди, турли микробларни ўлдиради. Фарзандингизга мисвок ёки тиш тозалаш чўткасидан фойдаланишни ўргатинг, эрталаб ва кечқурунлари бу ишини назорат қилиб боринг.

Киши сочини парваришлаши, ўз вақтида ювиб-тозалаши, тараб-ўриши лозим.

Болаларингизга тозалик ва поклликка доир ушбу қоидаларни сингдирсангиз, фойдадан холи бўлмайди: уйқудан турган бола уч марта ювмагунича ҳеч нарсага қўлини урмасин. Ичимлик ичаётганида идиш ичига нафасни туширмаслик, синиқ, дарз кетган ёки лаби учган идишларда емаслик ва ичмаслик лозим, чунки бунда унинг ичига микроблар тушиши ва касаллик қўзғаши мумкин.

Шунингдек, уй, ҳовли ва ишхоналарни ҳамда уларнинг атрофини тоза тутиш, ахлатларни кўчага, одамлар юрадиган жойларга ташламаслик, умуман, ахлатни тўпламаслик ҳам одобга киради.

Уй ичини, идиш-товоқларни, жиҳозларни тоза сақлаш ҳақида фарзандларингизга тушунча беринг. Уст-бош, соч-соқолнинг, хусусан, кўйлаклар ёқасининг покиза бўлишига алоҳида эътибор бериш, одамлар орасида озода-тартибли юриш талаб этилади.

 

ХАТОЛАРНИНГ АЧЧИҚ МЕВАСИ

Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатлари аҳолиси оила инқирозга учрагани, фарзандлар тарбияси батамом издан чиққани, катталар ва болалар ўртасидаги муносабатлар аслий ўзанидан четга чиқиб кетгани азобини чекяпти. «Оталар ва болалар ихтилофи» деган сохта муаммолар ўйлаб топилиб, тарбия соҳасидаги хатоларни хаспўшлашга ҳаракат қилиняпти. Бу аҳволни тузатиш борасида қанчалаб тадқиқотчилар, олимлар ва сиёсатчиларнинг бошлари қотган.

Шарқ оилаларида эса бу муаммонинг бўлиши мумкин эмас. Чунки бизда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг айтганига қулоқ солиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда маслаҳат сўраш руҳида тарбия қилинади. Одобимизда ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, «лаббай» деб бориш, нима буюришса ҳам «уф» тортмай бажариш, қариб ёрдамга муҳтож бўлишганида ҳар томонлама меҳр-муҳаббат кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик талаб этилади.

Ислом ахлоқида «Боланинг ўзи ҳам, моли ҳам отаникидир», деган ажойиб қоида бор. Бу агар ота муҳтож бўлиб қолса, фарзанди топган мол-мулкдан бемалол, ҳатто сўраб ўтирмай фойдаланишга ҳақли, деганидир. Айни пайтда бу, ота ўзи етарли мол-дунёга эга бўлгани ҳолда, мазкур қоидани рўкач қилиб, ўғлининг бор-будини тортиб олсин, дегани эмас.

Исломий оилаларда улғайган фарзандлар қариб-қартайиб, моддий ва маънавий ёрдамга мухтож бўлиб қолганларида, иншааллоҳ, тиланчилик қилиб ёки ахлат титиб емиш излашга мажбур бўлишмайди. Бошпанасиз қолиб кўчаларда, деворлар тагида тунаб юришмайди. «Қариялар уйлари»да, болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлишмайди.

Яхши, одобли фарзандлар ота-оналарини ҳамиша бошга кўтаришади, айтганларини муҳайё этишади, иззат-икром қилиб, дуоларини олишади. Чунки бу «қайтар дунё» эканини яхши билишади – ота-онага қилган яхшиликлари эртага ўн чандон бўлиб фарзандларидан ўзларига қайтишидан умид қилишади, ёмонлик қайтиб қолмаслиги чораларини кўришади.

Фарзандига болалигидан яхши тарбия беролмаган, бу муҳим ишга бефарқ қараган оилаларда эса ҳамиша бир муаммо: фарзанд ота-онага умуман буйсун­май қўйган: «али» деса, «бали» дейди, айтганига кир­майди. Айрим фар­зандлар эса ота-онани сўкиш у ёқда турсин, ҳатто қўл кўтаришгача борган. Бировининг боласи ичкиликка ёки гиёҳвандликка мубтало. Яна кимнингдир ёлғиз фарзанди ўғирлик ёки бошқа бир жиноят қилиб қамалган. Яна бири ота-онасининг умр бўйи йиғиб топган мол-дунёсини қиморда ютқазиб қўйган...

Хўш, ўзимизга бир савол берайлик: «Бу аянчли воқеаларда ким айбдор?» Айбни она сути оғзидан кетмаган ёшларга ёки кўча муҳитига тўнкаб қўя қолса ҳам бўлади. Ёки айримларга ўхшаб буни мактаб муаллимларининг масъулиятсизлигига йўйиш ҳам мумкин. Ёхуд баъзилар каби «ҳа, энди замона бузилиб кетди-да» қабилидаги надомат-тасалли билан овунса ҳам бўлади.

Аммо шуни очиқ тан олиш керак, бола билан ота-онанинг муросаси бузилишига кўп жиҳатдан катталарнинг ўзлари айбли. Улар фарзандларини ёшлигида эркалатиб юборишган. Нима сўраса, айтгани дарров муҳайё, илтимосини ўйлаб ҳам ўтирмай, бажо қилишган. Гапи рад этилмай улғайган бола катта бўлгач ҳам ана шу кайфиятида қолади. Лекин ота-она қўл қисқалигиданми ёки бошқа сабабдан унинг тинмай ошиб бораётган моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондира олмай қолса, улар ўртасида аввал можаро, кейинроқ катта жанжал ва ўнгланмас зиддиятлар келиб чиқаверади.

Баъзан йиғин ва давраларда суҳбатдошларнинг бола тарбиясига оид баҳс-мунозараларини эшитишга тўғри келиб қолади. Фарзандлар тарбияси яхши бўлишининг омилларини ҳар ким ўзича шарҳлайди. Кимдир улуғ муаллимлар тажрибасига кўра тарбия беришни тавсия этади. Бошқаси ота-она аввало ўз ибрати билан тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди. Биров боғча ва мактабдаги тарбия тизимини фойдали санаса, яна кимдир болани ёмон улфат ва муҳитдан ҳимоя қилишни асосий масала, деб билади. Лекин кўпчилик боланинг солиҳ, эс-ҳушли, тарбияли, итоатгўй бўлиб улғайишининг бош сабаблари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.

Айтилган бу омиллар ҳам керак, лекин аввал таъкидлаганимиздек, болангизга ҳали туғилмасидан олдин ҳалол-пок луқма бермас экансиз, унинг яхши тарбия топишидан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ҳаром йўллар билан топилган луқма еб катта бўлган болани ҳар қандай улуғ тарбиячи энг замонавий таълимот асосида тарбияламасин, кўзланган мақсадга эришиш амри­маҳол! Аксинча, ҳалол нафақа билан улғайган болани тарбиялаш осон кечади, бундай оилаларда ҳеч қачон «авлодлар ихтилофи» деган шармандали вазият юзага келмайди.

Ўспиринлик инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу пайтда болаларга алоҳида аҳамият бериш лозим. Жумладан, ёшларнинг солиҳ кишилар билан дўст-биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: «Яхши ҳамсуҳбат мисоли мушку анбар сотувчидир. Атридан олмаган тақдирингда ҳам, унинг хушбўй ҳиди димоғингни чоғ қилади. Ёмон ҳамсуҳбат эса бамисоли темирчининг босқонидир. У гарчи кийимингни куйдирмаса-да, тутуни димоғингни ачитади», деганлар.

Халқимизда: «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар», деган нақл ҳам бор. Аллоҳ таоло мўминларни рост сўзловчи кишилар билан бирга бўлишга буюрган:

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَكُونُواْ مَعَ ٱلصَّٰدِقِينَ١١٩

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 119)

Ҳадисда айтилишича, ростгўйлик инсонни доимо яхшиликка чорлайди. Онгида ростгўйлик, вафодорлик, фидойилик каби тушунчалар ўрнашган ёшлардан келажакда кўплаб хайрли ишлар кутиш мумкин. Ҳасан Басрий (раҳимаҳумаллоҳ) бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Эй кексалар! Экин пишиб етилганидан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. “Ҳосил йиғиб олинади” дейишди. Шунда Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): “Эй йигитлар! Шуни билинглар, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши мумкин”, деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишувида муҳим ўрин тутишига ишора қиладилар.

Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу паллада фарзандларимизни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир, кексаликда ўрганилган илм эса сувга ёзилган кабидир”, деганлар.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига бу улуғ вазифани ақлан ҳамда жисмонан кучга тўлган ёшлик чоғларида инъом қилган, шунингдек, олимларга ҳам илм асосан ёшлик чоғларида берилган”, деган.

Ҳаётда катталар ва болалар ўртасида маълум келишмовчиликлар, бир-бирини тушунмаслик, бир-бирига “ғайирлик” каби ҳолатларнинг бўлиши табиий. Чунки кўп ҳолларда уларнинг ёши ва тажрибаси борасидаги кескин фарқ “ўз ҳукмини ўтказиб” туради. Ота ҳаётда эришган тажрибаси, мавқеи, билими доирасида фикр юритиб, боласидан ҳам шунаг муносиб бўлишни талаб қилади. Бола эса ҳали ғўр, тажрибасиз бўлганидан отанинг насиҳатини ўз эркига тажовуз сифатида қабул қилади. Ота ўргатганларининг аксини бажаргиси келади. Фитратидан келиб чиқиб, отанинг хатосини у ҳам ўзи билмаган ва хоҳламаган тарзда такрорлашга мажбур бўлади. Отанинг ўз фарзанди “бу хатоларни такрорламаслиги учун” жон куйдириши самарасиз кетади. Бунда унинг жиғибийрон бўлгани ҳам, бошини чангаллагани, юрагини сийпагани ҳам иш бермайди.

Ёш ва замон орасидаги фарқ боис катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқишлари, қадриятлари, турмушга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Ҳатто кийиниш, муомала, овқатланиш каби оддий ҳолатларда ҳам икки томон кескин фарқланиши мумкин. Бир қарашда арзимас кўринган бу ҳолатлар ҳам баъзан тўқнашувлар омилига айланиб кетади.

Ҳеч эътибор берганмисиз, фарзандингиз сиз истагандай кийинмаслиги, сиз ёқтирган овқатни емаслиги, сиз берилиб эшитиб турган мусиқани хоҳламай, «бошқа шўхроғига олайлик», деб илтимос қилиши мумкин. Бу боланинг инжиқлиги ёки «бузилиб кетаётгани», ёхуд қайсарлиги ва итоатсизлиги белгиси эмас, балки унинг ёши ва у яшаётган давр билан боғлиқ ўзига хос эҳтиёжидир.

Кўпни кўрган қариялар, тажрибали кишилар билан суҳбатлашсангиз, бир нарсани такрор-такрор эслатишади: ҳамма даврда ҳам катталар ёшларнинг «бузилиб кетаётганидан, ҳаётни тушунмаслигидан, ёши улуғлар билан муносабатларда бетгачопарлик, қайсарлик қилишидан» нолиб ўтишади. Гап, албатта, «ҳа, бизнинг давримиз бошқача эди, ёшлар одобли бўларди, катталардан ҳайиқиб турар эди» деган надомат тўла оҳангларда якунланади. Ёшларга қулоқ солсангиз, улар ҳам, ўз навбатида, катталарни қолоқликда, даврни ва ёшларни тушунмасликда, ўз ҳукмини ўтказишга уринишда айблашади. Улар ҳам гапни «ҳозирги ёшларга қийин бўлаётгани» ҳақидаги таассуфлар билан якунлашади.

Тажрибалардан маълумки, фарзанд учун ота-онадан садоқатлироқ, улардан фидойироқ, меҳрибонроқ дўст ёки улфат топиш қийин. Ўғил ёки қизнинг бошига бир мусибат ёки бало келганида ҳамма ундан воз кечиб ёки ташлаб кетиши мумкин. Фақат ота-она бундай қилолмайди: фарзанди билан баб-баравар қайғуради, фиғон чекади, ярасига малҳам қўяди. Аммо бу садоқат ва фидокорлик ҳам айрим фарзандларга кўп ҳолларда ёқмайди, уларнинг ортиқча меҳрибончилигидан жаҳли чиқади. Гўё уни ёш бола санаб, ортиқча илтифот кўрсатишаётгандек туюлади. Бошидан мусибати ариши биланоқ яна эски «дўст»ларини излашга тушади. Ота-она эса фарзандининг бу қилиғидан заррача хафа бўлмай, илгаригидан ҳам зўрроқ садоқат ва илтифот кўрсатаверади.

Ота-оналар ўз фарзандлари билан муроса қилиш, уларнинг «кўнглини топиш»да яна бир жиҳатга аҳамият беришлари керак бўлади. Яратган ҳар бир бандасини маълум ёш орасида синов-имтиҳонга солиши бор. Масалан, йигирма ёшгача камбағаллик, ўттиз ёшгача фарзанддан қисиш, қирққача ҳаётда ўрнини тополмаслик, элликда бирор касаллик ёки бирор ахлоқсизлик билан имтиҳон қилиши мумкин. Ёхуд энг суюмли фарзандингиз сизнинг бутун қилган яхшиликларингизга жавобан бирор «исён» ёхуд дилхиралик билан жавоб қайтариши эҳтимол. Чунки у ҳамма нарсага ўз ақли, дунёқараши, феъл-атворидан келиб чиқиб муносабатда бўлади, фикр юритади.

Бундай нозик пайтларда бўлиб ўтаётган ишлардан ё бошга тушган мусибатлардан дарров фожиа ясамай, сабр қилишни ўрганинг. Болангизнинг итоатсизлигини ёки қўрслигини шов-шув қилмай, ундан душман ясамай, ётиғи билан таҳлил этинг. Фиғонингиз фалакка ўрламасин, ҳасратингиз дунёга сиғмай қолмасин. У билан «дўппини олиб қўйиб» дилдан, самимий «гаплашиб олиш»га урининг. Унинг қалбидаги ҳис-туйғулар, ёшлик пўртаналари билан қизиқиб кўринг. Эҳтимол, аҳвол сиз ўйлаганчалик, ноўрин гумон қилаётганингиздай ваҳимали эмасдир?

Бир журналда тадқиқотчиларнинг ярим ҳазил, ярим чин тарзидаги кузатувларига кўзим тушган эди. Фарзанднинг отаси ҳақидаги фикрлари турли ёшда ҳар хил бўларкан: беш ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Ўн ёшда: «Отам кўп нарсани биладилар». Ўн беш ёшда: «Мен ҳам отамчалик биламан». Йигирма ёшда: «Тўғрисини айтсам, отам ҳеч нарсани билмайдилар». Ўттиз ёшда: «Ҳар ҳолда отам унча-мунча нарсани биладилар». Қирқ ёшда: «Отамнинг фикрини ҳам билсам, ёмон бўлмасди». Эллик ёшда: «Отам ҳамма нарсани биладилар». Олтмиш ёшда: «Қанийди, отам тирик бўлганларида, улар билан маслаҳатлашган бўлар эдим». Болалар билан муроса ва муносабатларда уларнинг бу кайфиятини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик офатидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб муаммоларидан бири. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз амалдир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллатини улуғлаган сиймоларга, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.

Фарзандлари улғайган сари ота болаларига ва улар тақдирига янада ҳушёрроқ қараши лозим, уларни юксак қадриятларимизнинг асл ва бақувват илдизларидан баҳраманд этиш, бугунги турмуш тарзимизга мос тарбия бериш, албатта, ота-оналар зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Кези келганида, китобимизнинг олдинги бобларида айтиб ўтганимиздек, фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва болаларимизнинг илм олишлари ва касб-ҳунар эгаллашларига маслаҳатчи ва ҳамфикр бўлишимиз даркорлигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқлик эмас, балки дахлдорлик руҳида тарбиялашимиз, келажакка катта ишонч билан боқишга ўргатишимиз керак бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, маҳалла ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Одоб ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юқори даражаларга эришадилар. Бугунги техника асрида бизнинг фарзандларимиз ҳар томонлама етук, соғлом, ақл-фаросатли ва бахтли бўлишлари керак. Дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни ҳам пухта эгаллашлари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни хулқ ва чиройли одоб-ахлоқ билан зийнатлантириб, ота-оналарига фахр, кўз қувончи бўлишларини насиб айласин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Ҳақларга риоя қилиш;

Ота-она ҳаққи;

Ота-онага яхшилик қилиш одоби;

Мақолалар

Top