muslim.uz

muslim.uz

Пятница, 18 Май 2018 00:00

Закотда нисобнинг аҳамияти

Закотнинг сабаби:

Ҳанафийлар: “Закотнинг сабаби – Шамсий (ой ҳисоби)да эмас, қамарий (ой ҳисоби)да бир йил айланишлик ва бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик шарти ила ўсиб турувчи, аслий ҳожатдан ортиқча, нисоб миқдорига (етган молга тўлиқ) эга бўлишликдир”, деганлар.

Бир нарсанинг вужудга келиши сабаб ва шартга боғлиқ бўлади. Илло, вожиб бўлишлиги эса, сабабга боғланади, шартга эмас. Масалан, нисобга эга бўлмаган кишига закот йўқдир. Вақф нарсаларида ҳам эгалик бўлмаганлиги учун закот йўқ. Чунки молнинг нисобга етиши ва молга тўлиқ эга бўлиш закот фарз бўлишининг сабабидир.

Қуйида закотнинг сабаблари борасида аҳли сунна вал жамоанинг барча мазҳабларида қандай таҳлиллар қилинганлигини билиб оламиз:

“Шамсий (ой ҳисоби)да эмас, қамарий (ой ҳисоби)да” деганнинг маъноси – қамарий ой ҳисобидаги йил, уч юз эллик тўрт кундир. Шамсий ой ҳисобидаги йил эса, уч юз олтмиш беш кундир. Ва шамсий йил йиллар ўзгариши билан гоҳида уч юз олтмиш беш кун бўлиб, гоҳида эса, ўша кунлардан ҳам зиёда бўлиб, ўзгариб туради.

Бир йил айланишлик деганда – закот берувчининг эга бўлган моли нисобга етган пайтидан бошлаб бир йил ўтган бўлса, унга закот фарз бўлади.

 

Бир йил айланиши ҳақида мазҳаблар турлича баён қилишган:

Ҳанафийлар: “Йилнинг икки тарафида (яъни, боши ва охирида) нисобга етган бўлиши шарт қилинади. Нисоб йил давомида тўлиқ турадими ёки йўқ бўладими фарқи йўқ. Сабаби, агар йилнинг аввалида  тўлиқ нисобга эга бўлиб, йил айлангунига қадар тўлиқлигича қолса, закот фарз бўлади. Агар йил давомида нисоб ноқис бўлиб, сўнг йил охирида нисоб тўлиқ бўлиб қолса, унга яна закот фарз бўлаверади. Аммо агар йил тугагунича ноқислигида давом этаверса, бас, унга закот вожиб бўлмайди. Кимки, йилнинг аввалида нисобга эга бўлиб, сўнг йил давомида молда фойда қилса, (фойда) молнинг аслига қўшилади. Агар фойда қилинган мол ўзидаги молнинг жинсидан бўлиб, жамланган мол нисобга етса, у(фойдаси)га ҳам закот фарз бўлади. Албатта, бир йил айланишлик зироат ва мевалардан бошқасида шарт қилингандир. Аммо улар, яъни зироат ва мевалар закотида ана шу (бир йил айланишлик) шарт қилинмайди”, деганлар.

Моликийлар: “Закот фарз бўлишлиги учун бир йил айланишлиги маъдан, олтин ёки кумуш рудаси(йўмбиси) ва экин, яъни полиз ва боғдорчилик маҳсулотларидан бошқа(мол)ларда шарт қилинган. Аммо бир йил айланмаган бўлса-да, уларга ҳам закот фарз бўлади. Агар йилнинг аввалида олтин ёки кумуш(мол)дан нисобга эга бўлса, сўнгра йил давомида камайиб, йил охирига бориб нисоби етадиган миқдорда фойда қилса, унга закот фарз бўлади. Чунки фойданинг айланиши ўша(нисоб)нинг асли бўлади. Гарчи йилнинг аввалида нисобдан озроғига эга бўлса-да, сўнг унда тижорат қилиб, йилнинг охирида нисобга етадиган миқдорда фойда қилди, уни ҳаммасини жамлаб, қилган фойдасига ҳам закот фарз бўлади”, деганлар.

Ҳанбалийлар: “Закот фарз бўлишлиги учун бир йил ўтишлиги шарт қилинади. Агар бир йил ўтишлигига ярим кун кам бўлса ҳам, закот фарз бўлаверади. Ушбу шарт пуллар,  чорва ва тижорат молларининг закотида эътиборга олингандир. Аммо булардан бошқа: мева, маъданлар ва олтин ёки кумуш рудаси кабиларда закот фарз бўлишлиги учун бир йил айланишлиги шарт қилинмайди. Бир йил айланишлиги нисобнинг тўлиқ бўлишлиги билан бўлади. Агар нисобга етишига яқин қолган бўлса, йилнинг аввалида нисобдан озроғига эга бўлиб, сўнг унда тижорат қилса, нисобга етадиган миқдорини фойда қилганда, нисобга етган пайтдан бир  йил тўлиқ бўлиши  эътибор қилинади. Закот фақатгина бир йилдан тўлиқ бир кун ўтганда (фарз) бўлади. Аммо йилнинг аввалида нисобга эга бўлиб, сўнгра йил давомида унда тижорат билан ўзининг жинсидан бўлган молни фойда қилса, фойда ўзидаги молга қўшилади. Асл йилда ҳаммасини жамлаб,  закот беради. Чунки фойда қилинган йили асл нисоб пайдо бўлган пайтдаги  у(нисоб)нинг асл йилидир”.

Шофеъийилар: “Закот фарз бўлиши учун бир йил айланишини тайин қилиш шарт қилинади. Агарчи йил бир лаҳза кам бўлса ҳам, закот йўқдир. Бир йил айланиши донлар, маъдан, олтин ёки кумуш рудаси ва тижорат фойдасининг закотидан бошқа(моллар)да шарт қилинади. Чунки тижорат фойдасининг асл йилига аслий нисоб етган бўлишлик шарти билан закот берилади. Агар мол нисобдан озроқ бўлиб, сўнг тижорат фойдаси билан нисобга етса, нисобга етган пайтидан бир йил ҳисобланади. Агар нисоб йилнинг аввалида тўлиқ бўлиб, сўнг йил давомида камайса, кейин яна нисобга етиб қолса,  фақатгина тўлиқ бир йил-у бир кун ўтса закот фарз бўлади”, деганлар.

 

“Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа”

 китоби асосида

 Янгийўл тумани

 “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби

 Нуриддин АКРОМОВ

 тайёрлади

 

Жорий йилнинг 20 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида VI Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўз фаолиятини бошлайди.

Мазкур мусобақа 20-30 май кунлари ўтказилиб, қуйидаги 2 йўналишда бўлиб ўтади:

1. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш.

2. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш.

Юртимизнинг 2 нафар вакили Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси Абдужалилов Сирожиддин қори ва Хидирбоев Хусанхон қори ҳифз ва мужаввид йўналишида ўз иқтидорларини намойиш этиш мақсадида мазкур мусобақада иштирок этмоқда. Биз қориларимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

Халқаро алоқалар бўлими ходими
Абдуллоҳ Парпиев

Пятница, 18 Май 2018 00:00

Меҳмонхонада Рамазон шукуҳи

Дубайдаги меҳмонхоналардан бирида Рамазон ойи муносабати билан ўрнатилган ажойиб “Учар гилам” меҳмонлар эътиборини ўзига тортмоқда.

Ушбу “Учар гилам” лойиҳаси Британиялик рассом Натали Дагестанийга тегишли. Кристал рассом сифатида ном қозонган Натали бундан олдин Сваровский тошлари ёрдамида мозайка услубида Абу Даби шаҳзодасининг, Халқаро суперюлдуз Drake (Дрейк)нинг ва Мерлин Монрнинг портретларини ишлаган эди.

“Учар гилам”нинг оғирлиги 70 килограммни ташкил этиб, узунлиги 4,5 метр ва эни 2 метрга тенг. Рамазон шукуҳини бериб турган ушбу кристал санъат асари 150 та ранг баранг Рамазон фонуслари билан безатилган. 

 

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими

 

1805 йилда муборак Рамазон ойи декабр ойига тўғри келган. Бу ҳақдаги Наташа Фростнинг тарихий мавзудаги мухтасар мақоласи Islom.uz портали томонидан таржима қилинди.

Оила аъзолари, дўстлари ва она Ватанидан йироқда, Вашингтон Д.С.да бўлган тунислик дипломат мусофирликда рўза ибодатини сидқидилдан бажаришга саъй ҳаракат қилган. У олти ойлик муддатга АҚШга дипломатик миссия билан борган тунислик давлат арбоби Сиди Солиман Меллимелли эди.

Ўша пайтда муборак Рамазон ойида ўзга юртда мусофирликда рўза тутиш мусулмон киши учун анча машаққатли эди.

Тунислик дипломатнинг кун давомида овқат емай, сув ичмай рўза тутаётгани маҳаллий газета мухбирлари томонидан салбий маънода турлича шарҳланар эди.

АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон эса мусулмон дипломатнинг рўза ибодати хусусида буткул ўзгача фикрда эди.

Меҳмондўстлиги учун Коннектикет ва Вермонтдаги федералистлар томонидан танқид остига олинган президент Жефферсон мусулмон меҳмонга меҳрибонлик ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида хатто зиёфат бошланадиган вақтни ортга сурди.

Бу билан АҚШнинг учинчи президенти ифторликка мезбон бўлган биринчи америкалик бўлди.

1805 йилнинг 7 декабр куни Жефферсоннинг котиби Меллимеллини соат 15:30га белгиланган президент зиёфатига таклиф қилиш учун унинг уйига борган пайтда тунислик дипломат намоз ўқиётган бўлган.

Сенатор Виллиам Пламмернинг ёзишича, тунислик дипломат декабр ойида қуёш ботмагунча сув ичиш ва таом истеъмол қилишдан ўзини тийиши кераклигини котибга тушунтирган.

Президект Жефферсон илтифот кўрсатиб зиёфатни 90 дақиқага кечиктириб 17:00га қуёш ботадиган пайтга белгилаган. (Замонавий ҳисоб-китобларга кўра, 1805 йил 7 декабр куни Вашингтонда қуёш соат 17дан илгарироқ ботган.)

Ўша куни Меллимелли зиёфатга бироз кечикиб келган. Афтидан, у бошқа меҳмонлар билан бирга ўтириб ифторлик қилишидан олдин уйида шом намозини ўқиб кейин зиёфатга борган.
Овқат тановул қилинганидан сўнг мезбон ва меҳмон таржимон орқали суҳбатлашган.

АҚШ президенти Томас Жефферсоннинг уйидаги зиёфат Меллимелли ўрганган одатдаги рўза ифторлигидан фарқ қилар эди. Чунки АҚШ президентининг зиёфат дастурхонида Меллимеллига таниш бўлган Тунис ширинликлари ва таомлари йўқ эди.

Шунга қарамай, тунислик дипломат шарафига Томас Жефферсоннинг уйида ифторлик зиёфати уюштирилиши АҚШ президенти ва унинг атрофидагилар Меллимелли эътиқод қилган Ислом динини қанчалар ҳурмат қилгани ва қадрлаганининг ёрқин ифодасидир.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларига мувофиқ республикамизда фаолият кўрсатаётган давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар давлат таълим стандартлари ўқув режасида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган тегишли фанлар бўйича ўз билими ва табиий қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, фанлар ва касбий тайёргарлиги бўйича олган билимларини ижодий қўллаш, ўзларининг ноёб истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида тузилган ташкилий қўмита томонидан ҳар йили талабалар республика фан олимпиадаси ўтказилиб келинмоқда.

Олимпиаданинг биринчи босқичи март-апрель ойларида барча олий таълим муассасаларида бўлиб ўтади ва биринчи ўринни эгаллаган талаба олий таълим муассасаси Илмий кенгаш тавсиясига асосан иккинчи босқичга йўлланма олади.

Олимпиаданинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 14-25 май кунлари вазирлик буйруғи билан масъул этиб белгиланган олий таълим муассасаларида бўлиб ўтади. Олимпиадани ўтказилишида вазирликнинг масъул ходимлари иштирок этиб, назоратни олиб борадилар ва олимпиаданинг холисона ўтишини таъминлайдилар.

Бизнинг Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтимизда талабалар ҳам ҳар йили ўтказиладиган Республика фан олимпиадаларида қатнашиб, ўз билими ва табиий қобилиятларини намоён этишлари, олган билимларини ижодий қўллаш ва ноёб истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилиб берилмоқда.

Жорий йил апрел ойининг 20-25 кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Республика фан олимпиадасининг I босқичи ўтказилди ва уни ўтказиш учун ҳакамлар ҳайъати сифатида профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.

Кафедраларда ҳакамлар ҳайъати томонидан олимпиаданинг I босқичини ўтказишда қўлланиладиган саволлар ва керакли топшириқлар тузилди. Мусобақа 4 турдан иборат бўлиб, мусобақа талабаларга фанлар бўйича тузилган тест, ёзма иш, реферат ва синхирон таржима каби шартлар асосида ўтди. Шу асосида ғолиблар аниқланди. Мусобақа якунида Диншунослик (мутахассислик), Миллий ғоя (умумкасбий), Олий математика (умумкасбий), Инглиз тили (умумкасбий), Рус тили (умумкасбий) фанлари йўналиши бўйича 5 нафар талаба ғолиб бўлди.

“Инглиз тили” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:

1-ўрин. Эсчанов Усман Кутлимуратович (исломшунослик  йўналиши, 2 курс,  инглиз тили) 376 балл.

2-ўрин. Турғунбоев Абдулло Баҳтиёр ўғли (исломшунослик йўналиши, 3 курс, инглиз тили) 358 балл.

3-ўрин. Охунжон Абдулла Рустам ўғли (исломшунослик йўналиши, 3 курс, инглиз тили) 352 балл.

“Рус тили” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:

1-ўрин.  Рўзалиев Ҳикматуллоҳ Абдужаббор ўғли (исломшунослик йўналиши, 2 курс,  рус тили) 373 балл.

2-ўрин. Рахмонов Акбар Сохиб ўғли (исломшунослик йўналиши,  1 курс,  рус тили) 360 балл.

3-ўрин. Махаматхонова Мухлиса Ахролжон кизи (исломшунослик йўналиши, 2 курс, рус тили) 340 балл.

“Диншунослик” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:

1-ўрин. Мўминов Сиёвуш Назиржон ўғли (исломшунослик  йўналиши, 1 курс,  диншунослик) 371 балл.

2-ўрин. Мавланов Аҳадбек Кулжон ўғли (исломшунослик йўналиши, 1 курс, диншунослик) 368 балл.

3-ўрин. Ибрагимов Мухаммаджон Шарипович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, диншунослик) 364 балл.

“Миллий Ғоя” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:

1-ўрин.  Рахимов Алишер Аюбхон ўғли (исломшунослик йўналиши, 4 курс,  миллий ғоя) 372 балл.

2-ўрин. Ғаниев Акмалхон Адҳамжон ўғли (исломшунослик йўналиши,  4 курс,  миллий ғоя) 364 балл.

3-ўрин. Тоштемиров Ҳикматилла Юсупович (исломшунослик йўналиши, 4 курс, миллий ғоя) 362 балл.

“Олий математика” бўйича фан олимпиадасининг I – босқичидан аввалги уч ўринни эгаллаган талабалар қуйидагилар:

1-ўрин.  Сотторов Ойбек Хасанович (исломшунослик йўналиши, 2 курс,  Олий математика) 368 балл.

2-ўрин. Умарходжаев Мурод Улугбекович (исломшунослик йўналиши,  2 курс,  Олий математика) 362 балл.

3-ўрин. Эсчанов Усман Кутлимуратович (исломшунослик йўналиши, 2 курс, Олий математика) 360 балл.

Биринчи ўринни эгаллаган мазкур 5 нафар талаба Республика фан олимпиадасининг 2-босқичида иштирок этадиган олийгоҳлари ва қатнашадиган санаси билан танишинг:

 

Қатнашувчи талаба Курси Фани Фан олимпиадаси ўтказиладиган сана Фан олимпиадаси ўтказиладиган манзили
1. Ҳ.Рўзалиев 1 Рус тили 14-15-май Гулистон ДУ
2. У. Эсчанов 2 Инглиз тили 16-17-май Бухоро ДУ
3. А.Раҳимов 4 Миллий Ғоя 16-17-май Жиззах ДПИ
4. О.Сатторов 2 Математика 16-17-май Қарши МИИ

 

Маънавият, маърифат

ва иқтидорли талабалар

билан ишлаш бўлими услубчиси       

Ғ.Баратов    

Top