www.muslimuz

www.muslimuz

27 июл куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилиш баёнининг 8-бандида суициднинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бир қатор топшириқлар белгилаб берилди. Шу муносабат билан Тошкент шаҳридаги барча масжидларнинг имом-хатиб ва иқтидорли имом ноиблари 7-9 август кунлари пойтахтнинг уч тумани – Сирғали, Миробод ва Чилонзор туманларидаги барча маҳаллаларда хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганишлари белгилаб берилди.

Бугун 9 август куни Олмазор туманидаги “Сирож солиҳ” жомеъ масжиди имом хатиби Қодиров Ҳасанжон бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирғали тумани “Дарё бўйи” маҳалласида яшовчи аҳолининг аҳволи билан танишдилар. Тадбир давомида фуқароларнинг муаммолари, таклиф-мулоҳазалари ўрганилиб, “Вақф” хайрия жамоат фонди билан биргаликда маҳалладаги ёрдамга муҳтож оилаларга 5 литр семичка ёғи, гурунч, шакар, чой ва макарон каби рўзғор учун керакли бўлган маҳсулотлар берилди. Бундан ташқари ишчи гуруҳ энг ночор, ёрдамга муҳтож оиланинг хонадони томини ёпиб берадиган бўлишди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

“Жиноятчиликнинг олдини олиш долзарб вазифа” шиори остида Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сирғали ва Миробод туманларида имом-хатиблар тадбирлар ўтказмоқдалар. Аҳолининг кайфиятини кўтариш ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кўламли ишлар қилинди.

Сергели тумани  “Ёрқин Ҳаёт” МФЙда яшовчи кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож ҳамда нотинч оилалар билан Олмазор тумани “Сафобой ота” жоъме масжиди ноиби имом Нодир Зиятов суҳбатлар ўтказди. Жумладан, Кипчоқ кўчаси 135-хонадонда яшовчи ака-укаларнинг мерос масаласида анчадан бери нотинчлиги, ўзаро келишмовчилик туфайли оилада давомли жанжал бўлиб турган. Мана шундай оила муносабатларидаги мехр-оқибатни ва жигарларнинг бир бирига бўлган ҳурматсизлиги оқибатида ўзаро келишмовчилик ва тушунмовчиликлар вужудга келган. Имом хатиб уларга насиҳат қилиб, диний тарафлама ҳар хил мисоллар билан тушунтириш ишлари олиб борди. Натижада ака-ука Амоновлар оиласи бир тўхтамга келиб, ярашди.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида саноат ва хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан 2018-2020 йилларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кафолатли иш ўринларини ташкил этиш ҳамда саноат, хизматлар соҳаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги:
- Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда тасдиқланган манзилли рўйхат параметрлари сўзсиз бажарилишини таъминласин ва бу борада инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини назарда тутади;
- муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб боради.
- Фарғона вилояти ҳокимлигига Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва хизмат кўрсатувчи тижорат банклари билан келишган ҳолда лойиҳанинг қийматини ва иш ўринлари сонини сақлаб қолиш шарти билан лойиҳаларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатига, заруратга кўра, ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғона вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Қўқон шаҳри секторлари ва маҳаллалари бўйича 2018-2019 йилларда ҳақ тўланадиган жамоат ишларини, банд бўлмаган аҳолини касбга қайта тайёрлашни ташкил этиш бўйича манзилли дастурни бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳридаги собиқ ўрмон хўжалигининг 17 гектар майдони ҳудудида “Ҳунармандлар маркази”, меҳмонхоналар, миллий таомлар ресторани, гипермаркет ва туристик инфратузилманинг бошқа объектларини қуришни назарда тутувчи туризм марказини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаси учун салоҳиятли инвесторларни жалб этиш ва 2018-2019 йилларда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирларини кўрадилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Ҳунарманд” уюшмасининг Қўқон шаҳрида тажриба тариқасида қуйидагиларни назарда тутадиган “Усто-шогирд, Қўқон тажрибаси” лойиҳасини 2018-2019 йиллар мобайнида амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди:

Қўқон шаҳрида юз нафар ишсиз ёшларни ҳунармандлар ва бошқа касб вакиллари бўлган устозларга бир календарь йилга шогирд сифатида бириктириш ва улар билан меҳнат шартномаси тузиш;

касб-ҳунарларни тўлиқ эгаллаган шогирдларни кейинчалик мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган шартлар асосида камида икки нафар шогирдни бепул ўқитиш шарти билан мустақил ишни давом эттириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар билан таъминлаш.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 8 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари юқори суръатларда ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этишган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати берган хабарга кўра, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг томонларни қизиқтирган долзарб масалаларини муҳоқама қилдилар, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини кўриб чиқишган.

«Мулоқотда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш қарийб ўттиз фоиздан зиёд ошган. Туркиянинг етакчи саноат компаниялари ва банклари билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудларида, аввало, юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, энергетика, транспорт-коммуникация, логистика ва туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарсозлик, банк-молия соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Четверг, 09 Август 2018 00:00

Аждодлардан бир ибрат…

Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ат тажнис вал мазид” – “Ўхшаш ва зиёда қилинган масалалар” китобида бир ажойиб масала келтирилади.

Агар ит инсоннинг бирор аъзосини ёки кийимини ғазаб ҳолатида тишлаган бўлса уни ювиш вожиб бўлмайди. Ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида эса (теккан жой ва кийимни) ювиш вожиб бўлади. Биринчи кўринишда ит фақат тиши билан тишлайди, бошқача бўлмайди. Иккинчи кўринишда эса тиши ва ҳўл лаблари билан бирга тишлайди.

Ўтган аждодларимизнинг илми ва заковатига бир қаранг! Ҳақиқатда уларнинг илми, маърифати, маънавияти жуда кучли бўлган. Масалага эътибор қаратинг. Қарангки, инсоннинг бирор аъзоси ёки кийимига теккан жойни нажосат қилувчи итнинг сўлаги унинг лабида бўларкан. Шунинг учун итнинг ҳазиллашиб тишлаган ҳолатида теккан жой ва кийимни ювиш вожиб бўлар экан. Чунки бу кўринишда тиш ва нажосат жойлашган лаблар иштирок этади. Ғазаб билан тишлаган ҳолатда эса лабларини орқага тортиб, тишларнинг ўзи иштирок этади. Бунда кийим ҳам, бадан ҳам нажас бўлмайди.

Энди ўзингиз хулоса чиқаринг. Агар Марғилоний ҳазратлари зоология фанини ўрганмаганида бундай нозик фарқни қаердан билган бўлардилар?!

Қуруқ қошиқ оғиз йиртар, деганларидек баъзи ёшларнинг ўтган буюк аждодларимиз билан фахрланиб ўқишни, ўрганишни бир четга суриб, интернетга муккасидан кетиб, бор вақтини сарфлаб у билан “мароқли” ҳаёт кечираётганини кўриб таассуфда қоласан киши. Интернетдан яхши томонга фойдаланса қандай яхши. Ҳар хил ёт ғоялар йўғирилган ёки беҳаёликни тарғиб этувчи сайтлар қармоғига илиниб элга, юртга фойда етказиш ўрнига гулдек умрини мана шундай иллатларга сарфлаётгани ачинарли ҳол.

Ҳозирги ёшларга айтар сўзимиз: ўтган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлинг. Ўткинчи ҳойу  ҳавас эмас, илм-маърифат ортидан қувинг. Сизни ҳам шонли тарих кутмоқда. Ота – боболарингиз қолдириб кетган пешқадамлик таёқчасини ҳеч кимга берманг. Ўқинг, ўрганинг, кашфиётлар қилинг. Зеро, ҳақиқий бахт илм ўрганишдадир.

Равшанбек ЎРИНБОЕВ,

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжиди имом-хатиби

Top