Рамазон-2019

Ифторлик

Танловга!

—  Фақат рўзадорларни даъват қилайлик, аяжон. Тадбирнинг номи ифторлигу, қорни тўқларни чақирамизми?..

—  Яқин қариндошларни айтмасак, айб бўлади, қизим!.. Бутун маҳалла-кўй, қариндошлар таклиф қилинади-да!

“Одамлардан андиша қиламизу, Аллоҳ ва Расулидан ҳаё қилмаймизми, аяжон? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан  “Дастурхонларнинг энг ёмони, очлар қолиб тўқлар даъват қилинганидир” мазмунда ҳадис ривоят қилинади. Рўза тутмаган, Аллоҳнинг буйруғига итоат қилмаганларга дастурхон ёзишнинг нима кераги бор, аяжон?!”... Бу сўзлар юрагидан отилиб чиқиб, бўғзида тугунланди. Онасига эътироз билдиролмади. Оқшом ифторлик дастурхони ёзилган уйларга бирин-кетин меҳмонлар жойлашдилар. Аксарияти рўза тутмаган,  “қалби тоза”лар. Рўза тутмаган бўлишса-да, тортинмай ифторлик (!) дастурхонининг тўридан жой олишганига қарамай, рўзадорлар олдида оғиз очишни кутмай олдиларига қўйилган егуликларни кавшай бошлашди...

Ифторлик ўтди. Тўқлар тўйди. Баъзилари дуо қилиб, айримлари эса, шукроналикни ҳам унутиб қўзғалдилар.

—  Опа,- деди ўн олти яшар жияни,- ифторликда Ислом ҳақида, Аллоҳнинг буйруқлари, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари, суннатлари, саҳобийлар ҳақида гапирилмайдими? Мен шунақа суҳбатлар бўлади деб келгандим. Одатий ғийбатлар “айланди” дастурхонда.

—  Қўявер, синглим,- деди жиянидан кўзини олиб қочиб.- Бири оёғи, боши оғришидан шикоят қилганди, рўза тутишини, ҳам иймон, ҳам соғлик ҳаловатини ҳис қилишини айтиб балога қолдим. Намоз ўқимай, рўза тутмаса ҳам қалби тозалигини нақ бир соат такрорлаб чарчамади.

—  Бекор гапирибсиз-да, асабингиз бузилибди...

—  Йўқ, синглим, аксинча, ундайларга сабр ва чиройли муомала билан, аввало айтганларимизга ўзимиз амал қилиб, ҳол тили билан тушунтиришда давом этишимиз керак. Чунки, биз фақат насиҳат қилгувчимиз, Ҳидоятга бошлагувчи эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи...

Умида Адизова

30518 марта ўқилди
Top