Тафсири ирфон

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ. 23-24 ОЯТЛАР

وَإِن كُنتُمۡ فِي رَيۡبٖ مِّمَّا نَزَّلۡنَا عَلَىٰ عَبۡدِنَا فَأۡتُواْ بِسُورَةٖ مِّن مِّثۡلِهِۦ وَٱدۡعُواْ شُهَدَآءَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ٢٣

  1. Агар Биз бандамизга туширган нарса хусусида шубҳада бўлсанглар, сизлар ҳам биргина шундай сура келтиринглар ва агар рост айтаётган бўлсанглар, Аллоҳдан ўзга гувоҳларинг бўлса, чақиринглар.

Ўша пайтда араблар ниҳоятда сўзга уста, шоиртабиат, зукко ва балоғат билан сўзловчи бўлишган. Шу боис Муҳаммад алайҳиссалом Макка мушрикларига Қуръон оятларини тиловат қилганларида улар "Муҳаммад ҳам бир шоир-да, буларни ўзи ёзган бўлса керак" дея унинг илоҳий ваҳий эканига ишонишмаган. Шунинг учун Парвардигор айтяптики, Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло тарафидан туширилганига шак-шубҳа қилсангиз, унинг баробарида эмас, балки кичик бир сурасига ўхшаш нарсани келтиринглар-чи! Агар бандамиз ва элчимиз Муҳаммадга (алайҳиссалом) туширган Китоб, яъни Қуръони карим хусусида шубҳа-гумонларга бориб, уни Пайғамбарнинг ўзи ёзган деб ўйлаётган бўлсангизлар, ўзларингиз ҳам унинг биргина сурасига ўхшаган нарсани ёзинглар-чи! Ёки ростгўйлик даъвосида бўлсангиз ва Аллоҳдан бошқа гувоҳларингиз бўлса, уларни ҳам гувоҳликка чақиринглар-чи!

فَإِن لَّمۡ تَفۡعَلُواْ وَلَن تَفۡعَلُواْ فَٱتَّقُواْ ٱلنَّارَ ٱلَّتِي وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُۖ أُعِدَّتۡ لِلۡكَٰفِرِينَ٢٤

  1. Агар бундай қила олмасанглар, ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақланинглар.

Агар Қуръон сураларига ўхшаш бир сура келтира олмасангизлар (келтира олмайсизлар ҳам!), аниқ билингки, бу Аллоҳнинг Китобидир. Аллоҳнинг азобидан нажот топиш учун Унга шаккоклик қилманглар. Акс ҳолда Аллоҳга ва Унинг Китобига куфр келтирган кимсалар учун ҳозирлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзах азобига гирифтор бўласизлар. Қуръони карим оятлари илоҳий калом бўлгани учун унда инсонлар ҳар қанча тиришса ҳам уддалай олмайдиган фикрлар мусаффолигини, оятлар мусиқавий оҳангини, Қуръон тили фасоҳатли, маънога бой, ташбеҳларга тўлалигини, ундаги нутқ таъсирчанлигини кўрамиз. Бундай фасоҳатли сўз тизими араб оламида Исломгача ҳам, Исломдан кейин ҳам бўлмаган эди. Қуръон фасоҳати, унинг инсон ақли ва тафаккурини ожиз қолдириши, Аллоҳнинг каломидаги жуда кўп фикр ва кашфиётларнинг ҳозирги асримизга келиб илм-фан кишилари томонидан кашф этилиши ҳам у махлуқ сўзи эмаслигини кўрсатмоқда. Шунинг учун Қуръони каримдаги бирорта сўзнинг ўрнини алмаштириш ёки бошқасини қўйиш мумкин эмас. Гўё ҳар бир сўз миллионларча калом ичидан ҳар томонлама ўйланиб, тарозига солиниб танлаб олингандай. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан Қуръон мазмуни ҳақида сўрашганида бундай деганлар: "Унда (Қуръонда) сиздан олдин бўлган нарсаларнинг ахбори ва сиздан кейинги нарсаларнинг хабари ва ўрталарингиздаги нарсаларнинг ҳукми бор. У ажратувчидир, ҳазл эмасдир. Ким бир жаббордан қўрқиб, уни тарк қилса, Аллоҳ уни синдиради. Ким Ундан бошқадан ҳидоят изласа, Аллоҳ уни залолатга кетказади. У – Аллоҳнинг метин арқонидир. У – ҳикматли зикрдир. У – сиротул мустақиймдир. У – унинг ила ҳавои нафслар тоймайдиган, У – унинг ила тиллар тутилмайдиган, У – уламолар Ундан тўймайдиган, У – кўп тарқалиш билан эскирмайдиган ва ажойиботлари тугамайдиган илоҳий каломдир".

Read 2473 times

Мақолалар

Top