Дунё янгиликлари

Ахсикентнинг 2300 йиллигини нишонлаш юзасидан ЮНЕСКОга таклиф берилди

2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига таклиф берилди. Бу ҳақда Ахсикент археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори Тоҳиржон Қозоқов “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент шаҳрининг ўрни” мавзусидаги халқаро анжуманда маълум қилди.

“Дирекция ўтган йил декабрда ташкил этилган бўлса, шу кунгача 3 та халқаро анжуман, 20 дан ортиқ илмий экспедиция уюштирдик. 100 га яқин маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди, — дейди Тоҳиржон Қозоқов. – “Ахси — Фарғона шаҳарларининг онаси”, “Ибрат ўрганган Ахси”, “Ахсикент туристлари ва зиёратчилари учун йўл кўрсаткич”, “Ахсикент вайроналари” каби 9 та китоб ва тўплам чоп этилди. Энг асосийси, ЮНЕСКОга 2021 йилда Ахсикент шаҳрининг 2300 йиллигини ўтказиш юзасидан таклиф берилди”.

Турон24 нашрининг қайд этишича, Халқаро анжуманда “Келажакдаги Ахсикент” мавзусидаги маъруза билан иштирок этган KOICA вакили Чон Жин Ёнг Ахсикентни ўрганиш ва дунёга танитишда Жанубий Кореянинг Кёнджу тарихий шаҳри тажрибаси асқотиши мумкинлигини айтган.

Чон Жин Ёнгнинг қўшимча қилишича, Кёнджу тарихий шаҳрига Жанубий Корея томонидан берилган эътибор ва маблағ туфайли ҳудуд вайроналари таъмирланган. Ундаги 3 та объект ЮНЕСКО рўйхатига киритилиб, жаҳон миқёсида оммалаштирилди. Ҳозирда бу шаҳарга ҳар йили 15 миллион сайёҳ келади.

Тадбир давомида Япония тарих институти тадқиқотчиси Шун Такакуранинг “Ахсикент ва олтин бешик ривояти”, Бенжамин Арестиннинг (АҚШ) “Ахсикент тарихий даврларда” каби маърузалари тингланди.

ЎМИ Матбуот хизмати

225 марта ўқилди

Янгиликлар

Top