Ўзбекистон янгиликлари

Илмни мерос олганлар беллашуви

2017 йил 13 март куни “Жўйбори Калон” хотин-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Заковат” интеллектуал беллашувининг ҳал қилувчи 6-босқичи бўлиб ўтди. Сўнгги босқичда аввалги ўйинларда ғолиб бўлган икки жамоанинг дуранг ўйини кузатилди. Беллашув тарзида ўтган мусобақада Лутфия Ўринова ҳамда Зарнигор Ҳакимовалар жамоаси ўзаро билим синашишди.

Унда жамоалар: Бухоро давлат университети  катта ўқитувчиси Ортиқжон Хуррамов, Эски ўзбек ёзуви фанидан тўгарак раҳбари Нозигулхон Халимоваларнинг саволларига, “Эътиқод дурдоналари”, “Кифоя”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Ўткан кунлар”, “Пайғамбар атрофидаги кишилар”, “Зикр аҳлидан сўранг” китобларидан берилган саволларга; ZERO, “Заковат” сандиқчаси саволларига жавоб беришди. Ақлни чархлайдиган муаммоли вазиятлар томошабинларни ҳам мушоҳада этишга жалб этди. Ўта қизиқарли саволлар ечимини топиш иккала жамоани ҳам анчагина сермулоҳаза бўлишга ундади.

Қизиқарли тус олган жараёнлар сарҳисобида 5:4 натижа билан Лутфия Ўринова жамоаси “Билимдон” ўйини финалига йўлланмани қўлга киритди.

Интеллектуал беллашувга ташриф буюрган кузатувчи меҳмонлар: билим юртининг собиқ талабаси Азиза Халилова ҳамда “Маънавият сарчашмаси” газетаси мухбири Дилором Ҳалимовалар иккала гуруҳдан “Энг фаол иштирокчи”ни танлаб беришди. “Энг фаол иштирокчи”лар деб эътироф этилган Лутфия Ўринова ҳамда Зарнигор Ҳакимовалар билим юрти маъмуриятининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Кифоя” китоби асосида тузилган савол: “Бу намозни ўқиш учун Абу Ханифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида камида 4 киши, Абу Юсуф раҳматуллоҳу алайҳ наздида 3 киши, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ наздида 2 киши, Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳ наздида 40 киши бўлиши шарт. Гап қайси намоз ҳақида боряпти?

Жавоб: Узри бўлмаган ҳолда унда қатнашмаслик қаттиқ қораланади. Бу – жума намозидир”.

Ана шу савол беллашувнинг “Энг яхши саволи” деб топилди. 

Мусобақа ғояси ижодкори Ҳ.Ҳалимова “Касир Ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис билан беллашувга хотима ясади. “Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини тўшайди. Олимга осмондаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қилиб қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”.   

 Мунира ХЎЖАЕВА,

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус  ислом билим юрти тарбиячиси

Read 7166 times

Янгиликлар

Top