Ўзбекистон янгиликлари

Китоб – энг яқин ҳамроҳ

Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўрин тутади. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари илдамлайверади. Китоб мутолаасидан йироқ инсонлар маънавий қашшоқликка юз тутадилар.

Маълумки, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.

Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш, устоз ва талабаларни диний-маърифий, маънавий ҳамда сиёсий ва мафкуравий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2017 йил 24 март куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган китоблар кўргазма савдоси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари томонидан иштирокчиларига 285 номда 645 дона диний-маърифий мазмундаги “Тафсири Ирфон”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ислом маърифати – эзгулик йўли”, “Қуръон ёдлаш фазилатлари”, “Тиловот одоблари”, “Тажвид қоидалари”, “Суннат, ҳадис ва муҳаддислар”, “Ал-Азкор (Дуолар ва зикрлар)”, “Тошкентдаги ҳазрати Усмон Мусҳафи тарихи”, “Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари”, “Исломда саломлашиш одоблари” ва “Зиёрат одоблари” ҳамда мафкуравий мазмундаги “Ишид фитнаси”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Интернетга ин қурган ўргимчаклар”, “Дунё уламолари мурожаати” ва ““Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш” каби адабиётлар намойиш қилинди.

Ушбу кўргазма савдода институт устоз ва талабалари иштирок этиб, “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган адабиётлар билан яқиндан танишдилар.

К.Маҳкамов,

ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири

Read 7111 times

Янгиликлар

Top