Дунё янгиликлари

Ўзбек кураши Ислом бирдамлиги спорт ўйинларига киритилди

Айни кунларда Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу йирик анжуман доирасида ташкилотга янги президент сайлаш кун тартибининг асосий масаласи эди. Сайлов натижаларига кўра, 2019-2021 йиллар учун ташкилот президенти лавозимига шаҳзода Абдулазиз Бин Турки Ал Файсал Ал Сауд сайланди.

Ассамблеяда сайловдан ташқари, Миллий олимпия қўмиталари ва Халқаро спорт федерациялари ўртасида қатор соҳаларни биргаликда ривожлантириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари бўйича музокаралар олиб борилди. Унда Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов иштирок этаяпти.

Биз учун аҳамиятлиси, ўзбек халқининг миллий спорти ҳисобланмиш Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритилади. Қувонарлиси, Кураш тобора кўплаб комплекс спорт мусобақалари дастурига кириб бормоқда.

Дастлаб 2017 йили Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари, кейинчалик ўтган йили Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига кирган Кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари оиласи сафидан жой олади.

Осиё ўйинларида Кураш бўйича 7 вазн тоифасида медаллар жамланмаси ўйналган эди. Яқинда Осиё Олимпия кенгаши президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал-Сабах ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё ўйинлари департаменти директори Хайдар Фармоннинг юртимизга ташрифи ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов билан ўтган учрашувидан сўнг 2022 йилги Осиё ўйинларида кураш бўйича 15та медаллар жамланмаси ўйналиши борасида келишувга эришилганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

411 марта ўқилди

Янгиликлар

Top