muslim.uz

muslim.uz

Среда, 13 Март 2019 00:00

Бебаҳо марварид

Бир овчи бор эди. Кунларнинг бирида овлаган балиғининг ичидан қимматбаҳо марварид чиқди. “Субҳаналлоҳ! Балиқ қорнидан марварид чиқди-ку!” деб хурсанд бўлди ва уйига бориб: “Хотин! Хотин! Буни қара, балиқ ичидан дур чиқди” деди.

Кейин марваридни заргарга олиб борди. Заргар марваридни кўриб: “Бу бебаҳо-ку! Мен дўконимни, уйимни, қўшнимнинг уйини сотсам ҳам бу марваридни сотиб ололмайман. Сен уни қўшни шаҳардаги фалон заргарга олиб бор, балки у сотиб олар. Аллоҳ муродингни ҳосил қилсин!” деди.

Кейин овчи марваридни ўша заргарга олиб борди. У ҳам дурни қўлига олиб, яхшилаб назар солди ва “Эй дўстим, бу топилманг бебаҳодир. Лекин мен сенга бунинг ечимини айтаман. Марваридни шаҳримиз ҳокимига олиб бор, менимча, у буни сотиб олиши мумкин” деди. Овчи унга ташаккур айтиб, ҳокимнинг саройи томон жўнади.  

Сарой эшиги олдида бироз кутиб турди. Киришга рухсат бўлгач, ичкарига кириб, бўлган воқени ҳокимга айтиб берди ва қўлидаги марваридни унга узатди. Ҳоким дурни кўриб, “Мен бу дурни анчадан бери излаётган эдим. Сени нима билан мукофотлашни ҳам билмайман. Сенга ўзимнинг хос хазинамга киришга изн бераман. У ерда олти соат қолиб, истаганингча нарса олишинг мумкин” деди.  

Шундай қилиб воқеамиз қаҳрамони махсус хазинага кирдию ҳайратдан қотиб қолди. Хазинанинг ичи жуда катта бўлиб, уч қисмдан иборат экан: Биринчи хонаси қимматбаҳо тошлар, олтину кумушлар билан тўла, иккинчиси ётиб, дам олиш учун ҳозирланган хона ва учинчиси турфа хил таомлар ва ичимликлар тайёрлаб қўйилган хона.

Буларни кўрган овчи ўзича: “Шунча олтинларни қандай олиб кетаман? Унда аввал яхшилаб овқатланиб, кучга тўлиб олай. Кейин кўпроқ олтин олиб кетишимга имконим бўлади” деди-да, таомлар ҳозирланган хонага кириб, берилган вақтнинг икки соатини еб-ичишга сарфлади. Таомланиб бўлгач, олтину жавоҳирлар билан тўла хонага бораётганда, йўлдаги тўшаклар солинган иккинчи хонага кўзи тушиб, яна ичида: “Ҳозир овқатланиб, қорнимни тўйдириб олдим. Энди бироз мизғиб олсам, яна кўпроқ куч тўплайман-да, кўпроқ бойлик олиб кетаман. Шундай ажойиб сўри ва тўшакларда ухламай кетавераманми?!” деб ўйлади. Шундай қилиб, ухлаш хонасига кирди, чўзилдию, дарҳол ухлаб қолди.

Орадан бироз муддат ўтгач, “Эй аҳмоқ овчи, ўрнингдан тур! Муддатинг ниҳоясига етди. Бу ердан чиқишга тайёргарлик кўр” деган овозни эшитди. Қўрқиб кетиб, “Илтимос, менга муҳлат беринг, ахир мен ўзимга берилган вақтдан фойдалана олмадим-ку!” деди.

Ҳалиги овоз яна: “Сенга бу ерда ўзингга керакли буюмларни олишинг учун олти соат вақт берилди. Сен эса уйқудан энди турдинг. Энди олтин олмоқчимисан?! Нега шу олти соатнинг ҳаммасини олтин ва жавоҳирларни йиғишга сарф қилмадинг?! Кейин ташқарига чиқиб, шу олтинларга энг афзал таом, ажойиб тўшаклар сотиб олишинг мумкин эди-ку! Аммо сен аҳмоқ, ғофил кимса экансан. Қани, энди ташқарига чиқ!” деди.  

Ҳа, азизлар! Воқеа ана шундай якунига етди.

Ҳикоядаги “марварид” нима эканини биламизми? Бу – бизнинг руҳимиздир. Руҳимиз бебаҳо нарсадир.

“Хазина” нималигини биламизми? У мана шу дунё ва ундаги зебу зийнатлардир.

Хазинадаги “олтину кумушлар, қимматбаҳо жавоҳирлар” нималиги биламизми? Булар – солиҳ амаллардир.

“Ажойиб тўшак” эса ғафлатдир.

“Таом ва ичиликлар” эса нафснинг хоҳиш-истакларидир.

Азизлар! Бизга берилган бу умрни ғанимат билайлик! Вақтларимизни ғафлатда ўтказмай, солиҳ амалларни кўпроқ қилайлик!

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йили Навоий вилоятига ташрифи чоғида Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳи атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш, сайёҳлар учун замонавий меҳмонхона қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йили бу ишлар тўла амалга оширилиб, зиёратгоҳ ҳудуди ўзгача чирой очди. Эллик ўринли «Нурота» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Манзарали бута ва дарахтлар экилиб, фаввора бунёд этилди. Зиёратчилар ҳордиқ чиқариши учун сўри ва ўриндиқлар ўрнатилди. Музей биноси, Ҳунармандчилик марказини барпо этиш давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари тарихий қадамжони зиёрат қилиб, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Ушбу ташрифда Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ҳамроҳлик қилди. Қуръон тиловати ҳамда дуои-хайрлар қилинган.

«Чилустун» ва «Панжвақта» масжидлари, Абул Ҳасан Нурий мақбарасини реконструкция қилиш режалаштирилган. Шу борадаги лойиҳа таклифлари билан танишар экан, Президентимиз зиёратчи ва чет эллик сайёҳлар учун қулайликларни ошириш, талаб юқорилигини инобатга олиб яна саксон ўринли меҳмонхона қуриш, сайёҳларга хизмат турларини кўпайтириб, аҳолини қўшимча даромад билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Қудуқлар барпо этиш ва томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш орқали Нурота туманидаги лалми ерлардан самарали фойдаланиш, дуккакли экинлар етиштириш ва чорвачиликни кенгайтириш, паррандачилик-ғаллачилик кластери ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев ушбу барча чора-тадбирларни қамраб олган, Нурота туманини комплекс ривожлантириш бўйича ҳукумат қарорини ишлаб чиқиш юзасидан топшириқ берди.

Маҳаллий аҳоли вакиллари - нуронийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар билан суҳбатда шу каби режалар, мамлакат ва Навоий вилоятидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Президент Нурота туманида ҳам тўпланиб қолган масалалар босқичма-босқич ҳал этилаётгани, ушбу ташриф чоғида яна улкан режалар белгиланишини қайд этди.

- Одамлар бизга ишоняпти, эртанги кунга умид билан қараяпти. Бу ишончни ҳар бир раҳбар юрагидан ўтказиб, янгича дунёқараш билан ишлаши, халққа хизмат қилиши керак. Энг катта масала - иш жойлари. Ҳамма ҳаракатларимиз аҳолини иш билан таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган, - деди давлат раҳбари.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Савол: Ҳозирги кунда кўпчилик ёш йигитлар орасида сочининг икки ён томонини олдириб, тепа қисмини қолдириш мода бўлган. Баъзилар бундай қилиш жоизмас дейишяпти. Динимизда бу жоиз эмасми?

Жавоб:  Эркак киши сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириши араб тилида – “қазаъ”, дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ " أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نهَى عَن القَزَعِ ". قَالَ عُبَيْدُ الله: قُلْتُ لِنَافِعٍ: "مَا القَزَعُ؟" قَالَ: "حَلْقُ بَعْضَ رَأسِ الصَّبِيِّ ، وَيُتْركَ بَعْضٌ". مُتَّفق عَلَيْهِ .

Бу ҳақда Нофеъдан ривоят қилинади: “Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар”, деган”, деди. (Ҳадисни ровийси) Убайдуллоҳ айтади: “Мен Нофеъдан: “Қазаъ нима?”, деб сўрадим. Шунда Нофеъ "У – ёш боланинг сочини баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини ўз ҳолича қолдириш", деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Уламолар ҳадисда зикр қилинган тарзда соч олдириш макруҳ эканига иттифоқ қилишган. Ҳадислардаги қайтариқ ёш болалар ва катталарга баробар эканини таъкидлашган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “қазаъ”нинг шариатда нима учун манъ қилингани борасида уламолар турлича фикр билдирганларига ишора қилиб, бундай деган:

وَالْحِكْمَةُ فِى كَرَاهَتِهِ أَنَّهُ تَشْوِيْهٌ لِلْخَلْقِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ أَذى الشَّرِّ وَالشَّطَارَةِ وَقِيْلَ لِأَنَّهُ زَيُّ اليَهُودِ

“Сочни баъзи жойларини олиб, баъзи жойларини қолдириш макруҳ эканининг ҳикмати шуки, у яратилган ташқи қиёфани бузиш ҳисобланади. Баъзилар: у айёр ва ёмон одамларнинг азият беришига ўхшашлиги учун манъ этилган, дейишган. Яна баъзи аҳли илмлар эса: Унда яҳудийларнинг ташқи кўринишига ўхшашлик бўлгани учун мумкин эмас, деганлар” (Манба: “ал-Минҳож шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”).

Соч олдиришда ҳаммасини бирдек қолдириш ёки бирдек олдириш керак. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон танасининг ярми сояда, ярми қуёш нурида бўлиб ўтиришдан ҳам қайтариб: “Танасининг ҳаммаси сояда ёки ҳаммаси қуёш нурида ўтирсин”, деганлар.

Демак, сочни олдирганда ёки қисқартирганда ҳар тарафидан бир хил қилиб калталатиш мақсадга мувофиқдир. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзи ёшларимиз ўртасида ғарбда кенг тарқалган одатларга эргашган ҳолда, сочнинг бир қисмини бутунлай олдириб, бир қисмини эса қолдириш урф бўлмоқда. Мусулмон киши бундан эҳтиёт бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

 

ЎМИ фатво ҳайъати

Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлариТатаристон Республикасига хизмат сафарлари давомида Булғор Ислом академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф чоғида Булғор Ислом академиясидаташкил этилган шарт-шароитлар, таълим бериш шакллари, кутубхона, намозхона фаолияти ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси билан Булғор Ислом академияси вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш борасида давра суҳбати ўтказилди.
Маълумки, 1080 йилдабулғор олими Ёқуб ибн Нўъмон томонидан билимлар уйи, замонавий тил билан айтилганда университет очилган. У ўша пайтда талаб кучли бўлган ҳанафий фикҳи ва ҳуқуқининг марказига айланган. Ушбу маърифат марказини Булғор Исломакадемияси шаклида қайта ташкил этилиши – нафақат Россияда, балки ундан ташқарида ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
Булғор Исломакадемияси ўз эшикларини илмни яхши кўрадиган, унга интиладиган, мазкур илмларни мусулмонлар фойдасига сарфлашни кўзлаган барча учун очиқ. Ушбу академияда ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олишмоқда.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали кузатинг.

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top